Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси давлатнинг маъмурий-ҳудудий тузилишини, маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг ўз пул маблағлари жамғармаларини – уларга ўз функциялари ва вазифаларини бажариш учун зарур бўлган бюджетларни шакллантириш ҳуқуқларини белгилайди: 1) Давлатнинг маъмурий-ҳудудий тузилиши (XVI боб): Ўзбекистон Республикаси вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасидан иборат (68-модда); суверен Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради (70-модда); Ўзбекистон Республикаси билан Қорақалпоғистон Республикасининг ўзаро муносабатлари Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси доирасида тузилган шартномалар ҳамда битимлар билан тартибга солинади (75-модда). Юқорида зикр этилган ҳудудларнинг (шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар бундан мустасно) маъмуриятларига улар ўзларига юкланган функциялар ва вазифаларни бажаришлари учун пул маблағлари жамғармаси – маҳаллий бюджетларни шакллантириш ҳуқуқи берилган. 2) Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари (XXI боб): маҳаллий ҳокимият органлари ихтиёрига қуйидагилар киради: қонунийликни, ҳуқуқий-тартиботни ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш; ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантириш; маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, маҳаллий солиқлар, йиғимларни белгилаш, бюджетдан ташқари жамғармаларни ҳосил қилиш; маҳаллий коммунал хўжаликка раҳбарлик қилиш; атроф муҳитни муҳофаза қилиш; фуқаролик ҳолати актларини қайд этишни таъминлаш; норматив ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид келмайдиган бошқа ваколатларни амалга ошириш. 3) Ўзбекистон Республикасининг молия ва пул-кредит тизими (XXV боб): Ўзбекистоннинг давлат бюджети Республика бюджетидан, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетидан ва маҳаллий бюджетлардан иборат (122-модда). Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ягона солиқ тизими амал қилади. Солиқлар жорий қилишга фақат Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси ҳақли (123-модда).
Do'stlaringiz bilan baham: |