Билиш имкониятлари гносеология муаммоси сифатида гносеология предмети


Download 103.42 Kb.
bet13/13
Sana11.03.2023
Hajmi103.42 Kb.
#1261104
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13
Bog'liq
5-мавзуга билиш фалсафаси

Гипотеза
Гипотеза, бу — ҳақиқийлиги аниқланмаган илмий тахмин ёки фараздир. Гипотеза, бу – фанда ўртага қўйилган саволга жавоб беришга интилиб, билдирилган фикрлар тизимидир. Шу билан бирга бу фикрлар фактуал эмас балки назарий характерга эгадир. Фанда кўпинча шундай саволлар пайдо бўладики уларга жавоблар фактлар тўғрисидаги фикрлар шаклида олиниши мумкин ва улар экспериментал маълумотлар деб аталади. Гипотезани илгари суриш бошқа бир билиш вазияти билан боғлиқ. Гипотеза шунинг учун зарурки, фикр бизнинг сезги органларимизнинг «кўриш майдони» тугаган жойга кириб боришнинг бирдан бир воситасидир. Гипотеза эса у ерда содир бўлиши мумкин бўлган нарсани тасаввур қилишнинг бирдан бир усулидир.
Гипотеза, бу – фараздир. Фараз тўғри ва янглиш бўлиши мумкин. Гипотеза асослаш механизми нуқтаи назаридан ҳам фараздир: фараз индуктив тарзда (фактлардан) ҳам, дедуктив тарзда ҳам чиқарилмайди. Гипотеза, шундай қилиб, алоҳида гносеологик феномендир. Аслида, ҳар қандай тадқиқот, биринчи навбатда, фан олдига қўйиладиган проблемаларни ҳал этишдир. Бу проблемаларни гипотезаларсиз ҳал этиб бўлмайди, зеро улар тегишли фактларни синаш учун муайян назарий тизим асосида тахминий изоҳлашга уринади. Шунинг учун айтиш мумкинки, умуман фандаги тадқиқот жараёни гипотезаларни илгари суриш, баҳолаш, танлаш, ишлаб чиқариш ва асослашдан иборат.
Бу умумий тадқиқот жараёнида гипотезалар ишлаб чиқиш, баҳолаш ва саралаш босқичларини ўз ичига олувчи излаш босқичи алоҳида муҳим аҳамият касб этади. У бутун тадқиқотнинг энг муҳим ва ижодий қисмидир. Гипотезаларни асослаш, текшириш ва тасдиқлаш босқичи кўпинча гипотезалардан мантиқий хулосалар чиқаришдан ҳамда уларни мавжуд эмпирик фактлар ва маълумотлар билан таққослашдан иборат бўлади. Текшириш имконияти назариянинг тажриба билан таққослана олиш имкониятидир, яъни гипотеза ҳодисаларнинг бевосита кузатиб бўлмайдиган айрим асослари тўғрисидаги таҳминдир ва ундан чиқарилган натижаларни тажриба билан таққослаш йўли билангина текшириб кўрилиши мумкин. Айрим ҳолларда масалан, мавжуд ўлчов воситаларининг етарлича аниқ бўлмаслиги ёки текширув эксперименти ўтказиш учун зарур шароит йўқлиги сабабли актуал текшириш имконияти бўлмаслиги мумкин. Бироқ лоақал текширишнинг принципиал имконияти албатта бўлмоғи керак.
Гипотеза қилиш қобилияти инсон тафаккурининг ижодий кучидан далолат беради. Бироқ ҳар қандай фараз ёки оддий гумон, илмий гипотеза бўла олмайди, чунки бемаъни, жиддий асоси бўлмаган фантастик таҳминлар ҳам бўлиши мумкин. Таҳмин илмий гипотеза бўлиши учун бир қатор шартларни қондириши: илмий дунёқараш принципларига асосланиши; фан аниқлаган қонунларни ҳисобга олиши, яъни эътироф этилган илмий назарияларга мос келиши; муайян соҳада мавжуд бўлган фактларга таяниши, уларни изоҳлаб бериши ва янги фактларни башорат қилиш қобилиятига эга бўлиши керак. Илмий гипотеза олдига қўйилган муҳим талаб уни амалий, экспериментал ва умумий эмпирик текшириб кўриш мумкин бўлишлигидир. Гипотеза ягона принципга асосланган ҳолда барча аниқланган фактларни қўшимча таҳминларсиз изоҳлашга лаёқатли бўлиши керак. Бу талаб дунёнинг бирлиги тўғрисидаги диалектик принципга мувофиқ келади.

Назария
Гипотеза практикада тасдиқлангач, у ишончли назарияга айланади. Лекин назария, бу - фақат ишончли билимгина эмас, балки объектив қонунларни билишдир.
Фактларни аниқ билишдан, ҳодисаларни, эмпирик тасвирлашдан фарқли ўлароқ, назария мавжуд фактларни тушунтириш функциясини бажаради. Назария шундай изоҳ берадики, бунга кўра мавжуд фактларни муайян соҳа қонунлари ва бошқа муҳим алоқаларининг мантиқан зарур оқибати деб тушуниш, яъни ҳодиса ва воқеаларни тасодиф деб эмас, балки объектив, зарур ва қонуниятли муносабатларнинг намоён бўлиш формаси деб тушуниш мумкин бўлади. Илмий назария нисбатан бирбутун концептуал тизим сифатида кўринади. Назария доирасида фан тушунчалари ва қонунларининг табиати ҳам очиқ-ойдин кўринади.
Ҳар бир илмий назария аввал-бошданоқ турли объектлар ёки вазиятларни идеаллаштириб тузилади. Назария тузилишининг ўзи реал воқеликни муайян тарзда соддалаштиришни кўзлайди. Идеаллаштирувчи, соддалаштирувчи шароитларни йўқ қилиб бориш, бу – бизни дунёни тўла акс эттиришга яқинлаштирадиган, аммо ҳеч қачон бунга эриша олмайдиган чексиз жараёндир. Объектив, абсолют ва нисбий ҳақиқатлар диалектикаси назарий билимга хосдир. Илмий назарияни идеал объектларнинг мураккаб тизими деб тасаввур қилиш мумкин, чунки бу тизим тегишли воқелик фрагментининг ўзига хос моделидир. «Ҳар қандай модел сингари математик модел ҳам, - деб ёзади академик Н. Н. Моисеев, - у ёки бу жараён ёки ҳодиса ҳақида тасаввур беради. Моделларни тадқиқ этиш, таҳлил қилиш бизни улар ҳақида практика учун зарур бўлган янги билимлар билан таъминлайди»2.
Илмий назария системалаштирилган характерга эга бўлиб, концептуал тизимни ифодалайди. Унинг бошланғич элементлари муайян тушунчалар, улар ўртасидаги нисбатлар ва константалардир. Фан қонунлари бу тушунчалар тизимларини бирбутун ҳолга келтиради ва тартибга солади. Бошқача сўзлар билан айтганда, фан қонунлари тегишли назарий тизимлар тузилмасини акс эттиради. Шунга мувофиқ, назария, бир томондан, ўз предметига тегишли қонунлар (агар улар кашф этилган бўлса) асосида яратилади, иккинчи томондан, янги қонунлар кашф этилишига олиб борувчи тадқиқотларга йўлланма беради.
Назария нафақат билимлар йиғиндиси, балки билимлар тузилишининг, назарий билимни бойитишнинг муайян механизмини ўз ичига олади; айрим тадқиқот дастурини гавдалантиради, бу эса назарияга ягона билим тизими сифатида бирбутунлик бахш этади. «Назарияга келганда, - деб таъкидлайди Луи де Бройл, - унинг вазифаси олинган натижаларни таснифлаш ва синтезлашдан, уларни оқилона тизимга солишдан иборатки, бу маълум нарсани талқин қилишгагина эмас, балки ҳали маълум бўлмаган нарсани имкон қадар олдиндан кўришга ҳам имкон беради»3.
Биз юқорида айтганимиздек, фан ҳодисаларни изоҳлайди, уларнинг моҳиятини очиб беради ва, демак, уларни тушунарли қилади. Изоҳлаш – ҳодисалар моҳиятини тушунтириш, яъни нима учун ҳодиса шундайку, бошқача эмас деган саволга жавоб беришдир. Фанда изоҳлашнинг турли хиллари: сабабли, оқибатли (функционал), тузилмавий ва бошқа хил изоҳлар маълум, булар моҳиятни очиш йўлидаги босқичлардир, унинг айрим томонларини очиб беради. Объектнинг муҳим хоссаларини очиш – бу унинг тузилиши ва функцияси муайян қонунларга бўйсунишини кўрсатишдир.
Назариянинг бошқа бир муҳим функцияси – олдиндан айтиш, башорат қилиш – унинг изоҳловчи функцияси билан узвий боғлиқдир. У ёки бу қонунни аниқлаш кўпинча чекланган – ҳам эмпирик, ҳам назарий – базисга асосланади. Узуқ-юлуқ, чала-чулпа маълумотларга таяниб нарсаларнинг моҳиятига кира олишда ҳам илмий фараз кучи намоён бўлади. Шунга мувофиқ айрим ўзаро алоқаларни аниқлаш бу қонунни кашф этиш учун имконият очиб беради. Янги кимёвий элементларни, Нептун планетасини, кўпдан-кўп элементар зарралар ва уларнинг хоссаларини олдиндан айтиш ва фаннинг бошқа кўпгина кашфиётлари назариянинг олдиндан айтувчилик функциясининг улкан аҳамиятини характерлаб беради.
Қуршаб турган дунё эмпирик билишда айрим фактларнинг, фрагментларнинг мажмуи сифатида кўрина бошлайди. Айни бир жараён кўпинча ўз ривожининг турли босқичларида турли эмпирик қонунлар билан тасвирланади. Айни бир жараённи изоҳловчи тарқоқ эмпирик қонунларни унификация қилиш учун уларни аввалига фараз ва гипотеза шаклида кўринган абстракт назарий қоидалар билан боғламоқ зарур. Фаннинг кейинги ривожи аниқланган эмпирик қонуниятларни изоҳлашга, фундаментал принциплар тизимини аниқлашга эҳтиёжни туғдиради, булар воқеликнинг текширилаётган соҳасидаги ҳодисаларнинг барча кузатилаётган турли-туманлигини ягона нуқтаи назардан изоҳлашга ва мавжуд билимни ҳам, янгидан эгалланадиган билимни ҳам ягона тизилмага бирлаштиришга имкон беради. Бу махсус тушунчалар, назарий конструктлар, идеаллаштирилган объектларни ишлаб чиқишни талаб қилади.

11 Антология мировой философии. М, 1969. Ч.II. 748-б.

1 Аристотель. Сочинения в 4 т. М., 1975, т.1. 141.-б.

11 Қаралсин: Антология педагогической мысли Узбекистана, 103-б.

22 Б.Рассел. История западной философии. М,1952. 545-б.

33 К.Ясперс. Современная техника// Қуйидаги китобда: Новая технократическая волна на Западе. М. 1986. 123-б.

2 Н. Н.Моисеев. Человек, среда, обшество. М.,1982. 23-б.

3 Луи де Бройль. По тропам науки. М., 1962. 162-б.

Download 103.42 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling