7-расм. Бир камерали мавҳум қайнаш қатламли қуриткич:
1- бункер қурилмаси; 2- таъминлагич; 3- газ тарқатувчи тўр; 4- қуритиш камераси; 5- аралаштириш камераси; 6- вентилятор; 7-қуритилган материал чиқадиган штуцер; 8- транспортёр; 9- циклон; 10-чанг ушлагич.
Узлуксиз ишлайдиган битта камерали қуриткичлар кенг тарқалган. Нам материал бункердан таъминлагич орқали қуриткич камерасига берилади (7-расм).
Камеранинг пастки қисмида тарқатувчи тўр жойлаштирилган. Ҳаво вентилятор орқали аралаштириш камерасига берилади ва бу ерда иссиқ тутунли газлар билан аралашади. Қуритувчи агент (иссиқ ҳаво ёки ҳавонинг тутунли газлар билан аралашмаси) маълум тезлик билан тўрнинг пастидан берилади. Ҳаво оқими таъсирида қаттиқ материал доначалари мавҳум қайнаш ҳолатига келтирилади. Қуритилган материал тўрдан бир оз тепада жойлашган штуцер орқали ташқарига чиқарилади ва транспортёрга тушади. Ишлатилган газлар циклон ва батареяли чанг ушлагичда тозаланади.
Цилиндрсимон корпусли қуриткичларда баъзан қуритиш жараёни бир меъёрда бормайди, чунки қатламда интенсив аралаштириш мавжуд бўлганлиги сабабли айрим заррачаларнинг аппаратда бўлиш вақти ўртача қийматдан анча фарқ қилади. Шу сабабли ўзгарувчан кесимли (масалан, конуссимон) қуриткичлардан фойдаланилади. Бундай конуссимон аппаратнинг пастки қисмида газнинг ҳаракатланиш тезлиги энг катта заррачанинг чўкиш тезлигидан катта, тепа қисмида эса энг кичик заррачанинг чўкиш тезлигидан кам бўлади. Бундай ҳолатда қаттиқ заррачаларнинг нисбатан тартибли циркуляцияси мавжуд бўлиб, заррачалар аппаратнинг марказий қисмида кўтарилади, унинг чекка қисмларида эса пастга қараб тушади. Натижада материал бир меъёрда исийди ва камеранинг иш баландлиги камаяди.
Do'stlaringiz bilan baham: |