Бажарди: Илмий раҳбар: ўқит. С. Ашурова


Дарсда болалар онгига мусиқа фольклори намуналари орқали ватанпарварлик, инсонпарварлик ва меҳнатсеварлик туйғуларини сингдириш


Download 2.37 Mb.
bet3/4
Sana13.09.2023
Hajmi2.37 Mb.
#1676874
1   2   3   4
Bog'liq
БОЛАЛАР ФОЛЬКЛОР ҚЎШИҚЛАРИДА ВАТАНПАРВАРЛИК, ИНСОНПАРВАРЛИК, МЕҲНАТСЕВАРЛИК ТУЙҒУЛАРИНИНГ ИФОДАЛАНИШИ

3. Дарсда болалар онгига мусиқа фольклори намуналари орқали ватанпарварлик, инсонпарварлик ва меҳнатсеварлик туйғуларини сингдириш.

Мусиқа фольклорининг асосий бўғинларидан бўлган болалар мусиқа фольклори ўзбек болалар мусиқасида алоҳида ўрин тутади. Чунки, унда болаларнинг ўзига хос дунёси, болаларнинг дунёқараши, қизиқиш ва интилишлари, орзу - умидлари ўз аксини топган.


Мусиқа фольклорининг муҳим жиҳатларидан бири, унинг халқчиллигидир. Бу жанрдаги асарлар содда, тингловчига ҳамда уни ижро этувчи кишига тез етиб борадиган, мусиқий мавзулар ва мотивлар енгил идрок этиладиган хусусиятларга эга.
Бундан ташқари, болалар мусиқа фольклорининг ўзига хослиги, унинг ҳаммабоплиги, инсонларнинг орзу-умидлари, интилишлари, қувонч ва ташвишларини, кундалик турмуш тарзини акс эттириши билан ҳам ажралиб туради.
Айнан ушбу хусусиятлари натижасида фолклор қўшиқлари орқали болалар онгида Ватанпарварлик, инсонпарварлик, меҳнатсеварлик туйғуларини шакллантиришда кенг имкониятлар мавжуд. Ушбу хусусиятлар эса фольклор мусиқасининг бошқа барча мусиқий жанрлар ичида ўзига хослигини ажратиб кўрсатади.
Масалан, йил фасллари ёки меҳнат жараёни билан боғлиқ қўшиқлар кенг омма орасида ижро этилган. Ушбу қўшиқлар унча катта диапазонга эга эмас, куй оҳанглари содда, тез эсда қоладиган даражада намоён бўлади.
Бундан ташқари, фольклор мусиқаси, маҳаллий мусиқий услублар ифодаланишида ёрқин намоён этилади. Жумладан, Самарқанд - Бухоро маҳаллий мусиқий услубида ижро этиладиган ёр-ёрлар, мавригилар, ёки Сурхондарё - Қашқадарё маҳаллий мусиқий услубида ижро этиладиган бахшиёналар ижро услуби билан бир - биридан кескин фарқ қилади. Ушбу фарқлар айнан миллий фольклор хусусиятлари бўлиб ҳисобланади.
Ёки Наманган, Андижон ва Фарғонада тўйларда ижро этиладиган ёр - ёрлар Бухоро ёки Хоразм ёр - ёрларидан катта фарқ қилиши билан ажралиб туради. Ушбу хусусиятлар фольклор мусиқасининг ўзига хослигини билдириб турувчи омиллардир.
Бугунги кун умумтаълим мактаби мусиқа дарсларида болалар фольклор қўшиқлари орқали ўқувчиларга Ватанпарварлик ва меҳнатсеварлик туйғуларини шакллантиришга катта аҳамият қаратилган. Зеро, кичик мактаб ёшидан бошлаб болаларга ўзбек болалар фолклор қўшиқлари борасида маълумотлар бериш хайрли илмий вазифалардан бўлиб, улар орқали болалар онгида инсонпарварлик тамойилларини қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Кичик мактаб ёшида, бошланғич синфларда ўқувчиларга миллий фольклор намуналаридан кичик парчалар ўргатилади. Аста секин тўртинчи синфга келганда, ўқувчиларнинг интеллектуал имкониятлари бирмунча кенгаяди ва улар миллий мусиқий оҳанглар ва хусусиятларни маълум даражада кенгроқ фарқлаш имкониятига эга бўладилар. Шу боис, айнан тўртинчи синфдан бошлаб ўқувчиларга болалар мусиқа фольклори намуналари борасида маълумотлар келтириш вазифаси қўйилган.
Фольклор атамаси - халқ мусиқа ижодиёти, деган маънони англатади.
Жумладан, тўртинчи синф дарслигида, биринчи чоракда халқ мусиқаси, шунингдек, болалар фольклор қўшиқларидан намуналар келтирилган.
Халқ оғзаки мусиқа ижодида меҳнат ёки турли маросимлар билан боғлиқ бўлмаган айтимлар ҳам юзага келган. Қўшиқ, лапар, терма, ялла каби айтим жанрлари миллий мусиқа фольклори намуналари сирасига киради. Улар халқ орасида кенг ёйилган бўлиб, оммавий айтимлар қаторидан кенг ўрин олган.
Масалан, қўшиқ жанрини олайлик. Уни катта ҳам, кичик ҳам куйлайди. Қўшиқ одатда, 7 ёки 8 бўғинли шеърий бандлар асосида жўрсозларсиз яккахон, баъзан кўпчилик томонидан куйланади.
Кўп томлик “Ўзбек халқ мусиқаси” сериясининг 3-жилдига кирган “Томдан тараша тушди”, “Олатой”, “Чучвара қайнайди” сингари кўпгина айтим қўшиқлар болалар мусиқа фольклори намуналари бўлиб, шунингдек, қўшиқ жанрига ҳам мисол бўла олади.

Лапар икки киши (ёки тарафма - тараф бўлган кўпчилик) томонидан айтишув тарзида куйланади. Бунда тарафлар бирин- кетин, навбатма - навбат “савол - жавоб” шаклига қурилган шеърий тўртликларни куйлайдилар. Халқимиз орасида машҳур бўлган “Билагузук”, “Қорақош”, “Қилпиллама” каби лапарлар шундай айтимлар жумласини ташкил этади.
Болаларнинг “Оқ теракми, кўк терак” айтим - ўйини ҳам лапар хусусиятларига эга. Баъзан лапарларда рақс характерига эга дойра усуллари ҳам қўлланиб, бу ҳолат гоҳо лапарларнинг навбатма - навбат рақсга чорлаб, айтим куйлашларига сабаб бўлади.

Ялла кўпгина хусусиятлари, жумладан, рақсбоплиги, ижрода кўпчилик ижро этиши билан лапарга яқин бўлган жанрдир. Аммо, уларда энг аввало, тарафма - тараф айтишув ҳолати муҳим бўлгани учун яллада шеър, куй ва рақснинг муштараклиги нисбатан барқарордир.
Шунингдек, яллалар лапарлардан фарқли ўлароқ, банд-нақарот шаклида бўлади. Бунда яллачи (яккахон) рақс ўйинга тушиб, бандларни куйласа, нақаротни кўпчилик биргаликда айтади. Яллаларда рақсбоп дойра усуллари ва турфа чолғулардан иборат ансамбл жўрлиги қўлланилади.

Бу эса мазкур ялланинг ижобий таъсир кучини акс эттиради, яъни ушбу ялла орқали болаларда жамоавийлик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш, шунингдек меҳнатсеварлик туйғуларини шаклантиришга олиб келади.
Узоқ асрлардан бизгача етиб келган болалар қўшиқлари ўзбек халқ оғзаки бадиий ижодининг таркибий қисмини ташкил этади. Уларда ёш авлоднинг жўшқин ҳаёти, йил фасллари ва турли байрамларга муносабати ўзига хос тарзда ифода этилади.
Болалар қўшиқларининг кўпчилиги ўйин билан ёки ўйин вазиятларида айтилган. Жумладан, баҳор фаслида куйланган “Бинафша”, “Читтигул”, “Ёмғир ёғалоқ”, “Лайлак келди” сингари қўшиқлар шулар жумласидандир. Масалан, баҳор чоғи ёмғир шивалаб ёғаркан, шу фурсатда қувонган болалар ўйинга берилиб, мутойиба билан “Ёмғир ёғалоқ” қўшиғини куйлайдилар.

“Бинафша” ва “Бойчечак”ларнинг униб-ўсиши ҳам болаларнинг қувнаб ўйнашлари ва қўшиқ куйлашларига сабаб бўлган. Мазкур фолклор қўшиқлар ўқувчиларни Ватанпарварлик руҳида тарбиялашга кўмаклашади.

Маълумки, халқимиз қадимдан лайлак, турна, қалдирғоч каби қушларни баҳор элчилари сифатида эъзозлаб келади. Чунки, бу қушларнинг учиб келиши яхши кунлардан дарак берган.
Масалан, эрта баҳорда лайлакни кўриш бахтдан нишона дейилса, лайлак учиб келган томондан кўринган одам қишлоққа қут - барака келтиради, деб эътиқод қилинган.
Чунончи, барвақт учиб келган турна эрта баҳорни даракласа, дастлаб учган турна ризқ - рўз унумли бўлишини англатган.

Болалар қушларнинг учиб келишини интизорлик билан кутишган. Чунки, қушлар иссиқ кунлар бошланишининг хабарчиси ҳамдир. Шу боис, масалан, лайлак учиб келганини кўрган болалар “Лайлак келди” қўшиғини куйлашган ва бу ҳақда катталарни ҳам хабардор этишга ошиққанлар.
Гоҳо хўрозларнинг қўнғироқдек овозлари ҳам болаларнинг завқланишига сабаб бўлиб, улар хўрозларнинг “қу-қу” лашига тақлид қила бошлаганлар.
Шу тарзда хўроз ҳақида қўшиқлар юзага келган.

Баҳор фаслида қир - адирларда лола гуллари очилиб, табиат манзаралари янада гўзал тус олади. Шундай дамларда халқимиз лола сайли байрамини ўтказиб келган. Ёшлар, ўспирин болалар қир - адирларда сайр қилишиб, қучоқ - қучоқ лола терганлар, сўнгра уларни қўни - қўшниларига, қариндош - уруғларига улашишган ҳамда лола ҳақида қўшиқлар куйлаб, турли ўйинлар ўтказишган.

Бу фолклор қўшиқлар орқали ўқувчиларда меҳнатсеварлик туйғуларини шакллантириш учун кенг имкониятлар мавжуд.

Яна бир лола қўшиғи қуйидагича куйланади:



“Бойчечак” қўшиғи болалар фольклор қўшиқларидан бири бўлиб, узоқ йиллар болалар томонидан севиб куйланган.
Кейинги йилларда мамлакатимизда болалар хор санъатининг ривожланиши билан қатор болалар қўшиқлари ҳам хор учун мослаштирилди. Жумладан, мазкур “Бойчечак” қўшиғини таниқли болалар композитори Шермат Ёрматов болалар хори учун мослаштирганлар. Бу хор асари кейинги йилларда кўпгина болалар хор жамоалари томонидан севиб куйлаб келинмоқда.

Юқорида келтирилган хор асари бешинчи синф мусиқа дарслигида ўз аксини топган.
Олтинчи синф дарслигида ҳам болалар мусиқа фольклори борасида материаллар келтирилган. Жумладан, фольклор мусиқаси миллий урф - одатларимиз, маросимларимизнинг оҳанглардаги ифодаланиши десак бўлади.
Бу намуналар халқимизнинг кундалик ҳаёти, машғулоти, миллий қадриятлари билан чамбарчас боғлиқдир. Уларни асраш ва келажак авлодга тўлақонли етказиш мақсадида махсус фольклор ансамбллари ташкил этилган (илк бор 1978 йилда Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида фольклор ансамбли ташкил этилган). Айни пайтда эса мамлакатимизнинг барча вилоятларида бундай фольклор ансамбллари фаолият кўрсатмоқда.
Мусиқа мероси таркибидан жой олган фольклор намуналари орасида ўзбек халқининг урф - одатларига асосланган маросим қўшиқлари алоҳида аҳамият касб этади. Одатда, улар ўз хусусияти доирасида қуйидаги турларга бўлинади:

  1. Болалар мусиқа фольклори: “Бойчечак”, “Оқ теракми, кўк терак”, “Чамандагул” каби қўшиқлар кенг оммалашган;

  2. Меҳнат билан боғлиқ қўшиқлар: “Майда майда”, “Ёзи”, “Хўш - хўш”, “Чархим” кабилар;

  3. Тўй маросимлари билан боғлиқ қўшиқлар: “Ёр - ёр”, “Келин салом”, “Тўйлар муборак” ва бошқ.;

  4. Диний қўшиқлар: “Садр”, “Зикр”, “Марсия” кабилар;

  5. Афсуний қўшиқлар ёмғир чақиришда ижро этилган: “Суст хотин” ва қуёш тутилишида айтиладиган қўшиқлар.

Шу билан бирга, алла, лапар, терма, қўшиқ жанрларидаги мусиқий намуналар ҳам ўзбек фольклор мусиқасининг асосий жанрларидан ҳисобланади.

Қўшиқчилик маданиятининг ўзига хос анъаналари мавжуд. Маълумки, анъанавий халқ ижрочилиги турларга бой. Турли мавсумий сайлларда йигит ва қизлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, қўшиқ айтишган. Қуйида келтирилган фолклор қўшиғи бунга мисол бўла олади.



Масалан, “Наврўз” байрамида “Лола”, “Қизил гул” (“Гули сурх”) каби қўшиқлар жамоа бўлиб, деярли жўрсиз айтилган.
Тўй маросимларида айтиладиган “Ёр-ёр”ларнинг турли хиллари мавжуд. Улар ҳам яккахон ва аёллар хори томонидан жамоа бўлиб ижро этилган. Аслида булар ҳаммаси халқ хори турларидир. Уларнинг ижро услублари ниҳоятда бой бўлиб, дойра, қайроқ, қарсак, занг, ангишвона ва ликопчаларга уриб куйланган.
Ҳозирги касбий дасталарнинг (хоҳ у “Шодлик”, хоҳ у “Дуторчи қизлар” бўлсин) қай бирини олманг, улар ижросида икки овозлилик унсурлари табиий эшитилмоқда. Агар шўролар даврида хорижий давлатларга чиқиш, асосан оврупоча санъат асосида ташкил этилган бўлса, мамлакатимиз мустақиллиги шароитида Ўзбекистон санъаткорлари чет элга ўз миллий қўшиқчилиги маданияти асосида чиқа бошлаши унинг ижтимоий-маданий нуфузини оширадиган ҳолдир.
Санъат соҳаси вакиллари бугунги кунда асосий эътиборни Ватан, ватанпарварлик, бурч, миллий ғоя, миллий мафкура, миллий ғурур масалаларига қаратишлари лозим. Бастакорларимиз олдидаги вазифа - бутун Ўзбекистон халқи жўр бўлиб, биргаликда айта оладиган ва мазмуни Ватан туйғуси билан йўғрилган қўшиқлардан яна ҳам кўпроқ яратишдир.
Шундагина болалар фолклор қўшиқларининг бадиий таъсир доираси янада ёрқинроқ, таъсирчанроқ намоён бўлиши мумкин ҳамда санъат асарларига нисбатан ўта талабчан, зукко ёшларимизнинг қалб эҳтиёжлари қондирилади.



Download 2.37 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling