40-модда. Молиявий санкцияларнинг қўлланилмаслиги ва суммалари камайтирилиши
Тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг текширувлар натижалари бўйича кўрсатмаларини бажарган, шунингдек етказилган зарарнинг ўрнини белгиланган муддатларда ва тўла ҳажмда ихтиёрий равишда қоплаган, шу жумладан пеня тўлаган тақдирда, уларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилмайди. Мазкур норма солиққа оид ҳуқуқбузарликлар сабабли молиявий санкцияларни қўллаш ҳолларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлардаги айбга иқрор бўлинганда ва солиқ органининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда молиявий санкциялар суммаси ихтиёрий равишда тўланганда жарима миқдори белгиланган миқдорга нисбатан икки бараварга камайтирилади.
41-модда. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни амалга ошираётган мансабдор шахсларга қўйиладиган талаблар
Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади.
Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга киришишига мазкур шахсларда назорат қилувчи органнинг текшириш мақсадлари, текширувчи мансабдор шахслар таркиби, текширув ўтказиш муддатлари, Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимидаги рўйхатга олиш рақами кўрсатилган буйруғининг кўчирма нусхаси, шунингдек текширувчи мансабдор шахсларнинг текширувлар ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳномаси ҳамда шахсини тасдиқловчи гувоҳномаси бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширувдан ўтказаётганда текширишларни рўйхатдан ўтказиш китобига қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли ёзув киритади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш чоғида тадбиркорлик субъектларининг тижорат сири, хизмат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлари, шунингдек ошкор этилмаган ахбороти сир сақланишини таъминлаши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |