Бегона”лаштиган “ўгай” ёхуд қонун бўйича олтинчи навбатдаги ворисликка таклиф Юлдашов Алишер Олимович


Download 48.86 Kb.
Sana30.04.2023
Hajmi48.86 Kb.
#1404022
Bog'liq
Мақола


Бегона”лаштиган “ўгай” ёхуд қонун бўйича олтинчи навбатдаги ворисликка таклиф


Юлдашов Алишер Олимович
Судьялар олий мактаби тингловчиси


Аннотация: Мазкур мақолада Қонун бўйича ворислик ҳуқуқи муаммолари кўриб чиқилган. Жумладан ўгай ота, ўгай она, ўгай ўғил ва ўгай қизларнинг ворислик ҳуқуқлари қонун ҳужжатларида белгиланмаганлиги ва унинг зарурати ёритилишига ҳаракат қилинган.


Калит сўзлар: Ворислик ҳуқуқи, мерос, қариндошлик, қонун бўйича ворислик навбати, ўгай ота, ўгай она, ўгай ўғил, ўгай қиз.


Аннотация: В данной статье рассматриваются проблемы наследственных прав по Закону. В частности, то, что права наследования отчима, мачехи, пасынка и падчерицы не определены в правовых документах и подчеркнута необходимость этого.


Ключевые слова: Наследственное право, наследование, родство, наследованию в порядке очередности, отчим, мачеха, пасынок, падчерица.

Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли ва мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади. Мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асосларидан бири эса мулкни мерос қилиб олиш ҳисобланади. Мерос бу – вафот этган шахс (мерос қолдирувчи) мол-мулкининг бошқа шахслар(ворислар)га ўтиши бўлиб, Ворисликнинг васият ва қонун бўйича амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1112-моддасида кўрсатиб ўтилган


Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 57-моддасида бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланиши, шунингдек, мазкур Кодекснинг 58-моддасида ака-ука ва опа-сингиллар ёт аралашмаган ва ёт аралашган қариндош бўлиши мумкинлиги, ака-ука ва опа-сингиллар бир ота-онадан келиб чиққан бўлса, ёт аралашмаган, ота бир она бошқа ёки аксинча она бир ота бошқа бўлса, ёт аралашган қариндош ҳисобланиши, ёт аралашмаган қариндошликда ака-ука ва опа-сингиллар туғишган, ёт аралашган қариндошликда эса, ака-ука ва опа-сингиллар ўгай ҳисобланиши, эр-хотиннинг илгариги никоҳларидан бўлган болалари ўзаро қариндош ҳисобланмаслиги кўрсатилган.
Мазкур Кодекснинг “Қариндошлар ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари” деб номланган 16-боби 128-моддасида меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўгай ота ва ўгай онанинг ота-онаси, эри ёки хотини (собиқ эри ёки хотини) ёки вояга етган меҳнатга лаёқатли болалари бўлмаса ёхуд улардан таъминот учун маблағ ололмаса, уларга таъминот бериш мажбурияти ўгай ўғил ва ўгай қизлар зиммасига юклатилиши мумкинлиги, агар ўгай ўғил ва ўгай қизни ўгай ота ва ўгай она беш йилдан кам вақт давомида тарбиялаган ва таъминот берган бўлса, шунингдек улар ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаган бўлса, суд ўгай ўғил ва ўгай қизни ўгай отаси ва ўгай онасига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилишга ҳақлилиги келтирилган.
Дейлик, ўгай ота ёки она ўзининг ўгай фарзандига нисбатан беш йилдан кўп муддатга ғамхўрлик қилди ва ўгай фарзанди ҳам ўгай отаси (онаси)га лозим даражада ғамхўрлик кўрсатиб парваришлаб келмоқда. Ёрдамга муҳтож ўгай ота ва ўгай онанинг ота-онаси, эри ёки хотини (собиқ эри ёки хотини) ёки вояга етган меҳнатга лаёқатли болалари бўлмаса, унга ўз фарзандидек ғамхўрлик қилиб, керак бўлса таъминот бериб келаётган ўгай фарзандлари ўгай ота-онанинг мол-мулкига нисбатан меросхўр бўла оладими?
Албатта йўқ.
Биринчидан, қонун талаблари бўйича бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар - қариндошлар ҳисобланади холос. Ўгай ота, ўгай она, ўгай ўғил ёки ўгай қиз умумий аждодга эга эмаслар.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг Ворислик ҳуқуқини тартибга солувчи нормаларида мустаҳкамланган меросхўрлар навбатида (1135-1141-моддалари) ўгай ота, ўгай она, ўгай ўғил ёки ўгай қизи деган сўзнинг ўзи мавжуд эмас ва бу ўз-ўзидан уларнинг мерос қолдирувчининг мол-мулкига нисбатан ворислик ҳуқуқларини истисно қилади.
Бундан келиб чиқадики, қонун ҳужжатлари бўйича ўзаро қариндош ҳисобланмаган ўгай ўғил ёки ўгай қизга ўгай ота ёки ўгай онани таъминлаш мажбуриятини юклаш мумкину, лекин уни қарамоғидаги ота-онанинг мол-мулкига нисбатан мерос олиш ҳуқуқини бериб бўлмайди.
Лекин масалан, Россия Федерацияси Фуқаролик кодексининг
1145-моддасида агар олдинги навбатлар бўйича меросхўрлар бўлмаса, мерос мулкига нисбатан қонун бўйича еттинчи навбатдаги ворислар сифатида ўгай ўғил, ўгай қиз, ўгай ота ва ўгай она чақирилиши белгиланган.
Қозоғистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1064-моддасида эса ўгай ўғил, ўгай қиз, ўгай ота ёки ўгай онанинг меросхўр бўлиши муддат билан белгиланган, ҳамда тутунган ака-ука, опа сингиллар мерос олувчи субъектлар сифатида киритилган, яъни агар олдинги навбатлар бўйича меросхўрлар бўлмаса, мерос мулкига нисбатан қонун бўйича еттинчи навбатдаги ворислар сифатида тутунган ака-ука ва опа сингиллар, ўгай ўғил, ўгай қиз, ўгай ота ва ўгай она улар мерос қолдирувчи билан ўн йилдан кам бўлмаган муддатда биргаликда бир оила бўлиб яшаган бўлсалар чақирилиши белгиланган.
Табиатан болажон, кексаларни ва эҳтиёжмандларни қадрлайдиган халқимизда, ёрдамга муҳтож, қаровчиси бўлмаган ўгай фарзандлар қарамоғидаги ота-оналар ёки ўгай ота-оналар қарамоғидаги фарзандлар йўқми ёки етти ёт бегонага туғишган ака-укаси ёки опа сингли каби муносабатда бўладиган тутинган инсонлар учрамайдими?
Уларга ўгай бўлса ҳам ота-онасини ёки фарзандини парваришлаши, ғамхўрлик қилиши керак бўлса, суд тартибида мажбурият сифатида юклатилиши мумкину, бироқ уларга қарамоғидаги инсоннинг мол-мулкига нисбатан меросхўр бўлишлари мумкин эмас.
Баён этилганларга кўра, бизнинг қонунчилигимга ҳам агар олдинги навбатлар бўйича меросхўрлар бўлмаса, мерос мулкига нисбатан қонун бўйича олтинчи навбатдаги ворислар сифатида ўгай ўғил, ўгай қиз, ўгай ота ва ўгай она улар мерос қолдирувчи билан беш йилдан кам бўлмаган муддатда биргаликда бир оила бўлиб яшаган бўлсалар чақирилишини белгилаш керак.
Масалан, 11391-модда. Қонун бўйича олтинчи навбатдаги ворислик
“Мерос қолдирувчининг олдинги навбатлар бўйича меросхўрлари бўлмаса, мерос қолдирувчи билан беш йилдан кам бўлмаган муддатда биргаликда бир оила бўлиб яшаган ўгай ўғил, ўгай қиз, ўгай ота ва ўгай она тенг улушларда қонун бўйича олтинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.”-деб янги норма киритса бўлади.
Белгиланган муддат Оила кодексининг 128-моддаси талабларига мувофиқ келади ҳамда ёрдамга муҳтож ўгай ота ва ўгай онанинг ота-онаси, эри ёки хотини (собиқ эри ёки хотини) ёки вояга етган меҳнатга лаёқатли болалари бўлмаса уларга ўгай ота, ўгай она ёки ўгай фарзандлари томонидан яхши парвариш қилиниши ҳамда ғамхўрлик қилинишини ҳам кафолатлайди. Зеро, барча норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат бошқаруви органларининг фаолияти инсон ҳуқуқларини таъминлашга, инсон қадр-қимматини камситмасликка, уларнинг ўзаро меҳр-муҳаббат билан фаравон яшашларига қаратилган.
Таклиф этилаётган норма ўгай ота, ўгай она ёки ўгай фарзандларнинг қолдирилаётган меросга нисбатан меросхўр сифатида эътироф этилишига сабаб бўлиб, уларнинг ворислик ҳуқуқларини камситилишини олдини олади.


Фойдаланилган адабиётлар: 1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси https://lex.uz/uz/docs/20596#39092; 2. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси https://lex.uz/uz/docs/180552#198948; 3. Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси https://lex.uz/uz/docs/104720#158971; 4. "Гражданский кодекс Российской Федерации (часть третья)" от 26.11.2001 N 146-ФЗ (ред. от 01.07.2021) https://www.consultant.ru/cons/cgi/online.cgi?req; 5. Гражданский кодекс Республики Казахстан (Особенная часть) от 1 июля 1999 года № 409-I (с изменениями и дополнениями по состоянию на 03.03.2023 г.) https://online.zakon.kz/Document.
Download 48.86 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling