Э. ғозиев умумий психология
Инсон психикасининг илмий-тадқиқот методлари
Download 3.91 Mb.
|
умумий психология Гозиев
3.Инсон психикасининг илмий-тадқиқот методлари
1. Психологиянинг анъанавий, эмпирик методлари то ҳозирги кунгача муваффақиятли қўлланилмоқда. Кузатиш методи. Психология фанида бу методнинг объектив (ташқи) ва субъектив (ўзини ўзи) кузатиш турлари мавжуд. Инсон психикасидаги ўзгаришларни кузатиш учун қуйидагилар амалга оширилади: кузатишнинг мақсади, вазифаси белгиланади; кузатиладиган объект танланади; синалувчининг ёши, жинси, касби аниқланади; тадқиқот ўтказиш вақти режалаштирилади; кузатиш қанча давом этиши қатъийлаштирилади; кузатиш инсоннинг қайси фаолиятида (ўйин, ўқиш, меҳнат ва спортда) амалга оширилиши тавсия қилинади; кузатишнинг шакли (якка, гуруҳ, жамоа билан ўтказилиши) тайинланади; кузатилганларни қайд қилиб бериш воситалари (кундалик, суҳбат дафтари, кузатиш варақаси, магнитафон, видеомагнитафон, видеоаппарат, фотоаппарат ва бошқалар) тахт қилинади. Кузатиш орқали одамларнинг диққати, ҳис-туйғулари, нерв системасининг ташқи ифодалари, темперамент хусусиятлари, имо-ишоралари, сезгирлиги, ҳаракатчанлиги, ишчанлиги, хулқ-атвори, нутқ фаолияти ва ҳоказолари ўрганилади. Аммо ўта мураккаб ички психологик кечинмалар, юксак ҳиссиётлар, тафаккур, мантиқий хотира ва ақл-заковатни тадқиқ этишга бу методнинг имкони етишмайди. Масалан, гўдак болани кузатишда унинг ҳаракатлари, ўйинчоқларга муносабати, ҳис-туйғуси, талпиниши, майли, хоҳиши аниқланади. Ўқувчининг дарсдаги ҳолатини кузатишда эса диққатининг хусусияти, ташқи қўзғатувчи билан таъсирланиши, темпераменти, хатти-ҳаракатининг суръати, эмоционал кечинмасининг ўзгариши тўғрисида маълумотлар тўплашга имконият туғилади. Ўспирин ёшларнинг спорт фаолиятини кузатиш орқали уларнинг иродаси, ишчанлиги, ҳис-туйғусининг ўзгариш хусусиятлари, ғалабага интилиши, ўзининг ҳаракатини идора қила олиши юзасидан материаллар йиғиш мумкин. Ишчининг дастгоҳ ёнидаги фаолиятини кузатиш натижасида унинг ўз диққатини тақсимлаши, қийин дамларда ўзини тутиши, имо-ишоралари, ташқи қўзғатувчидан таъсирланиш даражаси ҳақида кенг маълумотлар йиғилади. Кексаларнинг мулоқот жараёнини кузатиш уларнинг характери, нутқ фаолияти, ҳис-туйғуси, экстравертивлиги ёки интровертивлиги, қизиқувчанлиги ва руҳиятининг бошқа хусусиятларини аниқлаш демакдир. Ташқи кузатишда баъзан тафаккур бўйича ҳам маълумотлар олиш: иш устидаги кайфиятини, фикрнинг муайян объектга йўналтирилганини, ташқи қўзғатувчилар таъсирига берилмасликни, чеҳрадаги ташвиш ва истиробни, кўздаги ғайри табиийликни, шунингдек, синчковлик, теранлик, термулиш каби руҳий ҳолатларни кузатиб тафаккурнинг кечишидаги ўзгаришларни аниқлаш мумкин. Булардан ташқари, қўлнинг титраши, асабийлашиш, нутқнинг бузилиши, ҳиссиётнинг беқарорлашуви ҳам инсон руҳиятидаги ўзгаришлар бўйича маълумот беради. Психология фанида ўзини ўзи кузатишдан (интроспекциядан) ҳам фойдаланилади. Кўпинча тажрибали психолог ёки малакали моҳир ўқитувчи, салоҳиятли раҳбар ўзини ўзи кузатиш орқали илмий хулоса чиқара билади. Масалан, ўз тафаккурини кузатиб ўзидаги эмоционал ўзгариш ҳақида, шунингдек, тафаккурнинг ички механизмлари вужудга келиши ва кечиши тўғрисида маълумот олади. Натижада тафаккурнинг сифати, мазмуни, моҳияти ва қай тарзда, қандай тезликда, қай шаклда рўй беришини кузатади. Чет эл психологиясида ўзини ўзи кузатишнинг инсон руҳиятини ўрганишдаги ролини ифодаловчи илмий-амалий материаллар тўпланган. Интроспекция йўналишининг йирик намояндалари ўзларини ўзлари кузатганлар ва тўплаган материалларини таҳлил қилиб умумий психологик қонуниятларни яратишга ҳаракат қилганлар. Лекин инсон турли вазиятларда ўзини бир хил бошқара олмайди ва шунинг учун бу методнинг илмий аҳамияти унчалик катта эмас. Шундай қилиб, кузатиш методининг қулай ва самарали жиҳатлари билан бирга заиф томонлари ҳам мавжуд. Шу сабабли инсоннинг мураккаб психикаси бошқа методлардан фойдаланиб тадқиқ қилинади. Download 3.91 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling