Ёрқин(Жарқин) исмининг маъноси нима?
Ёрқин исми туркий халқлари орасида тарқалган энг гўзал исмлардан бири бўлиб келган. Бу исм қипчоқ ўзбеклари ва бошқа қипчоқ халқларида Жарқин шаклида учрайди. Бунда “ёр”га “қин” аффиксини қўшиш орқали сифат ҳосил қилади: ёрқин нур, ёрқин ой. Маъноси: жилоланувчи, ёруғ.
Олтой тилида жарқиннинг яна бир маъноси бор: ёғду. Шимол турклари шимол ёғдусини тундук жарқин деб аташади.
Ёр-ёр нега айтилади?
Туркий тўйлар аслида тангрига аталган маросимлар жамланмасидир. Унда ёр-ёр яъни келин-куёвга бағишланган тўй қўшиғи муҳим ўрин тутади. Бу ерда “ёр” сўзининг маъносидаги полисемия алоҳида эътиборга молик. У биринчидан “жар” яъни тўй ҳақида хабар маъносини берса, иккинчидан икки ёрнинг бир-бирига боғланишини англатади. Учинчидан эса тангридан яъни “ёр”дан икки ёшга тилак тилаш маросими сифатида қўлланилади.
Илгари мен фақат ўзбекларнинг тўйида ёр-ёр айтилса керак, деб ўйлар эдим. Кейин билсам, қипчоқ халқларида ҳам бу удум бор экан ва “жар-жар айту” дейилар экан. Мисол учун, қозоқ элининг “Алпамис Батир” достонида Алпомиш ёр-ёр айтади:
«Бісмилле деп өлеңді
Кеп айтамын, жар-жар,
Асықпасаң тойыңда
Кеп айтамын, жар-жар!
Бундан кўринадики, “ёр-ёр» қўшиқларининг тарихи туркий халқларнинг энг қадимий фольклори “Алпомиш” достони билан тенгдош экан.
Яралғи(жаралғи), яратилиш(жаратилиш) сўзлари хусусида
Татар ва бошқирд халқларининг луғатида яралғи деган сўз бор. Яралғи ҳомила, худонинг неъмати маъносида қўлланилади.4 Қозоқ тилида эса жаратилиш деган сўз бор ва у табиат маъносида қўлланилади.5 Бундан кўринадики, яралиш, яратилиш каби сўзлар ҳам Яратган билан боғлиқ сўзлардир. Аниқроғи, Аллоҳнинг Холиқ сифатини англатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |