Ёрга етар кун борму, ёронлар
Download 73 Kb.
|
ЁР
ЁРГА ЕТАР КУН БОРМУ, ЁРОНЛАР... Биз туркий тилнинг тилсимларини ўрганар эканмиз, ундаги айрим сўзлар қалбимизга чироқ ёққандай бўлади. Бу сўзларни тинглаганда тийнатимизга нур югургандай, фикратимизга бир шукуҳ ингандай бўлади. Шундай сўзлардан бири “ёр” сўзидир. Мумтоз адабиётимизда биз “ёр” сўзини кўп учратамиз. Бу сўз баъзида ошиқ ёки машуқа, баъзида дўст, баъзида эса худо маъносида келганини кўрамиз. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “ёр” форс тилидан ўзлашгани қайд этилган1. Аммо, ҳақиқатан ҳам шундайми? “Ёр” форсий сўзми ёки туркийми? Бунга аниқлик киритиш учун “ёр” лексемасини ўзак сўз ўрнида қабул қилиб, айни лексемадан ясалган бошқа сўзларни таҳлил қилиб кўрамиз. Инчунун, туркий сўзлар кичик ўзаклардан ясалади ва агглютинатив хусусиятига кўра сўзнинг ўзаклари бузилмайди. Аввало “ёр” сўзининг турли лаҳжалардаги талаффузига эътибор берсак. Бу сўз қарлуқ лаҳжасида “ёр”, ўғуз лаҳжасида “яр”, қипчоқ лаҳжасида жар шаклида талаффуз қилинади. Аммо шу жиҳатга эътибор бериш керакки, қарлуқ лаҳжасида, жумладан ўзбек тилида ҳам “ёр” ўзагидан ясалган айрим сўзлар “яр” шаклида ёзилади: яратган, ярқироқ. Бу ўзбек тили кирил алифбосига ўтгач рус тилидан ё товушининг ўзлашиши билан боғлиқлиги маълум. Ўғуз ва қипчоқ лаҳжаларида эса бундай фарқ йўқ. Ўғуз лаҳжасидаги яр ва қипчоқ лаҳжасида жар ўзаги ўзгармайди. Агар манбаларга қулоқ соладиган бўлсак “ёр(жар)” қадимги туркий анънавий диний эътиқодларда муқаддаслаштирилган сўзлар қаторида бўлган ва бу шимол халқларининг қуёшга ёки шимол ёғдусига сиғиниши билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Тангричилик динида Ёр тангрининг исмларидан бири бўлган. Кейинчалик, айни сўздан яратган(жаратқан), яратувчи(жаратучи) каби теонимлар пайдо бўлган. Озарбайжоннинг жанубий-шарқий қисмида Ярдамли деган бир шаҳар бор. Озарбайжоннинг буюк олими Аждар Фарзали бу шаҳар номинининг этимологияси хусусида тўхталар экан ярдамли қуёшга сиғинувчи оташпарастлар шаҳри маъносини беришини айтади. Шу ўринда, мумтоз адабиётимизда “ёр” нега Аллоҳ маъносида келишига яна эътибор қаратсак бўлади. Демак, “ёр” - ёруғлик таратувчи, яратувчи маъносида қўлланилган теоним бўлиши ҳам мумкин экан. Аслида, “ёр” лексемасининг теоним сифатида қўлланилиши янгилик эмас. Чунки юқорида айтганимиздек туркий халқлар адабиётида, айниқса тасаввуф шоирлари ижодида “ёр” энг кўп қўлланиладиган латиф сўзлардан биридир. Қолаверса, “ёр”нинг теоним хусусияти Оллоёр, Худоёр, Тангриёр каби исмларда ҳам яққол кўзга ташланади. Бу борада, ёрлақаш(жарлақаш) сўзи ҳам алоҳида ўрин тутади. Ёрлақаш тангрининг қўллаши, гуноҳларни авф этиши маъносини англатган. Хоқоним билан лашкарлар тортдик, тангри ёрлақасин!( Тўнюқуқ битиги). Ҳозирги кунда бу сўз Аллоҳ ёрлақасин ёки Худо ёрлақасин шаклида ҳам ишлатилади. Download 73 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling