Эроннинг марказий осиёдаги геосиёсий манфаатлари


Download 194.5 Kb.
bet1/2
Sana05.02.2023
Hajmi194.5 Kb.
#1168362
TuriДиплом
  1   2
Bog'liq
Эроннинг МО геосиёсий ман.


ЭРОННИНГ МАРКАЗИЙ ОСИЁДАГИ ГЕОСИЁСИЙ МАНФААТЛАРИ
Эрон қадимдан ўз маданиятини қўшни минтақаларга тарқатишга ҳаракат қилади. Буни “юмшоқ куч” сиёсати компонентларининг биридан фойдаланиш деб баҳолаш мумкин. ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, Эрон маданиятини тарқатиш ғоясига ислом инқилобини хорижий давлатларга экспорт қилиш ғояси ҳам қўшилди. Эрон ташқи сиёсати ва дипломатиясини амалга ошириш механизмида ўзига хослик мавжуд бўлиб, бунда мамлакат Олий раҳбари “юмшоқ куч” сиёсатини белгилаб беради ва президент эса халқаро майдонда оммавий дипломатияни амалга оширади. Ушбу мулоҳазанинг яққол далили сифатида 1997-2005 йиллари Эрон президенти Муҳаммад Хотамий илгари сурган ва мамлакатдаги консерватив доиралар томонидан кескин танқид қилинган “цивилизациялар мулоқоти” концепциясини зикр этиш мумкин1.
ХХ асрнинг 90-йиллари бошида Эрон маъмурлари эндигина мустақилликка эришган Марказий Осиё республикалари билан муносабатларни ўрнатаётганида савдо-иқтисодий алоқаларни
ривожлантиришга устуворлик беришга интилмаётганини очиқ намоён этди. Аммо минтақа давлатлари Эрон билан асосан молиявий-инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришга устуворлик бераётган эди. Расмий Теҳрон Марказий Осиё йўналишидаги ташқи сиёсатида энг самарали механизм бўлмиш “юмшоқ куч” сиёсатининг маданий ҳамкорлик элементига, хусусан, тарихий ва маданий умумийликка асосий урғуни қаратди. Эроннинг минтақага таъсирини кенгайтириш стратегиясида диний омил кўпроқ Эрон маданияти ва анъаналарини Марказий Осиё республикалари жамиятига олиб кириш учун восита сифатида хизмат қилди.
Эрон Марказий Осиё республикаларига нисбатан ташқи сиёсат концепциясини шакллантириш давомида минтақа давлатлари билан маданий ҳамкорликни ривожлантириш масалаласини чуқур таҳлил қилиб, истиқболда мазкур географик ҳудудда ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун ғоявий базис яратди.
Муайян объектив сабабларга кўра, Эрон томонидан илгари сурилган тарихий бирлик концепти Марказий Осиё давлатлари йўналишида етарли даражада амалга оширилмад2. Расмий Теҳрон томонидан мазкур стратегиянинг ишлаб чиқилиши Эрон минтақада узоқ муддат давомида амалга ошириладиган манфаатларни кўзлаганидан далолат қилади.
Марказий Осиё республикаларининг геостратегик нуфузи тобора ортиб борган сари минтақада расмий Теҳрон томонидан ўз миллий манфаатларини илгари суришни тақозо қилган. Эрон ўзининг изчил ташқи сиёсий концепциясини амалга ошириш йўлида Марказий Осиёда ўз сиёсий таъсирини кенгайтириш ва мустаҳкамлашга интилади. Ушбу стратегия Эрон томонидан Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистон йўналишларида изчил амалга оширилмоқда. Этномаданий яқинлик, шунингдек, минтақа аҳолисининг салмоқли қисми форсийзабон эканлиги Эронга Марказий Осиё республикаларига нисбатан “юмшоқ куч” сиёсатини кенг татбиқ этиши учун қулай имкониятлар яратади. Ҳозирда минтақа давлатларидан Қирғизистон маданият ва таълим соҳаларида Эрон билан изчил алоқаларни ривожлантирмоқда.
Эрон Марказий Осиё республикаларига нисбатан ташқи сиёсатини бир вақтнинг ўзида сиёсий, мафкуравий ва иқтисодий йўналишларда юрита бошлади. Маданий-маърифий соҳадаги ўзаро муносабатлар Марказий Осиё давлатларида форс тилини ўқитишга ихтисослаштирилган мактабларни очиш даражасида амалга оширилмоқда. Марказий Осиё республикаларида Эрон мактаблари дастлаб ХХ асрнинг 90-йиллари бошида очилди.
Расмий Теҳрон Марказий Осиё республикаларини Эрон маҳсулотлари учун қулай бозор сифатида баҳолайди. 1997 йили Эронда президентлик лавозимига Муҳаммад Хотамий сайланганидан сўнг Эроннинг Марказий Осиё республикаларига нисбатан ташқи сиёсати прагматизм тамойиллари асосида амалга оширила бошланди. Теҳрон маъмурияти Марказий Осиё республикаларига нисбатан юритилаётган ташқи сиёсатда оммавий дипломатиядан кенг фойдаланиб, ХХ аср 90-йиллари охиридан ушбу минтақа давлатлари билан савдо-иқтисодий ва инвестицион алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Ўз навбатида, мазкур минтақа республикалари Эроннинг темир йўл ва денгиз портлари каби транспорт йўлларидан транзит корридор сифатида фойдаланишдан манфаатдор. Бунда Эрон Марказий Осиёлик тадбиркорларни қўллаб-қувватлашни эмас, балки ушбу минтақада ўзининг иқтисодий манфаатларини илгари суришни кўзлаган. Теҳрон ҳукумати изчиллик билан эронлик тадбиркорларнинг минтақадаги фаолиятини қўллаб-қувватлайди ва Марказий Осиё республикаларини Эрон ишбилармон доиралари учун қулай сармоявий-инвестицион муҳит яратиб беришга чақиради.
Эроннинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан оммавий дипломатияси кенг қамровли бўлиб, узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган.
Расмий Теҳрон таълим инсонларнинг тафаккурига таъсир этувчи асосий омиллардан бири эканлигини инобатга олган ҳолда ўзининг “юмшоқ куч” сиёсатини амалга оширишга катта эътибор беради. Шу муносабат билан мазкур қадриятлар тизимига эга ижтимоий гуруҳни шакллантириш минтақада ўз манфаатларини мажбурлаш орқали эмас, балки ўзаро келишув асосида илгари суриш борасидаги давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Эрон мамлакат ташқи сиёсатини амалга ошириш доирасида Марказий Осиё республикаларининг таълим тизимига ўз таъсирини ўтказишга интилади.
Эрон Марказий Осиё республикаларига нисбатан “юмшоқ куч” сиёсатини амалга оширишда, мазкур республикаларнинг миллий манфаатларини қиёсий таҳлил қилиш асосидаги хулосаларига, шунингдек, минтақа ҳудудида яратилаётган таълим механизмлари орқали ўз миллий қадриятларини илгари суриш услубларини ўрганиш борасидаги тадқиқотларига таянади. Шу билан бирга, Эрон ташқи сиёсат маҳкамаси ўзининг таълим соҳасидаги фаолиятига Марказий Осиё давлатларидаги ҳукмрон доираларнинг радди-феълини доимий равишда ўрганиб боради.
Ушбу мулоҳазанинг далили сифатида истиқболда Марказий Осиёда Эроннинг иқтисодий нуфузини таъминлашга хизмат қиладиган форс тилини ўқитиш ва маданият марказлари ташкил этилаётганини зикр этиш мумкин. Экспертларнинг фикрига кўра, ушбу чора-тадбирлар Марказий Осиё республикаларини Эронга иқтисодий ва маданий ришталар орқали боғлаб олишга қаратилган.
Буларнинг барчаси ушбу минтақада Эрон манфаатларини илгари суришга хизмат қилувчи тамомила ўзгача платформани шакллантиришга йўналтирилган. Эрон минтақа мамлакатлари бозорларига жиддий қизиқиш билдираётганининг қўшимча далили сифатида расмий Теҳроннинг Марказий Осиёда ўз имиджини яхшилашга алоҳида эътибор қаратаётганлигини айтиш мумкин.
Қайд этмоқ жоизки 1992 йили Эронда Марказий Осиё ва Кавказ давлатларини тадқиқ этиш маркази таъсис этилган бўлиб, кейинчалик у ерда “Aмударё” ҳамда “Марказий Осиё ва Кавказ” журналлари чоп этилиши йўлга қўйилган3. Шу даврдан бошлаб, Эрон ва Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари ва нодавлат ташкилотлари томонидан маданий ҳамкорликни ривожлантириш борасида дастлабки ташаббуслар илгари сурила бошланди. Теҳрон Марказий Осиёда оммавий дипломатиясини амалга оширишда асосан маданий-цивилизацион элементларга таянади. Минтақа давлатларида Эрон оммавий дипломатиясининг маданият соҳасидаги ташаббусларини амалга оширишда Маданият ва ислом ишлари вазирлиги томонидан бошқариладиган Маданият ва исломий алоқалари ташкилоти муҳим роль ўйнайди4.
ХХ аср 90-йилларининг биринчи ярмида Эрон ҳукумати маданий ҳамкорлик борасида Қирғизистон (1993), Туркманистон (1996), Тожикистон (1993) ва Қозоғистон (1995) билан меморандумлар имзолади5. 1994 йилга келиб, минтақанинг барча давлатларида Эрон элчихоналари очилиб, улар сиёсий ва савдо-иқтисодий масалалар билан бир қаторда оммавий дипломатияни амалга ошириш, яъни маданият соҳасида ташаббусларни илгари суриш, илм-фан бўйича ҳамкорликни ривожлантириш билан шуғулланди6. 1996-1999 йиллар мобайнида минтақанинг барча давлатларида Маданият ва исломий алоқалар ташкилотига бўйсунувчи Эрон маданият марказлари очилди. Ушбу марказларнинг фаолияти турли маданий лойиҳаларни амалга оширишга қаратилди, хусусан: форс тилини ўргатиш, эронликлар ва минтақа халқлари учун умумий бўлган шоир ва мутафаккирлар шарафига тадбирлар ўтказиш, китоблар нашр этиш ва кутубхоналар ташкил этиш.
Ғарб давлатлари томонидан Эронга нисбатан халқаро санкцияларни жорий этилиши расмий Теҳронга Марказий Осиё республикалари билан барча йўналишлардаги алоқаларни фаоллаштириш ва янада кенгайтиришни тақозо этди. Бироқ Теҳрон ҳукумати минтақа давлатлари билан ўзаро муносабатларини расмий Москва, Пекин ва Вашингтоннинг Марказий Осиёдаги геосиёсий манфаатларини инобатга олган ҳолда амалга оширишга интилади.
Экспертларнинг нуқтаи назарича, Марказий Осиёда Эроннинг иқтисодий нуфузи ортиб боргани сари гипотетик минтақада шиа мазҳаби тарафдорларининг сони ошишига олиб келиши мумкин. Бу эса Эрон минтақада ўз манфаатларини илгари суришига муайян мураккабликлар яратади. Бошқа томондан Марказий Осиё республикаларида суннийлик мазҳаби тарафдорлари кўплиги ва узоқ тарихдан буён ушбу мазҳабда бўлиб келганлиги боис мазкур таҳдид бўрттирилган ҳолда кўрсатилади деб қайд этилади. Бундай шароитда расмий Теҳрон минтақада Эроннинг ижобий имиджини шакллантириш учун Марказий Осиё республикалари билан маданий-гуманитар алоқаларни тобора изчиллаштирмоқда. Шу каби мулоҳазалардан келиб чиқиб, Эрон раҳбарияти ХХ аср 90-йиллари ўртасидан мамлакат ташқи сиёсатида “ислом инқилоби экспорти” ғоясидан воз кечганини оммовий дипломатиядан мохирона фойдаланган ҳолда минтақа республикалари масъулларига турли расмий ва норасмий мулоқотлар мобайнида етказиб келмоқда7.
Исроиллик эксперт Д.Минешрининг фикрича, эронлик стратеглар ва сиёсий технологлар ташқи сиёсатни амалга оширишда расмий равишда “юмшоқ куч” услубидан фойдаланиши Эронда ХХ асрнинг 60-70-йилларидан бошланган. Шундан келиб чиқиб сиёсий технологлар Эроннинг мазкур стратегияси мамлакатда таҳсил олаётган кўп сонли талабалар ва ўқувчилар орқали яқин истиқболда ўзининг самарасини беради, деган мулоҳазани илгари сурмоқда.
Эрон ўз маданиятини Марказий Осиёда тарғиб қилиш, аҳоли ўртасида
мамлакатнинг ижобий имиджини шакллантириш учун минтақа республикаларида Эроннинг маданият ва тил ўқитиш марказларини яратиш орқали амалга оширишни режалаштирган. Мазкур стратегияни амалга оширишда Эроннинг “Саъдий” жамғармаси фаолияти алоҳида аҳамиятга молик.
“Саъдий” жамғармаси 2012 йилда Эрон ташқи сиёсатининг стратегик мақсадлари асосида ташкил қилинган бўлиб, хорижий мамлакатларда таълим, илмий тадқиқот, маданият ва медиа соҳасида фаолиятни ташкил қилиш орқали “юмшоқ куч” сиёсати ресурсларидан фойдаланишни кўзлаган8.
Эрон раҳбари А.Хоманеий томонидан мамлакатнинг “юмшоқ куч” сиёсатини амалга ошириш вазифаси Маданият ва ислом ишлари вазирлигига юклатилган. Шу ўринда қайд этиш жоизки, 1978 йилда Маданият ва санъат вазирлиги ҳамда Фан ва олий таълим вазирликларининг бирлашиши натижасида Маданият ва олий таълим вазирлиги ташкил этилган. Ахборот ва туризм вазирлиги эса 1979 йилда Миллий ишлар вазирлиги деб ўзгартирилган, кейинчалик унинг негизида Ислом ишлари вазирлиги тузилган. Кўп ўтмай, Маданият ва олий таълим вазирлиги функцияларининг бир қисми Ислом ишлари вазирлигига ўтказилган ва у 1981 йилдан Маданият ва ислом ишлари вазирлиги деб номлана бошланди9.
Шунингдек, 1994 йилда Маданият ва ислом ишлари вазирлиги ҳузурида Ислом маданияти ва алоқалари ташкилоти тузилиб, унинг ваколатхоналари Яқин Шарқ, Африка, Европа, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларида очилган. Мазкур ташкилотнинг зиммасига таълим, фан ва маданият, туризм, спорт соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, минтақавий ва халқаро конференциялар ҳамда фестивалларни мунтазам ўтказиб бориш юклатилган. Шунингдек, чет эллик ёшлар учун форс тили бўйича бепул ёзги ўқув курслари ташкил этиш ҳам мазкур ташкилотнинг зиммасида қолдирилган10. Бу эса, ўз навбатида, Эрон томонидан амалга ошириладиган “юмшоқ куч” сиёсатининг элементларидан бири ҳисобланади.
“Юмшоқ куч” концепцияси механизмларидан фаол фойдаланиш мақсадида Эрон Ташқи ишлар вазирлигида маданий-гуманитар алоқаларни мувофиқлаштириш ва амалга ошириш бўлими ташкил этилган. Шунга асосланиб, ХХ асрнинг 90-йилларида Марказий ва Жанубий Осиё ҳамда Яқин Шарқ мамлакатларида Эроннинг оммавий дипломатиясини амалга ошириш билан шуғулланадиган Эрон маданий ва маърифий марказлари ташкил этилган.
Хусусан, Эроннинг оммавий дипломатиясини Марказий Осиёда амалга ошириш учун ХХ асрнинг 90-йилларидан Тожикистон асосий майдонга айланди. Бунга тожик ва эрон миллатларининг маданий ва лисоний муштараклиги асосий омил бўлди. Икки давлат раҳбарлари ўртасида олий даражадаги ташрифлар давомида маданий ва иқтисодий соҳаларда имзоланган бир қанча шартномалар бунга қўшимча омил бўлди. Ушбу мулоҳазанинг далили сифатида мазкур давр мобайнида Тожикистонда эронлик ҳамкорлари билан ўтказилган турли хил маданий, маърифий тадбирлар ва илмий анжуманларни зикр этиш мумкин11.
Теҳрон ҳукумати томонидан Тожикистонда Эрон маданияти маркази, Тожик-форс маданиятини тадқиқ этиш институти, форс тили ва адабиётига оид манбалар сақланадиган кутубхоналар ҳамда етакчи олий таълим муассасаларида форс тили факультетлари ташкил этилди, шунингдек, “Пайванд” илмий-оммабоп журналини таъсис этиш ва турли оммавий ахборот воситаларида Эроннинг моддий-маданий мероси, қадриятларини тарғиб қилиш орқали мамлакат ташқи сиёсий мақсадларига хизмат қилувчи илмий мақолалар чоп этиш ишлари молиялаштирилди.
Шу билан бирга, Эрон томони Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистон олимларини қўллаб-қувватлаш ва малакасини ошириш, мазкур давлатларнинг ёшларини мамлакат олий таълим муассасаларига кенг жалб қилиш ишларини фаоллаштирди12.
Эроннинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан ташқи сиёсати таҳлил қилинар экан, экспертлар томонидан ўзаро алоқалардаги “мафкуравий омил” масаласини инобатга олиш кераклиги ва бу мавзу ҳанузгача турли доираларда таҳдид уйғотиши таъкидланади. 2015 йил декабрь ойи охирида Тожикистондаги фаолияти ман қилинган Ислом тикланиш партияси раҳбари расмий равишда Теҳронга таклиф этилгани учун Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Эрон томонига ўз норозилигини билдирди.
Кейинги йиллар мобайнида Тожикистон томони Эроннинг бундай фаолиятига кескин қаршилик кўрсатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини изчиллаштирди. Хусусан, Эроннинг Тожикистондаги барча маданият ва таълим марказлари, шу жумладан, Имом Хумайни номидаги “Имдод” ёрдам кўрсатиш қўмитасининг фаолияти тугатилди. Бундан ташқари Тожикистоннинг давлат тасарруфидаги оммавий ахборот воситаларида Эронга қарши фаол ташвиқот ишлари юритила бошланди. Ушбу мулоҳазанинг далили сифатида Тожикистондаги қуролланган диний-экстремистик кучларнинг фаолияти Эрон томонидан молиялаштирилганини кўрсатувчи xужжатли фильм 2017 йилда марказий телевидения орқали намойиш этилганлигини зикр этиш мумкин. Мазкур давр икки давлат ўртасидаги муносабатларда кузатилган бундай салбий тенденция Эроннинг Тожикистондаги оммавий дипломатиясининг қамровини торайтирди.
Мазкур тенденциянинг таъсирида расмий Душанбе Эрондаги диний таълим муассасаларида таҳсил олаётган тожикистонлик талабаларнинг ўқишини бошқа университетлардаги Тожикистон иқтисодиёти учун муҳим мутахассисликларга кўчириш борасида мурожаат қилди. Тожикистон Парламентининг собиқ спикери Ш.Зухуровнинг сўзларига кўра, “ҳозирда Тожикистонда муллаларга қараганда муҳандис, шифокор, ҳуқуқшунос ва бошқа юқори малакали мутахассисларга эҳтиёж юқори”13. Шунингдек, Тожикистон аҳолиси орасида диний-экстремистик кайфиятлар кучайгани кузатилгани боис маданий-маърифий, айниқса диний таълим соҳасида Теҳрон билан алоқани чеклашга интилмоқда.
Қирғизистон ва Эрон ўртасидаги ўзаро муносабатлар 1992 йилда, икки давлат ўртасида ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатилган даврдан бошланади14. 2017 йилдан Эрон ва Қирғизистон ўртасидаги алоқаларнинг фаол ривожланиши қайд этилмоқда. Қирғизистон ва Эрон таълим муассасалари ўртасида ўзаро талабалар билан алмашиш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, беғараз таълим грантларини тақдим этиш механизми ишга туширилган, шунингдек, қирғизистонлик ўқитувчиларнинг малакасини ошириш курслари ва ёшларга форс тилини чуқур ўргатиш марказлари очилган. Бу каби ўқув курслари Эрон маданият маркази томонидан Бишкек гуманитар университетида ташкил этилган.
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик академияси тадқиқотчиси С.А.Мутовнинг нуқтаи назарича, “Эрон-Қирғизистон алоқалари динамикасида ижобийлик кузатилмаган ва Теҳроннинг ушбу давлатдаги оммавий дипломатияси таъсири ва қамрови жиҳатидан Россия, Хитой, Туркиянинг бу каби фаолиятидан сезиларли орқада қолади”15. Шу билан бирга, Марказий Осиё бўйича экспертлар Қирғизистон ва Эрон ўртасидаги муносабатларда охирги йиллар сезиларли даражада ривожланиш тенденциялари кузатилаётганини қайд этмоқда. Эрон ўзининг маданият ва таълим соҳасидаги имкониятлари билан Қирғизистондаги муҳим омилга айланди. Эроннинг Қирғизистондаги турли хил маданият ва таълим марказлари расмий Теҳрон “юмшоқ кучи”нинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Эрон ташқи сиёсатининг “юмшоқ куч” ресурслари Қирғизистоннинг маданият ва таълим соҳасига сафарбар этилган. Эроннинг Бишкекдаги элчихонаси ҳузурида фаолият юритувчи Эрон маданият маркази “юмшоқ куч”ни амалга оширишда муҳим ўрин тутади. Эрон Ислом инқилоби ғалабасининг 40 йиллиги муносабати билан Бишкек шаҳрида Эрон киноси ҳафталиги ўтказилгани икки давлат ўртасидаги алоқаларга янги импульс берди16.
Бугунги кунда Қирғизистоннинг етакчи олий таълим муассасаларида, хусусан, Бишкек гуманитар университети, Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик академияси, Қирғизистон-Россия Славян университетида Эрон маданият марказлари очилган. Эрон ушбу марказларни зарур моддий-техник воситалари ва ўқув адабиётлари билан таъминлаб боради. Шунингдек, Эроннинг Қирғизистондаги элчихонаси ислом динига оид фундаментал асарларни қирғиз тилига таржима қилиш ишларини молиялаштиради17.
Ўзбекистон ва Эрон ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик асрлар давомида шаклланиб келган. Эрон Ўзбекистонга нисбатан лисоний, маданият ва дин орқали “юмшоқ” таъсир кўрсатишга интилди. Эрондаги ислом инқилоби идеологларидан бири ва Олий раҳбар Руҳуллоҳ Хумайнийнинг яқин сафдоши оятуллоҳ Абдулкарим Мусавий Ардабилий бошчилигидаги Эрон ҳукумати делегациясининг 1991 йили Ўзбекистонга ташрифи натижасида мамлакатимизда мустақилликдан сўнг илк бора Самарқанд ва Бухоро ҳудудларида шиа масжидлари ташкил этилди18. Дастлаб маданий алоқалар икки давлат ўртасида жадал ривожлана бошлади. Тошкентда Эрон маданияти, тарихи ва турмуш тарзига бағишланган илк кўргазмалар ташкил этилди, кино, театр ва телевидение арбобларининг ўзаро ҳамкорлиги бошланди. Бироқ маданий соҳада бошланган алоқалар Ўзбекистон ҳукумати томонидан Эрондан ислом фундаментализми ғоялари мазкур йўллар орқали кириб келишидан хавфсираб тўхтатилди.
Шундай бўлсада, маданий ҳамкорлик бўйича айрим лойиҳалар амалга оширилиб келинди ва бу Ўзбекистон халқига Эрон ҳаёти билан яқиндан танишиш имконини бермоқда. Эрон томонидан Ўзбекистонда эроншунослик хоналари ва кутубхоналари ташкил этилди. Ҳозирда Ўзбекистонда 17 та эроншунослик бўлими мавжуд. Улар Тошкент давлат Шарқшунослик университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд чет тиллар институти ва бошқа бир қатор олий ўқув юртлари қошида фаолият юритади.
Бугунги кунда ўзбек ва эрон халқлари замонавий маданиятини тарғиб этишда ҳамкорлик кенгайиб боряпганини кўришимиз мумкин. Жумладан, эронлик маданият вакиллари Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро фестивалларда доимий равишда иштирок этиб келишади. Хусусан, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ва Мақом халқаро фестивалидаги эронликлик санъаткорларнинг иштирокларини алоҳида қайд этиш жоиз. Шунингдек, Эрон тарихи, форс тили ва адабиёти, маданияти ва турмуш тарзини тарғиб қилувчи “Ибн Сино” журнали ҳамда Самарқанд шаҳрида форс тили ўқитиш марказининг фаолият олиб борганлиги расмий Теҳроннинг Ўзбекистонга нисбатан қўллаган “юмшоқ кучи” сифатида баҳо беришимиз мумкин.
АҚШ ва Европа давлатлари санкциялари натижасида Эроннинг иқтисодий ресурслари чекланиб қолганлиги сабабли Теҳрон Марказий Осиёда ўзининг оммавий дипломатиясини фаол амалга ошира олмади. Шу боис айрим экспертлар Эроннинг Марказий Осиё давлатларига маданий ва диний таъсири таҳдидларини бўрттирилган, деб баҳолайдилар.
Юқорида зикр этилганлардан келиб чиқиб қуйидагиларни қайд этиш мумкин:
Эроннинг Марказий Осиё республикаларига нисбатан “юмшоқ куч” сиёсати этномаданий ресурсларга таянади. Эрон сиёсий тизимининг диний моҳияти доим Марказий Осиё республикаларини хавотирга солиб келган. Бу ўз навбатида, Эроннинг “юмшоқ куч” сиёсати учун ўзига хос тўсиқ вазифасини ўтаган. Минтақа давлатларида Эроннинг маданият соҳасидаги турли ташаббусларига нисбатан эҳтиёткорлик сақланиб қолмоқда.
Эрон халқаро санкциялар сиёсати остида қолаётгани Теҳрондан янги минтақавий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлашни тақозо этмоқда. Шу боис ХХ асрнинг 90-йилларида бўлгани каби Теҳрон мамлакат ташқи сиёсатида Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларни янада изчиллаштириш ва бунда Эрон оммавий дипломатиясининг ресурсларидан кенг фойдаланиш орқали миллий манфаатларини илгари суриш муҳим аҳамият касб этади. Охирги пайтлар Эрон Қирғизистонга нисбатан оммавий дипломатияни фаоллаштириб, расмий Бишкекнинг Эронга нисбатан ташқи сиёсатида муайян ижобийликни шакллантира олганини юқоридаги фикрнинг далили сифатида келтириш мумкин.
Экспертларнинг фикрича, Эрон, Тожикистон ва Афғонистон халқлари ўртасидаги этномаданий, лисоний ва диний умумийлик мазкур давлатларга нисбатан Теҳрон амалга оширган “юмшоқ куч” сиёсати эронликлар кутган натижаларни бермади. Шу боис Эрон билан савдо-иқтисодий ва молиявийинвестицион алоқаларни ривожлантириш Марказий Осиё республикаларида шиа мазҳаби тарафдорлари сони ошишига ва Теҳроннинг минтақадаги сиёсий нуфузи тобора мустаҳкамланишига сабаб бўлади деган мулоҳазалар эҳтимолдан йироқ деб баҳоланмоқда.
Ўз навбатида, Марказий Осиё республикалари Эрон билан турли соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш халқаро майдондаги ҳозирги шароитда уларнинг АҚШ ва Ғарб давлатлари билан муносабатларига жиддий таъсир қилиши мумкинлигини англамоқдалар. Бироқ айни пайтда Европа давлатлари Россия билан энергетика соҳасидаги сиёсий қарамақаршиликлари натижасида Эрон нефтини харид қилиш учун расмий Теҳрон билан турли расмий ва норасмий мулоқотларни олиб бораётган шароитда Марказий Осиё республикаларининг Эрон билан муносабатлари яқин истиқболда изчиллаши мумкин, деб баҳоланмоқда.
Эроннинг маданий ва цивилизациявий мероси ҳисобга олинадиган бўлса, давлат Ҳиндистон субминтақасидан тортиб Форс кўрфазигача бўлган барча мамлакатларга нисбатан “юмшоқ куч”дан фойдаланиш учун катта имкониятларга эга. Анъаналар, байрамлар, халқ ҳунармандчилиги, форс тили Эронни кўплаб халқлар билан боғлаб, мулоқот ўрнатиш ва замонавий Эрон маданиятини ёйиш имкониятини яратмоқда. Эрон “юмшоқ ресурслар”ни тўғри йўналтиришда ёрдам берадиган улкан воситалар мажмуига эга бўлиб, бу эса пировардида ташқи сиёсий мақсадларига эришишини таъминлайди.
Эрон-форс маданияти минтақавий даражада Эрон юмшоқ кучини илгари суришда катта аҳамиятга эга. 2005 йилда Эрон давлатнинг ташқи сиёсатига янада самаралироқ хизмат қилиш учун ўз ихтиёридаги барча юмшоқ куч ва воситалардан фойдаланишга ҳаракат қилди. Бу ишни у юмшоқ кучдан фойдаланишнинг аниқ сиёсатини ўз ичига олган ягона стратегиянинг бир қисми сифатида мамлакатнинг асосий миллий стратегияси контекстида амалга оширди. Ўша йилнинг ўзида ҳукумат “Эроннинг йигирма йиллик стратегияси”ни (2005–2025) ишлаб чиқди.
Эроннинг маданий-маърифий дипломатиясига давлат томонидан катта маблағ сарфланади. Сўнгги пайтларда Эрон халқаро майдонда маданиймаърифий сиёсатни амалга оширишда мослашувчан стратегияга амал қилмоқда ҳамда баъзи мамлакатларда Эроннинг маданий-маърифий сиёсатига нисбатан салбий муносабат келтириб чиқараётгани сабабли диний ва мафкуравий масалаларга кўп эътибор қаратмасликка ҳаракат қилмоқда. Теҳрон турли мамлакатлар билан фан ва таълим соҳасидаги алоқаларни жадалроқ ривожлантирмоқда, чет эллик талабалар сонини оширмоқда, уларнинг сони ўртача 35 мингга яқин.
Эрон маданий дипломатияга жуда катта эътибор бермоқда. Буни Ислом маданияти ва алоқалари ташкилоти турли мамлакатларда амалга ошираётган Эрон маданияти, киноси, мусиқаси, илм-фан ва тилини оммалаштиришга қаратилган фаолият мисолида ҳам кўриш мумкин. Эрон университетлари фаолиятини байналмилаллаштириш бўйича эълон қилинган ташаббус натижасида халқаро таълим алмашинувларининг роли ортиб бормоқда. Чет элликлар учун мафкура ва динга урғу бермасдан, илм-фан ютуқларини фаол ёритиш орқали мослашувчан таълим стратегиясини ишлаб чиқиш орқали Эрон таълим ва илм-фани халқаро майдонда анча рақобатбардош бўлиши мумкин, ушбу мамлакатнинг халқ дипломатияси борасидаги салоҳияти эса анча мустаҳкамланади.
Эрон ички ва ташқи сиёсатининг ўзаги ислом динидир. АҚШ босимига қаршилик кўрсатиш, иқтисодий ва сиёсий санкцияларга бардош бериш, Ғарбга очиқ қаршилик сиёсати кўплаб учинчи дунё давлатларининг ҳамдардлигини уйғотмоқда. Бу ҳолат Эронни кичик давлатларга яқинлашиш имконини яратиб, уларнинг қўллаб-қувватлаш марказига айлантиради. Ғарб дунёси агрессиясининг “қурбони” мақомини Эрон ўзининг “юмшоқ кучи”га айлантира олди. “Соф” исломни ўзининг энг қаттиқ талқинида тарғиб қилиш, шариатга қатъий амал қилиш Эрон “юмшоқ куч”ининг энг муҳим омиллари сифатида намоён бўлди.
Эрон халқаро санкциялар сиёсати остида қолаётгани Теҳрондан янги минтақавий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлашни тақозо этмоқда. Шу боис ХХ асрнинг 90-йилларида бўлгани каби Теҳрон мамлакат ташқи сиёсатида Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларни янада изчиллаштириш ва бунда Эрон оммавий дипломатиясининг ресурсларидан кенг фойдаланиш орқали миллий манфаатларини илгари суриш муҳим аҳамият касб этади. Эроннинг Марказий Осиё республикаларига нисбатан “юмшоқ куч” сиёсати этномаданий ресурсларга таянади. Эрон сиёсий тизимининг диний моҳияти доим Марказий Осиё республикаларини хавотирга солиб келган. Бу ўз навбатида, Эроннинг “юмшоқ куч” сиёсати учун ўзига хос тўсиқ вазифасини ўтаган. Минтақа давлатларида Эроннинг маданият соҳасидаги турли ташаббусларига нисбатан эҳтиёткорлик сақланиб қолмоқда. Охирги пайтлар Эрон Қирғизистонга нисбатан оммавий дипломатияни фаоллаштириб, расмий Бишкекнинг Эронга нисбатан ташқи сиёсатида муайян ижобийликни шакллантира олганини юқоридаги фикрнинг далили сифатида келтириш мумкин.

Download 194.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling