Давлат молиясини бошқаришда фискал сиёсатнинг иқтисодий-ижтимоий моҳияти ва ўзига хос хусусиятлари
Download 13.91 Kb.
|
fiskal siyosat bo`yicha
ДАВЛАТ МОЛИЯСИНИ БОШҚАРИШДА ФИСКАЛ СИЁСАТНИНГ ИҚТИСОДИЙ-ИЖТИМОИЙ МОҲИЯТИ ВА ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ Бугунги кунда Европадаги қарз инқирози шароитида давлатимизнинг иқтисодиётини барча тармоқларида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва мамлакатда макроиқтисодий барқарорликка эришишга таъсир этувчи асосий омиллардан бири самарали фискал сиёсати ҳисобланади. Мамлакатда олиб борилаётган фискал сиёсати хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг ривожида ва умуман иқтисодий сиёсатда муҳим роль ўйнайди. Фискал сиёсати макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга, тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ва мамлакат аҳолисининг турмуш даражасига фаол таъсир этади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан давлат бюджети лойиҳасини тайёрлаш жараёнида солиқ юкини босқичма-босқич камайтириш назарда тутилмоқда. Бу эса бюджет-солиқ сиёсати соҳасидаги қарорларнинг самарали бўлишини, даромадлар ва харажатларни режалаштиришда илмий асосланган ва таҳлил этилган иқтисодиётнинг турли соҳаларини барқарор ривожлантиришга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни аниқ мезонлар асосида ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этишни талаб қилади. Фискал сиёсатининг ҳуқуқий асослари сифатида мустақилликнинг дастлабки йилларида збекистон Республикасининг 1991 йил 31 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида» ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Корхоналар, ташкилотлар, бирлашмалардан олинадиган солиқлар тўғрисида» ги (1991 йил 15 феврал), «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаганларнинг даромад солиғи тўғрисида» ги (1991 йил 15 феврал), «Маҳаллий солиқлар ва йиғимлар тўғрисида» ги (1993 йил 7 май) Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Вазирлар Маҳкамасининг Қарорлари каби меъёрий ҳужжатлардан иборат бўлган бўлса, 1997 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ Кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг «Давлат солиқ хизмати тўғрисида» ги Қонуни юқоридаги ҳужжатларнинг айримларини ўз кучини йўқотишига олиб келган бўлса, айримларининг ҳуқуқий базасини кенгайишига, кучайишига хизмат қилиб келмоқда. «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида» ги Қонунга мувофиқ, шу кундан эътиборан Ўзбекистон Республикаси ўзининг мустақил фискал сиёсатини олиб боради. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида фуқароларнинг бурчларига солиқларни тўлаш мажбурияти ҳам киритилган: «Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлашга мажбурдирлар». Шунингдек, республикамиз ҳудудида ягона солиқ тизими амал қилиши ва уни белгилаш ваколати ҳақидаги жумлалар келтирилган: «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ягона солиқ тизими амал қилади. Солиқлар жорий қилишга фақат Олий Мажлис ҳақлидир». Бугунги кунда республикамиз фискал сиёсатининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ Кодекси, «Давлат солиқ хизмати тўғрисида» ги Қонуни, ҳукуматнинг бошқа солиққа оид қонун, қарорлари, Президент Фармонлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан изоҳланади. Шунингдек, давлат молиясини стратегик тахминлаштиришда фискал ва иқтисодий функцияларнинг мувофиқлигини таъминлаш борасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш барқарор солиқ сиёсатини амалга ошириш учун хизмат қилади. Бу фикрларимизнинг ўзи фискал сиёсатнинг нақадар катта кучга,қудратга эга эканлигини яққол намоён қилади ва мамлакат ҳаёти учун қай даражада ахамиятли эканлигини очиб беради. Фискал сиёсатини ишлаб чиқишда нафақат алоҳида олинган муассасалар бевосита қатнашади, шунингдек, уни ишлаб чиқишда солиқ хизмати билан шуғулланмайдиган субъектлар, аниқроғи солиқ тўловчилар қатнашиши мумкин, яъни бунда солиқ тўловчиларни ўзларида солиқларни такомиллаштиришга қаратилган таклифлар, солиқларни ҳисоблашни осон ва самарали ишлаш кабилар таклиф сифатида берилиши мумкин. Солиқ солиш соҳасидаги давлат бошқарувининг самарадорлиги кўп жиҳатдан давлат аппаратининг турли бўғинлари фаолиятидаги мослашувчанликка боғлиқ. Ваколат ҳар бир органнинг специфик ролини белгилайди ва бир вақтнинг ўзида унинг бошқа органлар фаолияти билан мослашувини таъминлайди. Давлатнинг асосий вазифаларидан бирини ҳал этилиши - бюджетни тўлдириш, солиқ тўловчиларнинг иқтисодий ва юридик ҳатти-ҳаракатларига таъсир этишнинг у ёки бу дастагига эга бўлган барча давлат ҳокимияти органлар фаолиятининг мувофиқлаштирувисиз мумкин эмас. Кўпгина адабиётларда таъкидланганидек, концептуал солиқ тамойилларидан бири давлат органларининг фискал сиёсатини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда биргаликдаги иштироки ҳисобланади. Республикамизда фискал сиёсати давлатнинг махсус ваколатли органлари томонидан ишлаб чиқилади ва амалга оширилади. Солиқлар бўйича ҳар бир ҳокимият органи махсус ваколатларга эга бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз фаолиятларини самарали олиб боришда ушбу ваколатлардан фойдаланади. Бунда ваколатли органлар сифатида барча ҳокимият органлари, жумладан, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари биргаликда фаолият кўрсатади ва унда Давлат солиқ қўмитаси фискал сиёсатини амалиётга жорий этишда муҳим аҳамиятга эга бўлган вазифаларни бажаради. Шунингдек, мамлакатимиз солиқ тизимининг муҳим хусусиятлари сифатида солиқ тўловчиларга нисбатан кўзда тутилган имтиёзларни ҳам қайд этиш мумкин. Жумладан экспорт фаолиятини рағбатлантиришга, хорижий инвестициялар кириб келишини рағбатлантиришга қаратилган, аҳолининг ижтимоий шарт-шароитини ҳисобга олган ҳолдаги имтиёзларни уларнинг ифодаси сифатида келтириб ўтиш мумкин. Иқтисодий адабиётларда фискал сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида икки йўналиш: корхона ва ташкилотларга нисбатан фискал сиёсати ва аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари учун фискал сиёсати каби йўналишларга бўлиб ўрганилади. Жаҳон фискал сиёсати тажрибасида солиққа тортишнинг қуйидаги йўналишларига катта эътибор берилади: 1) ҳар хил мулк шаклларига мосланган корхона ва ташкилотларнинг хўжалик юритишига мумкин қадар иқтисодий шароит яратиш, уларни бозор муносабатларига кириб боришига ҳар томонлама ёрдамлашиш; 2) ижтимоий-зарурий умумдавлат вазифаларини бажариш учун давлатни керак бўлган молиявий манбалар билан таъминлаш; 3) бозор иқтисодиёти шароитида янги ижтимоий-иқтисодий омилларни ташкил қилишда қатнашиш, ишсизларни иш билан таъминлаш, иқтисодий ночорларга ёрдам бериш; 4) аҳоли турмуш даражасини зарурий меъёрда сақлаб туриш имконини излаш ва таъминлаш, солиққа тортилмайдиган даромад минимумини вақти-вақти билан ошириб бориш. Бунда «истеъмол саватчаси» маълумотларини эътиборга олиш. Бугунги кунда республикамиз фискал сиёсатининг муҳим йўналишлари сифатида юридик ва жисмоний шахслар даромадларини солиққа тортишни такомиллаштириш, билвосита солиққа тортиш самарадорлигини таъминлаш, ресурс солиқларига кўпроқ эътибор қаратиш, солиқ тизимининг соддалигига эришиш, давлат харажатларини оптималлаштириш кабиларни қайд этиш мумкин. Республикамизда солиқ тизимини такомиллаштириш жараёнида хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан солиқ юкини изчил камайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги кўп бора таъкидланмоқда. Бунда биринчи навбатда уларнинг даромадларидан ундириладиган бевосита солиқларнинг салмоғини камайтириш лозимлиги алоҳида аҳамиятга эга. Бунинг натижасида, корхоналар ихтиёрида қоладиган маблағлар улушининг кўпайиши эвазига унинг айланма маблағлари миқдорини кўпайтириб бориш ва оптимал даражасини сақлаш, ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш, унинг самарадорлигини ошириш мақсадида кўпроқ инвестиция киритиш, ходимлар меҳнатини янада рағбатлантириш имконини беради. Бевосита солиқлар бўйича солиқ юкини изчил камайтириш фискал сиёсатининг самарадорлигини ЯИМ га нисбатан улар тушумининг барқарор камайиши тенденцияси ҳам исботлайди. Солиқ тизимини такомиллаштиришда устувор аҳамият билвосита солиққа тортишга қаратилган. Билвосита солиқлар товарларга нисбатан қўшимча бўлгани ҳолда, пировард натижада ишлаб чиқарувчининг молиявий ҳолатига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмайди ҳамда ишлаб чиқаришни ривожлантиришга тўсқинлик қилмайди. Фискал сиёсати чораларини ишлаб чиқишда энг муҳим вазифалардан бири давлат харажатларини ўз вақтида ва мўлжалланган ҳажмда молияланиши учун солиқ тушумларининг етарлилиги ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, солиқ юкини камайтириш борасидаги сиёсатни бюджетнинг харажатлар қисмини оптималлаштириш чоралари билан қўшиб олиб борилишини тақозо этади. Бошқа томондан эса, солиқ имтиёзларининг ҳар томонлама бекор қилиниши тадбиркорлик фаоллигига салбий таъсир кўрсатиши ва корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳамда ноишлаб чиқариш соҳаларига капитал қўйилмаларнинг сезиларли камайишига сабаб бўлади. Бунинг оқибатида баъзи тармоқлардаги мавжуд мувозанат бузилади. Ўзбекистон Республикасида мустақиллик йилларида юргизилаётган иқтисодий сиёсатнинг таркибий қисми бўлган фискал сиёсати мустақил равишда юргизилаётган фискал сиёсати ҳисобланиб, унинг марказий вазифаларидан бири сифатида республикамизда бозор муносабатларини қарор топтириш ва уни ривожлантиришга хизмат кўрсатиш қаралмоқда. Бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорлик муҳитини яратиш ва уни ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этганлиги учун фискал сиёсати ҳам бизнинг республикамизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги, шак-шубҳасиздир. Бир вақтнинг ўзида пухта ишлаб чиқилган фискал сиёсатининг ҳаётга қандай тадбиқ этилиши шу сиёсатни амалга оширишда қўлланилиши лозим бўлган солиқ механизмига узвий боғлиқдир. Фискал сиёсатининг макроиқтисодий ҳолатга таъсири жуда катта бўлиб, мамлакатда яратиладиган ялпи ички маҳсулот ва миллий даромаднинг ўзгариши фискал сиёсатининг самарасига бевосита боғлиқдир. Фискал сиёсатининг макроиқтисодий ҳолатга таъсирини солиқларнинг ялпи талаб ва ялпи таклифга, инвестицион муҳитга, истеъмолга, иқтисодий барқарорликка таъсири кабилар билан баҳолаш мумкин. Фискал сиёсатини амалга оширишда муҳим бир мезон бўлиб солиқ ставкалари ҳисобланади. Бироқ йиғма таклиф даражасининг ўзгариши узоқ давом этадиган мураккаб жараёндир. Шунинг учун ҳам макроиқгисодий барқарорлик мақсадига эришиш учун давлат энг аввало ялпи таклифга эмас, балки ялпи талабга таъсир кўрсатишга интилади. Бунинг устига, ҳозирги замон иқтисодчиларининг аксарияти ҳисоблашича, макроиқтисодий беқарорлик (иқтисодий туркумлар) асосан йиғма талаб беқарорлигининг оқибатидир. Масалан, иқтисодиёт ялпи талабнинг салбий ўзгариши таъсири туфайли пасайиш жараёнини бошдан кечирмокда. Бундай ҳолатда давлат жамиятнинг йиғма харажатларини солиқларни камайтириш ва давлат харажатларини кенгайтириш воситасида рағбатлантиришга интилади. Агар ҳукумат иқтисодиётнинг «зўриқиши»дан хавотирланса ёки пулнинг қадрсизланиш суръатларини секинлаштиришни истаса, у ҳолда ўзининг молия сиёсатини қаттиқ олиб боришда солиқларни ошириши ва давлат харажатларини қисқартириши лозим бўлади. Солиққа тортишнинг тарихий босқичларидан шу нарса маълумки, давлатчилик қурилишида амалга ошириладиган солиқ ислоҳотлари биринчидан, солиққа тортишнинг классик тамойилларига асосланса, иккинчидан муайян мамлакатнинг миллий манфаатлари устуворлигини ҳимоя қилишга қаратилган тамойилларга таянади. Мамлакатнинг реал иқтисодий амалиётига мос келадиган солиққа тортиш муносабатлари солиққа тортишнинг адолатлилик, солиқ юкининг бир текис тақсимланиши, солиқ қонунларининг тушунарлик бўлиши ва солиқ маъмурчилиги харажатларининг мақсадга мувофиқлиги (самаралилиги) тамойилларига асосланиши солиқ фалсафаси бўлса, бу классик тамойиллардан миллий манфаатлар нуқтаи назардан такомиллаштирилган солиқ концепцияларидан фойдаланиб, солиқ ислоҳотларини амалга оширилиши солиқ сиёсатининг хусусияти ҳисобланади. Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, рағбатлантирувчи фискал сиёсати фақат қисқа муддатли туркумий тебранишлар оқибати бўлган иқтисодий пасайиш шароитида, фақат қайд этилган валюта курслари пайтида сезиларли макроиктисодий самара беради. Вақтнинг узоқ оралиқларида эса у таъсирли бўлмайди. Download 13.91 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling