Махсус қисм б и р и н ч и б ў л и м шахсга қарши жиноятлар I боб. ҲАётга қарши жиноятлар 97 м о д д а. Қасддан одам ўлдириш


Download 1.53 Mb.
bet32/277
Sana13.11.2023
Hajmi1.53 Mb.
#1771718
1   ...   28   29   30   31   32   33   34   35   ...   277
Bog'liq
jinoyat kodeksiga sharx maxsus qism qo`l bola

Руҳий зўрлик ишлатиш деганда, жисмоний зўрлик ишлатиш билан қўрқитишни, аёлнинг ўзи сир сақлашни афзал кўрадиган маълумотларни тарқатиш, мол-мулкни нобуд қилиш билан қўрқитиш ва ҳоказоларни тушуниш керак.
4. Айбдор аёлни ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитган ҳолатларда, унинг ҳаракатларини ЖК 112-моддаси бўйича қўшимча квалификация қилишга эҳтиёж қолмайди.
5. Аёлни ўғирлаш уни мажбурлашнинг ўзига хос кўриниши бўлиб, уни олиб қочишда, бирор-бир транспорт воситасида олиб қочишда, муайян жойда жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиб сақлашда ёки унинг эркига хилоф равишда у билан никоҳга ки­риш учун алдашда ёхуд аёлнинг никоҳга киришига тўсқинлик қилишда ифодаланади.
6. Агар аёлнинг ўғирланиши у билан никоҳга кириш учун урф-одат тусига киритилган бўлса, яъни аёл ўғирлангунга қадар бу ишга унинг розилиги олинган бўлса, ЖК 136-моддаси бўйича жавобгарлик истисно этилади.
7. Ўғирланган қиз ўн олти ёшга тўлмаган бўлса ва айбдор унинг розилиги билан жинсий алоқага кирса, ёки жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондирган ҳолатларда, айбдорнинг ҳа­ракатлари жиноятлар мажмуи бўйича ЖК 136 ва 128-моддаларига кўра квалификация қилинади.
Бундай квалификация қилишнинг зарурий шарти – айбдор жабрланувчининг ўн олти ёшга кирмаганлигини илгаридан билишидир. Агар у жабрланувчининг ёшига нисбатан янглишган бўлса, унда фақат ЖК 136-моддаси бўйича жавобгар­лик келиб чиқади.
8. Субъектив томондан жиноят била туриб, тўғри қасддан содир этилади.
9. Жиноят субъекти 16 ёшга тўлган шахс ҳисобланади.
137 - м о д д а. Одам ўғирлаш
Ушбу Кодекснинг 245-моддасида назарда тутилган аломат­лар мавжуд бўлмаган ҳолда одам ўғирлаш -
уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазо­ланади.
Ўша ҳаракат:
а) вояга етмаган шахсга нисбатан;
б) ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
г) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этил­ган бўлса, – беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш би­лан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;
б) оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган жиноятнинг объекти инсоннинг шахсий эр­кинлиги, яъни қаерда бўлишни танлаш эркинлиги ҳисобланади.
2.  Объектив томондан жиноят ЖК 245-моддасида назарда ту­тилган аломатлар мавжуд бўлмаган ҳолда одам ўғирлашда ифодаланади.
3.  Одам ўғирлаш деганда, яширин, ошкора, алдов йўли би­лан ёки ишончни суиистеъмол қилиб ёхуд бошқа усулда уни шах­сий эркинлигидан маҳрум этиш (масалан, бир жойдан иккинчи жойга кўчириш, муайян бир жойда зўрлик билан сақлаш ва ҳоказолар) тушунилади.
4. Ўғирлаш усуллари жиноятни квалификация қилишга таъсир этмайди.
5. Одам ўғирлаганда унга нисбатан жисмоний ёхуд руҳий зўрлаш ишлатилиши мумкин.
6. (Жисмоний ёхуд руҳий зўрлик ишлатиш ҳақида ЖК 136-мод­дасининг шарҳига қаранг).
7. Одамни унинг шахсий эркинлигидан маҳрум қилиш вақти­дан бошлаб жиноят тугалланган ҳисобланади.
8. Агар болани ўғирлаш уни алмаштириш билан боғлиқ бўлса, айбдорнинг ҳаракатларини жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 124-моддаси ва 136-моддасининг 2-қисми бўйича квалифика­ция қилиш лозим.
9. Гаровга олиш мақсадида, одамни қўлга киритиш одам ўғирлаш йўли билан содир этилганда, айбдорнинг ҳаракатларини бошқа муқаррар белгилар мавжудлиги ҳолатларида фақат ЖК 245-моддаси бўйича квалификация қилиш зарур (ЖК 245-модда­сининг шарҳига қаранг).
10. Одамни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда ўғирлашни ЖК 137-моддаси 2-қисмининг “б” банди бўйича квалификация қилиш керак. (Ғаразли ёки бошқа паст ниятлар тушунчалари тўғрисида ЖК 97-моддаси ва 133-моддасининг шарҳига қаранг).
11. Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бирикти­риб одам ўғирлашни ЖК 137-моддаси 2-қисмининг “в” банди бўйича квалификация қилиш лозим (ЖК 29 ва 30-моддалари­нинг шарҳига қаранг).
12. Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан одам ўғирлаш ЖК 137-моддаси 2-қисмининг “г” банди билан квали­фикация қилинади (ЖК 32 ва 34-моддаларининг шарҳига қаранг).
13. Ўта хавфли рецидивист томонидан одам ўғирлаш ЖК 137-моддасининг 3-қисмида назарда тутилган махсус квалифика­ция қилинувчи таркибни вужудга келтиради (ЖК 34-моддасининг шарҳига қаранг).
14. ЖК 137-моддаси 3-қисмининг “б” бандида назарда тутил­ган оғир оқибатлар деганда, ўғирланган одамни эҳтиётсизлик оқибатида ўлдириш ёки унинг ўзини ўзи ёки унинг ота-онаси ёки яқин кишиларининг ўлдирилишига сабабчи бўлиш ёхуд уларни руҳий касалликка чалинтириш ва бошқалар тушунилиши зарур.
15. Одам ўғирлаш зўрлик ишлатиб ғайриқонуний тарзда уни ўз эркидан маҳрум этиш билан боғлиқ ҳолатларда содир этилганда, жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 137 ва 138-модда­лари бўйича квалификация қилинади.
16. Шарҳланаётган жиноятни зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилишдан фарқлаш лозим (ЖК 138-моддаси).
Жабрланувчи шахси ҳаракатланишининг чекланиши иккала жиноят учун ҳам умумий ҳолат ҳисобланади.
Зўрлик ишлатиб озодликдан маҳрум қилиш (ЖК 138-моддаси) жабрланувчини унинг доимий ёки муваққат яшаш жойида (уйда, меҳмонхонада, иш жойида) зўрлик билан ушлаб туришни англа­тади.
Одамни ўғирлаш эса, одамни доимий ва муваққат яшаб турган жойидан ўғрилар учун керак жойга кўчирилишидан иборат бўлади.
17. Субъектив томондан жиноят била туриб, қасддан содир этилади.
18. Жиноят субъекти 16 ёшга тўлган ҳар қандай шахс бўлиши мумкин.
138 - м о д д а. Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний ра­вишда
озодликдан маҳрум қилиш
Бировни зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жа­рима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озод­ликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) жисмоний азоб бериб;
б) ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли шароитда сақлаган ҳолда со­дир этилган бўлса, -
уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазо­ланади.
1. Жиноят объекти одамнинг шахсий эркинлиги ҳисобла­нади.
2. Шарҳланаётган жиноятнинг объектив томони ғайриқону­ний равишда озодликдан маҳрум этишда ифодаланади.
3. Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум этиш жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиш йўли билан амалга оширилади (жабрланувчини боғлаш, уйқу дори бериш, унинг ихтиёрига хилоф равишда муайян жойда сақлаб туриш, ал­дов йўли билан шахсни у киришни хоҳламайдиган хонадонга олиб кириб сақлаш ва ҳоказолар).
4. Шарҳланаётган жиноятни квалификация қилишда шуни эътиборга олиш керакки, у содир этилиш усулидан қатьи назар, одамни ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш унга зўрлик ишлатишнинг муайян шаклидир.
5. Шахсни зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодлик­дан маҳрум этиш вақтидан бошлаб жиноят тугалланган ҳисобланади.
6. Жисмоний қийноқ деганда, одамни сувсиз, озиқ-овқатсиз, узоқ муддат тана учун ноқулай шароитда (қўл-оёқлари боғланган ҳолда шкафда, кроват остида ва ҳоказо жойларда) сақлаб туриш, жабрланувчига ўртача оғирликдаги шикаст етказиш ва ҳоказо­ларни тушуниш лозим.
7. Ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли шароитлар деганда, одамни совуқ ёки, аксинча, ҳарорат юқори хонада узоқ муддат давомида сувсиз, озиқ-овқатсиз, яъни жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиғи учун чинакам зарар етказиш хавфи бўлган ҳолатда сақлаб туриш тушунилади.
8. Жабрланувчига оғир шикастлар етказиш жиноятлар маж­муи бўйича ЖК 104 ва 138-моддалари билан квалификация қили­нади.
9. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир эти­лади.
10. Жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган шахс ҳисобланади. Мазкур жиноятларни содир этган мансабдор шахслар ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (ЖК 205-моддаси) ёхуд ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш (ЖК 206-моддаси) ё одил судловга қарши жиноят, қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш (ЖК 234-моддаси) бўйича жавобгарликка тортилади.
139 - м о д д а. Туҳмат
Туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қи­ладиган уйдирмалар тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъму­рий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда жа­рима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз баравари­гача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ туза­тиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Туҳмат:
а) оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб;
б) оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда;
в) хавфли рецидивист томонидан;
г) ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса, -
уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноят объекти шахснинг шаъни ва қадр-қиммати ҳи­собланади.
2. Объектив томондан жиноят бошқа шахсни об­рўсизлан-тирадиган ёлғон, уйдирмаларни тарқатишда ифодала­нади.
3. Туҳмат қилиш мақсадида уйдирмалар тарқатиш де­ганда, уларни ҳеч бўлмаганда бир кишига исталган шаклда (оғ­заки, ёзма равишда, телефон орқали, компьютер ва Интернет ёр­дамида) етказишни тушуниш зарур.
4. Уйдирма деганда, уйдирмачи томонидан амалда мавжуд бўлмаган ёки сохталаштирилган ҳодисаларни тушуниш керак.
5. Рост бўлган, лекин шахсни обрўсизлантирадиган маълумот­ларни тарқатиш туҳмат таркибини вужудга келтир­майди.
6. Туҳматдаги уйдирмалар мутлақо ёлғон ёхуд кишини об­рўсизлантирадиган бўлиши лозим. Суд ҳар бир алоҳида олинган ҳолатда маълумотларни ёлғон ёхуд шахсни обрўсизлантирганлиги ма­саласини ҳал қилиши керак.
7. Жиноят бошқа кишини обрўсизлантирадиган ёлғон уйдирма­ларни била туриб, ҳеч бўлмаганда бир кишига етказилган ҳолатда тугалланган деб топилади.
8. Шарҳланаётган модда бўйича жиноятни квалификация қи­лиш учун айбдор илгаридан ўзи тарқатаётган уйдирмаларнинг ёлғонлигини билиши муҳим.
9. Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган мат­нда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш деганда, китоб, журнал, газета, варақа ва бошқа асарлардаги ёхуд радио, телевидение, видео тасвирлари ва ҳока­золар орқали қилинган туҳматни тушуниш керак.
10. (Оғир ва ўта оғир жиноятлар тўғрисида ЖК 15-моддаси­нинг шарҳига қаранг).
11. Оғир оқибатлар деганда, жабрланувчининг ўзини ўзи ўлдиришини, унинг руҳий касалликка чалиниши ва ҳоказоларни тушуниш лозим.
12. (Хавфли рецидивист тушунчаси тўғрисида ЖК 34-моддаси­нинг шарҳига қаранг).
13. (Ғаразли ёки бошқа паст ниятлар тушунчаси тўғрисида ЖК 97 ва 133-моддалари шарҳларига қаранг).
14. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир эти­лади.
15. Жиноят субъекти 16 ёшга тўлган шахс ҳисобланади.
140 - м о д д а. Ҳақорат қилиш
Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини бе­одоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда жа­рима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг иккиюз бараваридан тўрт юз баравари­гача миқдорда жарима ёки бир йилдан икки йилгача ахлоқ туза­тиш ишлари билан жазоланади.
Ҳақорат қилиш:
а) жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажа­риши муносабати билан боғлиқ ҳолда;
б) хавфли рецидивист томонидан ёки туҳмат қилганлиги учун илгари судланган шахс томонидан қилинган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт юз бараваридан олти юз баравари­гача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ туза­тиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
1. Жиноят объекти – шахснинг шаъни ва қадр-қиммати.
2. Объектив томондан жиноят шахснинг шаъни ва қадр-қим­матини беодоблик билан қасддан таҳқирлашдан иборат.
3. Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш жабрланувчига нисбатан содир этилган ҳар хил ҳаракатларда, масалан, уят гаплар билан сўкиш, турли ҳақо­ратли сўз ва ибораларни ёзиш, бетга тупуриш, тан аъзолари билан ах­лоқсиз ҳаракатлар ёки имо-ишоралар қилиш ва ҳоказоларда ифо­даланади.
4. Жиноят таркиби мавжуд бўлиши учун шахснинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уятсиз шаклда ифодаланган бўлиши зарур.

Download 1.53 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   28   29   30   31   32   33   34   35   ...   277




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling