Дифференциал диагнози. Лимфаденит касаллигини, лимфогранулематоз, лимфосаркома, лимфа тугунлари туберкулёзи, лейкоз, актиномикоз, флегмона, остеомиелит ва қисилган чов чурраларидан фарқлаш керак. Чаноқ ва ёнбош соҳаси лимфаденитлари аппендицит, чаноқ-сон бўғими суякларининг остеомиелитлари, псоит ва паранефрит билан қиёсий таққосланади.
Давоси. Лимфаденит билан оғриган беморларни даволаш касалликни келтириб чиқарган бирламчи ўчоқни (йирингли касалликлар, жароҳатлар, тонзиллит, отит, тиш кариеси ва ҳ.) топишдан ва уларни биргаликда даволашдан бошланади. Касалликнинг қайси босқичда кечишига қараб беморларни даволаш ҳар хил йўналишда олиб борилади. Яллиғланиш жараёнининг дастлабки босқичида ва серозли лимфаденитда беморлар тўлиғича консерватив даволанади. Уларга антибиотиклар, сульфаниламид препаратлар, умумий қувватлантирувчи, десенсибилизацияловчи дорилар ва маҳаллий даво буюрилади. Бунда беморларга антибиотикларни регионли лимфотроп йўл билан киритиш ниҳоят даражада самаралидир. Чунки бу усулда антибиотиклар керакли бўлган концентрацияда лимфа системасида, шу жумладан яллиғланган лимфа тугунларида ҳосил қилинади. Бундан ташқари, лимфотроп антибиотикотерапиянинг қўлланилиши анти-биотикларнинг курслик, кунлик дозалари қисқаришига, инъекциялар сони камайишига ва улар ҳисобига организмда вужудга келадиган асоратлар олди олинишига олиб келади. Маҳаллий даво ўша соҳага иссиқ муолажалар, УВЧ терапия, инфрақизил лазер нурлари, малҳамли ва спиртли компресслар қўйиш билан амалга оширилади.
Йирингли лимфаденит оператив йўл билан даволанади. Операциядан кейинги даврда беморларга регионли лимфотроп антибиотикотерапия давом эттирилади ва жароҳатига УВЧ, гелий-неонли лазер қўйилади.
Аденофлегмона
Лимфа тугуни ва унинг атроф тўқималари билан биргаликда ўткир йирингли яллиғланишига аденофлегмона дейилади.
Этиопатогенези. Касалликни кўпинча стафилококк, стафилококк ассоциациялари ва стрептококк чақиради. Ушбу касалликни лимфаденитнинг кейинги босқичи ёки асорати сифатида қараш керак. Аденофлегмонада ҳам бирламчи ўчоқ бўлишининг аҳамияти катта. Касаллик бирламчи ўчоқдан инфекция тушиши ҳисобига лимфаденит келиб чиқиши, унинг тез кечиши ва аденофлегмонага ўтиши билан характерланади. Яллиғланиш жараёни лимфа тугунида ўзига хос кечади. Аденофлегмона касаллиги билан кўпинча кичик ёшдаги болалар оғрийди. 3 ёшгача бўлган болаларда юз-жағ соҳаси аденофлегмонаси ва катта ёшдаги болаларда эса чов ва қўлтиқ ости аденофлегмонаси кўпроқ учрайди.
Клиникаси. Аденофлегмона зарарланган соҳада шиш ва оғриқ пайдо бўлиши билан бошланади. Беморларда, тана ҳарорати кўтарилиши, иштаҳаси йўқолиши, безовталаниши ва уйқусининг бузилиши кузатилади. Маҳаллий томондан қараганда шиш кўпая боради ва терисида қизариш юзага келади. Пайпаслаганда чегаралари аниқ бўлмаган зич инфильтрат сезилади. Касаллик авж олган сайин қизариш кўпаяди, оғриқ кучаяди, инфильтрат юмшайди ва айрим ҳолатларда флюктуация синамаси мусбат бўлади. Касаллик юз-жағ соҳаси лимфа тугунларида учраганда жағ ва бўйинда ҳаракатнинг чегараланишига ҳамда чов ва тизза остида жойлашганда эса беморларнинг оқсоқланиб юришига олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |