Бир туп ёнғоқ эксангиз, ҳосилидан бир неча авлодингиз баҳраманд бўлади


Download 56.99 Kb.
Sana18.06.2023
Hajmi56.99 Kb.
#1556594
Bog'liq
Бир туп ёнғоқ эксангиз


Бир туп ёнғоқ эксангиз, ҳосилидан бир неча авлодингиз баҳраманд бўлади
Чоп этиш учун
5 Март 2014 00:00
Инсоннинг ҳаёт фаолиятида ёнғоқнинг аҳамияти жуда катта. Ёнғоқ меваси бошқа мевалардан озиқавий хусусиятларига кўра юқори каллориялиги билан ажралиб туради. Ёнғоқ мағзи каллориялилиги жиҳатидан мол гўштидан 7 баробар устун туради. Ёнғоқ мағзида темир, фосфор, мис, серотин моддалари, 58–77% ёғ, 12–25% оқсил ва 5–25% углеводлар мавжуд. Уни истеъмол қилган киши қувватини ошириб, асаб тизимининг фаолиятини меъёрлаштиради. Ёнғоқ мойи қондаги холестеринни камайтириб, юрак-қон томирларида тиқинлар, буйрак ва ўт пуфагида тош пайдо бўлишини бартараф этади.
Ёнғоқни мамлакатимиз тупроқ-иқлим шароитида тоғ ва тоғ олди ҳудудларида, дарё ва сойлар бўйларида, қир-адирликлару текисликларда, аҳоли томорқаларида кўплаб етиштириш мумкин. Қолаверса, ёнғоқ дарахтлари 300–400 йилгача яшаб, ҳосил беришини инобатга олсак, унинг ҳосилидан бир неча авлодлар баҳраманд бўлади. Дарахти – ўрмон мелиорация ишларида катта аҳамиятига эга. Плантациялари асосан текисликларда суғориладиган майдонларда барпо этилади. Шунингдек, ёнғоқни ёғин-сочин миқдори 750–800 мм. дан кам бўлмаган тоғли ҳудудларда лалмикор шароитда ҳам етиштириш мумкин.
Ёнғоқ намгарчиликка талабчан, ёруғсевар ва иссиқсевар дарахтдир. Ёнғоқ етиштириш учун 10оС дан кам бўлмаган ҳароратли 150 вегетация куни талаб этилади. Қишки ҳарорати -27оС дан пасайганда айрим шохларини совуқ уруши мумкин. Баҳорги вегетация даври эрта бошланади. Шунинг учун янги ривожланаётган барглари, гуллари ва новдаларини -3 оС да ҳам совуқ уриши мумкин. Ниҳоллар тайёрланадиган кўчатхона майдон текис ёки қисман қия (2–3о) бўлиши керак. Кўчатхона оғир тупроқли майдонларда ташкил этилмаслиги зарур. Шудгорлаш кузда бажарилади. Ниҳоллар мусбат дарахтлардан терилган уруғларни экиш йўли билан олинади.
Уруғлар эрта баҳорда экилади. Уруғлар 50–60 кун давомида эни 80–100 см, чуқурлиги 80 см бўлган ўраларда стратификация қилинади. Баҳорги экиш учун стратификацияни тезлаштириш мумкин. Бунинг учун уруғлар 7–8 кун оқар сувда ивитиб қўйилади ва уруғлар ёппасига ёрилгандан сўнг қатор ораси 60–70 см бўлган жўякларга 10–15 см оралиқда экилади. Пайванд қилишга мўлжалланган ниҳоллар қатор ораси 90 см ва ниҳоллари 20–25 см қилиб экилади. Экиш чуқурлиги 7–9 см. Уруғлар қирраси пастга қаратиб экилади
Парваришлаш тадбирлари суғориш, тупроқни юмшатиш, бегона ўтлардан тозалаш ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш каби ишлардан иборат. Текислик ва тоғолди ҳудудларида гектарига 600–700 м3 ҳисобида 10–12, тоғли ҳудудларда эса 8–9 марта суғорилади. Август охири ва сентябрь ойи бошларида суғориш тўхтатилади. Илдиз тизими яхши ривожланиши учун ниҳоллар буталади, яъни илдизи ўткир лапатка билан 10–15 см чуқурликда кесилади. Бу иш ниҳоллар ёппасига униб чиққандан 2–3 ҳафтадан кейин (2–3 та ҳақиқий барг чиқарганда) бажарилади. Бўз тупроқли кўчатхоналарда бир ёшли ниҳоллар ва бир-икки ёшли кўчатларга гектарига 60–90 кг азот ва шунча миқдорда фосфор берилади.
Ниҳоллар кўчатхонада 2–3 йил ўстирилади. Плантацияларни барпо этиш учун янги, қимматбаҳо ва истиқболли ёнғоқ навларини танлаб экиш зарур. Ҳозирги вақтда текислик, тоғ ва тоғ олди шароитларида ёнғоқ плантациялари барпо этиш учун Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалига республика илмий-ишлаб чиқариш маркази олимлари томонидан кўпгина ёнғоқ навлари яратилган. Ёнғоқни вегетатив кўпайтириш уруғдан кўпайтиришга кўра бир қанча афзалликларга эга. Бунда навнинг тозалиги (барча фойдали белгилари) сақланиб қолади ва ҳосилга кириш даври қисқаради.
Вегетатив кўпайтиришнинг энг яхши усули – пайванд қилиш. Ниҳоллар икки ёшида пайванд қилинади. Яхши парвариш қилинганда бир ёшли ниҳолларни ҳам пайванд қилиш мумкин. Пайвандуст оналик плантациялардан ёки қимматбаҳо навлардан тайёрланади. Оналик дарахтлар эрта баҳорда шира ҳаракати бошлангунга қадар шохларни кесиш орқали ёшартирилади (пайвандуст олинадиган новдаларнинг ўсишини тезлаштириш учун).
Пайванд учун бир йиллик новдаларнинг ўрта қисмидаги яхши ривожланган куртаклар ажратиб олинади. Қаламчалар новданинг асосидан 2–3 бўғин қолдириб кесилади. Қаламчалардаги барг банди 0,5–1 см қолдириб кесилади ва оқар сувга ботириб қўйилади. Мамлакатимиз шароитида пайвандлаш ишлари июнь ойининг бошларидан август ойининг ўрталаригача олиб борилади.
Пайвандлаш эрталаб соат 10 –11 ларда ёки кечқурун соат 18 00 дан кейин бажарилади. Ишлаётганда кесилган ва яланғочланган жойларга қўл билан тегиш мумкин эмас. Ишни диққат билан имкон қадар зудликда бажариш керак. Пайванд ердан 5–10 см баландликка ва имкон қадар шарқ томонга қўйилиши керак. Тўғри тўртбурчак пайванд қўйиш учун махсус (икки юзли) пичоқ ишлатилади. Пичоқнинг икки юзи параллел равишда бир-биридан 3–3,5 см оралиқда жойлашади ва тананнинг ярмигача кўндаланг иккита кесик ҳосил бўлади.
Кейин икки ёнидан кесилади. Шунда тўғри тўрт бурчак кесик ҳосил бўлади. Шу жойга худди шу ўлчамдаги пайвандуст жойлаштирилади. Куртак тўғри тўртбурчакнинг ўртасига тушиши шарт. Т шаклдаги пайванд қилиш учун оддий пайванд пичоғи билан пайвандтаг Т ҳарфи шаклида (кўндаланги 1,5–2, бўйи 3–3,5 см) кесилади. Худди шу пичоқ билан пайванд куртаги (эни 0,8–1,5, узунлиги 3–3,5 см) кесиб олинади. Қаламчадан кесиб олинган куртак Т шаклда кесилган жойга ўрнатилади (имкон қадар тезроқ бажарилади). Пайванд қилинган жой 15–20 кунда бирлашиб (битиб) кетади. Шундан сўнг боғлам юмшатилади ёки олиб ташланади.
Ёнғоқ плантацияларини ташкил этиш майдоннинг қиялик даражаси ва тупроқ эрозиясининг олдини олиш имкониятларини ҳисобга олиш керак. Қиялик 8о гача бўлган ерларда майдон кўндалангига ёппасига шудгор қилинади. Қиялик 8о дан 25огача бўлган ерларда ҳар хил типдаги террасалар ҳосил қилиб экилади. 20–25о дан юқори бўлган қияликлардан плантациялар яратишда фойдаланиш тавсия этилмайди. Плантацияни барпо этишдан олдин амалга ошириладиган энг муҳим тадбирлардан бири тупроқни маданийлаштиришдир. Бунда шудгор ёки терраса қилингандан сўнг тупроққа гўнг ёки фосфорли, калийли ўғит солинади.
Плантация барпо этилгандан сўнг қатор ораларига дуккакли экинлар экилиши мумкин. 1 гектарга 80–100 тонна ҳисобида гўнг солинади. Агар гўнг ёки бошқа органик ўғитлар етишмаган ҳолатда қатор ораларига камида 2–3 йил давомида дуккакли экинлар экилади. Тупроқни фосфор ва калийли минерал ўғитлар билан бойитиш учун тупроққа 600–700 кг/га супер фосфат ва 120–180 кг/га калий тузи солинади. Ёнғоқ плантацияларининг ҳосил бериши бу дарахтларни жойлаштирилишга боғлиқ. Суғориладиган ерларда ёнғоқнинг узоқ умр кўрадиган навларни жойлаштириш схемаси 16–18 м.
Суғорилмайдиган ерларда эса 12–16 м. Тошлоқ ва шағалли тупроқларда ҳамда суғорилмайдиган террасаларда дарахтлар ораси 10–12 метр қилиб жойлаштирилади. Эрта ҳосилга кирадиган навли дарахтларнинг қатор орасини 8–10 м гача қисқартириш мумкин (1 гектарга 80–100туп). Янги ташкил этилган плантацияларнинг қатор ораси ва дарахтлар ўртасидан самарали фойдаланиш учун кам умр кўрувчи дарахтлар (бодом, олча шафтоли ва бошқа) экиб фойдаланилади ёки ўрмон кўчатхоналари ташкил этиш мумкин.
Дарахтлар катта бўлиб қолгандан сўнг қўшимча дарахтлар олиб ташланади. Ёнғоқ ёки қўшимча дарахтлар кузда хазонрезгиликдан кейин то баҳорги вегетация даври бошлангунча экилади. 50х50х50 см ёки 70х70х70 см ҳажмдаги чуқурлар қазилади ва икки ёшли ниҳоллар экилади. Экишдан 6–10 кун олдин экиш чуқурларига 10 кг чириган гўнг, 300 г супер фосфат, 60 г калий тузи ва 60 г аммоний сульфат солинади. Ушбу меъёрнинг ярми чуқурнинг тубига, ярми эса юқори қисмига (тупроққа аралаштириб) солинади. Экилган кўчатларнинг 70–90 см баландлигича ён шохлар кесиб ташланади.
Ёнғоқ плантацияларининг ҳосилдорлигини ошириш йўлларидан бири минерал ўғитлар билан озиқлаштиришдир. Плантацияларини барпо этишдан олдин гектарига 90–120 кг азот ва шунча миқдорда фосфор ўғити берилади. Ҳосилга кира бошлаганда эса гектарига 150 кг азот,120 кг фосфор берилади. Ўғитлаш кетма-кет уч йил давомида солинади. Бу эса бир неча йил давомида фойдали таъсир кўрсатади. Ёнғоқ плантацияларини парваришлаш бошқа мевали дарахтларни парваришлаш каби олиб борилади. Парваришлашда тупроққа ишлов бериш, суғориш, ўғитлаш, кесиш ва дарахтларга шакл бериш ҳамда касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш тадбирлари бажарилади.
Суғориш йиллик ёғин-сочин миқдори 750–800 мм дан кам бўлган жойларда олиб борилиши шарт. Суғориладиган жойларда плантация барпо этилганнинг биринчи йили вегетация даврида 6–8 маротаба суғорилади. Иккинчи йили эса суғориш 4–5 маротабага қисқартирилади. Аммо суғориш нормаси оширилади. Август ойининг иккинчи ярмида суғориш тўхтатилади.
Экилган кўчатларнинг халақит бераётган шохлари 5–6 ёшгача кесилиб, шакл бериб борилади. 80–120 см. дан иборат штамб ҳосил қилинади. Марказий ягона тана қолдирилади. Шохлар шу ягона танадан тарқалади. Асосий танадан 6–8 та йирик шохлар тарқалиши керак. Шохлар бир-биридан 30–50 см масофада бўлиши керак. Нимжон шохлар олиб ташланади. Бир-бирига халақит бермайдиган йирик шохлар қолдирилади. Бу ишлар дарахтлар ҳосилга киргунга қадар олиб борилади.
Ҳосилга киргандан сўнг бир йиллик ва майда шохлар олиб ташланади. Дарҳақиқат, мамлакатимизда ёнғоқ дарахтини плантациялар ва алоҳида-алоҳида ҳолда экиш мумкин бўлган ерлар талайгина. Қолаверса, бу унчалик кўп ҳам меҳнат ва харажат талаб қилмайди. Аҳоли томорқаларида якка-якка ҳолда экилган ёнғоқ дарахтларидан 20–25 ёшидан бошлаб 250–300, ҳатто 500 килограммгача ҳосил олиш мумкин. Икки-уч туп ёнғоғи бор оила бир йилда қанча даромад олишини эса ҳисоблаш унчалик қийин эмас.
В.Александровский, А.Ўтаназаров
Download 56.99 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling