Билиш имкониятлари гносеология муаммоси сифатида гносеология предмети
Download 103.42 Kb.
|
5-мавзуга билиш фалсафаси
- Bu sahifa navigatsiya:
- ГНОСЕОЛОГИЯДА ҲАҚИҚАТ МУАММОСИ
3-§. Интуитив билиш
Инсоннинг оламни билиш жараёни унинг сезгилари ва онги зўр бериб ишлашини талаб қилибгина қолмасдан, унинг узлуксиз қизғин ғайришуурий фаолият кўрсатишини ҳам тақозо этади. Инсоннинг ғайришуурий билиш фаолияти интуитив билиш номини олди, интуициянинг ўзи эса - бу билиш объектининг муайян шароитда бошқача йўл билан асослаб бериш мумкин бўлмаган хоссаларини бевосита, ғайримантиқий тарзда ҳақиқат деб билишдир. Интуиция сезги ва ақл ҳаракатига қарши турмайди, балки билишнинг хиссий ва рационал жиҳатлари билан биргаликда чиқиб уларни тўлдиради. Инсон бирон-бир ҳодисани ғайришуурий тарзда олдиндан сезган оддий, кундалик ҳаётда ҳам, олим билиб олинмаган жабҳада узоқ вақт адашиб толиқиб юрганидан кейин тўсатдан унинг кўз ўнгида ёришиш, инсайт содир бўлиб, шу аснода илмий кашфиёт юзага келадиган илмий-тадқиқот фаолиятида ҳам интуициянинг роли жуда каттадир. Академик Н.Н.Моисеев ҳозирги илмий билишда интуициянинг ролига юқори баҳо бериб, мантиқий ва математик билиш методлари қанчалик мукаммал бўлмасин, улар интуиция, тусмол, фараз, сезгирлик, ёришиш ўрнини босолмайди, дейди. Интуиция тасаввур билан узвий боғлиқдир, чунки биз бирор нарсани тасаввур қилар эканмиз шу тасаввур қилинаётган образга илгари билиб олинган объектлар белгиларини, томонларини интуитив тарзда нисбат берамиз. Тасаввур - хиссийлик, мантиқийлик ва интуитивликнинг қотишмасидир, бунда тафаккур хиссий образларни умумлаштиради ва уларга маъно беради. Билишга янги ғоялар керак, аммо биргина эмпирик материалнинг ўзи бунинг учун асло етарли эмас, ривожланган интуиция, тасаввур, фантазия керак. Интуиция феномени узоқ ўтмишдан бошлаб ўзига эътиборни тортиб келган. Вед яратувчилари, Пифагор ва унинг издошлари, Афлотун ва Аристотель ўзлари бевосита билиш деб тушунган интуиция жумбоғини очиб беришга уринганлар. XVII асрда Р.Декарт интеллектуал интуиция ҳақида таълимот яратади. Декартнинг фикрича, илмий билиш асосида ётган бошланғич ғояларнинг ҳақиқатлиги интуитив тарзда англаб етилади, билиш субъектининг ақли билан бевосита аниқлаб олинади. Интуитив билимга ўз-ўзидан равшанлик, аниқлик нисбат берилган. Декарт интуиция инсон ақлининг туғма қобилияти, интуитивлик билан рационаллик бир-бири билан боғлик, лекин интуитивлик биринчи ўринда туради ва билишнинг олий шаклидир деб ҳисоблаган. Интуитив билишнинг тўсатдан, ёришиш йўли билан пайдо бўлиши, натижанинг аниқлиги, уни мавжуд маълумотлардан чиқариб бўлмаслиги, муаммо ечимининг тўғрилигига ишонч ва уни мантиқий асослаш зарурлигини тушуниш хисси каби ўзига хос белгиларини қайд этмоқ лозим. Фанда кўпгина кашфиётлар интуитив тарзда амалга оширилган. Ҳозирги замон математикасида яхлит бир йўналиш: интуиционизм мавжуд. Унга немис философи И.Кант, француз математиги ва файласуфи А.Пуанкаре ва голландиялик математик Л.Брауэр асос солганлар. Геометрияда интуиционизмни асослаб берган Пуанкаренинг фикрича, билиш жараёнида ижод қилиш интуицияни, ғайришуурий ишни албатта ўз ичига олади. Билиш қуйидаги босқичлардан таркиб топади: биринчи уринишда жўяли ҳеч нимага эришиб бўлмайди, сўнгра оздир-кўпдир узоқроқ танаффус бошланади, унинг давомида ғайришуурий иш қилинади, шундан кейин онгли ишнинг янги босқичи бошланади, у ҳам натижасиздек туюлади, лекин тўсатдан ёришиш содир бўлади, ҳал қилувчи фикр туғилади, сўнгги зарурий босқич - вазифанинг олинган ечимини текшириб кўриш. Ғайришуурий интуитив иш фақат ундан олдин ва ундан кейин онгли иш бўлган тақдирдагина самарали бўлиши мумкин. Пуанкаре билиш натижаларини уларнинг аниқ бўлиб туюлишига ва интуитив аниқлигига қарамай, албатта текшириб кўриш зарур дейди. Интуитив ёришиш, тусмоллаб билиш тегишли муаммони ҳал қилишга олиб келган йўлларни инсоннинг ўзи аниқ англамаган ҳолда ўз-ўзидан, бехосдан, тўсатдан амалга ошади. Бунда турли кишиларда турли шароитларда интуиция онгдан турли даражада узоқлашган бўлади. Интуиция олинган натижанинг мазмуни, ҳарактери, ўрганилаётган ҳодисанинг моҳиятига қанчалик чуқур кириб бориши, субъект учун шахсий аҳамияти бўйича ўзининг индивидуал хусусиятига эга бўлади. Шу билан бирга интуиция нафақат ҳиссий билишдан, нафақат абстракт мантиқий билишдан иборат. Унда билишнинг шу иккала жиҳати мавжуд, лекин улар доирасидан ташқарига чиқувчи нарса ҳам борки, бу интуицияни шу шакллардан биронтасига ҳам мансуб деб қарашга имкон бермайди. Шунинг учун ҳозирги замон билиш назариясида интуитив билим ҳиссий билишга ҳам, рационал билишга ҳам тенг аҳамиятли бўлган ўрин эгаллайди. 3-боб. ГНОСЕОЛОГИЯДА ҲАҚИҚАТ МУАММОСИ Download 103.42 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling