Фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузиш жараёнида зўрлик ишлатиш деганда, калтаклаш, дўппослаш, баданга енгил ёки ўртача оғир шикаст етказиш тушунилиши лозим. Мазкур оқибатлар келиб чиқиши билан қилмишни шахсга қарши жиноятларни назарда тутадиган моддалар бўйича қўшимча квалификация қилишга эҳтиёж қолмайди.
7. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади.
8. Жиноят субъекти 16 ёшга тўлган ҳар қандай шахс бўлиши мумкин.
9. Жиноят мансабдор шахс томонидан ўз хизмат ваколатларидан фойдаланиб содир қилинган ҳолларда ёки ЖК 141-моддаси 1-қисми диспозициясида назарда тутилган ҳаракатларни содир этганда, иш ҳолатларидан келиб чиқиб, айбдорнинг ҳаракатларини жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 141-моддаси ва тегишлича ЖК 205-моддаси ёки 206-моддаси бўйича квалификация қилиш лозим.
142 - м о д д а. Фуқароларнинг турар жойи
дахлсизлигини бузиш
Турар жойга унда яшовчиларнинг эркига хилоф равишда зўрлик ишлатиб ғайриқонуний бостириб кириш -
уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Турар жой дахлсизлиги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланади, яъни Конституциянинг 27-моддасида, ҳеч ким қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши мумкин эмас, деб қайд этилган. ЖК 142-моддаси Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пактга ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига тўла мос келади. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пактнинг 17-моддасида ҳеч кимнинг уй-жой дахлсизлигига ноқонуний тарзда тажовуз қилиш мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.
2. Жиноят объекти фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган турар жой дахлсизлиги ҳуқуқи ҳисобланади.
3. Жиноятнинг объектив томони турар жойга унда яшовчиларнинг эркига хилоф равишда зўрлик ишлатиб ғайриқонуний бостириб киришда ифодаланади.
4. Ғайриқонуний бостириб кириш деганда, айбдорнинг бировнинг уй-жойига, турар жой эгасининг рухсатисиз киришга ҳуқуқи бўлмаган ҳолда, ўзбошимчалик билан бостириб киришига қаратилган ҳар хил ҳаракатларни тушуниш керак.
5. Турар жойга унда яшовчиларнинг эркига хилоф равишда зўрлик ишлатиб, ғайриқонуний бостириб кириш билан боғлиқ бўлган ҳолатда содир этилган қилмиш ЖК 142-моддаси бўйича жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Ғайриқонуний бостириб кириш зўрлик ишлатмасдан содир этилган ҳолатда айбдорнинг ҳаракатлари жиноий жазога тортилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |