Бозаров Дилмурод Мирзарасулович, Фалсафа фанлари номзоди, доцент


Download 103.5 Kb.
bet4/5
Sana21.09.2023
Hajmi103.5 Kb.
#1684159
1   2   3   4   5
Bog'liq
Д.Бозаров, Г.Каримова

Таҳлил ва натижалар
Кейинчалик Г.Хакен синергетик ёндашувни идрок этиш психологиясига қўллаш имкониятларини кўрсатди[9, 416]. Бистабил образларни, масалан, инсон ёки вазанинг профилини ёки бошқа нарсаларни идрок этиш “ундан олдинги тарих”га, идрок этишнинг мавжуд қоидасига боғлиқ. Икки турли қиёфалар ўртасидаги осцилляциялар шу билан белгиланадики, тартибнинг бир ўлчами йўқ бўлиб кетади, бошқаси эса пайдо бўлади. Образларни аниқлаш ўз-ўзини батамом қуриб битказиш жараёни сифатида тушунилиши мумкин. Агар аниқланаётган образнинг айрим аниқ жиҳатлари берилган бўлса (тўлиқмас ахборот), у ҳолда улар тизимни бошқа етишмаётган жиҳатлар билан тўлдиришга мажбур қилади, демак, бутун бир паттерн қайта қурилади. Масалан, агар инсоннинг айрим юз қисмлари, айтайлик, кўзлари ёки бурни (қиёфани аниқлайдиган энг асосий элементлар) ифодаланган бўлса, ана шу ҳаракатга риоя қилиб давом эттирган ҳолда бутун юз қиёфасини қайта тиклаш мумкин.
Мураккаб табиий ва ижтимоий тизимлар хатти-ҳаракатини изоҳлашга синергетикани қўллаш қанчалик натижа бериши тўғрисидаги масала алоҳида баҳслар сабабига айланган. Синергетика призмаси фақат жамиятдаги жамоавий, оммавий жараёнларнигина яхши намоён қилади, лекин ҳар бир жамият аъзоси ёки кичик бир ижтимоий гуруҳнинг шахсий танлови, уларнинг уриниш ва хатти-ҳаракатлари яққол кўринмайди, уларни алоҳида кўриб ёки тушунтириб бўлмайди. Синергетика индивидуал қарорлар микродаражаси ва жамиятда динамик жамоавий жараёнлар макродаражаси ўртасидаги нисбатни ўрнатиб, макродинамикага стохастик изоҳ беради. Стохастик флуктуацияли макрожараёнлар master equations лар сифатида таърифланади.
Бугун гуманитар билимлар тизимида синергетиканинг концептуал аппаратидан фойдаланиш бўйича фанлараро олиб борилган ишларнинг оралиқ натижаларини чиқариш мумкин. Шунинг учун ҳам биз мавзуни тўла қамраб олишга даъво қилмаган ҳолда, бугунги кун учун муҳимроқ ва замонавий илм-фанни ривожлантириш умумий тамойилларига мос бўлиб кўринган қатор назарий натижаларни имкон даражасида таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.
Авваламбор, шуни ёдда тутиш лозимки, синергетик парадигманинг ёйилиши табиатшунослик ва жамиятшунослик ўртасидаги чегараларнинг йўқолиб кетишига олиб келадиган, дунёнинг универсал эволюцион манзарасини қуришни таъминлайдиган кучли омиллардан бири бўлди. Бунда мумтоз фан учун хос бўлган редукционизм стратегияси, яъни ўзаро таъсирнинг эволюцион энг юқори шаклларининг қуйи шакллар ўхшашлиги асосида талқин қилиниши қарама-қарши – элевационизм (лот. elevatio – кўтарилиш) стратегияси билан тўлдирилади ва қисман олиб ташланади. Яъни, эвристик ўхшашликлар юқоридан пастга қараб тарқалади, ва энг оддий ўзаро таъсирлар ҳам уларнинг ривожланиш истиқболлари орқали кўриб чиқилади. Кўрсатилган стратегия замонавий табиатшуносликда “галилейгача бўлган” натурфалсафанинг айрим фундаментал қоидаларини, жумладан, сабабий ва мақсадли детерминация парадигмаларини янгича синтези, субъект ва объект ёндашувларини қайта тиклайди. Бу, ўз навбатида, фан тараққиётидаги дисциплинар босқичнинг постдисциплинар (муаммовий) босқичга узвий ўсиб ўтиши билан боғланган.
Стратегик қоидаларнинг бундай алмашиниши инсонни дунё илмий манзарасининг марказий бўғинига айлантиради. Мумтоз ва номумтоз (квант-релятивистик) табиатшунослик доирасида инсоннинг дунёда мавжуд бўлиши янглиш ҳол ва ҳатто, И.Пригожин таъбирича, “ўзига хос тарздаги хато” сифатида кўринарди. Аксинча, ўз-ўзини ташкиллаштириш ғояси билан суғорилган янги номумтоз “Мен мавжудман” ибораси эмпирик жиҳатдан энг ишончли ва универсал назарияни тузиш учун бошланғич тезис сифатида қабул қилинади; шундан инсоннинг мавжудлигини назарга олмайдиган ҳар қандай табиий-илмий модел ишончсиз деб талқин қилинади. Синергетика махсус курслари, бир томондан, таълимнинг гуманитарлашуви воситаси, бошқа томондан – гуманитар фан вакилларнинг табиий-илмий фаолияти учун восита сифатида кўрилади. Услубий жиҳатдан, ўз-ўзини ташкиллаштириш концепцияларининг мулоқоти ўзида тўлдирувчанлик тамойили, ноаниқлилик тамойили, Геделнинг тўлиқсизлик назарияси, зарурий хилма-хиллик қонуни, кўпмаъноли мантиқлар ва бошқаларни мужассамлаштирган янги номумтоз фандаги дунёқараш қоидалари билан тўла уйғунлашганлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади. Синергетиканинг мулоқотга асосланган асл моҳияти омма руҳиятидаги жараёнларни ва ижод механизмларини тадқиқ этишда унинг аппаратидан самарали фойдаланишга ёрдам беради.
Ночизиқли тафаккур тарихнинг янгиланаётган услубиётига хос алоҳида жиҳати бўлиб, бу ерда “барқарорлик ва беқарорлик”, “бифуркация”, “аттрактор” каби категориялар самаралидир. Улар тарихнинг фақат баён қилувчи фандан сценарийли ёндашувни ўзлаштирган назарий фанга айланишига хизмат қилади. Бу – тарихий қаҳрамонлар ва омма ҳаракатларини: биринчидан, уларнинг ўз маданий-руҳий координаталарида; иккинчидан, муқобил сценарийлар мазмунида баҳолашни тақозо этади. Хусусан, “синергетик” фикрлайдиган тарихчи, сиёсатчи, иқтисодчи у ёки бу қарорни аввалги ва кейинги ҳолатларни тўғри чизиқ бўйлаб таққослаш ёрдамида баҳолай олмайди: у кейинги воқеа-ҳодисаларнинг боришини бошқа муқобил йўллар билан солиштириши шарт. Табиийки, бундай фикрлаш жуда катта интеллектуал ғайратни ва жуда кўп миқдордаги ахборотни талаб қилади, бу эса илмий фикр юритишни бир онлик кайфият, ўткинчи сиёсий симпатия ва антипатиялар таъсирига боғлиқ одатий фикрлашдан умуман фарқлантиради. Турли ҳал қилувчи воқеа-ҳодисотларда воқеалар ривожининг гипатетик вариантларини “олдиндан ҳисоблаш” учун мўлжалланган компьютер дастурлари яқин истиқболда ночизиқли тарихий тафаккурнинг кучли қуролига айланиши эҳтимолдан холи эмас.
Мос равишда, синергетика футурологик тадқиқотлар услубиётини ҳам чуқурлаштиради. Тез-тез содир бўладиган қисқа муддатли бирон-бир тамойилларнинг тўғри чизиқда ёйилиши конструктивистик моделларга ўрин бўшатади: бунда келажак имкониятлар макони сифатида, ҳозирги вақт эса – кескин танлов жараёни сифатида кўринади. Бунда утопик лойиҳаларнинг уларнинг ўз-ўзини ташкиллаштириш парадигмаси билан концептуал мувофиқлиги даражаси бўйича ишончли воситаси ишлаб чиқилади. Утопик моделларнинг энг асосий белгиси шундан иборатки, улар ҳатто энг оптимал қарорларнинг ҳам муқаррар бадали бўлишини, шунингдек, салбий оқибатларни кузатиб бориш ва уларга тайёр туриш вазифасини ҳам назардан четда қолдиради.
Юқорида айтилганлар жиддий сиёсий ва иқтисодий дастурларни популистик дастурлардан фарқлаб, ҳозирга ишонч билан мўлжал олиш имконини беради. Асосийси – тамаддун, маданият, интеллектнинг нафақат яқин, балки узоқ муддатли истиқболлари тўғрисидаги баҳс-мунозаралар ҳам янги илмий даражага кўтарилади. Шунингдек, илмий футурологиянинг шаклланишига материянинг кўпроқ эҳтимолли (тартибсиз) ҳолатлардан камроқ эҳтимолли ҳолатларга босқичма-босқич ўтишлари билан боғлиқ қатор фундаментал механизмлар ва илғор эволюцион тамойилларнинг аниқланиши ҳам хизмат қилади. Барқарор номувозанатлилик даражаларининг босқичма-босқич ўсиб бориши, “табиийликдан узоқлашиб бориши” асносида ҳосил бўлган универсал эволюцион вектор жамият тарихига, биомуҳит ва Оламнинг ўтмишига шунчалик чуқур кириб борадики, бу уни истиқболга ҳам қўллаш мантиқий эканлигини билдиради, бунинг устига, бундай концептуал операция келажак сценарийларининг қурилишига ҳал қилувчи таъсир кўрсатади.
Синергетик категориялар мажмуи антропология, маданиятшунослик, ижтимоий ва тарихий психология, этиканинг анъанавий муаммоларини янгича тушуниш, илгари кам ўрганилган боғланиш сабабларини ечиш учун ёрдам беради.
Ўз-ўзини ташкиллаштириш моделида жамият (ёки тамаддун ўзининг энг кенг, “космосоциологик” маъносида) алоҳида турдаги номувозанатли тизим сифатида юзага чиқади, унинг барқарорлиги ички ва ташқи (табиий муҳит билан) муносабатларнинг сунъий ёрдами орқали таъминланади. Мувофиқ равишда, барча воситачи механизмлар йиғиндиси – меҳнат қуроллари ва моддий маҳсулотлар, тиллар, мифологиялар, ахлоқ ва бошқалар “маданият” тушунчаси остида бирлашади.
Маданиятни энтропияга қарши мажмуавий механизм сифатида талқин қилиш эътиборни ижтимоий-табиий ва ички социал муносабатларнинг илгаридан бўлиб келган қарама-қаршилиги ҳамда шундан келиб чиқадиган ночизиқлилик, бифуркация босқичлари ва эволюцион ҳалокатлар ҳодисаларига қаратишни тақозо этади. Номувозанатли ҳолат фақат энтропиянинг бошқа тизимларда ҳам ўсиши ҳисобига барқарорлашиши мумкинлиги туфайли, ижтимоий организмнинг мавжудлиги муҳитдаги муқаррар бузилишлар ва антропоген тангликлар билан бирга кечади. Охиргилари деярли ҳар бир маданият тарихига кириб боради, шунингдек, антиэнтропия механизмлари бир хилда кучайиб, муҳитни вайрон қиладиган вазиятларда ниҳоятда кескинлашади. Натижада, аввалги босқичдаги бирмунча барқарор ҳолатни таъминлайдиган механизмлар салбий самара бера бошлайди ва ўзининг зиддига – энтропиянинг ҳалокатли ўсиши хавфига айланади. Беқарорлик босқичи ё тизимнинг ҳалокати, ё янада мураккаброқ, табиатга камроқ зарар етказиб, фойдали натижаларга эришиш имконини берадиган “шафқатлироқ” механизмларнинг шаклланиши билан якун топади.
Алоҳида тарихий материални мазкур концептуал схема орқали ўрганиш инструментал ва гуманитар интеллектнинг ривожланиши ўртасидаги умумий аҳамиятга эга боғлиқлик, яъни техно-гуманитар мувозанат қонуни(ёки эволюцион боғланишлар қонуни)ни аниқлаш имконини берди: ишлаб чиқариш ва жанговор технологиялар имконияти қанчалик юқори бўлса, жамият омон қолиши учун тажовузни тўхтатиб қоладиган такомиллашган воситалар шунчалик зарур бўлади. Маданиятнинг “кучи” ва “донолиги” ўртасидаги фарқ ошиши билан экологик ва геосиёсий экспансиянинг навбатдаги босқичи бошланадики, бу ўзига хос психология ва идеология билан кузатилади. Ўтмишда бундай босқич, кўпинча, ижтимоий организмнинг ўз мавжудлигининг табиий ва ташкилий асосларини синдирадиган ҳалокати ёки бузилиши билан якунланар эди.
Кўпсонли тарихий мисолларда намоён бўладиган бу воқеий вазият замонавий экологларга хос технофобия кайфиятини, шунингдек, инсониятни ягона тарих ва эволюцион истиқболлардан маҳрум қиладиган ёпиқ цивилизацион цикллар концепциясини ўзига сингдиради. Шу билан бирга, кенг миқёсли, вақт билан боғлиқ ва қиёсий-маданий умумлашмалар асосига қурилган техно-гуманитар мувозанат қонуни батамом бошқа мазмундаги тарихий лавҳаларни ҳам ҳисобга олади ва умуман олганда, масалани жуда ҳам ечимсиз қолдирмайди. Антропоген танглик кенг, ижтимоий тўйинган минтақани қамраб олган қатор ҳолларда, минтақа аҳолиси боши берк кўчадан чиқиш йўлини албатта топган ва аввалги авлодлар фаолиятининг оқибатлари билан белгиланган тарихий “чақириқ”қа муносиб тарзда жавоб берган. Бундай тарихий лавҳалар умуминсоний маданият тараққиётида кескин бурилишларни ясаган: ишлаб чиқаришнинг солиштирма унумдорлиги (ҳар бир вайроналик бирлигига фойдали маҳсулот ҳажми) ўсган; индивидуал ва ижтимоий онгда ахборот ҳажми ошган; ташкилий алоқалар кенгайган; ахлоқ, ҳуқуқ, гуруҳлараро ва гуруҳ ичидаги келишув усуллари такомиллашган. Махсус ўтказилган таҳлил кўрсатишича, бу ҳар томонлама тараққийпарвар ўзгаришларда кўп нарсалар кейинги барча тарихий бурилишларда ортга қайтариб бўлмайдиган нарсаларга айланди.
Умуман, сайёрамизда тамаддун ҳалигача яшаб келаётганига сабаб – одамлар турли фожиавий тангликлар ўчоғидан ёриб ўтиб, куч тўплаб, охир-оқибат, ақлли бўла бордилар. Инсониятнинг илғор маданиятлари ҳар гал хўжалик юритиш, ташкил қилиш ва ижтимоий фикрлашнинг янада самаралироқ усулларини ишлаб чиқиб, тобора ўсиб бораётган технологик куч-қудратга мослашиб борди. Шу ўринда қайд этиш лозимки, бу ерда мослашув феномени Г.Спенсердан бошлаб Э.Дюркгейм, Т.Парсон, Г.Нисбет ва бошқа муаллифларнинг функционал социологияси моделларидагидан бошқачароқ талқин қилинади: яъни, ижтимоий тизим муҳитнинг ички омиллар натижасида ўзгараётган шарт-шароитларига мослашишдан ҳам кўра (бундай вазиятлар қизиқарли эмас ва нисбатан бемаънидир), кўпроқ, ўзининг ўсиб бораётган имкониятлари ва инсон фаолияти оқибатларига мослашиб боради. Бу моделнинг қатъий фарқларидан бири барқарор номувозанатлилик концепцияси асосига қурилганлигидир. Функционалистлар фикрича, ижтимоий ўзгаришлар тизимни мувозанат ҳолатидан чиқарадиган ташқи ғалаёнлар оқибати ҳамда унинг дастлабки мувозанатли ҳолатига маълум даражада муваффақият билан интилиши натижасидир. Синергетика эса жамият ва табиат ўртасидаги қарама-қаршиликларнинг имманент (ички) характерига урғу беради, улар ўртасидаги муносабатларнинг вақтинчалик барқарорлашуви, авваламбор, маданий ривожланиш параметрларининг мувозанати билан таъминланади ва жамиятнинг ўзининг фаоллиги натижасида мунтазам бузилади. Бундай вазиятларда диққат марказига кўпроқ бизнинг даврда эволюцион нуқтаи-назардан энг унумдор ва кўпсонли ҳисобланган антропоген тангликлар тушади. Умуман олганда, синергетик модел функционал социологиянинг мувозанатли моделларига қўшимча сифатида уларни “диалектик” концепция (ижтимоий ихтилофларга ривожланишни ҳаракатга келтирувчи куч сифатида баҳолайдиган) билан боғловчи бўғин бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Шунингдек, яна шунга ҳам эътибор қаратиш муҳимки, ижтимоий тараққиётнинг энергетик ва гуманитар жиҳатлари ўртасидаги қонуний ва шу билан бирга, фожиавий муносабат илгари ҳам энг умумий ҳолда кўплаб маданият тарихчилари, файласуфлар ва шоирлар ишларида қайд этилган. Масалан, М.Волошиннинг “Каин йўллари бўйлаб” (“Путями Каина”) поэмасида шоир инсоният тарихининг таассуротли манзараси – ҳар бир “табиатнинг фош қилиниши” ўзидан кейин навбатдаги зўравонликнинг чайқалишига олиб келиши ва ўз навбатида, вақт ўтиши билан бу зўравонлик учқуни ўрнини “ўзаро ҳурмат” эгаллашини чиройли тарзда тасвирлаган[10, 153-154].
Машҳур тарихчи Г.Померанцнинг ёзишича: “Тарих – бу ахлоқий вазифалар жараёни. Ишларнинг эмас, йўқ – вазифаларнинг, бу вазифалар ҳар бир инсон олдига бутун инсониятнинг умумий қудратини қўяди, қийин ва янаям қийин, деярли бажариб бўлмайдиган, лекин ярмигача бўлса ҳам амал-тақал бажарилаётган вазифалардир (акс ҳолда, ҳамма нарса аллақачон бузилиб бўларди)”[11]. Бироқ, ушбу муносабатни умумий аҳамиятга молик қонуний боғланиш сифатида тасаввур этиш учун, диққат-эътиборни маданиятнинг энтропияга қарши функциясига, шунингдек, энтропияга қарши механизмларнинг салбий (вайронкор) жиҳатига жамлаш лозим бўлади. Мос равишда, синергетик ривожланиш модели тарихдан аввалги даврни; ўзида техно-гуманитар нисбат қонунининг ўзига хос ифодасини мужассамлаштирган (аввалги тарихий тажрибада ишлаб чиқилган қадриятли-меъёрий регуляторларнинг мавжуд технологик салоҳиятга мос келмаслиги) замонавий глобал танглик мазмунини; энг ўткир муаммоларни ҳал қилиш истиқболлари ва бу учун тўланадиган бадалларни янги қирраларда кўриш имконини берди. Бу ерда умумий тизимга хос яна бир қонуниятни кўрсатиш фойдадан холи бўлмайди, бу қонуният ўз-ўзини ташкиллаштириш назарияси доирасида очилган бўлиб, глобал муаммоларни тушунишда муҳим аҳамият касб этади.
Ривожланаётган мураккаб тизимларда ташкилий алоқалар динамикасини таҳлил қилар экан, рус олими Е.Седов тузилма иерархиясининг энг юқори даражасидаги хилма-хилликнинг самарали ўсиши доим аввалги босқичлардаги хилма-хилликнинг чегараланиши билан бадал тўлашини, ва аксинча, қуйи босқичдаги хилма-хилликнинг кўпайиши юқори даражаларнинг парчаланиши ҳисобига юз беришини кўрсатди. Айтилган хулоса табиий, ижтимоий-табиий, социал, семиотик, маънавий тизим бўлишидан қатъи назар, ҳар қандай турдаги тизимларга тааллуқли бўлгани учун, иерархик компенсациялар қонуни (Седов қонуни) умуммиллий аҳамият касб этмоқда[12].
У ўтган асрнинг 50-йилларида У.Р.Эшби томонидан шакллантирилган зарурий хилма-хиллик қонунини тўлдириши билан бирга, файласуфлар, социологлар ва ахлоқшунослар (энг камида Анаксагар ва Эмпедоклдан бошлаб) ўртасида кўп асрлардан буён баҳс-мунозарага сабаб бўлиб келаётган “олға ривожланиш ўсиш билан боғланганми ёки аксинча, хилма-хилликнинг чегараланиши билан кечадими?” деган масалага якун ясайди. Бугун ушбу ноўрин боғлиқликка эътибор қаратмай, ижтимоий ривожланиш истиқболлари ва стратегиясини жиддий муҳокама қилиб бўлмайди. Масалан у, маданий хилма-хилликнинг ўсиши қиммат, лекин зарур баҳо: биринчидан, жонли табиатнинг воқеий хилма-хиллиги чекланганлиги; иккинчидан эса – этник, минтақавий, диний ва бошқа макрогуруҳларга оид маданиятларнинг чуқур маъноли қатламларининг гомогенлашуви эканлигини тушунишга мажбур қилади. Демак, экологлар табиий муҳитнинг ижтимоий ҳаёт фаолиятига жалб этилган турларга оид таркиби муқаррар қисқаришига кўникишлари ва жараённинг кечишини диққат билан кузатиш ҳамда назорат қилишларига тўғри келади. Маданиятшунослар эса ўз эътиборини олижаноб, лекин амалга ошириб бўлмайдиган, хавфли оқибатларга олиб келадиган вазифа – ҳар бир маданиятнинг тарихий ўзига хослигини сақлаб қолиш вазифасига қаратишлари мақсадга мувофиқ.
Дарҳақиқат, барча анъанавий диний маданиятлар ва динлар бошқа – ҳозиргилари билан солиштириб бўлмайдиган инструментал имкониятлар доирасида шаклланган, улар ўз тарихий даври талабларига жавоб берган ва албатта, ана шу талабларнинг ўзгариб бориши билан шаклини ўзгартириб борган. Талаблар эса, яқин-яқинларгача ҳам, асосан, ижтимоий зўравонликни тартибга солиш, унинг хаосга айланишига йўл қўймасликдан иборат бўлган, чунки тарих ҳали инсоният олдига энг асосий вазифа – сиёсий майдондан зўравонликни олиб ташлаш вазифасини қўймаган эди. Шунинг учун ҳар бир маданият у ёки бу даражада одамларни “ўзиники”лар ва “бегона”ларга қатъий ажратди, ва қоидага мувофиқ, маданиятнинг марказий, асосий ташкил қилувчиси сифатида ҳамиша янги курашчиларни руҳлантириш учун сафарбар қилинган қаҳрамонлар, баходирлар ва жангчилар образларини киритди.
Синергетиклар онг категориясига янги призмадан қараш зарурлигига урғу берадилар. Улар бу масалани тадқиқ этилишига катта эҳтиёж сезилаётган беш долзарб муаммонинг бири сифатида қарайдилар[13, 154-155]. Баъзи олимлар тамонидан синергетик ёндашувнинг онгга ночизиқли динамикага эга ўз-ўзини ташкил этган, иерархик ва очиқ тизим сифатида қарашга имкон бериши ҳақидаги фикр-мулоҳазалар илгари сурилади. Нейрофизиологик ночизиқли процесснинг ўз-ўзини ташкиллаши номоддий янги, интегратив эффект вужудга келтирадики, уни ташкил этганларнинг ҳеч бири худди шу сифатга эга бўлмайди. Айнан шу ёндашув призмасида кутилмаган психик кечинмалар онгнинг мураккаб ва ночизиқли табиатли бўлиши ҳақида фикр юритишга имконият яратади. Бунда элементар даражада ўзаро таъсирларнинг ҳамоҳанглиги масаласи ҳам эътиборга олинади. Худди шу боғлиқликда онгнинг мақсадга йўналтируви билан эволюцияси ва яхлитлиги орасида чамбарчас алоқа мавжудлиги ҳақида гапириш мумкин. Ҳатто интуицияни онгости процесслар эволюция ва яхлитлик шартига тобе этадилар.
Хулоса
Бундан кўринадики, мантиқий даражада ноаниқликларни, флуктуацияларни (“анормал ғоя феноменлари”) тозалаш унга хизмат қилади. Мантиқий тафаккур бу қарашдан онгнинг йўналтирувчиси, унинг яхлитлигини сақланишининг муҳим шартларидан бири сифатида кўзга ташланади. Шунинг учун ҳам онгнинг ўз-ўзини назоратда сақлагани ва ўз-ўзини баҳолаш қобилиятига эга бўлгани ҳақида хулосага келиш мумкин. Бу синергетиканинг “доиравий сабабият” тушунчасининг шуурий (онг кечимидаги) процессларда ҳам ўзини намоён қилиш муддаосига асосланади. Шунинг учун ҳам синергетика асосчилари тамонидан худди шу мавқедан мия физиологияси билан онг феноменлари орасида чамбарчас боғлиқлик тадқиқ этилади. Бундан кўринадики, онг феноменлари интегратив табиатга, яхлитлик сифатига эгадир, эмержент вужудга келтиради ва уларни қисмларга бўлиб бўлмайди. Бошқача айтганда, шуурий тажрибалар билан нейрофизиологик эффектлар ягона тизимни ташкил этади.
Бу эса, хусусан, “улар – биз” модели бўйича ўз-ўзини ташкиллаштирувчи макрогуруҳ маданиятларининг хилма-хиллиги йўққа чиқишини, уларнинг тобора ўсиб бораётган микрогуруҳга оид ва индивидуал маданият шаклларини олишини тақозо этади. Ушбу жараёнга компьютер тармоқларининг ривожланиши ва кенг тарқалиши ёрдам бериши мумкин, булар ўз навбатида, инсоний алоқаларни маконга боғлиқликдан халос этади, товар-қиймат муносабатларининг мазмунини ўзгартиради (ахборот ташкил қилувчисининг солиштирма оғирлигини аста-секин ошириш йўли билан), давлат, божхона каби чегараларни ювиб ташлайди ҳамда шу тариқа, давлат, миллат ва бошқа макротузилмаларнинг мавжудлигини анахронизмга (сарқитга, эскиликка) айлантиради.

Download 103.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling