Бердиқулова Ирода Райимқуловна


Download 121.33 Kb.
Sana19.06.2023
Hajmi121.33 Kb.
#1621876
Bog'liq
Berdiqulova I


Бердиқулова Ирода Райимқуловна - Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти катта ўқитувчиси


Самарқанд вилоятининг туризм салоҳияти ва соҳадаги имкониятлар


Аннотация: ушбу мақолада мамлакатимизда туризмни ривожлантириш истиқболлари ёритилган. Жумладан, Самарқанд вилояти мисолида 2022 йилда туризм соҳасида қўлга киритилган натижалар ва 2023 йил учун режалаштирилган прогноз параметрлари келтириб ўтилган.
Калит сўзлар: туризм, туризм инфратузилмаси, устувор вазифалар, меҳмон уйлари, меҳмонхоналар, таранспорт хизматлари, туристик хизматлар, туризм соҳасида кадрлар, ўзини ўзи иш билан таъминлаш.

Самарқанд ўзининг бой тарихий ва меъморий диққатга сазовор жойлари, турли цивилизация ва даврлар таъсирини ўзида акс эттирганлиги билан машҳур. Энг машҳур диққатга сазовор жойларидан бири Регистон – Самарқанднинг бош майдони, масжид ва мадрасалар билан ўралган, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон меъроси рўйхатига киритилган. Шунингдек, яна машҳур диққатга сазовор жойларидан - Гўри-Амир ва Шохи-Зинда мақбаралари, Улуғбек расадхонаси, Биби-Хоним масжиди ва бошқаларни ҳам келтиришимиз мумкин. Самарқанд ўзининг анъанавий бозорлари билан ҳам машҳур бўлиб, у ерда ҳунармандчилик, турли хил сувенирлар, тўқимачилик ва бошқа маҳаллий маҳсулотларни харид қилиш мумкин.


Самарқандга ташриф буюрган сайёҳлар ушбу шаҳарнинг бой тарихига шўнғиш, Шарқнинг Ғарбий кўзгусининг бетакрор меъморчилиги ва меросидан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлади. Бундан ташқари, улар ўзбек миллий таомларини татиб кўришлари ва маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги билан танишишлари мумкин.
Самарқанд вилоятига 2022 йил давомида 152 та давлатдан 1 204,2 минг хорижий туристлар ташриф буюрди. Туризм хизматлари экспорти 197,6 млн долларни ташкил этди. Маҳаллий туристлар сони эса 4 247,0 мингтани ташкил этмоқда.
Ҳозирги кунда хорижий туристларнинг ўртача қолиши 2,6 кунни (1 кунлик харажати 65-213 АҚШ доллар) ташкил этмоқда. 2023 йилда Самарқандга 1,5 млн нафар хорижий туристлар жалб этилиб, туризм хизматлар экспорти 250 млн АҚШ долларига етказилиши кутилмоқда. Маҳаллий туристларнинг вилоятга ташрифи 2023 йилда 5 млн нафарга етказилиши режалаштирилган.
Жорий йилда Янги йил, Наврўз ва Мустақиллик куни байрамларида, июн ойида Ёшлар туризм ойлиги мобайнида Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари, ноябрь ойида Кексалар учун туризм ойлиги муносабати билан Самарқанд шаҳридаги маданий мерос объектлари ва музей қўриқхоналарга кириш учун 50% гача бўлган чегирмалар эълон қилинди.
Мавсум суст бўлган даврлар ва ички туризм кунлари доирасида транспорт, жойлаштириш, овқатлантириш каби хизмат турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлар томонидан туристлар учун 50 фоизгача чегирмалар эълон қилиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 апрелдаги “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисидаги 232-сонли қарорига мувофиқ ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли орасида “Cашбаcк” тизими жорий этилди
Ўзбекистон фуқаролари (маҳаллий туристлар) учун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида республика бўйлаб ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисмини қайтариш (“Cашбаcк”) тартиби жорий этилди. Саёҳат харажатларини қайтариш махсус электрон платформа, шу жумладан унинг мобиль иловаси орқали амалга оширилади. Платформа Давлат солиқ қўмитасининг махсус мобиль иловаси (СолиқУз) билан интеграция қилинган ҳолда, харажатлар ҳаққонийлиги мобиль илова ёрдамида текширилиб, харид чеки матрицали штрих кодини (ҚР-код) ҳамда маҳаллий туристларнинг доимий яшаш жойларини кўрсатиш орқали саёҳатлар рўйхатдан ўтказилади.
Саёҳат харажатларини қайтариш саёҳат қилиш давомида бир вақтнинг ўзида қуйидагилар назарда тутилганда амалга оширилади:

  • авиа, темир йўл ва (ёки) автомобиль транспортидан фойдаланиш;

  • жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланиш;

  • маданият ташкилотларига ташриф буюриш.

Саёҳат харажатларини қайтариш ҳар бир туристга қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:

  • авиақатнов орқали бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда;

  • темир йўлда ёки автобусда бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;

  • жойлаштириш воситасида тунаб қолиш харажатининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;

  • театр, музей, цирк ва бадиий галереяларга ҳар бир ташриф чиптаси нархининг 50 фоизи, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда.

Саёҳат харажатлари фақатгина платформа орқали амалга оширилган ички саёҳатлар учун унинг якуни билан маҳаллий туристларнинг банк карталарига қайтарилади.
Туристларга қулайлик яратиш мақсадида вилоятдаги Зиёрат, бизнес, классик эко, агро, гастрономик ва шоппинг туризм объектлари, шунингдек диққатга созовор жойлар, дам олиш масканлари туризм қишлоқлари ва кўчалари бўйлаб 5 кунлик сайёҳлик дастури, “Туризм халқаси” ишлаб чиқилган. Шунингдек, Самарқанд вилояти бўйлаб 1-2 ва 3 кунлик саёҳат дастурлари учта тилда (ўзбек, инглиз, рус) ишлаб чиқилган.
Жорий йилда Самарқанд туманида “Ипак йўли Туризм маркази” қурилиб фойдаланишга топширилганлиги ҳам маҳаллий ва хорижий туристлар оқимини кўпайтириш учун хизмат қилмоқда.
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги маҳалла фуқаролари йиғинларида истиқомат қилувчи аҳолининг мамлакат бўйлаб саёҳатга чиқиш прогноз кўрсаткичлари 1 млн 44 минг 755 кишини ташлил этган бўлиб амалда 1 млн 245 минг 774 (119.2%) кишини;
Корхона ва ташкилот ишчи хизматчиларининг ички туризм оқимини ташкил қилиш бўйича прогноз кўрсаткичлари 15 минг 025 кишини ташлил этган бўлиб амалда 16 минг 432 (109.4%) киши;
Хотин-қизларнинг саёҳатини ташкил этиш бўйича прогноз кўрсаткичлари
10 минг 171 кишини ташкил этган бўлиб амалда 12 минг 225 (120.2%) кишини;
Ички туризм дастури орқали ўқувчи, талаба ва корхона ходимларини Мўйноқ туманига сафарини ташкил этиш бўйича прогноз кўрсаткичлари
4 минг 838 кишини ташкил этган бўлиб амалда 4 минг 324 (89.4%) кишини;
“Мангуберди ватанига саёҳат қил” ички туризм дастури орқали ўқувчи, талаба ва пенсионерларнинг Хоразм вилоятига сафарини ташкил этиш бўйича прогноз кўрсаткичлари 50 минг 450 кишини ташкил этган бўлиб амалда 73 минг 112 (123 %) кишини;
Нотинч ва кам таъминланган оилаларни “Оилавий саёҳат” дастури орқали саёҳатларини ташкил этиш бўйича прогноз кўрсаткичлари 85 кишини ташкил этган бўлиб амалда 273 (321.1%) кишининг Республика бўйлаб саёҳатлари ташкил этилди.
2022 йил мобайнида вилоятда зиёрат туризми 2 та Халқаро конференция,
5 та ҳамкорликдаги халқаро конференция, 10 та Халқаро илмий семинар (давра суҳбати), 3 та Халқаро семинар тренинг, 2 та Халқаро кўргазма, 1 та Халқаро китоб тақдимоти, 1 та Халқаро давра суҳбати, 24 та Халқаро даражадаги ташрифлар амалга оширилди.
Ислом дунёсидан зиёратчилар ташрифини уюштириш учун Пайариқ туманидаги “Имом Ал Бухорий” мажмуасида қайтадан қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ерда 10 минг ўринли масжид, 21 гектар майдонда улуғ аждодларимизнинг диний мероси ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбон, 3 та меҳмонхона ва 24 та оилавий меҳмон уйларидан иборат, шунингдек 3000 нафар зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи “ҳалол” стандартига эга умумий овқатланиш корхоналари фаолияти йўлга қўйилиб зиёрат туризми мажмуаси барпо этилиши кўзда тутилмоқда.
2022-йил давомида 12 та маданий меърос объектлари бўйича қайта таъмирлаш ишлари олиб борилди. Самарқанд вилоятида 1-3-ноябр кунлари “Халқаро Зиёрат туризм ҳафталиги” доирасида ҳафталикнинг расмий очилиш маросими, “Ўзбекистоннинг Исломий мероси” конференцияси, “Миллий оҳанглар фестивали” ўтказилди.
Зиёрат туризми сайёҳлари учун умумий овқатланиш масканлари, ресторанлар ва жойлаштириш воситаларига “Ҳалол” стандарти жорий қилинмоқда. Жорий йилда Сингапурда мусулмон дунёси туризм бозорини тиклаш ва ривожлантиришга бағишланган “Ҳалал ин Травел Авардс” глобал саммитида Самарқанд шаҳри “Йилнинг ислом мероси манзили” ва “Йилнинг энг яхши ривожланаётган мусулмон шаҳри” номинацияси ғолиби бўлди.
Жорий йил мобайнида вилоятда 7 та халқаро ва 9 та маҳаллий тадбирлар ташкил этилиб бу орқали вилоятга 200 мингдан зиёд хорижий ва маҳаллий туристлар ташрифи кузатилди. Кабоб фестивали, Халқаро Гострономик фестивал, Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги шулар жумласидандир. 2023 йилда вилоятда 18 та маҳаллий ва хорижий тадбирлар ўтказилиши режалатирилган.
2022 йил давомида вилоятда 79 та оилавий меҳмон уйлари (режага нисбатан 171%, ҳамда 158 та янги иш ўринлари), 22 та ҳостеллар (режага нисбатан 121%, ҳамда 66 та янги иш ўринлари) ва 35 та туроператор ва турагентлар (70 та янги иш ўрни) фаолияти йўлга қўйилиб, жойлаштириш воситаларининг умумий сони 534 тага (154 та меҳмонхона, 48 та хостел, 305 та оилавий меҳмон уйлари ва 25 та санаториялар), улардаги жами ўринлар сони эса 16 113 тага етказилди. Келгуси йилда 51 та оилавий меҳмон уйлари, 17 та ҳостеллар фаолияти ташкил этилиб, 211 та доимий иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Шунингдек, туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 2022-йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 мартдаги 110-сонли қарорига мувофиқ, 13 та (Шохи-Зинда мажмуаси, Биби-Хоним масжиди, Сарой Мулк Хоним мақбараси, Регистон ансанбли, Амир Темур мақбараси, Ашратхона мақбараси, Маҳдуми Хоразмий масжиди, Рухобод мажмуаси, Хўжа Дониёр мақбараси, Собиқ Авлиё Николай Черкови, Оқ Сарой мақбараси, Дари Занжир мажмуаси ва Самарқанд археологик тадқиқотлар институти биноси) маданий меърос объектларида жами 14,8 млрд.сўмлик реставрация ишлари амалга оширилиб, моддий-маъданий меърос объектларининг жозибадорлиги сақлаб қолинди, уларга элтувчи йўллар ва объектлар атрофи ободонлаштирилиб, сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратилди.
Сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган объектларда 100 дан ортиқ санитария-гигиена шахобчаларида санитария ва шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидалари талабларига мослаштирилиб қурилди ва қайта таъмирланди. Натижада сайёҳларга ва имконияти чекланган шахсларга қулайликлар яратилилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги 433-сонли қарори асосида Мирзо Улуғбек расадхонасига туташ ҳудудда ҳамда Самарқанд халқаро аэропортида сайёҳларга бепул ва пуллик хизматлар кўрсатиладиган туризм ахборот марказлари ишга туширилди. Мазкур ахборот марказидан сайёҳлар меҳмонхона, гид-таржимон, транспорт, овқатланиш, SIM карта олиш каби хизматлардан фойдаланишмоқда. Сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган объекталар ва уларга туташ ҳудудлар атрофида 18 та бепул WI-FI нуқталари ташкил этилди.
Самарқанддаги “Silk road Samarkand” халқаро туризм марказида 2 та 5 юлдузли, 4 та 4 юлдузли, 2 та 3 юлдузли меҳмонхоналар жами 8 та меҳмонхоналар, 18 минг кв.м. майдонда 3 қаватли халқаро конгресс маркази ва кўргазма мажмуаларини қуриш ишлари якунланиб фойдаланишга топширилди. Абадий шаҳар тарихий мажмуаси ташкил этилиб, унинг ҳудудида кулолчилик, темирчилик, марғилон атласи, Чуст пичоқчилиги, рассомлик, амалий санъат, бухоро қоғози, зардўзлик йўналишларида 17 та миллий ҳунармандчилик устахонлари, 2 та ресторан, 3 та миллий услубдаги чойхоналар, 2 та ширинликлар савдо нуқтаси, Чорсу шарқ бозори, миллий кийимлар галереяси, савдо, кутубхона, қўғирчоқ театри, шахмат мактаби бинолари қуриш ишлари якунланиб фойдаланишга топширилди.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 апрелдаги 232-сонли қарорига асосан Ургут туманидаги 11 та туризм салоҳияти юқори бўлган маҳаллаларни “Туризм маҳалласи”га айлантириш режаллаштирилган.
Сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган ва аҳоли гавжум объектларда 100 та санитария-гигиена шахобчаларини яратиш ва қайта таъмирлаб санитария ва шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидалари талабларига мослаштириш, 20 та wi-fi нуқталари ва 5 та туристик ахборот марказларини яратиш, шунингдек “Конигил” туризм қишлоғининг 2-босқичи якунланиши натижасида 30 га яқин овқатланиш, жойлаштириш, савдо нуқталари, ҳунарманд марказлари ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш режаллаштирилган.
Туризм соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширилиши бўйича Самарқанд вилоятида 2022 йил январь-ноябрь ойлари давомида
7,7 трлн.сўмлик 215 та катта ва кичик лойиҳалар амалга оширилиб, жами 26 128 та янги иш ўринлари яратилди. Шундан, 160 та жойлаштириш воситалари ва туроператорлик корхоналарида 4072 та иш ўрни, 133 та умумий овқатланиш ва дам олиш масканларида 8160 та иш ўрни, 35 та туризм соҳасида транспорт ва етказиб бериш хизматлари кўрсатувчи корхоналарда 763 та иш ўрни ва бошқа йўлдош хизматлар кўрсатиш соҳаларида 13 мингдан ортиқ иш ўринлари ташкил этилиб аҳоли бандлиги таъминланди. Йил якунига қадар яна 2 та, 40 млрд.сўмлик лойиҳалар ишга туширилиши ҳисобига якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини-ўзи банд қилган шахслар билан биргаликда 550 та янги иш ўринларини яратилиши режалаштирилган.
Қуйидаги туризм кластерлари ташкил этилди:
1. Самарқанд тумани-“Бизнес туризм кластери”.
2. Ургут тумани - Қоратепа-Омонқўтон- “Тоғ туризм кластери”.
3. Пайариқ тумани -“Имом ал-Бухорий” мажмуаси- “Зиёрат туризми кластери”.
4. Самарқанд шаҳри -Бозоров кўч.“PUB-STREET”-“Гострономик туризм кластери”.
5. Тойлоқ тумани-“Виночилик туризм кластери”.
Шунингдек, 2023 йилда Самарқанд туманида
“Оҳалик-Оқбўйро-Миронқул” кичик туризм зонаси ташкил этилиши ҳам режалаштирилган.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Самарқанддаги туризм салоҳияти ҳар бир сайёҳ учун Ўзбекистоннинг бой маданий меъроси билан танишиш ва унинг ўзига хос муҳитини ҳис қилиш имконини берувчи унутилмас тажриба тақдим этади.


Download 121.33 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling