322-модда. Қарзни бошқа шахсга ўтказиш
Қарздорнинг ўз қарзини бошқа шахсга ўтказишига фақат кредиторнинг розилиги билан йўл қўйилади.
Янги қарздор кредитор билан дастлабки қарздор ўртасидаги муносабатларга асосланган барча эътирозларни кредитор талабига қарши қўйишга ҳақли.
Агар кафил ёки гаровга қўювчи янги қарздор учун жавоб беришга рози бўлмасалар, қарз бошқа шахсга ўтказилиши билан кафиллик ёки учинчи шахс томонидан белгиланган гаров бекор бўлади.
Қарзни бошқа шахсга ўтказиш шаклига ушбу Кодекс 320-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларидаги қоидалар тегишинча қўлланилади.
323-модда. Қарзни ва ижрони бир пайтда бошқа шахсга ўтказиш
Қарздорни қарзни тўлаш мажбуриятидан озод қилмаган ҳолда қарзни ёки унинг қисмини бошқа шахсга ўтказишга рухсат берилади. Бу ҳолда ҳар иккала қарздор мажбуриятнинг бажарилиши учун солидар жавобгар бўлади.
Қарздорнинг учинчи шахс билан шартномаси асосида учинчи шахс мажбуриятнинг бажарилиши бўйича кредитор олдида эмас, балки фақат қарздор олдида бурчли бўлади.
[ОКОЗ:
1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.10.00.00 Мажбурият ҳуқуқи / 03.10.03.00 Мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик]
24-БОБ
МАЖБУРИЯТЛАРНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК
324-модда. Қарздорнинг зарарни тўлаш мажбурияти
Қарздор мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредиторга етказилган зарарни тўлаши шарт.
Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса, зарарни аниқлашда мажбурият бажарилиши керак бўлган жойда, қарздор кредиторнинг талабларини ихтиёрий қаноатлантирган кунда, борди-ю, талаб ихтиёрий қаноатлантирилган бўлмаса, — даъво қўзғатилган кунда мавжуд бўлган нархлар эътиборга олинади. Суд вазиятга қараб, зарарни тўлаш ҳақидаги талабни қарор чиқарилган кунда мавжуд бўлган нархларни эътиборга олган ҳолда қаноатлантириши мумкин.
Бой берилган фойдани аниқлашда кредитор томонидан уни олиш учун кўрилган чоралар ва шу мақсадда кўрилган тайёргарликлар ҳисобга олинади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: суд амалиёти.
Do'stlaringiz bilan baham: |