Товарларни ҳисобга олувчи счётларнинг (2900) боғланиши
Сотишга мўлжалланган товар ва прокат буюмлари сифатида харид қилинган товар-моддий қийматликларнинг мавжудлиги ва ҳаракати тўғрисидаги ахборотларни умумлаштириш қуйидаги счётларда амалга оширилади:
2910 "Омбордаги товарлар";
2920 "Чакана савдодаги товарлар";
2930 "Кўргазмадаги товарлар";
2940 "Прокатдаги товарлар";
2950 "Товарлар билан банд ва бўш идишлар";
2960 "Комиссияга берилган товарлар";
2970 "Йўлдаги товарлар";
2980 "Савдо устамаси";
2990 "Бошқа товарлар".
Саноат ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналарида товарларни ҳисобга олувчи счётлар бирор-бир буюм, материал, маҳсулот сотиш учун махсус олинган ҳолатларда қўлланилади.
Таъминот, сотиш, савдо корхоналари товарларни ҳисобга олувчи счётларда, ишлаб чиқариш ёки хўжалик эҳтиёжлари учун хизмат қилувчи ва асосий воситалар ёки материалларни ҳисобга олувчи тегишли счётларда ҳисобга олинадиган инвентарь идишдан ташқари, сотиб олинган идиш ва ўзи ишлаб чиқарган идишни ҳам ҳисобга оладилар.
Омборга келиб тушган товарлар ва идишларнинг кирим қилиниши товарларни ҳисобга олувчи счётларнинг дебетида товарларни харид қилиш қиймати бўйича мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга қарзларни ҳисобга олувчи счётлар билан боғланган ҳолда акс эттирилади. Чакана савдо фаолиятини амалга оширадиган корхона томонидан товарлар сотиш баҳоларида ҳисобга олинган тақдирда, бир вақтнинг ўзида харид қилиш қиймати билан сотиш баҳолари қиймати (чегирма, устама) ўртасидаги фарққа товарларни ҳисобга олувчи счётларнинг дебети ва 2980 "Савдо устамаси" счётининг кредити бўйича ёзув киритилади. Ушбу счётларнинг кредити бўйича товарларнинг сотилиши, текинга берилиши, бошқа корхоналарнинг устав капиталига улуш сифатида берилиши ва бошқалар муносабати билан чиқиб кетиши акс эттирилади.
Мазкур гуруҳ счётлари бўйича таҳлилий ҳисоб масъул шахслар бўйича, товарлар номланиши (тури, туркуми, тўпи) ва уларни сақлаш жойлари бўйича юритилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |