Билиш имкониятлари гносеология муаммоси сифатида гносеология предмети
Download 103.42 Kb.
|
5-мавзуга билиш фалсафаси
VI Бўлим. БИЛИШ ФАЛСАФАСИ (ГНОСЕОЛОГИЯ) 1-боб. БИЛИШ ИМКОНИЯТЛАРИ - ГНОСЕОЛОГИЯ МУАММОСИ СИФАТИДА Гносеология предмети Инсон ўзининг бевосита борлигини, мавжудлигини уни қуршаб турган дунё билан доимий алоқада амалга оширади. Дунёда яшаш ва оптимал мослашиш учун инсон, унинг ақл-идроки ва ҳислари ташқарига, яъни дунёни билишга қаратилган. М.Хайдеггернинг сўзлари билан айтганда «билиш тадқиқот сифатида мавжуд нарсани ҳисоботга жалб этади». Билиш фаолиятига инсон ҳаёти ва фаолиятининг зарур элементи деб қарамоқ зарур. Билишнинг мақсади ва вазифаси турли ҳодисаларни ўрганиш йўли билан уларнинг чуқур, турғун, белгиловчи томонлари ва қирраларини, уларнинг моҳиятини очиб, хақиқатни англаб олишдан иборат. Антик фалсафадаёқ софистлар ва Сократ дунёқарашининг асосий масаласини инсоннинг табиатга, субъектнинг объектга, тафаккурнинг борлиққа муносабати масаласи сифатида илк бор таърифлаб берган эдилар. Янги замонда Ф.Бэкон ва Р.Декарт билиш тўғрисидаги таълимотни бойитиб, уни субъектнинг объектга муносабати деб таърифладилар. Декартнинг сўзларига кўра, субъект – бу билиш ҳаракатининг соҳиби бўлган шахсдир, фикрловчи «Мен» дир. Объект – бу субъектнинг билиш фаолияти йўналтирилган нарсадир, яъни бизни қуршаб турган бутун оламдир. Билиш объекти билиш вазиятида бевосита берилган эмас, у ижтимоий амалиётнинг ривожланиш даражаси билан белгиланади, детерминацияланади. Билиш субъекти ҳам ўзининг билиш фаолияти кенг амалга ошириладиган конкрет ижтимоий-тарихий вазият орқали белгиланади. Бинобарин, билишнинг ўзи ҳам ижтимоий табиатга эга, уни ижтимоий амалиёт белгилаб беради. Дунёни билиб бўладими ёки йўқми, агар билиб бўлса бу бизнинг онгимизда қандай акс этади, деган масала ҳамиша фалсафий фикрни қизиқтириб келган. Билиш назарияси, ёки гносеология (юнонча – билиш ҳақидаги таълимот) – фалсафий таълимотларнинг ажралмас қисмидир. Гносеология субъектнинг билиш фаолиятининг принциплари, қонуниятлари, шакллари, босқичлари ва даражаларини, шунингдек, шу принцип ва қонунлардан келиб чиқадиган, ҳақиқий билимга эришилишини таъминлайдиган талаблар ва мезонларни ўрганади. Билиш назарияси билиш жараёнининг оддий, кундалик даражасини ҳам, билишнинг умумий илмий шакллари ва методларини ҳам тадқиқ қилади. Билиш жараёни, бу – тўлалигича рационал, фақат ақлга бўйсунувчи, формал, қуруқ жараён эмас, чунки у тирик кишилар томонидан амалга оширилади, шу сабабли билиш эмоционал элементларни – ирода, ният, истакларни ўз ичига олади. Шу муносабат билан айтиш жоизки, нарсалар, атрофдаги воқелик ҳодисалари субъектнинг назарига тушган, нимаси биландир унинг диққатини тортган, у билан ўзаро алоқада бўлган, унинг томонидан жами бошқа предметлар ва жараёнлардан ажралиб олинган тақдирдагина билиш объектига айланади. Шу маънода субъект объектни шакллантиради, шунинг учун ҳам объектсиз субъект бўлмаганидек субъектсиз объект ҳам бўлмайди, дейдилар. Download 103.42 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling