Бакалаврлар учун


Download 1.46 Mb.
bet38/175
Sana15.06.2023
Hajmi1.46 Mb.
#1476742
1   ...   34   35   36   37   38   39   40   41   ...   175
Bog'liq
ТАРИХИЙ МАНБАШУНОСЛИК китоби (2)

Асосий тушунчалар: Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Бувайҳийлар, Зиёрийлар, қорахитойлар, гурхон, Хоразмшоҳлар.


7.1. Асосий ижтимоий-сиёсий воқеалар
Бағдод халифалигининг собиқ ҳудудида ташкил топган энг йирик давлатлардан бири Сомонийлар давлати (819-999) эди. Унга Нуҳ ибн Асад (819-842 йй.) асос солди. Бу давлат айниқса Х асрнинг биринчи ярмида, Исмоил ибн Аҳмад давридан (892-907-йй.) бошлаб кучайди. Сомонийлар Мовароуннаҳр, Хуросон, Эрон, ҳозирги Афғонистоннинг катта қисми, шунингдек, Тошкент, Туркистон ва Испижоб (Сайрам) устидан ўз ҳукмронлигини ўрнатдилар.
Сомонийлар йирик ер эгалари, нуфузли руҳонийлар ҳамда йирик савдогарларнинг кўмагига таяниб, феодал тарқоқлик ва ички урушларга барҳам бердилар, Ила водийсида ва Сирдарё бўйларида кўчиб юрган қорлиқларнинг Мовароуннаҳрнинг ички туманлари устига қилиб турган хуружларига барҳам бердилар(893 й.). Бу ҳол мамлакатнинг иқтисодий ва маданий юксалишига йўл очди.
Бу сулола даврида марказий давлат бошқаруви бирмунча такомиллашди. Амир давлатни ўнта муассасаси (девон): девони вазир (Бош маҳкама), девони муставфий (молия ишлари маҳкамаси), девони омид ул-мулк (иншо ва элчилик идораси), девони соҳиб шурат (амир гвардияси ишлари билан шуғулланувчи идора)17, девони соҳиб барид (почта ишлари маҳкамаси), девони мушриф (ўзига хос давлат хавфсизлиги идораси), девон ад-дия (амирнинг ер-мулкини бошқарувчи идора), девони мухтасиб (шариат ишлари маҳкамаси), девони вақф (вақф ишларини назорат қилувчи идора), девони қуззот (қозилик маҳкамаси) ёрдамида бошқарган. Лекин, давлатни бошқаришда турк амирларининг роли жуда катта бўлди.
Сомонийлар даврида ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ривожланди. Буни Бухоро, Самарқанд, Марв, Балх, Ғазни, Ҳирот ва Тошкент каби йирик, тараққий этган шаҳарлар мисолида кўрамиз. Бу давлат Ҳазар хоқонлиги, Булғор хонлиги, Русь ва Хитой билан иқтисодий-маданий алоқалари бирмунча ривож топди.
Бу давр илм-фан ва маданиятнинг ўрта аср шароитида бениҳоят ривожланган даври ҳисобланади. Рудакий, Дақиқий, Фирдавсий сингари улкан шоирлар, Фаробий, Беруний, Ибн Синодек алломалар етишиб чиқди.
Катта ер эгалиги муносабатларининг ривожланиши, маҳаллий ер эгалари билан бюрократик аппарат, катта ер эгалари билан ижарачи деҳқонлар ўртасидаги зиддиятлар натижасида ўзаро феодал кураш ва йирик ер эгаларининг айирмачилик-ажралиб чиқишга бўлган ҳаракати кучайиб кетди.
Х аср охирларига келиб феодал тарқоқлик янада кучайди, Ҳамадон, Исфаҳон ва Райда Буваҳийлар, Табаристон ва Журжонда Зиёрийлар мустақилликка эришдилар, 962 йилда Сомонийларнинг Ғазнидаги ноиби Алптакин ҳам мустақиллик эълон қилди. Сирдарёнинг ўнг соҳилидаги ерлар, шунингдек, Чағониён ва Хоразм ҳам сомонийларга итоат этишдан бош тортдилар.
Мамлакатда юз берган ижтимоий-сиёсий парокандачиликдан Қорахонийлар усталик билан фойдаландилар. Улар 996 йили Зарафшоннинг шимолий тарафидаги барча ерларни, 999 йили эса Бухорони ишғол этиб, Сомонийлар ҳукмронлигига барҳам бердилар.
Қорахонийлар (Х асрнинг 90-йилларида Шарқий Туркистон, Еттисув ва Тяньшаннинг жанубий қисмида ташкил топган феодал давлатга асос солган сулола) 996-999 йиллари Наср ибн Али (1012-йили вафот этган) бошчилигида бутун Мовароуннаҳрни эгаллади. Фақат Сомонийлар лашкарбошиси Абу Иброҳим Исмоил (Мунтасир) 1001 йилгача Қарохонийлар билан курашди, лекин улардан устун келолмади.
Наср ибн Алидан кейин Мовароуннаҳрни Илигхон Али такин(1034 йилнинг кузида вафот этган) идора қилди. 1025 йили Кошғар хони Қодирхон (Тамғочхон) билан Маҳмуд Ғазнавий (998-1030-йй.) биргаликда Мовароуннаҳр устига юриш бошладилар. Али такин Бухоро ва Самарқандни қолдириб чўлга чекинишга мажбур бўлди. Иттифоқчилар Мовароуннаҳрда ўзларининг ҳарбий-сиёсий мавқеларини мустаҳкамлай олмадилар ва уни ташлаб чиқишга мажбур бўлдилар.
1032 йили Хоразм ҳукмдори Олтинтош (1017-1032 йй.) ҳам уриниб кўрди, лекин унинг барча ҳаракатлари зое кетди. Тарихий манбалар, масалан Абулфазл Байҳақий берган маълумотларга қараганда, Али такиндан кейин тахминан 1040 йилга қадар унинг ўғиллари ҳукмронлик қилдилар. Улардан кейин 1060 йилгача Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Наср ҳукм юритган. У Қорахонийлар пойтахтини Ўзганддан (Фарғона водийсидан) Самарқандга кўчириб олиб келди. Унинг вафотидан кейин ўғиллари ўртасида тахт учун кураш бошланди. Бу курашда Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Насрнинг Шамс ул-мулк Наср исмли ўғли ғолиб чиқди.
Шамс ул-мулк Наср даврида (1068-1080-йй.) Қорахонийлар ва Салжуқийлар ўртасида Термиз ва Балх учун кураш кучайди. Бунинг устига Томғочхон Қодир Юсуф ва унинг ўғиллари унга қарши кураш бошладилар ва Сирдарёнинг шимолий соҳилидаги ерларни ҳамда Фарғонани ундан тортиб олдилар.
Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Наср ва унинг авлоди билан мусулмон руҳонийлари ўртасидаги зиддиятлар Шамс ул-мулкнинг тахт ворислари Хидир ва Аҳмад (1081-1089 йй.) даврида бениҳоят кучайди. Салжуқий Маликшоҳ I 1089 йили Мовароуннаҳрга қўшин тортиб, Бухоро ва Самарқандни забт этди. Лекин Салжуқийлар тез орада сулҳ тузиб, Мовароуннаҳрдан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Султон Санжар даврида (1118-1157 йй.), 1130 йилдан бошлаб, Қорахонийлар унга тобе бўлиб қолдилар. Мамлакатда сиёсий тарқоқлик кучайди – вилоят ва ўлкаларнинг кўпчилиги мустақиллик эълон қилди. Ана шундай мустақил вилоятлардан бири Бухоро бўлиб, бу ерда ҳокимият Садрлар (Бурҳонийлар) деб аталувчи руҳонийлар сулоласи (1130-1207 йй.) қўлига ўтди.
Қорахонийлар инқирозга юз тутган ва Мовароуннаҳр тарқоқлик исканжасига тушиб қолган пайтда унинг шимолий-шарқий ва ғарбий тарафида икки йирик ҳарбий сиёсий куч пайдо бўлди. Булардан бири қорахитойлар бўлиб (этник таркиби аниқланмаган), баъзи маълумотларга кўра, уларнинг асли тунгус, айрим олимларнинг фикрича –мўғул эди. Улар ХII аср бошларида дастлаб Чуғучак, кейинчалик Болосоғун шаҳри билан бирга бутун Еттисув воҳасини ишғол қилдилар. Қорахитойларнинг олий ҳукмдори шурхон деб аталган. Яна бир йирик ҳарбий сиёсий куч Хоразмда шаклланди. Илгари Салжуқийларга тобе бўлган Хоразм 1127 йили мкстақилликка эришди.
ХII асрнинг 30-йиллари бошларидан қорахитойларнинг Мовароуннаҳрга талончилик хуружлари бошланди. Улар Шош ва Фарғона билан кифояланиб қолмай, Зарафшон ҳамда Қашқадарё воҳаларига ҳам кириб бордилар. Қорахитойлар 1138 йили Самарқанд хони Қорахоний Маҳмудхонни (1132-1141) тор-мор келтирдилар ва катта ўлпон олиб Еттисувга қайтиб кетдилар. 1141 йили улар Самарқандга яқин Катавон деган жойда Махмудхон ва Султон Санжарнинг бирлашган кучларини тор-мор келтириб, Самарқанд, сўнгра Бухорони эгалладилар. Лекин улар Еттисувдан Мовароуннаҳрга кўчиб ўтмадилар, балки ҳар йили ўлпон олиб туриш билан кифояландилар.
Хоразмнинг мустақилликка эришуви Хоразмшоҳ Отсиз (1127-1156 йй.) номи билан боғлиқ. У қисқа вақт ичида Сирдарёнинг қуйи оқимида жойлашган Жанд шаҳрини ва Мингқишлоқни эгаллади. Сутон Санжар Хоразмни яна бўйсундиришга ҳаракат қилди, лекин бунга эриша олмади. Эл Асрлон (1156-1172-йй.) ва Султон Такаш (1172-1200 йй.) вақтида Хоразмшоҳлар давлати бирмунча мустаҳкамланди. Хоразмшоҳлар 1156-1192- йиллар орасида Ҳинд дарёсидан Ироққача бўлган ерларни бўйсундиришга муваффақ бўлдилар. Хоразмшоҳ Муҳамад (1200-1220-йй.) давлати ҳудудини жуда кенгайтирди. 1206 ва 1212 йиллари Бухоро ва Самарқандни босиб олди, 1210 йили эса Еттисувда Гурхон қўшинларига қақшатқич зарба берди ва бу билан қорахитойларнинг Мовароуннаҳрга бўлган даъволарига чек қўйди. Аммо бу улкан давлат марказлашган ва мустаҳкам эмас эди. Шунинг учун ҳам у мўғулларнинг кучли зарбасига дош беролмади.
Қорахонийлар даврида давлат тепасида хон (манбаларда Томғочхон) турган ва у расман олий ҳукмдор ҳисобланган, аслида эса номигагина шундай бўлиб, ижтимоий-сиёсий ҳаётда улус ҳокимларининг, манбаларда улар илигхон аталган, тутган мавқеи кучли бўлган. Улардан айримлари мустақил сиёсат юритганлар. Фарғона (маркази Ўзганд) ҳамда Мовароуннаҳр (маркази Самарқанд) илигхонлари шулар жумласидандир. Қорахонийлар давдат тузулмаси ҳақида маълумот кам. Лекин вазир, соҳиб барид, муставфий аталмиш лавозимларнинг мавжуд бўлишига қараганда, улар даврида ҳам Сомонийлар давлати идоралари сақланган кўринади.
ХI асрдан бошлаб Ўзбекистонда ерга эгалик қилишнинг янги шакли – иқтоъ, тожу тахт олдида кўрсатган хизматлари учун шаҳзода ва хонзодалар, амир ва мансабдорларга инъом тариқасида бериладиган ер-сув, тараққий эта бошлади.
Қорахитойлар босиб олинган ерлардан ўлпон йиғиб олиш (ҳар бир хонадондан бир динор миқдорида) билан кифояландилар.
Меҳнаткаш халқнинг аҳволи оғир эди. У икки томонлама, маҳаллий йирик ер эгалари ва хорижлик босқинчилар зулми остида қолди, мунтазам равишда хирож ҳамда бошқа солиқ ва жарималар тўлаб туришга, давлат, хон ва йирик ер эгаларининг шахсий қурилишларида текинга ишлаб беришга мажбур эдилар.
Бу даврда чет эл босқинчиларига қарши халқ қўзғолонлари ҳам бўлди. Масалан, 1206 йили Бухорода ва 1212 йили Самарқандда бўлиб ўтган косиблар қўзғолонлари шулар жумласидандир.
Х-ХII асрларда Ўзбекистонда илм-фан, адабиёт бирмунча ривож топти, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Термиз, Марв, Гурганж каба шаҳарлар кенгайди, ривожланди. Бу даврда Абу Райҳон Беруний (973-1048 йй.), Абу Али ибн Сино (980-1037-йй.), Абубакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий (Х аср), Махмуд Кошғарий (тахминан 1029-1038- йиллар орасида туғилган) каби забардаст олимлар, Унсурий, Амъоқ Бухорий, Сўзаний Самарқандий, Нишомий Арузий Самарқандий, Юсуф Хос Хожиб Болосоғуний каби ажойиб шоирлар ва адиблар етишиб чиқди. Мамлакатимизда кўплаб масжид, мадраса, карвонсаройлар, баланд миноралар ва бошқа монументал бино ва иншоотлар барпо этилди. Ҳазора туманидаги (Бухоро) Деггарон масжиди, ўша атрофдаги Работи малик карвонсаройи (ХI аср), Бухородаги масжиди калон (1127 йили қурилиб битказилган), Вобкентдаги минора (1198-1199- йиллари қурилган, Шоҳи зинда ва Афросиёбдаги (Самарқанд) айрим бинолар, Хоразмдаги Бўрон қалъа, Ноиб қалъа ва Фахриддин Розий мақбараси (ХII аср) шунингдек, ҳозирги Қирғизистон ва Туркманистон ўрамида қурилган бино ва иншоотлар шулар жумдасидандир.



Download 1.46 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   34   35   36   37   38   39   40   41   ...   175




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling