Фуқаролар йиғинининг масъул котиби фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида
Download 38.14 Kb.
|
895-сон 07.11.2017 й
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори Фуқаролар йиғинининг масъул котиби фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.11.2017 й., 09/17/895/0220-сон) Фуқаролар йиғини масъул котиби фаолиятининг самарадорлигини ошириш, маҳалла тизимида иш юритишни ташкил этиш ва олиб боришни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади: 1. Фуқаролар йиғинининг масъул котиби фаолиятини ташкил этиш тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин. 2. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда: бир ой муддатда фуқаролар йиғинининг масъул котиблари ўз фаолиятини тасдиқланган ушбу Низом асосида ташкил этишига кўмаклашсин; икки ой муддатда фуқаролар йиғинининг масъул котиблари малакасини оширишга доир ўқув семинарларини ташкил этсин. 3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ш. Жавлонов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати ахборот-таҳлил департаментига юклансин. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ Тошкент ш., 2017 йил 7 ноябрь, 895-сон Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 ноябрдаги 895-сон қарорига ИЛОВА Фуқаролар йиғинининг масъул котиби фаолиятини ташкил этиш тўғрисида НИЗОМ 1-боб. Умумий қоидалар 1. Ушбу Низом «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ фуқаролар йиғини масъул котибининг (кейинги ўринларда масъул котиб деб аталади) асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди. 2. Масъул котиб ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади. 3. Масъул котиб фуқаролар йиғинида иш юритишни ижро интизомига қатъий риоя этган ҳолда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш асосида самарали амалга оширади. 2-боб. Масъул котибнинг асосий вазифалари 4. Қуйидагилар масъул котибнинг асосий вазифалари ҳисобланади: фуқаролар йиғини кенгаши аъзоларини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари билан мунтазам таништириб бориш; фуқаролар йиғини органларида фуқаролар йиғини фаолиятига доир ҳужжатларнинг юритилишини назорат қилиш; фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ва фуқаролар йиғини кенгаши мажлисини ўтказишга доир материалларни тайёрлаш, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ва фуқаролар йиғини кенгаши ҳамда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) қарорларининг ижрочиларга ўз вақтида етказилишини таъминлаш; фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг ўринбосарлари, йиғин фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ҳамда йиғин ҳузуридаги тафтиш комиссиясида иш юритишни ташкил этиш ва олиб боришга услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш; фуқаролар йиғини аъзоларига ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, фуқаролар йиғини кенгашининг қарорлари ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиш; фуқаролар йиғинига тушаётган ҳужжатлар ва мурожаатлар, шу жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш; фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларда котиблик қилиш; болали оилаларга нафақалар, бола парвариши бўйича нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тўғрисида ҳисобот тузиш ҳамда ҳисоботни белгиланган саналарда тегишли давлат органларига тақдим этиш; фуқаролар йиғини қарорлари, баённомалари ҳамда фуқаролар йиғини кенгаши баённомаларини имзолаш; фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи оилалар рўйхатини тузиш ва ушбу оилаларда истиқомат қилувчи фуқароларни рўйхатга олиш дафтарига ва махсус электрон дастурга киритиш ҳамда ҳар ой якуни бўйича рўйхатни мониторинг асосида янгилаб туриш. Масъул котиб қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин. 3-боб. Масъул котибнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари 5. Масъул котиб ушбу Низомда белгиланган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга: фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) топшириғи билан фуқаролар йиғини фаолиятига алоқадор бўлган зарур маълумотларни бошқа ташкилотлардан сўраш ва олиш; босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида ўз ваколати доирасига кирувчи масалалар юзасидан материаллар эълон қилиш; моддий ёрдам ва нафақалар белгилашда уларга муҳтож бўлган оилалар тўғрисида фуқаролар йиғинига ёки фуқаролар йиғинининг ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссиясига таклифлар киритиш; фуқаролар йиғинида иш юритишни тўғри ташкил қилиш, ижро интизоми юзасидан олиб борилаётган фаолият самарадорлигини оширишга доир таклифларни фуқаролар йиғини ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашига киритиш; фуқаролар йиғини ҳудудидаги ишсизларни ишга жойлаштириш, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказига йўллаш ҳақида таклифлар киритиш; «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари ижросини таъминлаш юзасидан ўз ваколатлари доирасида фуқаролар йиғини ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашига таклифлар киритиш; ушбу Низомда белгиланган вазифаларни бажаришда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича фуқаролар йиғини ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашига таклифлар киритиш; фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар ўртасидаги турли низоларни ҳал этишда, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни муҳокама қилишда, ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этишга мойил шахслар билан маънавий-ахлоқий тарбия мавзусида суҳбатлар ўтказиш чоғида бевосита иштирок этиб ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириш; ўз вазифаларининг самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида фуқаролар йиғини кенгаши аъзоларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашига мурожаат қилиш; фуқаролар йиғини ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашига йиғин органлари фаолиятини самарали ташкил этишга доир таклифлар киритиш. Масъул котиб ўз вазифаларини бажаришда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин. 6. Масъул котибнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат: масъул котиб фаолиятига доир тегишли ҳужжатларни белгиланган тартибда юритиш; фуқаролар йиғини органларида ҳужжатлар юритилиши, ҳужжатлар ижроси, ички меҳнат интизоми тартиби ва фуқаролар йиғини фаолиятини тартибга солишга қаратилган бошқа ҳужжатлар юритилишини назорат қилиш; бўш ва янги ташкил этилган иш ўринлари тўғрисида туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказидан олинган маълумотлар фуқаролар йиғини биносида мунтазам эълон қилинишини таъминлаш; зиммасига юкланган вазифаларнинг амалга оширилишини тартибга солишга доир қонун ҳужжатлари талабларига фуқаролар йиғини аъзолари томонидан риоя қилинмаган ҳолларда фуқаролар йиғини ва унинг фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда тегишли тарбиявий таъсир чораларини кўриш, тушунтириш ишларини ташкил этиш бўйича фуқаролар йиғини раиси ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгаши раисининг биринчи ўринбосарига таклифлар киритиш, ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилишига кўмаклашади. Масъул котиб қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин. 7. Масъул котиб ўзига юкланган вазифаларни бажаришида фуқаролар йиғини ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашига ҳисобот беради. 4-боб. Масъул котиб фаолиятини ташкил этиш тартиби 8. Масъул котиб фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг тақдимига кўра фуқаролар йиғини томонидан тасдиқланади. Масъул котиб фуқаролар йиғини кенгаши таркибига киритилади. Масъул котиб лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлган, бевосита тайинлангунгача камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ва ташкилотларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида иш тажрибасига, шунингдек, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак. 9. Қуйидагилар масъул котиб лавозимига тайинланмайди: Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган шахслар; ўз турмуш тарзи билан фуқаролар йиғини аъзолари ўртасида салбий тавсифланган шахслар; ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турувчи шахслар; руҳий касаллиги, гиёҳвандликка, сурункали ичкиликбозликка ружу қўйганлиги учун тегишли тиббиёт муассасалари ҳисобида турувчи шахслар; оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган шахслар; суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар; ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар; диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари. 10. Масъул котибнинг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатдан илгари тугатилади: ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда; белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда; унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда; суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда; Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда; соғлиғи ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра уч ой давомида ўз вазифаларини бажара олмай қолганда; вафот этганда; қонун ҳужжатларда назарда тутилган бошқа ҳолларда. 11. Давлат органлари масъул котибнинг ушбу Низомда белгиланган фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратишда, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатларни амалга оширишида кўмаклашади. 12. Масъул котиб фаолиятини фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) мувофиқлаштиради. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгаши масъул котиб фаолиятини самарали ташкил этишига услубий ва амалий кўмаклашади. 5-боб. Якунловчи қоидалар 13. Масъул котиб фуқаролар йиғинининг ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъминланади. 14. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлардаги ҳудудий кенгашлари томонидан масъул котибнинг фаолиятини йўналтириш ҳамда услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш ишлари ташкил этилади. 15. Масъул котибнинг фаолиятини ўрганиш, таҳлил қилиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, фаолиятини такомиллаштириш ва уни рағбатлантириш ҳақидаги масала Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлардаги ҳудудий кенгашлари томонидан ҳар йили камида бир марта муҳокама этиб борилади. 16. Масъул котибни ушбу Низомда кўрсатилмаган вазифаларни бажаришга жалб этиш тақиқланади. 17. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар. Download 38.14 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling