Бухоролик уч нафар ҳазрати инсон тимсоли-уч китоб талқинида


Download 2.34 Mb.
bet1/332
Sana13.10.2023
Hajmi2.34 Mb.
#1701472
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   332
Bog'liq
Mundarija-МАТН



07.00.00 – TARIX FANLARI
БУХОРОЛИК УЧ НАФАР ҲАЗРАТИ ИНСОН ТИМСОЛИ-УЧ КИТОБ ТАЛҚИНИДА
ҲАЙИТОВ ШОДМОН АҲМАДОВИЧ
Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари доктори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ф-5598-сонли Фармойиши ва Олий Мажлисга қилган Мурожаатларида Ўзбекистонда совет ҳокимияти йилларида ноҳақ номлари қораланиб, охир-оқибатда ўлимга мавҳум этилган миллатпарварвар юртдошларимиз, тараққийпарвар инсонлар ва жадид мунавварлари тарихини чуқур ўрганиш масаласи долзарб қилиб қўйилди. Туркистон минтақаси ва Ўзбекистон тарихида Бухоро тараққийпарварлик ҳаракати иштирокчилари, миллий мустақиллик учун кураш жараёнида турганларнинг муносиб ўрни бор.


Жадидчилик ва тараққийпарварлик ҳаракатида фаол иштирок этган миллатдошларимиз тақдири фожиали кечди. Уларнинг бир қисми совет ҳокимияти тазйиқ ва таъқиблардан қийналиб, хорижга, муҳожирликка кетишга мажбур бўлдилар. Айримлар совет ҳукумати билан очиқдан-очиқ муҳорабага киришиб ҳалок бўлдилар. Учинчи гуруҳ миллат фидоийлари мустақиллик, озодлик, эрк ва ҳуқуқ талаб қилганлари, шу эзгу мақсадларга ўз жонларини тикканлари эвазига қатағон болтаси остида қатл этилдилар. Бундай ватанпарварлар Бухорода ҳам оз эмасди. Тарих фанлари докторлари, профессорлар С.И.Иноятов ва Қ.К.Ражабовлар томонидан сабаб ва хайрли ишга қўл урилиб, уч буюк ва табаррук инсонлар: Файзулла Хўжаев (1896-1938), Усмон Хўжа Пўлатхўжаев (1878-1968), Отаулла Хўжаев (1880-1938) лар ҳаёти ва фаолиятини ўзида мужассамлаштирилган совет ҳокимияти йилларида, мустақилликнинг ортга қолган даврида ва айрим хорижда ёзилган ишлар жамланмасидан иборат учта тўплам яратилди. Уч китобдан иборат характеридаги биринчи китоб Бухоро жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиларидан бири, БХШЖ ва ЎзбекистонССР ҳукумати раҳбари лавозимларида ҳалол ҳамда виждонан фаолият юритган, охир-оқибатда 1938 йилда “немис айғоқчиси”, “Ватан хоини” каби асоссиз айблар билан ўлим жазосига ҳукм қилинган Файзулла Хўжаев ҳаёти ва фаолиятига тегишли маълумотларни ўзида жамлаган. Китоб саҳифаларини варақлар эканмиз, турли йилларда Файзулла Хўжаев шахсияти, сиёсий фаолияти, ҳуқуқий қарашлари, истиқлол учун курашлардаги иштироки, публицистикаси, Ўзбекистон иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётига қўшган ҳиссасига оид бой манбаларга эга бўламиз. Айниқса, истиқлол йилларида Файзулла Хўжаев феноменига қизиқиш кучайганлиги, ушбу инсон ҳақида диссертatsiялар ёзилгани, халқаро, минтақавий ва Республика миқёсида илмий-амалий анжуманлар ўтказилгани, унинг юз йиллиги 1996 йилда нишонлангани, уларнинг материаллари китобхонга жуда катта маънавий озуқа беради. Ф.Хўжаев шахсини ўрганишда тарихчи олимлардан С.И.Иноятов, Қ.К.Ражабовлар истиқлол йилларида рисола ва мақолалар яратиб, унинг ҳамон илмий жамоатчиликка номаълум қирраларини очишга жонбозлик кўрсатдилар. Бу борада ёш олимларнинг Ф.Хўжаев ва БХШЖ тарихига бағишланган диссертatsiяларининг авторефератлари китобга ўз ҳолича киритилгани айни муддао бўлган. Бу ҳукумат қарорларидан кўчирма, архивларда сақланаётган фотолавҳалар ҳам китобхонга анча маълумотлар тақдим этади. Китобда юртимизда “Хўжаевшунослик” юзага келганлиги, ушбу йўналишда истиқболда амалга ошириш керак бўлган илмий ва амалий вазифалар дастури ҳам белгилаб берилган. Ф.Хўжаевга бағишланган китобнинг яна бир аҳамияти шундаки, истиқболда мазкур шахс тарихига оид тадқиқотлар олиб боришга қўл урмоқчи бўлганлар учун бой манбавий асос бўла олади.
Иккинчи китоб Файзулла Хўжаевнинг қариндоши, тақдири замондошларидан турли хил кечган умрининг ярмидан кўпини хорижга яшаган Усмон Хўжа Пўлатхўжаев Бухоро амирлигида маърифатчилик, жадидчилик ҳаракатида фаол иштирок этган. БХШЖда бир қатор масъул вазифаларда ишлаган ва БХШЖ МИҚнинг биринчи раиси сифатида тарихда ном қолдирган. Ушбу инсон хорижда туриб ҳам миллий истиқлол учун курашнинг олдинги сафларида бўлган. Унинг ҳаёти, Туркистон озодлиги ва маданияти тарихига қўшган ҳиссаси ҳақида фарзанди-аржуманди профессор Темурхўжа Усмон Хўжа ўғли (1947 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрида таваллуд топган, Туркия республикаси фуқароси) томонидан эълон қилинган ишлар, профессорлар С.И.Иноятов, Қ.К.Ражабов, Ш.А.Ҳайитов, Р.Т.Шамсутдиновларнинг мақола ҳамда рисолалари муҳим ўрин эгаллаган. Шунингдек фарғоналик ёш тарихчи олим А.М.Маҳмудовнинг Усмон Хўжага бағишлаб ёзилган диссертatsiяси автореферати ҳам китобда тўлиқ берилгани айни муддао бўлган. Китобхон китоб саҳифаларидан Усмон Хўжа сиёсий фаолияти билан бирга, унинг матбуотчилик, миллий уюшма ва ташкилотлардаги иштироки масалалари билан ҳам танишиш имкониятига эга бўлади. Усмон Хўжа Пўлатхўжаевга қаратилган иккинчи китобда унинг шажараси, аждод ва авлодлари ҳақида маълумотлар келтирилган. Усмон Хўжа Пўлатхўжаев ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи ва турли архивларда сақланувчи архив ҳужжатлари, фотолавҳалар китоб саҳифаларидан ўрин олиши, уни тартибга солишда муаллифлар анчагина тер тўкканлигидан далолат беради.
Учинчи китоб Файзулла Хўжаевнинг амакиси, Усмон Хўжа Пўлатхўжаевнинг укаси, жадидчилик ҳаракати иштирокчиси, Истанбулда (Туркия Республикаси) таҳсил олган Отаулла Хўжаевга бағишлаб ёзилган ишлар жамланмасидан иборат. Отаулла Хўжаев Усмон Хўжа Пўлатхўжаев ва Файзулла Хўжаевлар билан бир сафда турган, Бухоро мустақиллигига жонини тиккан шахслардан бири бўлган. Бироқ, Отаулла Хўжаев ҳақидаги тарихий ҳақиқат узоқ йиллар айтилмай келгани, профессор Қ.К.Ражабов таъкидлаганидек, унинг “унутилган сиймо” эканлиги маълум бўлади. Учинчи китобда асосан мустақиллик йилларида профессорлар С.И.Иноятов, Қ.К.Ражабов, ёш тадқиқотчи Ф.Амонова ва З.З.Ортиқовларнинг мақолалари жамланган.
Отаулла Хўжаев БХШЖ ҳукуматида 1920-1923 йилларда Халқ Нозирлар Шўроси раиси муовини (бир муддат раис) лавозимида ва бошқа маъсул вазифаларда фаолият юритган. Унинг 1937 йилга қадар бўлган кейинги ҳаёт йўли Ўзбекистоннинг турли ташкилотларида хўжалик ишларида фаолият юритиш билан боғлиқ. Китобда авлодчилик ришталари билан тўғридан-тўғри Отаулла Хўжаевга боғланган профессор С.И.Иноятов (олимнинг ота томонидан бобоси) аждоди ҳақида ҳали илмий жамоатчиликка маълум бўлмаган материалларни, фотолавҳаларни тақдим этиши муҳим аҳамиятга моликдир. Китоб билан танишиш асносида амин бўлиндики, Отаулла Хўжаев шахсияти билан боғлиқ кўп масалалар ҳамон очиқ қолмоқда. Ушбу инсоннинг падарибузруквори Пўлатхўжа яшаган йиллар, 1925-1937 йилларда фаолият олиб борилган ташкилотлардаги иштирок ва ҳ.к. Бироқ, учинчи китобда Отаулла Хўжаев билан боғлиқ ҳамон сир сақлаб келинган “махфий грифи” остида эълон қилинмай қолиб кетган тергов ҳужжати материалларнинг киритилиши бундан кейинги бу йўналишда илмий изланиш олиб борадиганларга кўп имкониятлар яратилиши шубҳасиз.
Тарих фанлари докторлари, профессорлар С.И.Иноятов ва Қ.К.Ражабовларнинг илмий хизмати туфайли нашр юзини кўрган уч йирик китоб бугунги авлодга Бухорода жадидчилик ҳаракати ва миллий озодлик кураши тарихидан огоҳ бўлишда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу китоблар орқали уч нафар қатағонга учраган миллий фидоийларининг руҳи-поклари шод бўлди, уларнинг инсоний қадр-қиммати ўз жойига қўйилди. Шунингдек, ушбу китоблардаги қимматли маълумотлар Ватан тарихининг ХIХ аср охири -ХХ аср дастлабки ўн йилликларида мураккаб, зиддиятли, чалкашликларга бўлиб тошган саҳифаларига аниқлик киритишга хизмат қилиши кишида ҳеч қандай шубҳа уйғотмайди. Халқимиз сиёсий онги ва истиқлол мафкурасини мустаҳкамлашда юқоридаги каби нашрларнинг роли беқиёслигини ҳеч қачон унутмаслик керак.
Бу китоблар чоп этилишининг яна бир тарихий жиҳати илмий мактаб яратган икки таниқли олимлар Сулаймон Иноятович Иноятовнинг 85 йиллиги ва Қаҳрамон Кенжаевич Ражабовнинг 60 йиллиги нишонланаётган кунларда инсонлар қўлига тегиши нур устига аъло нур бўлди. Ҳар иккала проферсорни яна бир бор чин қалбдан қутлаб, уларга ижодий баркамоллик ва узоқ умр тилайман.
Адабиётлар
 Бухоролик қатағон қилинган уч буюк сиймо: тарих ва тақдир (Файзулла Хўжаевнинг ҳаёти ва фаолиятига доир маълумотлар 1-китоб, Бухоро: «Дурдона» нашриёти -2023. -580 б; Бухоролик қатағон қилинган уч буюк сиймо: тарих ва тақдир (Усмон Хўжанинг ҳаёти ва фаолиятига доир маълумотлар 2-китоб, Бухоро: «Садриддин Салим Бухорий»; «Дурдона» нашриёти -2023. -448 б; Бухоролик қатағон қилинган уч буюк сиймо: тарих ва тақдир ( Отаулла Хўжанинг ҳаёти ва фаолиятига доир маълумотлар 3-китоб, Бухоро: «Садриддин Салим Бухорий»; «Дурдона» нашриёти -2023. -384 б.
Тўпловчи ва нашрга тайёрловчи ҳамда илмий муҳаррирлар:Сулаймон Иноятов ва Қаҳрамон Ражабов -тарих фанлари докторлари, профессорлар. Масъул муҳаррир: Темур Хўжа ўғли – профессор (Мичиган университети, АҚШ)
Тақризчилар: Бахтиёр Ҳасанов, т.ф.д. профессор; Шодмон Ҳайитов, т.ф.д. профессор



Download 2.34 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   332




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling