«Буюк келажагимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз»


Download 1.19 Mb.
bet7/70
Sana25.02.2023
Hajmi1.19 Mb.
#1231233
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   70
Bog'liq
жамланма

ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ
«Тузуки Темурий» («Темур тузуклари»), «Малфузоти Темурий» («Темурнинг айтганлари») ва «Воқиоти Темурий» («Темурнинг бошидан кечирганлари») номлари билан аталмиш бу асар эътиборга молик тарихий манбалар жумласидан. «Эътиборга молик» дегани-мизнинг боиси шуки, унинг нусхалари (қўлёзмалари ҳам, тошбосмалари ҳам) кўп тарқалган. «Темур тузуклари»ни бугун жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида, масалан, Совет Иттифоқи, Англия, Франция, АҚШ, Финляндия, Дания, Эрон, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Яман кутубхоналаридан топса бўлади. Ўз-ўзидан маълумки, қайси бир асар қимматли, амалда зарур бўлса, ундан кўпроқ нусха кўчирилган. «Темур тузуклари» ҳам шундай. У кўпроқ соҳиби тожларга керак бўлган. Шунинг учун ҳам ҳукмдорларнинг кўпчилиги бу ва шунга ўхшаш асарлардан нусха кўчиртириб, шахсий кутубхоналарида асраганлар ва ижтимоий-сиёсий фаолиятларида улардан муҳим йўл-йўриқ сифатида фойдаланганлар. Масалан, буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг авлоди Шоҳ Жаҳон (1628-1657), Қўқон хони Муҳаммад Алихон (1821-1842) ва Бухоро амири Абдулаҳадхон (1885-1910) чапдаст котибларига буюриб, «Темур тузуклари»дан ўзлари учун нусха кўчиртирганлари маълум. Кўчирганда ҳам зўр масъулият ва қунт билан кўчирганлар. Ҳиндистонлик муаррих Абдулҳамид Лоҳурийнинг (1654 й. вафот этган) «Подшонома»сида (мавлавий Кабириддин Аҳмад ва Абдураҳимлар амалга оширган нашр, Калкутта, 1866-1872 й., I жилд, 288-саҳифа) бундай гап бор: «Ҳижрий 1047 (милодий 1637-38) йили Мир Абу Толиб ал-Ҳусайний ат-Турбатий деган шахс Шоҳ Жаҳонга «Тузуки Темурий»нинг форсийча таржимасини тақдим этган. Подшо таржима билан танишиб чиқиб, уни Декан фавждори (қози калони), истеъдодли ёзувчи Муҳаммад Афзал Бухорийнинг (1651 ёки 1652 й. вафот этган) қўлига тутқазган ва Шарафуддин Али Яздийнинг (1454 й. вафот этган) машҳур «Зафарнома» асарига солиштириб ва камчиликлари бўлса, тузатиб, хаттот ва муаррихлари ўзидан қўшган ортиқча жойлари бўлса ўчириб ташлашни буюрган. «Темур тузуклари»нинг шу кунларгача етиб келган қўлёзма ва тошбосма нусхалари ўша Мир Абу Толиб ал-Ҳусайний ат-Турбатий таржимаси асосида яратилган. Бу-биринчидан. Иккинчидан, мазкур асар XVIII асрдан бери (балки, анча бурунрокдир, лекин бу ҳақда қўлимизда маълумот йўқ) дунё олимларининг диққат-эътиборини қозониб келади. Масалан, асарнинг матни, тадқиқот ва зарур илмий изоҳлар билан 1783 йилда Англияда, 1785 ва 1891 йилда Ҳиндистонда, 1868 йили Эронда чоп этилди. Асар жаҳон тилларидан бир нечтасига: француз (1787), инглиз (1830), урду (1845), рус (1894,1934) ва эски ўзбек (1835,1857, лекин тўлиқ эмас) тилларига таржима қилиниб, нашр этилди. Унинг тошбосма нусхалари (Теҳрон-1868, Тошкент-1890 ва ҳ.к.) ҳам кенг тарқалган. Қизиқ, бу тасодифийми ёки қонунийми - билмадим, «Темур тузуклари» ҳам, Ўрта Осиё заминида яратилган кўпгина ажойиб асарлар сингари, аввал ўзга юртларда, хусусан, Европада шуҳрат топди. «Темур тузуклари» – подшоларнинг туриш-турмуш ва ахлоқ-одоб нормаларини белгиловчи рисоладир. Асар икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда жаҳон тарихида машҳур фотиҳ, саркарда ва истеъдодли давлат арбоби сифатида ном қолдирган Амир Темурнинг етти ёши (1342)дан то вафотига (1405 йил, 18 февраль) қадар кечган ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолияти, анйқроқ қилиб айтганда, унинг Мовароуннаҳрда марказий ҳокимиятни қўлга киритиш, феодал тарқоқликка барҳам бериш ва марказлашган давлат тузиш, қўшни юрт ва мамлакатларни, масалан, Эрон ҳамда Афғонистонни ўз тасарруфига киритиш, Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишхон (1376 -1395), бутун Европага қўрқув ва даҳшат солган Туркия султони Боязид Йилдирим (1389 -1402)га қарши ва ниҳоят, буюк жаҳонгирнинг Озарбайжон, Грузия ва Ҳиндистонга қилган ҳарбий юришлари ихчам тарзда баён этилган.Иккинчи қисм жаҳонгирнинг номидан айтилган ва унинг тожу тахт ворисларига аталган ўзига хос васият ва панд-насиҳатларидан иборат. Унда давлатни идора қилишда кимларга таяниш, тожу тахт эгаларининг тутуми ва вазифалари, вазир ва қўшин бошлиқларини сайлаш, сипоҳийларнцнг маоши, мамлакатларни бошқариш тарти-би, давлат арбоблари ва қўшин бошлиқларининг бурч ва вазифалари, амирлар, вазирлар ва бошқа мансабдорларнинг тожу тахт олдида кўрсатган алоҳида хизматларини тақдирлаш тартиби ва бошқалар хусусида гап боради. Шунга қарамай, асарда фан учун муҳим маълумот ва фактлар кўп. Авваламбор, «Темур тузуклари» Амир Темурнинг тарихи, унинг замонида, аниқроғи, 1342-1405 йиллар орасида Мовароуннаҳрнинг ижтимоий-сиёсий аҳволи, Темур ва темурийлар давлати ҳамда қўшинининг тузилиши, ўша йилларда Темур давлатининг қўшни мамлакатлар ва халқлар билан бўлган муносабатлари ҳақида ҳикоя қилади. Мен юқорида бу асарда муҳим ва оригинал маълумотлар кўп, деб айтдим. Буни мутахассисгина эмас, балки асарни холис ва синчиклаб ўқиган ҳар бир киши бемалол илғаб олиши мумкин. Шундай бўлса ҳам улардан айримларини мисол тариқасида қайд этиб ўтамиз. Асарда айтилишича, давлат асосини ўн икки ижтимоий тоифа: 1) саййидлар, уламо, машойих, фозил кишилар; 2) ишбилармон, донишманд одамлар; 3) художўй, таркидунё қилган кишилар; 4) нўёнлар, амирлар, мингбошилар, яъни ҳарбий кишилар; 5) сипоҳ ва раият; 6) махсус ишончли кишилар; 7) вазирлар, саркотиблар; 8) ҳакимлар, табиблар, мунажжимлар, муҳандислар; 9) тафсир ва ҳадис олимлари; 10) аҳли ҳунар ва санъатчилар; 11) сўфийлар; 12) савдогар ва сайёҳлар ташкил этади.
Унинг тақдирини эса уч нарса: подшо, хазина ва аскар ҳал қилади. Иккинчи мисол. Қўшин асосан ўн, юз, минг ва туманга бўлинган, ўн кишилик ҳарбий бўлинма тепасида турган бошлиқ - ўнбоши, юз кишилик қисмнинг бошлиғи - юзбоши, минг кишилик қўшин етакчиси - мингбоши, туман бошлиғи нўён деб аталган. Асарда уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, ойлик маоши ҳам аниқ кўрсатилган. Масалан, оддий сипоҳий минган отининг баҳоси баробарида, баҳодирлар 2 -4 от баробарида, ўнбоши қарамоғидаги аскарга нисбатан икки баробар кўп, юзбоши ўнбошидан икки баробар ортиқ маош олишган. Мингбошиларнинг маоши эса юзбошиникидан уч баробар ортиқ бўлган. Учинчи мисол. Амир Темур ўзининг улкан империясини улусларга бўлиб идора қилди. Мовароуннаҳрдан бошқа унинг тасарруфида бўлган барча вилоят ва мамлакатлар тўрт улусга бўлинди. Темурнинг тўнғич ўғли Муҳаммад Жаҳонгирга бир вилоят билан 12 минг кишилик қўшин, иккинчи ўғил Умар Шайхга Форс вилояти ва 10 минг аскар, учинчи ўғли Мироншоҳга Озарбайжон, Ироқ ва Арманистон билан 9 минг кишилик қўшин, кенжа ўғли Шоҳрухга Хуросон, Журжон, Мозандарон, Сеистон билан 7 минг аскар берилди. Лекин улуслар гарчанд марказий ҳукуматга итоат этсалар-да, маълум мустақилликка эга эдилар. Улус ҳукмдорларининг алоҳида давлат аппарати, мустақил қўшини бўлиб, уларнинг марказий ҳукуматга тобелиги хирожнинг бир қисмини Самарқандга юбориб туриш ва олий ҳукмдор ҳарбий юришлар уюштирганда ўз қўшини билан қатнашиш ёки олий ҳукмдор талаб қилганда аскар юбориб туришдан иборат эди. Тўртинчи мисол. «Тузуклар»да вазирлар, амирлар ва волийлар ҳақида ҳам муҳим маълумотлар келтирилган. Масалан, Темур давлатини етти нафар вазир:
1) мамлакат ва раият ишлари бўйича вазир (бош вазир)
2) вазири сипоҳ, яъни ҳарбий ишлар бўйича вазир;
3) эгасиз қолган мол-мулкларни тасарруф этиш ишлари вазири;
4) салтанатнинг кирим-чиқим ишларини бошқарувчи вазир, яъни молия ишлари вазири;
5, 6, 7) сарҳад (чегара) вилоятларининг ишларини назорат этиб турувчи вазирлар.
«Вазирлар, - дейилади «Тузуклар»да,– салтанат устунларидир... [улар] мамлакат ободончилигини, раиятнинг тинчлигини, сипоҳларнинг бирлигини, хазина бойлигини доимо кўзда тутадилар. Давлат, салтанат ишларини юзага чиқаришда камчиликка йўл қўймайдилар. Салтанатга зарарли нарсаларни қайтаришда молу жонини аямайдилар». Амирлар ҳақидаги маълумотлар ҳам диққатга сазовор. «Тузуклар»да келтирилган маълумотларга қараганда, амирлар асосан ҳарбий кишилар бўлишган ва Амир Темурга тобеъ бўлган қирқ аймоқдан ўн иккитаси: барлос, арғин, жалоир, тулкичи, дулдой, мўғул, сулдус, тўғой, қипчоқ, арлот, тотор ва тархонлар ичидан сайлаб олинган. Амирлик рутбаси Амир Темур фаолиятининг дастлабки пайтларида у билан бирга бўлган 313 кишига берилган. Булардан юзтаси-ўнбоши, юзтаси-юзбоши, юзтаси-мингбоши, тўрттаси-бекларбеги, биттаси-амир ул-умаро (амирлар амири: бош амир) бўлган. Қолган саккиз мансаб, фикримча, сарой хизматида бўлган мансабдорлардан баъзи бирларига берилган бўлиши керак. Булардан бошқа яна ўн икки кишига биринчи, иккинчи. ўн биринчи, ўн иккинчи даражали амир деган унвон берилган. Ун иккинчи даражали амир одатда амир ул-умаронинг нойиби ҳисобланган. Ўн икки амирнинг ҳар бирига биттадан байроқ ва биттадан ноғора, амир ул-умарога бир байроқ, ноғора, туман-10 000 кишилик қўшин, туғ ва чортуғ, тўрт нафар бекларбегининг ҳар бирига биттадан байроқ, ноғора, чортуғ ва бурғу берилган. «Тузуклар»да вазирлар, амирлар ва ҳокимларга бериладиган инъомлар ҳақида ҳам гапирилган. Масалан, қайси бир амир бирон қўшинни енгса ёки мамлакат олса уни уч нарса: 1) туғ, ноғора ва баҳодирлик мартабаси; 2) давлат кенгашларига бемалол кириш ҳуқуқи; 3) бирон сарҳаднинг ноиблиги билан сийлаганлар. Расмий маросимларда, яъни подшонинг олий мажлисларида ўлтириш тартиби ҳақида маълумотлар ҳам диққатга сазовор. Айтилишича, саййидлар, қозилар, уламо, фузало, машойих, улуғ ва олий табақадаги кишилар подшонинг ўнг тарафидан, амир ул-умаро, бекларбегилар, амирлар, нўёнлар, сардорлар, улус, тумонот ва қўшунот амирлари, шунингдек, мингбошилар, юзбошилар, мансаб ва мартабаларига қараб, подшонинг сўл тарафидан ўрин олганлар. Девонбеги ҳамда вазирлар - тахт рўбарўсидан, калонтарлар, кадхудолар - вазирларнинг орқасидан жой олганлар. Баҳодирлар, қиличбоз йигитлар - тахт орқасида, унинг ўнг тарафидан, қоровул-лар – тахт орқасида, унинг чап тарафидан ўрин олганлар ва ҳоказо.

«ҚОБУСНОМА»
Шарқ оламида илмий-тарбиявий ва педагогик томондан китобхонлар диққатини жалб қилган муҳим асарлардан бири - Қайковуснинг 1082-1083 мелодий, 475 ҳижрий йилларда яратилган «Қобуснома» асаридир. Қайковус бу асарни ўғли Гилоншоҳга бағишлайди. X-XI асрлар феодал жамиятида маданият, илмфан, санъат ва адабиёт анчагина ривожланган ва тараққий этган давр эди. Абу Абдуллоҳ Рудакий, Абулқосим Фирдавсий, Абул Ҳасан бинни Аҳмад Унсурий каби шоир ва олимлар X-XI асрнинг йирик намояндалари эдилар. «Қобуснома» ҳам мазкур XI асрнинг кўзга ташланиб турган меваларидан ҳисобланади. «Қобуснома» рус ва ғарб шарқшуносларининг, шарқ олимлари ва педагогларининг диққатини жалб этди. Бу олимлар «Қобуснома»ни диққат билан ўргандилар ва ўз тилларига таржима қилдилар. Масалан, 1702-1705 йилларда турк тилларига,
1786-87 йилларда Муҳаммад Сидиқ Рашидий томонидан уйғур тилига, тахминан 1860 йилда Муҳаммад Ризо Огаҳий томонидан ўзбек тилига,
1881 йилда эса Қаюм Носирий томонидан татар тилига таржима қилинган. Бу таржималар туркий тиллардаги энг нодир нусхалар бўлиб қолди. Булардан ташқари, «Қобуснома» 1886 йилда рус тилига, шунингдек француз тилига, 1811 йилда эса немис тилига таржима қилинди ва бу миллатлар ҳам уни ўз она тилларида диққат билан ўргана бошладилар. Улуғ Октябрь социалистик революциясидан сўнг «Қобуснома»га қизиқиш янада кучайди ва шарқшунос олим, марҳум Е. Э. Бертельс томонидан 1953 йилда иккинчи марта рус тилига таржима қилинди. Демак, ҳамиша шарқшунос олимларнинг диққат марказида бўлиб келди. «Қобуснома»нинг автори Унсурулмаолий Қайковус Каспий денгизининг жанубий қирғоғида яшаган Гилон қабиласидандир.
У 412 ҳижрий, 1021-1022 мелодий йилида майда феодал оиласида туғилди ва «Қобуснома»ни 475 ҳижрий, 1082-1083 мелодий йилида яратди. Бу ҳақда Кайковус ўз асарида: «Сана 475 да бошладим» -деб маълумот беради. Бу даврда Кайковус 63 ёшда бўлиб, анчагина кексайиб қолган эди, у ўғлига: «Писарам, ман пир шудам» -деб ўзининг қариганлигидан маълумот беради ва ўз асари «Қобуснома»ни ўғлига бағишлайди . IX-X аср ўрталарига қадар тараққий этган Сомонийлар давлати X аср охири ва XI аср бошларида қаттиқ таназзулга учрайди, ўзаро низолар кучаяди, эксплуатация зўраяди, халқ қўзғолонлари кескин тус олади. Сомонийларнинг ҳарбий кучлари меҳнаткашлардан ва қул туркий қабилалардан тузилган эди, ҳарбий амалдорлар ҳам туркий қабилалардан иборат эди. Сомоний давлатининг тушкунлигидан фойдаланиб, туркий қабилалар уларнинг ҳукмронлигини заифлаштирадилар. Қорахонийлар династияси эса Фарғонадан Хитойга қадар тарқалган туркий қабилаларни бирлаштириб, Сомонийларга қарши кескин кураш очди ва 899 йилда Сомонийлар династиясини емириб ташлади. Сомоний давлатининг жанубий чегараси султон Маҳмуд Ғазнавий қўлига ўтди. Мяҳмуд турк қулляридан бирининг ўғли бўлиб, унинг отаси Ғазна ҳокими эди ва Сомонийларга қарам эди. Отаси вафот этгандан сўнг, Маҳмуд Сомонийларнинг тушкунлигидан фойдаланиб, мустақил ҳукумат тузади ва Хуросонни ўзига қарам қилиб олади. Султон Маҳмуд Ғазна шаҳрига катта эътибор беради ва халқ кучи билан обод қилади. Ниҳоят, Ғазна Шарқда катта аҳамиятга эга бўлган шаҳарга айланади. Султон Маҳмуд Ғазнавий ғоят золим подшоҳлардан эди. У шиаларни ва ислом динини қабул қилмаган ҳиндларни қаттиқ жазолайди, кишиларни эркин фикрлашга асло йўл қўймайди. XI асрдан бошлаб феодал жамияти тарихида ўз мавқеини йўқотади. Қайковуснинг бобоси Қобус ва унинг хонадони Сомонийлар династияси билан яқин муносабатда бўлди, уларнинг шаън-шавкати, юришларида иштирок этди. Герман Вамберининг айтишича, Вушмагир ўғли Шамсулмаолий Қобус... уйғур хонларидан бўлган Иликхоннинг қўшини устидан икки марта ғалаба қилди. Аммо бу билан Қобус Сомонийлар хонадонини тиклай олмади. Бу вақтда Қобус Сабуктагиннинг ёрдами билан Табаристонни забт қилади ва шу ўлкада ҳукмдор бўлиб қолади, Журжонни эса пойтахтга айлантиради. Шамсулмаолий Қобус ғоят золим ҳукмдорлардан бўлиб, арзимаган айби учун одамларни жазолайверади. Унинг бу зулмини Муҳаммад Хованд Мирхонд «Равзатус сафо»нинг тўртинчи жилдида ҳаққоний баён қилади. Қобуснинг бу истибдодини Латиф Алибек Озар Исфахоний ўзининг Бомбайда «Оташкадаи Озар» номи билан чоп этилган «Тазкираи оташкада» асарида қуйидагича баён қилади: «...Аъён лашкарро ба гуноҳи андак ба қатл расониди. Охирил амир умаро иттифоқ карда: уро аз салтанат халъ ба маҳбас фиристоданд, фарзандаш Манучеҳр бинни Қобусро бар тахти ҳукумат нишонида». Таржимаси: «...Лашкар аъёнлари озгина гуноҳ қилишса, ўлимга юборарди. Ниҳоят амирлар иттифоқ қилишиб, уни салтанатдан олиб ташлаб, ҳибсга юбордилар ва Қобуснинг фарзанди Манучеҳрни ҳукумат тахтига ўтқаздилар». Қобуснинг бундай феъл-атворини набираси Кайковус ҳам эътироф қилади. Кайковус ўз асари Қобусномада бобоси Қобус ҳақида шундай дейди: Менинг бобом Шамсулмаолий бағоят қаттол киши эрди ва ҳеч кишининг гуноҳин афв қилмас эрди». Аммо шуни ҳам қайд қилиб ўтиш керакки, Шамсулмаолий Қобус ўз замонасидаги феодал табақаси учун зарур бўлган ҳамма илмларни ўрганди. Айниқса у адабиёт муҳиби ва шоир эди. Форс, араб тилида шеърлар ёзди. У араб, форс тилини ва унинг услубини мукаммал билган. Абу Райҳон Беруний Райдан қайтиб келиб, Қобуснинг ҳузурида - Журжонда яшади ва Қобуснинг саройида катта ҳурматга сазовор бўлди. У бу ерда ўзининг бир қанча илмий асарларини яратди ва Хоразм тинчигандан сўнг ўз юртига қайтди. Қобуснинг набираси Кайковус ҳам ўз замонасининг анча маълумотли зиёлиси эди. У ўз даврининг илмли кишиларидан бўлиб, музика ва табииёт илмига ғоят иштиёқ билан қаради. Унинг кўп илмлардан хабардор бўлгани авторнинг «Қобуснома» асарида яққол кўриниб туради. Кайковус «Қобуснома»ни яратишдан олдин ўз салафларининг асарлари билан танишди. Тоҳирийлар замонасида яратилган педагогик асарларни ўқиб чиқди. У ўз давридаги маданий шаҳарлар, мамлакатлар билан ҳам танишади, жумладан, Бухоро, Самарқанд шаҳарларига, Хоразм ўлкасига боради ва у ердаги олимлар билан суҳбатлашади, уларнинг илмий-педагогик ишларини ўрганади.


Абу Наср Фаробий (872-950)
Фаробий унинг тахаллуси бўлиб, тўлиқ номи Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ўзлуғ Тархон - жаҳон маданиятига катта ҳисса қўшган Марказий осиёлик машҳур файласуф, қомусий олим. Ўрта асрнинг бир қанча илмий ютуқлари, умуман Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида тараққийпарвар ижтимоий-фалсафий тафаккур ривожи унинг номи билан боғлиқ. Форобий ўз замонаси илмларининг барча соҳасини мукаммал билганлиги ва бу илмлар ривожига катта ҳисса қўшганлиги, юнон фалсафасини шарҳлаб, дунёга кенг танитганлиги туфайли Шарқ мамлакатларида унинг номи улуғланиб, «Ал-Муаллим ас-соний» - «Иккинчи муаллим» (Аристотелдан кейин), «Шарқ Арастуси» деб юритилган.
Форобий туркий қабилалардан бўлган ҳарбий хизматчи оиласида, Сирдарё қирғоғидаги Фороб-Ўтрор деган жойда туғилган. У туғилган ҳудуд Сомонийлар томонидан бошқарилиб, араб халифалигининг шимолий чегараси ҳисобланган. Форобий бошланғич маълумотни она юртида олди. Сўнг Тошкент (Шош), Бухоро, Самарқандда ўқиди. Кейинроқ ўз маълумотини ошириш учун араб халифалигининг маданий маркази бўлган Бағдодга келди. Бағдодда бу даврда мусулмон дунёсининг турли ўлкаларидан, хусусан Марказий Осиёдан келган кўп илм аҳллари тўпланишган эди. У ерга бора туриб Форобий Эрон шаҳарлари - Исфаҳон, Ҳамадон, Райда ва бошқа жойларда бўлди. Форобий Бағдодда ал-Мутаддил (829 -902), ал-Муқтафий (902 -908), ал-Муқтадир (908 -932) халифаликлари даврида яшади. У бу ерда ўрта аср фани ва тилининг турли соҳалари, юнон фалсафий мактаблари билан чуқур танишиб, ўзга диний эътиқод, фалсафий фикрдаги кишилар билан илмий мулоқотда бўлди. Абу Башар Матта ибн Юнусдан (870 -940) юнон тили ва фалсафасини, Юҳанна ибн Хийлон (860 - 920)дан табобат ва мантиқ илмини ўрганди. Айрим маълумотларга қараганда, у 70 дан ортиқ тилни билган.
Тахминан 941 йилдан бошлаб Форобий Дамашқда яшаган. Шаҳар чеккасидаги боғда қоровул бўлиб, камтарона кун кечириб, илм билан шуғулланган. Сўнгги йиллар у Ҳалаб (Алеппо) ҳокими Сайфуддавла Ҳамдамид (943 -967) илтифотига сазовор бўлди. Тадқи-қотчилар унинг Ҳалабдаги ҳаётини энг самарали давр ҳисоблайдилар. Чунки бу ҳоким ҳурфикрлилиги, илм-фанга эътибор берганлиги билан ажралиб турган. У Форобийни саройга таклиф этади, лекин Форобий бунга кўнмайди, оддий ҳаёт кечиришни афзал кўради.
Форобий 949 -950 йилларда Мисрда, сўнг Дамашқда яшаб, шу ерда вафот этган ва «Боб ас-сағир» қабристонига дафн қилинган дейилади.
Форобий ўрта аср даври табиий-илмий ва ижтимоий билимларининг қарийб барча соҳаларида 160 дан ортиқ асар яратган. У турли билимларнинг назарий томонлари, фалсафий мазмуни билан кўпроқ қизиққанлиги учун унинг асарларини 2 гуруҳга ажратиш мумкин: 1) юнон файласуфлари, табиатшуносларининг илмий меросини изоҳлаш, тарғиб қилиш ва ўрганишга бағишланган асарлар; 2) фаннинг турли соҳаларига оид мавзулардаги асарлар.



Download 1.19 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   70




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling