Чунки дунё ҳувиллаб қолган…
Download 59 Kb.
|
ЧУНКИ ДУНЁ
ЧУНКИ ДУНЁ ҲУВИЛЛАБ ҚОЛГАН… ЧУНКИ ДУНЁ КИМСАСИЗ… (Бувимнинг хотирасига…) * * * Баъзан исмимга эътироз билдиришади. Худонинг оти, олдига Абдул қўшиб атагин, дейишади. Бироқ, менга бу исм бошқа мақсадда берилган. Етти ойда туғилганим учун шифохонада менга “ҳеч қанча яшамайди, ўлади”, деб ташхис қўйишган. Ҳатто, мехрингиз тушиб қолса бир умр унутолмай, изтироб чекиб яшайсиз, дея отам ҳамма қариндошларига мени кўтаришни, бағрига босишни, ўпишни таъқиқлаб қўйган. Фақат онам билан энамгина ҳеч кимга ишонмаган. Онам бир зум бўлсин қучоғидан қўймай алқалаб юрган бўлса, бувим, менинг неварам кучли, унга ҳеч нарса қилмайди дея, бутун қишлоқни айланиб чиққан. Куни бўйи уйма-уй юриб, ҳаммага менинг неварам кучли, менинг неварам Ваҳоб дея суюнчи олиб юрган. Хуллас, исмимнинг маъноси шу, кучли дегани. Тангримнинг қули деган маънога даҳли йўқ. Бундан ташқари, исмимиз қандай аталишидан қаътий назар, ҳаммамиз Яратганнинг бандасимиз. Ҳаммамиз Абдуллохмиз. Ўзимга келсак, энам адашмаган экан. Мана… юрибман яшаб… * * * Исми Руҳият эди. Онаси эди қишлоғимизнинг. Йиқилганни суягувчи ҳам, адашганни ҳимоячиси ҳам, тўй қилганни боши ҳам, кўчада қолганни паноҳи ҳам энам эди. Ишонсангиз, тез-тез олдига олимлар, ёзувчилар, муаллимлар келиб турарди. Йўқолиб кетаётган урф-одатлар дейсизми, анъаналар дейсизми, ҳалқ оғзаки ижоди дейсизми, ҳуллас бу борада “Маълумотлар бюро”си ҳам энам эди. Табибман демасди-ю, аммо қишлоқ аҳли уни Ибн Синонинг невараси дерди. Алдаш йўқ, ҳали тумандан, ҳали шаҳардан ҳам катта-катта врачлар келиб, энамдан маслаҳатлар олиб кетишарди. Баъзан эса уларнинг тортишувларига ҳм гувоҳ бўлиб қолардим. Сабаби, врачлар касаллик варақасига қараб ҳулоса қилса, энам касалнинг таънасига қараб ҳулоса қиларди. - Эна, ахир ошқозоним санчади, иштаҳам йўқ деяпти – тушунтирган бўлади шифокор бир ўзи билан судраб келган беморга, бир балдош қуриб ўтирган энамга қараб. – аччиқ қалампирни бунга нима даҳли бор? - Бир марта еса ўлиб қолмайди, энанг тенги одам билан айтишмасдан, айтганимни қил! – қайсарлиги тутиб қолади энамнинг. – бўл… Шифокорку майли, беморнинг ҳаётига, соғлигига жавобгар билади ўзини. Шунинг учун ўзи иккиланаётган нарсани беморга тавсия этишга тийиб туради ўзини аммо, бундай ҳолда беморлар хозир бувижон жаҳли чиқяпти, деб, кўнгиллилардан бўлиб қўл кўтаради. Қўлидаги қип-қизил қалампирга ҳудди ноёб топилмадек синчиклаа-аб тикилади. - Биттада ярмини тишла, болам. - Ярмини? – кўзлари чақчайиб кетади касалнинг. Ахийри бўлмайди, энам емаганига қўймайди. Сўнг кўзларидан шалдираб ёш оқаётгаан беморга ув беради, чой-нон… кейин овқат. Эҳтимол аччиқни босиш учун бўлса керак, иштаха билан, тамшаниб-тамшаниб овқатланаётган касалга қараб, энам тилга киради: - Сенинг давойинг қалампир эмасди… Касал ҳам, шифокор ҳам ялт этим қарайди энамга. Энам эса бепарво. - Шунчаки, иштахангни синаб кўрдим – дейди. Сўнг касалнинг юқори чап кўксида учи кўриниб, дўппайиб турган идишга ишора қилади. – ана сенинг касалинг… Касал чўнтагидаги носқовоғини иккиланганча олиб, минг бир истиҳола билан ўртага қўяди… - Нос ошқозонда ҳазм бўлмайдиган модда. У тилинг остида маҳал гапирганингда, эриган нос суюлиб, маълум қисми ошқозонга кетади. Ҳолат такрорланавергач, ошқозондаги нос йиғилиб, кучга айланади. Қирқ қаватни секин аста қирқа бошлайди. Натижада ҳазм қилиш борасида муаммолар туғилади, уқдингми? Овқат емоқчи бўлсанг иштаҳа йўқ, емасанг, санчади… * * * Энамнинг айтишича, нос ота-боболаримиздан қолган чакимлик эмас, уни яқин ўтмишда, сўнгги икки юз йилликдаги урушларда, очарчиликларда одамлар ўзлари ўйлаб топган. Иштахани бўғиб, ўзларини алдаш учун, авраш учун. Аммо у пайтнинг одаамлари кайфу сафо ҳақида ўйлашмаган экан. Қолаверса, қорин оғриш касали ҳам мана шу нос, тағин ўрисдан кириб келган хожатхоналардан сўнг бошланганмиш. Биз унитаз дейдиган мосламада ўтириш – ҳожат йўлларини бўғиб қўяркан, ичакларга муаммо келтириб чиқараркан. Оғайниларим ҳамиша “Хоразмликсанку, нега лазгиларга бепарвосан, улар лазги деса қалтирй бошлашади”, дейишарди. Сабаби ҳам энам. Энамнинг наздида бугунги лазгилар “жилпанглаш”. Ўзининг лазгига рақсини эса мен кўравериб ёд бўлиб кетган. Умуман бошқача ва уни фақат мен биламан. Энам айтардики, жойнамоз устидаги ҳар бир ҳатти-ҳаракат ва қолаверса лазги ҳам аслида тиббий муолажа. Инсон организмини “массаж” қилади. Соғлиғини таъминлайди. Ҳатто Жалолиддин Мангуберди армиясидаги аскарлар машғулот пайти лазги билан шуғулланишган экан. * * * Энам неники таъйинламасин қулоғимга қуйиб олардим. Тўгри, баъзан “исён” ҳам қилиб турардим, аммо энам яхшилаб тушунтириб бергач, хотирамда муҳрланиб қоларди. Айтайлик, калантар воқеаси. Олдинлари сув ташиш учун калантаар дегн нарса бўлган. Бу мослама узун, ўртаси арка шаклда бўлиб, елкага осиб юрилади. Унинг ҳаар икки ёнига бир ҳил вазндаги юк илиб олишингиз мумкин. - Гўжага сув керак, қудуқдан муздекидан олиб кел – деб қолди бир куни энам пахта қавиб ўтириб. Эриниб бўлса-да, чиллагимни йиғиштириб, челакни қўлимга олганча дарвоза томон кетётгандим, энам тўхтатиб қолди: - Иккита челак олвол. - Уфф-ф… икки челак нега керак, икки челак қилмайсанку… (Таъажжубланманг. Мен энамни болалигимдан сенлаб улғайганман) - Айтганимни қил. Икки челагам бир ҳил бўлсин… Шу тариқа энам ўзи ясаган калантарни елкамга илади. Олиб келганимдан сўнг ҳам, тушлигимиздан сўнг ҳам қовоғим очилмаётгани, ҳовлида ҳали у, ҳали бу нарсани тепиб юрганимни кўриб энам мени ёнига чақиради. Заҳирада турган бир челак сувнинг тенг ярмини бўш челакка солиб, қўлимга тутқазди: - Кўтар! Котардим. Энди нима қилишни билмай гарангсираб туравердим. Пича вақтдан сўнг энамдан: - Нима қилай, елкам оғриб кетди – десам, энам: - Иккинчи қўлингга мана буни ҳам ол, - деб қолди. Мен айтганини қилдим. - Эндичи? Оғримаяптими? Бош силкидим. Дарҳақиқат, энди оғримай қўйганди. - Сенга атай икки челак сув айтдим. – челакларни қўйиб, ёнига ўтиришимга имлагач, тушунтира бошлади энам. – бир ёнингга оғиринг тушса, албатта суягингга “малол келади”. Икки ёнингга бир ҳил оғирликда кўтарсанг мувозанат сақланиб қолинади. Одамлар калантар ишлатмай қўйгани, ёки икки қўлида икки ҳил вазндаги юкни кўтариб, орттириб олишган ўт касаллигини. Ўт пуфак шундан оғрийди, болам. * * * Энам учун тақвим наврўздан бошланади. Одамларнинг ёшини тўққиз ой қўшиб ҳисоблайди. Баҳору ёзни, кузу қишни аввало ҳайвонларнинг ўзини тутиши, қолаверса ўсимликларга, ерга, тупроққа қараб айтиб беради. Айниқса, қиш билан баҳор ўртасини аниқ-тиниқ айтиб беради. Индамас ҳаво дерди. Одамни душмани дерди. Ҳаммани шу ҳаво касал қилади дерди. Иссиқ кийиниб чиқсанг, исиб кетади, юпқа кийиниб чиқсанг совиб кетади, терлаб танингни йпиштиради, намгарчилик танагга сингади дерди. Рамазонда соатларни тан олмайди, осмонга қараб чамалайди. Энамнинг тақвими шунақа. Унда наинки кунлар, ҳафталар, ҳатто ойлар, йиллар ҳам йўқ эди. Унда гуллар, чечаклар, ҳаво, тупроқ, ҳайвонлар бор. Байрамлар эса қизил билан эмас, отам билан онамнинг келишлари билан белгиланарди. (Отам Украинада ҳарбий ҳизматдан сўнг ҳам бироз қолган, у пайт Донетскда уйимиз бўларди. Прописка муаммоси сабаб биз фақат меҳмонга борар, болалигим асосан энам билан ўтган). Тақвимга қайтамиз. Қуруқ томда ҳам тупроқ пайдо бўлгани, ҳайвонлар бит ё каналаши, паррандаларнинг қачон ва қандай учиши… ҳаммаси энам учун аниқ-тиниқ тақвим. Менинг эса энамга ўхшаб билағонлик қилиш учун қилган барча таҳминларим баъзи-баъзидагина ўзини оқларди. * * * - Эна? - Ҳа, қўзим. - Онам қачон келади? - Қишда. - Қиш қачон келади? - Богиъмиздаги темирлар қировлаганда. - Қачон қировлайди? - Лочин тоғанг етиштирадиган қовоқлар борку, ўшанинг охирги гули ҳам сарғайганда. - Нега сарғаймаяпти? - Ҳали турналар учмадику. - Қачон учади? - Совуқ тушганда - Қачон совуқ тушади? - ўолиб тоғанг анорларимизни кўмиб берсин, ўшанда. - ўолиб тоғам қачон келади? - Тегманозик тегмасангам тўкилсин, ўшанда. - Тегманозик гули энди яхши гуллаяптику, қачон тўкилади? - Отанг келганда. - Отам қачон келади? - Онанг келганда-да, қўзим, бирга келишадику. - Онам қачон келади? - Боғимиздаги темирлар қировлаганда… Бўлди, буёғи то энам зада бўлиб, мени ҳайдаб солмагунча айланиб ётаверди. Аслида энамнинг ўзи атайлаб жумлани айлантириб бошига олиб келади. Чунки отам, онам ҳақида гаплашиб ўтиришимизни истайди. Ҳар замон гапни айлантириб уларга тақайди. Тўғри, чўзилмасдан, шундоқ ҳам отам ҳақида, онам ҳақида гаплашсак бўлади, фақат мавзу айнан улар бўлса, унда соғинганимиз ўз кучини кўрсатиб, ичикишимиз мумкин. Шуни ўйлайди энам. Ҳолбуки, мендан кўра энамнинг ўзи истайди уларни тез келишини, қанийди сира кетишмасликларини… айниқса, улардан ҳат келса, кўзларига суртиб-суртиб кейин қўлимга тутқазади. - Ўқиб бер, қўзим… Баъзан энамга кирилл алфабитини ўргатишга уринардим. - Нима қиламан уни? - Отамдан келган мактубни ўзинг ўқийсан, бемалол, эна. Кейин дарсни бошлаймиз. Энам мен берган алфабит бўйича ёдлатганларимни такрорлай бошлайди: - А… Б… Бга ўхшиди. - В. - В… Е… Ени тескариси. - Э. - Э. К… Кни чизиқлиси. - Қ. - Қ. У… Уни нуқталиси… - Ў. - Э, бўлди-да… - Ахир ўрганиб олсанг отамдан келган хатни озинг ўқий олардинг, эна… Энам жимиб қолади. Кўкка қарайди. Узоо-оқларга термулиб ўтириб, секин пичирлайди: - Болагинам-а… отангдан келган мактубни ўқиш учун менга ҳарф ҳам, тил ҳам керак эмаслигини билсайдинг… ҳарфлар орасида эсаётган у ёқларнинг шабадаси, қоғоздан келаётган болажонимнинг ҳиди менга гапириб беради нима ёзилганини. Болажоним қандай, нима қиляпти, қувончи қайғуси, йиғиси кулгуси… ҳамма-ҳаммасини… - Йиғлаяпсизми? - Пиёз арчяпманку, думбул. Ундан кўра тур, анбар энангга ҳам ўқитиб кел. - Ҳўп. * * * Энам аслида отамни туққан онаси эмас, отамнинг туққан онаси аслида Анбар энам. Қисқаси гап бундай. Икки опа-сингил бўлади. Каттасининг, яъни Руҳиятнинг эри ва ўн етти яшар яккаю ягона ўғлини урушга олиб кетишгач, бир куни эридан, яна бир ярим йилдан сўнг эса боласидан қораҳат келади. Руҳият қариндош-уруғлар ҳар қанча қаршилик қилишса ҳам, эримнинг хотираси билан яшайман, деб туриб олади. Бошқа турмуш қурмайди. Бу орада Синглиси Анбар тўртинчи фарзандига ҳомиладор эди. Шунда Анбар эри Раҳим қассобга “Келинг, ҳадемай қарийди, ёлғиз ва қаровсиз қолмасин, шу болани эмизмай, меҳримни бермай турай, опамга берайлик”, деб илтимос қилади. Раҳим қассоб рози бўлади. Шу тариқа отам туғилади ва уни Руҳиятга, менинг мана шу энажонимга беришади. Энам отамга Рўзимуҳаммад деб исм қўяди. Чиндан турмуш қурмай, эндиликда фақат отам учун яшайди. Кўзларининг остида, қароғларининг орасида катта қилади. Хуллас, отамдан келган ҳатни Анбар энамга ҳам олиб бораман. Ўқиб бераман. Энам олдин кўз ёши сўнг дуо қилиб қўяди. Кейин мактубни яна энамга олиб келиб бераман. Энам уни даставвал челлафанга, сўнг қутига, сўнг жилкага ўраб, охирида сандиғига солиб қўяди… * * * Баъзан “енам ҳам адашиши мумкинми”, деб ўйлаб қолардим. Синаб кўриш учун энамдан олдин уйғонган пайтларим ҳам бўлган. Бир куни хўроз қичқиришидан олдин уйғониб, энамни уйғота бошладим. - Нима дейсан, қўзим? - Тур, эна, хўроз қичқирди, ялпайиб ётишингни қара! - Алдаяпсан. - Чиппа чин сўзим, алдамаяпман, эна. Энам инқиллаб-синқиллаб ўрнидан туради. Кунчиқар томонга бир пас, осмонга бир пас тикилиб туради. - Ҳали Комилжонни “Гўринг”ги билан, “Доғман”ича вақт бор. Энам келиб яна узала тушиб ётади. Мен югуриб бориб патефонда энам айтган қўшиқларни қўяман. Энам патефонни “ўзи айтар ҳалфа” дейди. Ҳуллас Комилжон Отаниёзовнинг ашуласи бошланади. “Ҳар йигитнинг аслин, билай десангиз, Маъракада ўтириб дуришин гўринг. Биров билан ошно бўлай десангиз, Аввал ваъдасинда дуришин гўринг! Одоби-икроми, юришин гўрин!” Бу ашуладан сўнг “Мафтуна сари, ҳуснингга зуннор гаракмас” бошлайди. Шунинг учун мен уни шартта ўчириб, нариги Лентани тиқаман. У “Доғман” билан бошланади. “Ишқингда зор ўлдум, нетай, ғамгин димоғман, Бемору фурқатинг билан зойирда соғман. Ақлу ҳушим санинг билан, кўздан йироғман, Кўрсат юзингни толиби нуричироғман, Ҳажрингда дарду ғам билан, ҳасратда доғман…” Бу қўшиқлар менга ёд бўлиб кетган. Охирида, “Хасратда доғмааааа-ааан”, деб якунлайдики, ховлида хўроз қичқиради. Қанақасига ахир. Нега соатлар тўхтаб қолиши мумкин, овози чиройли қиз радиода айтган ҳарорат ёлғон чиқиши, об-ҳаво ўзгариши мумкин, аммо энам янглишмайди. * * * Мактабга чиқа бошлаганимда, энамга соат топиб бердим. Соатнинг ақраблари нималигини билмагани учун, қаттиқ огоҳлантирдим. - Қара, кичкина таёқ еттида, каттаси ўн иккида туриши керак. хуллас, эна, эрталаб еттида уйғот, мактабга кеч қолмай тағин, келишдикми? - Келишдик, қўзим… Келишганимизга пушаймонлар бўлдим. Ўқув кунлари майли, дам олиш кунлари ҳам уйғотадиган бўлди. Ахийри, дам олиш кунлари ёстиғим ёнига чиллакми, ланками қойиб ётадиган бўлдим. Энам шундан билади, бугун мактаб йўқлигини. Одатдагидек мактаб кунларининг бири. Энам доимгидек гаплари билан мени туртяпти: - Тур, қўзим, мактабга кеч қоласан. Соат етти бўлди. Тура қолсангчи? Эринибгина кўзларимни очсам бешта кам олти ярим. - Эна, эс ҳам кетибдику, а? соат ҳали олти яримга беш дақиқа бор. Энам бир соатга, бир менга тикилиб, айбдорона бош эгди. - Ахир етти бўлдику… Йўқ, ўз билганимдан қолмадим. Соат еттигача бир пас ётдим гарчи уйқум энди келмаса ҳам. Ниҳоят ҳар доимгидек мактабга келсам… Роппа-роса ўттиз беш дақиқа кечикибман. Афтидан, соат орада бир тўхтаб, юрмай қолган. Энам эса соатни ҳалигача ўрганмаганини ўшанда тушиндим.. демак, энам шу пайтгача барибир ички сезгиларига ишониб келган… * * * Бугун компютер бор, интернет бор ҳар қандай билим учун. Аммо кўпинча адашаман. Ривожланган тиббиёт бор, аммо ўн олти ёшимдан гоҳ юрак, гоҳ қанд билан оғринаман. Соат бор аниқлик учун, аммо нуқул ишхонамга ҳам, бошқа жойларга ҳам кечикиб юраман. Обрў бор, таниш-билиш, муҳлислар дегандек… аммо ёлғизман. Чунки дунё ҳувиллаб қолган… Чунки дунё кимсасиз… Чунки энам орамизда йўқ… Ваҳоб Рўзимуҳаммад Download 59 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling