39-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манбалар
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси», «Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тўплами», «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари, «Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси» Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.
«Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами», «Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тўплами», «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари, «Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 181-моддаси.
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тўплами», «Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси», шунингдек вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг расмий нашрлари вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси», шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий нашрлари мазкур маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.
40-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кучга кириши
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомили мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган, шунингдек уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга киради.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 181-моддаси.
Do'stlaringiz bilan baham: |