Э. ғозиев умумий психология


Download 3.91 Mb.
bet21/117
Sana14.11.2023
Hajmi3.91 Mb.
#1772538
1   ...   17   18   19   20   21   22   23   24   ...   117
Bog'liq
умумий психология Гозиев

2. Фаолиятнинг тузилиши


Воқеликка нисбатан муносабатнинг муҳим шакли сифатидаги фаолият инсон билан уни қуршаб турган олам (борлиқ) орасида бевосита алоқа ўрнатади. Табиатга, нарсаларга ўзга одамларга таъсир кўрсатиш ҳам фаолиятнинг қудрати билан рўёбга чиқади. Инсон фаолиятда нарсаларга нисбатан субъект сифатида, шахслараро муносабатда эса шахс тариқасида гавдаланади ҳамда имкониятларини юзага чиқаришга мушарраф бўлади. Бунинг натижасида иккиёқлама боғланиш узлуксиз ҳаракатга киришиши, тўғри ва тескари алоқа ўрнатиши туфайли инсон нарсаларнинг, одамларнинг, табиат ва жамиятнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида маълумот тўплайди. Ҳар хил хусусиятли ўзаро муносабатлар негизида фаолият субъекти учун нарсалар субъектлар сифатида, одамлар эса шахс тимсолида акс эта бошлайди.
Инсон фаолиятга йўналтирилган мақсадга эришиш учун шу йўлда ҳаракат қилиши туфайли хусусий вазифаларни бажаришга киришади. У ўз олдида турган мақсадни амалга ошириш учун маълум вақт оралиғида у ёки бу амални бажаради. Бирор матнни компьютерда тайёрлаш учун инсон олдин уни электр токига улайди, экранни ишга созлайди, унинг тугмачаларини босиш орқали ҳарф ва сўзларни теради, сўнгра маълум маъно англатувчи матн пайдо бўлади.
Психологияда фаолиятнинг алоҳида бир хусусий вазифасини бажаришга мўлжалланган, нисбатан тугалланган қисми (унсури), таркиби ҳаракат деб номланади. Масалан, компьютер техникасидан фойдаланиш ҳаракатлари амалга ошириладиган ишлардан таркиб топади. Ҳаракатлар натижасида одам борлиқдаги нарсалар хусусияти, ҳолати, фазовий жойлашувини ўзгартиради. Мазкур жараён нафақат ҳаракат ёрдами билан, балки муайян саъи-ҳаракатлар туфайли юзага келади. Дурадгор эшик ясамоқчи бўлса, аввал муносиб материал танлайди, уларни ўлчайди, унсурларини санайди, рандалайди, қисмларни бир-бирига жойлаштиради, ёпиштиради, унга пардоз беради, ошиқ- мошиқ қоқади, кесаки ўрнатади, очиб ёпилишини текширади ва ҳоказо. Келтирилган мисолдан кўриниб турибдики, дурадгорнинг гавдаси, оёқ-қўллари, бошининг тутиши саъи-ҳаракатлари билан бирга «танлаш», «ишлов бериш», «ўрнатиш» амал қисмлари мажмуаси фаолиятни таркиб топтиради. Саъи-ҳаракатнинг ҳаракатдан фарқли томонлари унинг аниқлиги, мақсадга йўналганлиги, эпчиллиги, уйғунлиги сингари белгиларида ўз ифодасини топади.
Инсон фаолиятида нарсаларни ўзлаштиришга йўналтирлган саъи-ҳаракатлардан ташқари: а) тананинг фазовий ҳолати; б) қиёфанинг сақланиши (тик туриш, ўтириш); в) жой алмашиш (юриш, югириш); г) алоқа воситалари саъи-ҳаракатлари қатнашади. Одатда алоқа воситалари таркибига: а)ифодали саъи-ҳаракатлар (имо-ишора, пантомимика); б) маъноли ишоралар; в) нутқий саъи-ҳаракатлар киритади. Саъи-ҳаракатларнинг ушбу турларида таъкидлаб ўтилганлардан ташқари мушаклар, ҳиқилдоқ, товуш пайчалари, нафас олиш аъзолари иштирок этади. Демак, нарсаларни ўзлаштиришга қаратилган ҳаракатнинг ишга тушиши муайян саъи-ҳаракатлар тизимининг амалга оширилишини англатади. Бу ҳодиса кўп жиҳатдан ҳаракатнинг мақсадига, таъсир ўтказиладиган нарсаларнинг хусусиятларига ва ҳаракатнинг амалга ошиши шарт-шароитларига боғлиқ. Жумладан, а)китобни олиш қаламни олишдан бошқачароқ тарздаги саъи- ҳаракатни тақозо этади; б) автомобилни ҳайдаш велосипедда учишга қараганда айрича саъи- ҳаракат талаб қилади; в) эллик кг штангани кўтаришда бир пудлик тоннага қараганда кўпроқ қувват сарфланади; г) картонга катта шаклни ёпиштиришга қараганда кичик шаклни жойлаштириш, қийин кечади.
Юқорида келтирилган мисоллар турлича объектларга тааллуқли бўлишига қарамай, уларда ҳаракатнинг мақсади ягонадир. Объектларнинг турлича эканлиги саъи-ҳаракатларнинг олдига ва мушак фаолияти тузилишига ҳар хил талабларни, тизимни қўяди. Ушбу воқелик рус олимлари П.К.Анохин, Н.А.Бернштейн, Э.А.Асратянларнинг тадқиқотларида далиллаб берилган. Уларнинг умумий мулоҳазаларига қараганда, мушакларнинг фаолияти саъи-ҳаракат вазифаси билан эмас, балки мазкур саъи-ҳаракат рўй берадиган шарт- шароитлар билан бошқарилиши мумкин. Мушаклар бу ўринда саъи-ҳаракатларнинг йўналишини ва тезлигини таъминлаш учун хизмат қилади, ҳар хил қаршиликларни (ҳажм, куч, вазн таъсири) муайян даражада сусайтиради.
Саъи-ҳаракатларнинг амалга оширилиши бетўхтов равишда назорат қилинади, унинг маҳсуласи ҳаракатнинг пировард мақсади билан қиёсланади ва унга айрим тузатишлар киритилади, худди шу тарзда бошқарув бетиним такрорланаверади, ҳаракатни назорат қилиш жараёни эса сезги аъзолари ёрдами билан вужудга келади. Саъи-ҳаракатни сенсор (сезги аъзолари ёрдамида) назорат қилишнинг исботи унинг ойнадаги ўз аксига қараб чизишда ўз ифодасини топади. Маълумки, ойнада қаламнинг одам қўли ҳаракат йўналиши бўйича эмас, балки қарама-қарши томонга ҳаракатланаётгандай туюлади. Инсон кўриш орқали машқланиши туфайли маълумотлардан фойдаланиш билан ҳаракатни мувофиқлаштиришни уддалайди.
Саъи-ҳаракатларнинг назорат қилиш жараёни ва уларни бошқариш тескари алоқа принципига биноан рўёбга чиқади. Ушбу ҳодисани амалга ошиш имконияти қуйидаги омилларга бевосита боғлиқ ҳолда кечади: а) сезги аъзолари алоқа канали вазифасини бажарган тақдирда; б) улар ахборот манбаи сифатида ҳаракат ролини ўйнаганда; в) саъи-ҳаракатларни акс эттирувчи аломатлар бу жараёнда хабар етказувчи сифатида қатнашганида ва бошқалар. Таъкидлаб ўтилган омиллар орқали амалга ошадиган тескари алоқанинг бундай шаклини (кўринишини) рус тадқиқотчи П.К.Анохин тескари афферентация деб атаган. Афферентация (лотинча afforens келтирувчи деган маъно англатади) ҳамда ташқи қўзғатувчилардан, ҳамда ички органлардан, ахборотни қабул қилувчи ҳиссий аъзолардан марказий нерв системасига келиб тушувчи нерв импульсларининг доимий оқимини билдиради. Тўғри алоқа- ахборотларининг ташқаридан кириб боришини англатиб келса, тескари афферентация унинг акс ҳолатини акс эттиради. Саъи-ҳаракатларнинг ҳаммаси ҳам органларнинг фаолиятини тушунтириш учун хизмат қилади ва назорат (бошқарув) жараёни қандай кечишини таҳлил этиш имкониятига эга.
Нарсага йўналтирилган ҳаракатнинг ишга тушиши муайян бир тизимга тааллуқли саъи-ҳарактларнинг натижага (махсулага) эришишни таъминлаш билан чекланиб қолмайди. Балки у (ҳаракат), биринчидан, саъи-ҳаракатларнинг маҳсуласига мос равишда, иккинчидан, ҳаракатлар объектнинг хусусиятларига мутаносибликда, учинчидан, саъи-ҳаракатларни ҳиссий назорат қилишни амалга оширган йўсинда уларга баъзи бир тузатишлар киритади. Ушбу жараённи осонроқ тушуниш учун унинг негизи: а)ташқи муҳитнинг ҳолати, б)муҳитда ҳаракатларнинг вужудга келиши, в)натижалар (маҳсулалар) тўғрисида мияга ахборот берувчи ҳиссий мўлжалларни эгаллаш мужассамлаштиради. Масалан, ҳайдовчи автобусни тўхтатиш тепкисини босиш кучини, унинг ҳаракати тезлиги, шоҳ кўчанинг ҳолати, автобуснинг вазни, ҳаракат қатнови, пиёдалар гавжумлиги билан сўзсиз мослаштиради.
Ҳолбуки шундай экан, фаолият таркибига кирувчи саъи-ҳаракатлар тизими охир оқибатда мазкур ҳаракатнинг мақсади билан назорат қилинади, баҳоланади ва тўғрилаб турилади. Мақсад мияда фаолиятнинг бўлғуси маҳсуласининг тимсоли, ўзгарувчан андозаси тарзида вужудга келиши мумкин. Эзгу ниятга айланган бўлғуси андоза билан ҳарактнинг амалий натижаси қиёсланади, ўз навбатида андоза саъи-ҳаракатни йўналтириб туради. Ана шу ҳолатнинг турлича психофизиологик талқинлари мавжуд бўлиб, улар «бўлғуси ҳаракат моделлари», «саъи-ҳаракат дастури», «мақсаднинг дастури», «мияда ҳаракатнинг ўзи олдиндан ҳосил қиладиган андозалари» сингари тушунчаларда ўз ифодасини топади. Жумладан, уларнинг энг муҳимлари: «ҳаракат акцептори» ва «илгарилаб акс эттириш» (П.К.Анохин), «ҳаракатлантирувчи вазифа» ва «бўлғуси эҳтиёж андозаси» (Н.А.Бернштейн), «зарурий моҳият» ва «келажак андозаси» (Миттельштедт, У.Эшби) ва бошқалар. Санаб ўтилган тадқиқотчиларнинг талқинлари илмий фараз (тахмин) тарзида берилганлиги туфайли улар мияда қандай акс этилиши мумкинлигини мукаммал билишга қодир эмасмиз. Лекин уларнинг мияда илгарилаб акс эттириш тўғрисидаги мулоҳазалари, бу борада тасаввурларнинг яратилиши психология фани учун ижобий илмий воқелик бўлиб ҳисобланади.



Download 3.91 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   17   18   19   20   21   22   23   24   ...   117




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling