[ОКОЗ:
1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.14.00.00 Давлат органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти / 01.14.01.00 Умумий қоидалар]
[ТСЗ:
1.Давлат ва жамият қурилиши / Қонунчилик ташаббуси. Норма ижодкорлиги фаолияти]
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 24 ноябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2020 йил 18 декабрда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунчасини, турларини, ушбу ҳужжатларнинг ўзаро юридик кучи ва нисбатини белгилашдан, шунингдек уларни режалаштириш, ташаббус қилиш, тайёрлаш, экспертизадан ўтказиш, келишиш, қабул қилиш, эълон қилиш, уларнинг ижросини ташкил этишни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонунчилик
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Қорақалпоғистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг турлари ва ўзаро нисбати, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш тартибига ҳамда уларнинг мазмунига қўйиладиган асосий талаблар ва ижросини ташкил этишни таъминлаш Қорақалпоғистон Республикаси қонунчилиги билан ҳам белгиланади.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш, эълон қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва сақлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонуни билан белгиланади.
3-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат тушунчаси
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат қонунчиликка мувофиқ қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатдир.
4-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ёки мансабдор шахслар
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ёки мансабдор шахслардир (бундан буён матнда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар деб юритилади).
Фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонунида белгиланган тартибда ўтказиладиган референдум йўли билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |