Куйдирги касаллигининг эпизоотологияси
Куйдирги касаллиги билан деярли барча ҳайвонлар, шу жумладан уй ҳайвонларидан йирик ва майда шохли ҳайвонлар, от, эшак, туя ва бир қатор ёввойи ҳайвонлар касалланади. Ушбу касаллик билан чўчқалар камдан – кам ҳолларда касалланади, ит ва мушукларнинг касалланиши учун ҳам қўзғатувчининг юқори миқдори керак бўлади. Уй парандалари куйдирги касаллиги билан табиий шароитда касалланмайди. Ёввойи ҳайвонлардан бўри, чиябўри, айиқ, бўрсиқ, қуён ва кийиклар орасида куйдирги касаллиги билан касалланиш қайд этилган.
Тупроқ куйдирги қўзғатувчисининг асосий манбаи ҳисобланиб, унда споралар ўз ҳаётийлиги ва патогенлигини йиллар давомида сақлайди. Улар қишлоқ хўжалик ҳайвонлари учун касаллик қўзғатувчиси манбаи бўлиб хизмат қилади. Споралар ўтхўр ҳайвонлар организмига овқатланиш жараёнида тушиб, вегетатив шаклга айланади ва бу ҳайвон организмида куйдирги касаллигини келтириб чиқаради.
Касаллик қўзғатувчисининг манбаи касалланган ёки куйдирги касаллигидан ўлган ҳайвонлар ҳамда ташқи муҳитга(сув, тупроқ, тери ва ҳайвон жуни) қўзғатувчиларни ўзининг сийдиги, нажаси ва сўлаги орқали чиқариб турувчи бациллаташувчилар ҳисобланади.
Касаллик ҳайвонларга асосан алиментар йўл билан, яъни куйдирги қўзғатувчиси споралари билан зарарланган ўсимликлар илдизларини истеъмол қилиш жараёнида юқади. Бунда овқат хазм қилиш органларининг шилиқ қаватлари касаллик қўзғатувчилари учун кириш дарвозаси бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, касаллик молхоналарда споралар билан зарарланган ем орқали ва суғориш давомида ҳам юқиши мумкин. Касалланган ҳайвонлар вегетатив капсулали шаклда касаллик қўзғатувчисини ўзида сақлаши билан жуда хавфлидир. Касалланган ҳайвонлар хаётининг сўнгги дақиқаларида ва вафотининг дастлабки соатларида оғзи, бурни ва орқа чиқарув тешиклари орқали таркибида куйдирги қўзғатувчилари бўлган қон аралаш суюқлик ажратади. Молхоналарда ва уй шароитида ҳайвонларни мажбурий сўйиш, терисини шилиш, гўштини майдалаш, ошқозон – ичакларини, калла – почасини тозалаш вақтида тупроқ ҳам касаллик қўзғатувчиси билан зарарланади. Қўйларни аэроген йўл билан, яъни нафас йўли орқали касаллик қўзғатувчисини ўзига юқтириб олиш ҳолатлари тажрибаларда исботланган. Касаллик трансмиссив йўл билан ҳам юқиши мумкин. Ҳайвонлар ўртасида касалликни мулоқот орқали бир – бирига юқиши кам аҳамият касб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |