Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар


Download 18.48 Kb.
Sana17.06.2023
Hajmi18.48 Kb.
#1529799
Bog'liq
Ватанимиз бетакрор тарихий обидалар


Ватанимиз бетакрор тарихий обидалар, асрларга тенг маданий мерос объектларига бой. Аммо уларни борлигининг ўзи етарли эмас. Агар қаровсиз қолса, зиён-заҳмат етиши тайин.
Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар.
Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир.


(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддаси).


Ватанимиз бетакрор тарихий обидалар, асрларга тенг маданий мерос объектларига бой. Аммо уларни борлигининг ўзи етарли эмас. Агар қаровсиз қолса, зиён-заҳмат етиши тайин. Шу боис, уларни ҳар тарафлама муҳофаза қилиш, келажак авлодларга безавол етказиш асосий вазифалардандир.


Аммо моддий маданий ва археология мероси объектларининг аксарияти таъмирталаб аҳволга келиб қолганлиги кўп бор танқид қилинган. Уларнинг сайёҳлик салоҳиятидан фойдаланиш имконияти йўқолиб бораётганлиги ҳам бор гап. Маданий мерос объектларини реставрация ва консервация қилиш ишларида етарли даражада илмий-тарихий ёндашув бўлмаган. Энг ёмони, шу пайтга қадар моддий маданий мерос объектларининг ҳолати юзасидан доимий мониторинг олиб борилмаган.


Пойтахтимиздаги моддий маданий мерос объектларини ўрганиш ишлари олиб борилаётган вақтда баъзи жойларга депутатлар ва экспорт гуруҳи билан бирга боришимизга тўғри келди. Жойлардаги ҳокимлик қарорлари асосида бу каби объектларда ўзбошимчалик билан қурилиш қилингани, бузиб ташланаётгани, қаровсиз, ташландиқ жойга айланиб қолаётганининг гувоҳи бўлдик. Ҳатто бу жойлардан ноқонуний фойдаланаётган фуқаролар ўз айбини тан олишни истамай, қаршилик кўрсатган вақтлари ҳам бўлган. Шунда бу борадаги бонг уришлар, ўрганишлар, таклифлар самара берармикин, деган шубҳага ҳам боргандик.


Бир қатор ташкилотларнинг саъй-ҳаракатлари билан моддий маданий мерос объектларини асраш, реставрация қилиш, қонуний ҳимоялаш юзасидан билдирилган таклифлар эътиборга олинди. Соҳага тегишли меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.


Эндиликда нима ўзгаради?


Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 30 августдаги “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни ҳам айни йўналишдаги ишларни тизимлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.


Президентимизнинг 2018 йил 19 декабрдаги “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори маданий меросимизни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштиришга бағишланган. Шунингдек, моддий маданий мерос объектлари мамлакатимиз туристик имкониятларини кенгайтиришда муҳим омилдир. Бу жиҳат кўп ҳолларда эътибордан четда қолган. Мазкур қарор асосида соҳада давлат назоратини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти ва ҳудудларда унинг бошқармалари ташкил этилди.


Шунингдек, 2019-2021 йилларда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, илмий тадқиқ этиш, тарғиб қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тубдан такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинган.


Хўш, бу борада режалар қандай?


– Департамент қошида тарих, меъморчилик, моддий маданий мерос соҳасида илмий, амалий тажрибага эга бўлган 11 нафар олим ва юқори малакали мутахассислардан иборат Илмий-эксперт кенгаши тузилган, – дейди Маданий мерос департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси мутахассиси Шавкат Туропов. – Эндиликда моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишлари, асрашга доир ишларни амалга ошириш ҳамда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказишга оид лойиҳалар Илмий-эксперт кенгаш билан келишилиши лозим, бунда унинг хулосаси Департамент учун мажбурий ҳисобланади. Маданий мерос жамғармаси ташкил этилиб, уни шакллантириш манбалари ҳам белгилаб қўйилган.


Бухоро давлат бадиий-меъморий музей-қўриқхонаси, Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси, Хива “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонаси тегишлича “Бухоро”, “Самарқанд”, “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхоналари этиб қайта номланди.


Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида тегишлича “Сармишсой”, “Шаҳрисабз”, “Термиз” ва “Қўқон” давлат м
узей-қўриқхоналари ташкил этилиши белгиланди.


ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига тарихий-маданий қийматига кўра киритилган республикадаги ҳудудлар алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳисобланади ҳамда уларда режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Департамент ҳамда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори айни мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Унда моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг миллий рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди.


Яна бир муҳим жиҳати шундаки, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича жамоатчи инспекторлар фаолияти ташкил этилди, уларнинг қонун ҳужжатлари бузилишига оид мурожаатлари Департамент ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан мажбурий тартибда давлат назорати шаклида текширилади. Бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аниқланса, жамоатчи инспекторлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан пул мукофоти билан тақдирланади. Бу бир рағбатдек кўринади. Аслида эса бу мутахассисларнинг масъулиятини янада ошириш ва одилона ишлаши учун яратилган имкониятдир.


Департамент томонидан 8 минг 208 та объектнинг рўйхати тасдиқланди. Шундан, археология ёдгорликлари 4 минг 748, архитектура ёдгорликлари 2 минг 250, монументал санъат ёдгорликлари 678, диққатга сазовор жойлар эса 532 тани ташкил этади. Аммо мурожаатлар шуни кўрсатмоқдаки, бу борада ҳам баъзи камчиликлар учраб турибди. Шу боис ҳам объектларни қайта текшириш, ўрганиш ва рўйхатлаштиришда Маданият вазирлигига аниқлик киритиш, тушунтириш бериш ҳуқуқи берилди.


Авваллари аҳоли ҳам билиб-билмай обидаларга, моддий объектларга зарар бериб қўяётган эди. Зарур ҳужжатлар қабул қилингач, масъул ташкилотларнинг масъулияти оширилди. Жавобгарлик кучайтирилгач, бу каби салбий оқибатларнинг олди олиниши таъминланяпти.


Шунингдек, маданий меросни сақлаш фақат мазкур Департаментнинг вазифаси дея қараш ҳам нотўғридир. Маданий мерос халқ мулкидир, уни сақлаш ва келгуси авлодларга етказиш барчамизнинг бурчимиз. Бу ҳар бир инсон, оила, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар аҳлининг муқаддас бурчидир. Айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда Ватанимизга, халқимизнинг меросига ҳурмат, фахр ва ғурур туйғуларини шакллантириш, уларни эъзозлашга чорлаш биз катталарнинг вазифамиздир. Фарзандларимиз кўпроқ музейларга, кўргазмаларга ва бевосита обидаларга бориб ушбу мерос билан яқиндан танишишлари яхши самара беради. Бу борада ОАВ билан доимий ҳамкорлик зарур. Зеро, обидаларни фақат жазо ва жарималар билан эмас, балки меҳр-муҳаббат билан асраб-авайлайлик.
Download 18.48 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling