Фалсафа жамиятнинг фалсафий таҳлили
Download 87.38 Kb.
|
Жамиятнинг фалсафий тахлили (2)
- Bu sahifa navigatsiya:
- Жамиятнинг вужудга келишига доир қарашлар.
- Жамиятнинг келиб чиқишини илмий тавсифлаш борасидаги қарашлар.
П.А.Сорокин (1889-1968). Таниқли файласуф П.А.Сорокин тарих фалсафасининг ривожланишига кучли таъсир кўрсатди. У жамиятга индивидлар ва ижтимоий гуруҳларнинг ўз эҳтиёжларини қондиришга қаратилган фаолияти билан белгиланадиган бир-бири ва жамият билан ўзаро муносабатлари натижасида вужудга келадиган интеграл яхлитлик сифатида қараган. П.А.Сорокин жамиятни горизонтал, вертикал йўналишларда ва флуктуация (тебраниш) тарзида мураккаб ҳаракатда бўлган ижтимоий-маданий тизимларнинг ранг-баранглигини тан олиш нуқтаи назаридан тавсифлаган. П.А.Сорокин социологиясида ўтмиш ва ҳозирги социология фанининг муҳим ғоялари уйғун бирликда жамланган ва ифодаланган.
Жамиятнинг вужудга келишига доир қарашлар. Жамиятнинг вужудга келиши ҳақида аждодларимиз ҳаётининг археологлар топган ва одамларнинг кўплаб авлодлари босиб ўтган мураккаб ва фожиаларга тўла тарихий йўлдан далолат берадиган изларга қараб хулоса чиқариш мумкин. Шунга қарамай инсон ва жамият келиб чиқишининг тўлиқ манзараси фанда ҳанузгача яратилмаган. Жамият келиб чиқишининг диний талқини ҳам (у ўз мифологиясини ҳақиқат деб тан олишни талаб қилади), идеалистик концепция (ўзининг спекулятивлиги туфайли) ва материализм (илмий далиллар етарли эмаслиги боис) ҳам асосли эътирозлар уйғотади. Кант материализмдан инсон руҳининг табиатини тушунтирувчи тамойил сифатида фойдаланиш ҳеч қачон мумкин эмас, деганида, маълум маънода ҳақ эди. Аммо, далилий маълумотлар озлигига қарамай, биз жамиятнинг вужудга келиш манзарасини анча аниқ яратиш имконини берадиган илмий далилларга ишонч билан қараш лозим, деб ҳисоблаймиз. Жамиятнинг келиб чиқишини илмий тавсифлаш борасидаги қарашлар. Бундай қарашлар меҳнат ва меҳнат қуроллари марксча назарияси доирасида амалга оширилган. Бу назарияга кўра меҳнат, сўнгра бурро нутқ инсон жамиятини яратган. Инсон ҳаётида меҳнат қуролларининг аҳамиятини рад этмаган ҳолда, бу фаразни тасдиқловчи аниқ илмий далилларга дуч келмадик. З.Фрейд инсон виждонини унинг келиб чиқиш манбаи деб ҳисоблаган. Этнографик тадқиқотлар бу фаразни умуман тасдиқламайди. Й.Хейзинга ўйин ва ўйин фаолиятига маданиятнинг инсонни шакллантирувчи асосий тамойил сифатида қарайди. Эрнст Кассирер (1875-1945) илгари сурган фаразга кўра, символик шакллар, яъни инсон ва унинг онги пайдо бўлишини белгилаган рамзлар ва белгилар маданиятнинг турли шаклларини бирлаштирувчи олий ва универсал тамойил ҳисобланади. Кассирер фикрига кўра, қадимги аждодларимиз уларнинг яшаб қолишини таъминловчи етарли табиий кучга эга бўлмаган. Инсон ўзининг ҳайвонлар хулқ-атворини кузатиш ва уларга тақлид қилиш қобилияти билан яшаб қолиш имкониятини қўлга киритган. Ўз навбатида тақлидга асосланган хулқ-атвор рамзий белгилар, кейинчалик эса нутқ вужудга келишига асос бўлган. Тўпланган тажрибани белгилар тизимида қайд этиш ва авлоддан-авлодга ўтказиш қобилиятининг шаклланиши ҳайвонлар тўдаси кишилик ҳамжамиятига айланишининг муҳим омили бўлган деб тахмин қилиш мумкин. Бундай қобилиятга ҳайвонларнинг бирон-бир тури эга эмас. Намойиш этиш, ўрнак кўрсатиш, тақиқлар ва чеклашлар тизими мулоқотнинг нафақат новербал, балки аста-секин шаклланган вербал воситаларида ҳам ўз ифодасини топган. Мулоқот меҳнат кўникмаларини мустаҳкамлаш, овқат топиш ва унга ишлов беришни тартибга келтириш, ўз жамоа ҳаракатларини мувофиқлаштириш имконини берган. Этнографик маълумотлар тажрибани авлоддан-авлодга ўтказиш ва жамоа фаолияти кўникмаларини шакллантириш шакли сифатида ўйин улкан аҳамият касб этганидан далолат беради. Маълум тақиқлар орасида овқатга доир хулқ-атвор билан боғлиқ тақиқлар, шунингдек сексуал чеклашлар, аввало яқин қариндошлар жинсий алоқага киришиши – инцестнинг тақиқланиши айниқса ажралиб туради. Улар инсоният келажаги учун оламшумул аҳамият касб этган. Зеро тартибсиз жинсий алоқалар наслнинг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган. Аслида, олинган тажриба яқин қариндошлар ўртасида никоҳнинг тақиқланишига сабаб бўлган. Бу никоҳ алоқалари тизимини тартибга солиш, уларни қатъий қайд этиш, аёллар, қизлар, сингилларни айирбошлаш, сўнгра бу билан ўхшашлик бўйича – озиқ-овқат, буюмлар, сўз-белгилар айирбошлашни йўлга қўйиш имконини берган. Мазкур жараёнлар одамлар ўртасида мулоқот, муносабатлар ва хулқ-атвор меъёрлари ўрнатилиши ва уларга риоя этиш зарурлиги англаб етилишига туртки бўлган. Меъёрларнинг мустаҳкамланишига мифологик ва илк диний тасаввурлар ҳамда тақиқлар тизими кўмаклашган. Жамоадан ташқарида яшаб қолиш имконияти мавжуд эмаслигини англаган жамоанинг ҳар бир аъзоси унда ўрнатилган кундалик хулқ-атвор меъёрларига риоя қилган. Шундай қилиб, жамият ишлаб чиқариш ва кўпайиш эҳтиёжлари билан белгиланган одатлар, меъёрлар ва қадриятлар билан тартибга солинадиган одамларнинг биргаликдаги фаолияти ва уларнинг ўртасидаги ўзаро муносабатлар тизими сифатида вужудга келган. Меъёрлар инсон ҳаёт фаолиятининг барча соҳаларига нисбатан татбиқ этилади, ҳамда маданият ва цивилизация вужудга келишига замин ҳозирлайди. Жамиятда қандай ўзгаришлар юз бермасин, у одамзот билан бирга вужудга келган мазкур муҳим таркибий элементларни сақлаб қолади. Download 87.38 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling