Э. ғозиев умумий психология


Download 3.91 Mb.
bet89/117
Sana14.11.2023
Hajmi3.91 Mb.
#1772538
1   ...   85   86   87   88   89   90   91   92   ...   117
Bog'liq
умумий психология Гозиев

Реферат учун мавзулар


  1. Сезгилар тўғрисида умумий тушунча.

  2. Сезги назариялари ҳақида мулоҳазалар.

  3. Сезги назариялари.

  4. Сезгининг нейрофизиологик асослари.

  5. Сезги қонуниятлари бўйича мушоҳадалар.

  6. Сезги турларининг психологик тавсифи.

  7. Сезгиларнинг ривожланиши.



Адабиётлар


  1. Ананъев Б.Г. Теория оҳуҳений.-Л.: ЛГУ, 1961.

  2. Кравков С.В. Взаимодействие органов чувств.-М.-Л., 1948.

  3. Леонтьев А.Н. Проблема развития психики. –М., МГУ, 1972.

  4. Теория связи в сенсорнўх системах.-М., “Мир”, 1972.

  5. Экспериментальная психология. Под. ред. П.Фресса и Ж.Пиаже, вўп. 1, 2.-М., “Прогресс”, 1966.

ХIII боб
ИДРОК




1. Идрок тўғрисида умумий тушунча.


Идрок сезгиларга нисбатан мураккаб ва мазмундор психик жараён бўлиб ҳисобланганлиги сабабли барча руҳий ҳолатлар, ҳодисалар, хусусиятлар, хоссалар ва инсон онгининг яхлит мазмуни, эгалланган билимлар, тажрибалар, кўникмалар бир даврнинг ўзида намоён бўлади, акс эттиришда иштирок қилади.


Идрок тушунчаси лотин тилида «perceptio» қабул қилиш, идрок деб номланади, унинг юқори босқичи эса «апперцепция» (лотинча -ad га perceptio-идрок, қабул қилиш) дейилади. Апперцепция - идрок жараёнини шахснинг олдинги билимлари, шахсий ва ижтимоий тажрибалари, қизиқишлари, мотивацияси, эҳтиёжлари ва одатлари, умуман, руҳий ҳаётнинг барча мазмуни билан белгиланишидир. Апперцепция ҳодисаси туфайли одамлар ўзаро идрокининг мазмуни билан бир-бирларидан муайян даражада тавофутланадилар, яъни улар айнан бир хил нарсани ўзининг билим савияси, маслаги, позицияси, дунёқараши ва ижтимоий келиб чиқишига асосланган ҳолда турлича идрок қиладилар ҳамда акс эттирадилар. Масалан, «илдиз» тушунчасини биологлар ўсимликларнинг моддий асоси сифатида, математиклар сонларнинг илдиз остидаги кўринишида, ижтимоий нуқтаи назардан қариндош-уруғчилик шаклида кўз ўнгига келтиради. Мазкур тушунча баъзи ҳолларда идрокнинг аниқлик, тўлиқлик, равшанлилик, предметлилик, танловчанлик (саралаш) каби сифатларнинг маъноси ўрнида қўлланилган. Психология назарияларига кўра апперцепция ҳодисаси барқарор ва вақтинча (муваққат) деб юритувчи икки кўринишга (турга) ажратилади. Барқарор апперцепция ҳодисаси шахснинг дунёқараши, қатъий маслаги, идеали, позицияси, мотивацияси, қизиқиши, билим савияси, маданий даражаси, хулқ-атвори, маънавияти ва касбий тайёргарлигига боғлиқ бўлиб, у ўта мураккаб тузилишга эгадир. Муваққат (вақтинча) апперцепция тури эса шахснинг фақат идрок қилиш жараёнидаги эмоционал ҳолатига, яъни унинг кайфияти, руҳланиши, шижоати, стресс, аффектив кўринишдаги ҳис-туйғуларида, уларнинг суръати, давомийлиги, тезлигида ўз ифодасини топади.
Психология фанида идрок муайян шаклларга ажратилиб тадқиқ қилинади, вақт, ҳаракат, фазо ёрдами билан атроф-муҳитнинг, биосферанинг, ижтимоий турмушнинг моҳияти юзасидан ахборотлар маълумотлар, хусусиятлар акс эттиради. Борлиқдаги нарса ва ҳодисаларнинг яшаш шакли, узлуксиз равишда ҳаракатда бўлиши, муайян объектив вақт бирлигида ҳукм суриши инсон онгида бевосита инъикос қилинади. Одатда инсон томонидан вақтни идрок қилиш, асосан руҳий ҳодисалар, ҳолатлар, вазиятлар, хусусиятларнинг ўзаро ўрин алмашинуви туфайли намоён бўлади ва ўзига хос тузилиши билан мазкур жараённинг бошқа шаклларидан фарқ қилиб туради. Вақтни идрок қилиш инсон томонидан акс эттирилаётган вақт бирлигининг обьектив (ҳаққоний, холис) мазмунига, шахснинг унга нисбатан муносабатига боғлиқ бўлиб, худди шу мезон орқали унинг маҳсулдорлиги ўлчанади. Масалан, шахснинг эҳтиёжи, мотивацияси, қизиқишлари ва интилишига мос, мутаносиб вақт бирлигини идрок бирлигини идрок қилган тақдирдагина вақт обьектив жиҳатдан (кечинмалар, ҳис-туйғуларга нисбатан шахснинг ижобий, ҳаққоний муносабатларида) тез ўтгандай идрок қилинади, одатда ёқтирмаслик, идрок майдонига (қамровига) номутаносиблик эса шахсда зерикиш, вақт «секин» ўтиш туйғусини уйғотади.
Биосфера ва ноосферадаги ҳаракатларни идрок қилиш жисмларнинг (баъзан нисбий жиҳатдан бошқа ижтимоий, сиёсий табиий ҳолатларнинг) фазодаги (ижтимоий ҳаётдаги) ўрин алмашинувини бевосита (бавосита) инъикос эттиришдан иборатдир. Худди шу сабабдан ҳаракат нисбатан (қиёсий) ва нисбат берилмасдан (таққосланмасдан) идрок қилиниши илмий психологик манбаларда қайд қилиб ўтилади. Мабодо ҳаракатдаги жисм уни қуршаб турган ҳаракатсиз бошқа жисмларга таққосланган ҳолда идрок қилинса, бундай тоифадаги ҳаракат нисбатан идрок қилиш деб аталади. Агарда ҳаракатланаётган жисм ҳеч қандай нарса билан таққосланмасдан идрок қилинса, бу кўринишдаги ҳаракат эса нисбат берилмасдан (нисбатсиз) идрок қилиш дейилади. Фазони идрок қилиш - воқеликдаги нарса ва ҳодисаларнинг фазода эгаллаган ўрнини, шаклини, миқдорини ва бир-бирига нисбатан муносабатларини акс эттирувчи билиш жараённинг шаклидир. Воқеликни идрок қилиш орқали инсон борлиқ тўғрисида, унинг хусусиятлари, ҳажми, масофаси (ич томони, чуқурлиги) юзасидан муайян маълумотлар, хоссалар, ахборотлар тўплаш, уларни фарқлаш имкониятига эга бўлади. Идрокнинг ҳар учала шаклининг ёрдами билан дунёни билиш жараёни амалга ошади, вербал ва новербал ҳолатлар билан бевосита ва билвосита йўл ёрдамида муайян образлар (тимсоллар, тавсиялар, имидж) мужассамлашади, натижада яхлит инъикос этиш ҳолати юзага келади, билишга оид аксарият маҳсуллар тўпланади.
Идрок жараёнида унинг феноменлари (юнонча «phainomenon»-ноёб, ғайриодатий ҳолат деган маъно англатади) муайян ҳодисаларни акс эттиришда иштирок этади, инъикоснинг турлича аниқликда намоён бўлиши мумкинлиги тўғрисида маълумот беради. Улар жаҳон психологияси фанида галлюцинация (лотинча hallucinftio» алаҳлаш, босинқираш, валдирлаш, яъни йўқ нарсаларнинг кўриниши, эшитилиши, сезилиши), иллюзия (лотинча «illusio» –хато, адашиш, янглашиш деган маънони билдиради), аттракция (франц. attraction»-ўзига тортиш, маҳлиё этиш, жалб қилиш маъносини беради), яққол кўриниш (русча «ясновидение»-яққол олдиндан кўриш, яққол ғойибдан хабар олиш демакдир) тушунчалар орқали номланади.
Яққол воқеаликдаги нарса ва ҳодисаларнинг тана аъзоларини қабул қилиш анализаторларига бевосита таъсир этмасдан инсон онгида турли образларнинг (овозларнинг эшитилиши, шарпаларнинг сезилиши) хаёлан, фикран пайдо бўлишидан иборат идрокнинг психопатологик (руҳий хасталик) ҳодисасига галлюцинация дейилади. Галлюцинация ҳодисаси муваққат руҳий хасталикнинг аломати бўлиб, баъзан қўрқич ҳисси маҳсули ҳисобланиб, бош мия катта ярим шарлари қобиғидаги қўзғалиш жараёнларининг нуқсонли, суст (патологик) ҳаракати натижасида, гоҳо асаб тизимининг заҳарланиши, заифлашуви, ҳаддан ташқари толиқиши туфайли юзага келиши мумкин. Бизнингча, галлюцинация ҳодисаси бир неча хил кўринишга эга бўлиши мумкин, уларнинг энг асосийлари қуйидагилардан иборатдир: а) йўқ нарсаларнинг кўзга кўриниши; б) у ёки бу овозлар, товушлар, куйлар эшитилиши; в) йўқ шарпалар, ҳидлар сезилиши кабилар.
Иллюзия ҳиссий аъзоларимизга бевосита таъсир этиб турган нарса ва ҳодисаларнинг нотўғри (ноадекват), янглиш, хато идрок қилишдан иборат жараённинг ноёб ҳодисасидир. Баъзан психология фанида нотўғри (ноадекват) идрок қилишга олиб келувчи қўзғатувчилар конфигурациясининг (лотинча «contiguratio» ташқи тузилишида ўхшашлик, ўзаро ўхшашлик, жойлашувда ёндашувлик деганидир) ўзи ҳам иллюзия деб аталади. «Адекват» тушунчаси лотинча «adae gguatus», яъни теппа-тенг, мутлақо мос, айни тўғри демакдир. Ҳозирги даврда кўриш идрокини кузатишнинг энг самаралиси - бу тасвирларнинг икки ўлчовли ифодаланишидир. Иллюзияларнинг бир туркуми оптик геометрик иллюзиялар деб номланиб, улар асосий тасвир билан уни қуршаб турган фазовий жойлашув билан фарқ қилувчи бошқа шакллар ўртасида ўлчов муносабатининг бузилишида намоён бўлади. Тасвирлар ёруғ фонда қора фонга нисбатан қорароқ туюлади, яъни ҳолат маҳсули дейилади. Контраст французча «Contraste» – кескин қарама-қаршилик демакдир, бошқача сўз билан айтганда, ёруғлик билан фон ўртасидаги муносабат ифодасидир. «Фон» тушунчаси французча «fond» деб аталиб, асос, негиз, таг маъносини билдиради.
Аксарият иллюзиялар кўринадиган ҳаракатлар билан боғлиқдир, чунончи: а) қоронғиликда ҳаракатсиз ёруғлик манбаидан нурларнинг тартибсиз тарқалиши (автокинетик ҳаракат); б) фазовий жиҳатдан яқин жойлашган икки ҳаракатсиз стимулнинг тез суръатлар билан намоён этиб туриш ҳаракат таассуротини вужудга келтиради (стробоскопик ҳаракат); в) ҳаракатсиз обьектни уни қуршаб турган фонга қарама-қарши йўналишга қўйиш ҳаракат туйғусини пайдо қилади (индукцион ҳаракат) кабилар.
Аттракция инсонни (ўзи билан ўзга ўртасидаги муносабатда намоён бўлиб,) ўзига маҳлиё қилиш, қалбни «жиз» эттиришдан иборат, онгсизликка тааллуқли инсонни инсон томонидан идрок қилиш ҳодисасидир. Бу ҳодиса бир қанча манбалар, қўзғатувчилар, мотивлар таъсирида вужудга келади, жумладан: 1) дастлабки ташқи кўриниш, истарасининг иссиқлиги; 2) субьектга нисбатан риштасиз боғланиб қолишлик, онгсизлик даражасидаги англашилмаган ички ноаниқ мойиллик; 3) шахсларнинг характеридаги ўхшашликнинг мавжудлиги; 4) шерикларнинг муомала маромидаги яқинлик ва бошқалар.
Психология фанида жуда кам тадқиқ қилинган идрок феноменларидан биттаси - бу яққол кўриш (ясновидение) деб аталиб, воқеалик, ҳолат, ҳодиса ва тасодифни яққол олдиндан кўриш, яққол ғойиблардан хабар келиш (олиш) сингари парапсихологик муаммодир. Фақат айрим ҳоллардагина яққол кўришнинг аниқ илмий ҳисоблашларга асосланган маҳсули намоён бўлиши мумкин, холос. Аксарият вазиятларда яққол кўришлик билиш субьектининг шахсий хаёлоти, ўзгаларнинг диққатини тортишга, жалб қилишга алоқадор ҳиссий кечинмалардан бошқа нарса бўлмасдан, унинг яққоллилик эҳтимоли даражаси жуда пастдир. Бироқ шу нарсани рад этмаслик керакки, айрим алломаларнинг башоратлари, яққол олдиндан кўриш имконининг юксаклиги, аниқлиги кишини ҳанузгача ҳаяжонга солади.
Идрокнинг муҳим томонларидан бири – унинг хусусиятларининг турли жабҳалар, вазиятлар, шароитларда намоён бўлишидир. Идрокнинг муҳим хусусиятларидан бири – бу фаол равишда бевосита акс эттириш имкониятининг мавжудлигидир. Одатда инсоннинг идрок қилиш фаолияти унинг ўзлаштирилган билимлари, тўпланган тажрибалари, шунингдек, мураккаб аналитик, синтетик ҳаракатлар тизими замирида юзага келади. Бу ҳолат идрок қилиниши зарур бўлган ўқув фани моҳиятига боғлиқ илмий фараз яратиш, уни амалга ошириш борасида қарор қабул қилиш яққол воқелик билан тасаввур қилинаётганининг ўзаро мослигини аниқлаш сингари босқичма-босқич ўзаро бир-бирини тақозо этувчи таркибий қисмлардан иборатдир.
Идрокнинг яна бир муҳим хусусияти – унинг умумлашган ҳолда нарса ва ҳодисаларнинг акс эттиришидир. Маълумки, инсон психикасига кириб бораётган кўпқиррали, кўпёқлама аломатлардан идрок қилиш билан чекланиб, чегараланиб қолмасдан, балки ўша мажмуа аниқ жисм ёки ҳодиса сифатида баҳоланади. Жисмларнинг ўзига хос хусусиятларини белгилаш билан қаноат ҳосил қилмасдан, балки мазкур нарсаларни маълум маъновий қисмларга ажратади. Жумладан, «соат», «бино», «ҳайвонот» ва ҳоказо.
Идрокнинг навбатдаги хусусияти унинг ҳаракатчанлиги ва бошқарувчанлигидир. Масалан, тошкўмир ёруғликда ёғду сочади, оқ қоғоздан кўпроқ нур балқийди. Лекин инсон бу нарсаларни «қора» ва «оқ» деб идрок қилади, вужудга келган бевосита субъектив таассуротларга нисбатан ўзгартишлар, тузатишлар киритади. Чунки идрок жараёни инсон олдида турган мақсадга, мақсад қўя олишга, унга берилган установкага (онгли, ихтиёрий кўрсатмага) узвий боғлиқ ҳолда иродавий бошқарилиш хусусиятига эгадир. Шунинг учун инсонни идрок қилиш (перцептив) фаолиятида онгли бошқарилув имконияти мавжуд бўлиб, аналитик, синтетик, ҳаракатлар негизида вербал орқали амалга оширилади.
Идрокнинг бошқа билиш жараёнларидан шу жумладан, сезгидан фарқли томони шуки, у нарса ва ҳодисаларни яхлит ҳолда акс эттиради. Худди шу яхлитлик белгиси алоҳида намоён бўлувчи айрим аломатларда ифодаланувчи нарсаларни предмет ёки жисм тариқасида инъикос қилиш қобилиятига эга. Чунки жисмларнинг аниқлиги, равонлиги предмет ёки жисм сифатида кўзга ташланишида ўз ифодасини топиб, муайян тузилиш, структурани вужудга келтиради. Идрок мазмунига, таркибига кирувчи ҳар қандай ҳодиса, хоҳ вербал, хоҳ новербал тарзда ифодаланишдан қатъи назар бу предмет ёки жисм сифатида гавдаланади ва унга қиёс берилган яхлитлигини намойиш этади.
Психология фанида идрок этилаётган нарсаларнинг физик ҳолати ўзгарса ҳам, лекин унинг кўз тўр пардасидаги образининг ўзгармаслиги, нисбий турғунлик кўрсатувчи қонун, энг муҳим хусусият константлик дейилади. Доимийлик, ўзгармаслик унинг асосий белгилари ҳисобланади.
Нарса ва ҳодисалар идрок объектига тушиши билан улар кетма-кет акс эттирилади, деган хулоса ғайритабиий ҳолатдир. Чунки идрок майдонига кириб келаётган ва идрок қилинадиган нарсалар қўзғатувчисининг илдамлиги кучли эҳтиёжларга мос тушадигани улар томонидан қабул қилинади. Бошқача қилиб айтганда, қўзғатувчининг кучи, янгилиги қандайдир аҳамият касб этиши йўналиши, ҳаракатчанлиги, аналитик-синтетик ҳаракатлар мажмуасида сараланади ёки танланади. Худди шу боисдан ҳар қандай нарса ва ҳодисалар инсон томонидан идрок қилинмайди. Чунки бу табиий ва сунъий шарт-шароитлар объектив ва субъектив омиллар текширилувидан ўтказилади, яъни саралов, танлов жараёни амалга оширилади. Номутаносиблик меъёридан ташқари маълумотлар акс эттириш доирасидан четда қолиб кетаверади.
Идрок қилиниши зарур нарса ва ҳодисалар муайян тузилишга ёки структурага эга бўлгандагина уларнинг таркибий қисмлари, аломатлари тўғрисида мулоҳаза юритиш мумкин бўлади, холос. Худди шу сабабдан, уларнинг ҳажми, фазода эгаллаган ўрни, ранги, ички моҳияти, кўриниши, вазни тўғрисидаги муайян тушунчага эга бўлиш учун идрок қилинадиган аниқ тузилишга, яъни структурага эга бўлиши лозим. Билиш жараёнини тақозо этувчи идрокнинг муҳим хусусиятларидан бири, яъни биттаси уни тузилишга эга эканлиги, яъни структуравийлигидир. Ушбу хусусиятсиз идрокнинг мағзи ҳисобланмиш яхлитлик ҳақида жонли мушоҳада бўлиши мумкин эмас. Чунки структура қисмлардан вужудга келса, алоҳидаликлар бирикмасидан яхлит тузилма яратилади.
Юқоридаги хусусиятларнинг барчаси инсоннинг ёш хусусиятларига, ақлий камолотига, тажрибасига, билим савиясига боғлиқдир. Лекин тўғри (адекват) идрок қилиш учун маълум шарт-шароитлар муҳайё бўлмоғи лозим: 1) Субъектнинг акс эттириши зарур бўлган нарсалар юзасидан аввалги уқуви, тасаввурларининг кўлами, уларнинг кенглиги, чуқурлиги; 2) мазкур жисм фан, воқелик, муаммо ўрганилиши билан боғлиқ бўлган мақсад, мақсад қўя олиш; 3) перцептив фаолиятнинг фаоллиги, изчиллиги ва танқидий хусусияти; 4) идрок қилиш фаолияти таркибига кирувчи фаол хатти-ҳаракатларнинг сақланиши, уларнинг ўзаро уйғунлиги.
Муайян шароитда шахс томонидан идрок қилинадиган нарса ёки жисм идрокнинг объекти деб аталади. Идрок қилинадиган нарса уни ўраб турган бошқа нарса, жисм ёки ҳодисаларга нисбатан объект ҳисобланиб, объектнинг атрофдагилари эса фон дейилади. Идрокнинг сифати объектнинг фондан тез тўлиқ ва аниқ ажратиб олиш билан белгиланади.
Идрок қўзғатувчиларининг айрим хусусиятларини акс эттирувчи сезгилардан фарқ қилиб, нарсани бутунлигича, яхлитлигича унинг ҳамма хусусиятлари билан бирга акс эттиради. Шунинг учун идрок айрим сезгиларнинг оддий йиғиндисидан иборатдир деган хулоса чиқариб бўлмайди. Идрок ўзига хос тузилишга эга бўлган ҳиссий билишнинг сифат жиҳатдан янги юксакроқ босқичидир.
Идрокнинг предметлилиги, яхлитлиги, маълум тартибда тузилиши (структуравийлиги), константлиги, англанганлиги, предметлилиги (жисмлилиги), танловчанлиги (сараланувчанлиги) унинг энг муҳим хусусиятларидандир.
Идрокнинг муҳим жабҳалари ва таркиблари моҳиятига кирувчилар қаторига кўз билан акс эттиришнинг негизи бўлмиш кўз ҳаракатлари киради. Улар ўзларининг тузилиши, келиб чиқиши, вақтлилиги, суръати каби белгиларига биноан, қуйидаги турларга ажратилади:

  1. Конвергенция (лотинча convergore яқинлашиш, қўшилиш демакдир) – иккала кўзнинг кўриш ўқларининг яқинлашуви натижасида тўр пардасида жисмнинг иккиланишига йўл қўймасликда ўз ифодасини топади.

  2. Дивергенция (лотинча divergere узоқлашиш) кўзнинг вергент ҳаракатларининг бир тури бўлиб, бир-биридан муайян масофада турган нуқталарини қайд қилишда кўриш ўқларининг узоқлашувидан иборат ҳаракат.

  3. Горизонтал ҳаракат, яъни кўзнинг бир хил текисликдаги икки нуқта оралиғи бўйича нарсаларнинг қайд қилишидир.

  4. Вертикал ҳаракат ҳар хил фазовий жойлашувига эга бўлган нуқталар ўртасида алоқани тиклашдан иборат кўз ҳаракати ёрдами билан идрок қилинишидир.

  5. Циклофузион (юнонча cyclos доира, айлана) ҳаракат ҳаракатланувчи жисмларни кўз қорачиғи ёрдамида аниқ тасвирини акс эттиришидир.

  6. Торсион (французча torsion айлантириш) ҳаракат кўз ўқи атрофида жисмларни айланиб турган ҳолда қайд қилишдир.

  7. Версион (лотинча verfo ҳаракатланаман, айланаман демакдир) ҳаракат кўзнинг макро ҳаракатлари доирасига кириб, кўриш бурчагини кузатиш, тезликни ўзгартирмасдан кузатилувчи объектни идрок қилишда иштирок этишидир.

  8. Вергент (лотинча vergo оғиш, қийшайиш) ҳаракат кўзнинг макро ҳаракатлари таркибига кириб ўнг ва чап кўзларининг кўриш ўқлари бурчаги ўзгаришига олиб келади ва ҳоказо.




Download 3.91 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   85   86   87   88   89   90   91   92   ...   117




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling