Хуқуқий онтология


Download 48.5 Kb.
Sana24.01.2023
Hajmi48.5 Kb.
#1117700
Bog'liq
Хуқуқий онтология




Хуқуқий онтология.
«Онтология» атамаси юнонча икки сўздан «борлиқ» ҳамда «фан», ёкн «таълимот» сўзларидан ташкил топган булиб, борлик ҳақидаги таълимот маъносини англатади. Умуман, «онтология» тушунчаси фалсафий атама сифатида XVII асрда Гоклениус ва кейинчалик, Х.Вольф томонидан илк бор қўлланилган. Гарчанд борлик ҳақидаги фалсафий таълимотга эса қадимги Шарқ, қадимги Юнон фалсафий манбаларида кенг ўрин берилгаи бўлсада, алоҳида таълимот, фалсафий йўналиш сифатида онтология юқорида кайд этилган даврга келиб ривожланди. Фалсафада онтология таълимотига буюк хисса қўшган Марказий Осиё мутафаккирларининг асарлари жахон фанига маълум ва машхур. Ал-Хоразмий, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Улугбек, Навоий ва бошқаларнинг фалсафий, ижтимоий-сиёсий таълимотларида борлиқ ҳақидага илмий-фалсафий ғоялар илгари сурилган. Мазкур муаммо, алоҳида илмий тадқиқот мавзуси ҳисобланади, шунинг учун ҳам биз қуйидаги ҳуқуқий онтологияга оид баъзи фикрларни келтиришни лозим деб топдик.
«Ҳуқуқий онтология» ва «ҳуқуқ онтологияси» бирикмалари мазмун жиҳатидан бир-бирлари билан жуда якин бўлганлиги туфайли уларни синоним иборалар сифатида қўллашни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаш мумкин. Аммо, улар ўртасидаги муайян тафовутнинг мавжудлигини ҳам эътироф зтиш лозим.
Хукуқ ижтимоий онгнинг алоҳида шакли сифатида фалсафа, дин, ахлоқ, санъат ва маданият каби тарихийдир. Ҳуқукнинг тарихийлиги эса бевосита ҳуқук борлиғига, ҳуқуқий онтологияга дахлдордир. Ҳуқуқий онтология ҳуқуқ фалсафасанинг умумий тушунчаси бўлиб, унинг намоён бўлиш шакллари турлича бўлади. Юқорида қайд этилган тарихийлик тамойили эса, ҳуқуқий борлиқ намоён бўлишининг алоҳида олинган хусусий ҳолларига ҳам тегишли бўлади. Диалектиканинг асосий категорияларидан бири алоҳидалик, хусусийлик ва умумийлик категориялари ҳуқукий онтологиянинг назарий ва фалсафий мазмунини ташкил этади.
Ҳуқуқ, умуман, ижтимоий-тарихий тажриба билан узвий боғлиқ бўлиб, қандайдир ижтимоий-сиёсий амалиётдан ташқарида, яъни априор ундан олдин мавжуд бўлмайди. Шунинг учун хам, ҳуқуқнинг табиати ҳукуқ борлигининг ижтимоий-тарихий моҳияти, табиий ҳукуқ ҳамда, фалсафий, ҳуқуқий билимлар ривожи билан боғлиқ бўлади. Хукуқий онтология ва ижтимоий-тарихий амалиёт тушунчалари бир-бирлари билан узвий боғлиқ бўлади. Хукуқий онтологияда хукуқнинг келиб чиқиши ва унинг тарихий ривожланишида инсоннинг табиат билан муносабати алоҳида аҳамиятга эгадир.
Ижтимоий-сиёсий муносабатларнинг элементларидан бири бу жамиятдаги сиёсий ва ҳуқуқий муносабатлар ҳисобланади. Демак, инсон ўз мохияти ва эътиборига кўра фақатгина сиёсий мавжудот бўлмай, балки у айни пайтда ҳуқуқий мавжудотдир. Бу деган сўз инсон борлиғи билан мавжуд муҳим жиҳатлар, яъни унинг сиёсий ва ҳуқукий моҳияти, юқорида қайд этганимиздек, азалдан туғма сифатлар бўлмай, балки муайян тарихий, ижтимоий-иқтисодий шароитларда шаклланади ва ривожланади. Инсоннинг ҳуқуқий қарашлари, унинг эрки, тенглиги адолатлилик булар инсон билан бирга туғилмайди. Табиий ҳукуқ асосчилари инсон туғилишидан эркин туғилади деб ҳисоблаган. Агар инсон ҳақиқатан ҳам тенг, озод бўлиб туғилганда эди, халқларнинг озодлик, мустақиллик учун курашига ҳожат колмаган бўлар эди. Инсон ва инсоният ҳар доим озодликка, мустақилликка, тенгликка, адолатга, ҳақ-ҳукуқига интилиб яшайди Ҳар бир халқ, миллат ўз потенциалига кўра такомиллашиш жиҳатидан, ривожланиш жараёнида ижтимоий ҳаётнинг сиёсий ва ҳуқукий шаклларни такомиллаштириш имкониятига эга бўлади.
Ҳуқуқнинг борлиғи ва ривожланиши ижтимоий-тарихий жараён сифатида ўзининг объектив конуниятларига эга. Шу маьнода ҳам ҳукукий онтология таълимотига кўра, уларни табиатдан ташкарида мавжуд бўлган кучлар томонидан ҳукуқнинг тайёр тамойиллари билан биргаликда ғойибона пайдо бўлиш гояси ноилмий ғоялар сирасига киради. Чунки, ҳуқук борлигини мазкур концепцияси ҳуқукшунос, файласуф, сиёсатшунослар орасида кенг таркалганлиги тарихдан бизга маълум. «Тугма ғоялар» концепцияси фалсафа фанида танкид остига олинган назариялардан ҳисобланади. Бу таълимотнинг ноизчиллиги ҳуқуқий борлиқ масаласининг тахлилида янада яққолроқ кўзга ташланади. Бошқача сўзлар билан айтганда, ҳуқуқ борлигининг умумий моҳиятидан ҳуқуқий ҳодисаларнинг эмпирик турларини келтириб чиқаришга интилувчилар ҳам бўлган. Ана шундай усуллар ёрдамида ўз вактида легистлар қонун ва ҳаётнинг ўзаро боғликлиги муаммосини ҳал этишга уринган эдилар.
Хуқуқий онтология ҳуқуқ борлиги ва ҳукуқнинг мазмуни, моҳиятини ҳуқуқнинг ўзидан ажратиб ўрганмайди. Аксинча ҳуқукий ғоялар ва ҳукуқнинг моҳияти бир-бирлари билан узвий боғлик бўлади. Ҳуқуқ фақатгина ижтимоий-сиёсий ҳодиса бўлибгина колмай, балки маданий ҳодиса, маданиятнинг муҳим белгиларидан ҳисобланади. Шунингдек, ҳуқуқ борлигининг асосий хусусиятларидан бири, унинг умумбашарий маданиятининг бир қисми эканлигидадир.
Шундай қилиб, ҳуқуқий онтология ва ҳуқуқий маданият тушунчалар мазмунан якин тушунчалар ҳисобланади. Чунки ҳуқуқ борлигини асосини ҳукукий маданият ташкил этади. Хуқуқий маданият даражаси факатгина конунларни билиш, ҳуқуқий маълумотлардан хабардор бўлишдангина иборат эмас, балки қонунларга амал қилиш ва уларга буйсуниш маданияти демакдир. «Хукуқий маданиятнинг, - деб таъкидлайди И.Каримов, - юқори даражада бўлиши ҳукукий давлатнинг ўзига хос хусусиятидир. Шу билан бирга ҳуқуқий маданият савияси кабул қилинган қонунлар сони билан эмас, балки ушбу қонунларнинг барча даражаларда ижро этилиши билан белгиланади».
Ҳуқуқий маданият сиёсий маданиятнинг ажралмас қисми бўлиб, миллий давлатчиликни мустахкамлаш жараёнида аҳамиятга молик бўлган муаммодир. Ҳукуқий маданият тушунчаси ҳуқуқий онтологиянинг, яъни ҳуқук борлигининг ифодаловчи тушунчалардан биридир. Мазкур муаммони алоҳида тадкик этиб, У.Таджихонов ва А.Саидовлар шундай дейди: «Жамият ҳуқуқий маданиятининг моҳиятини ҳуқуқий кадриятларни ўзлаштириш ва улардан фойдаланиш даражаси деб тушуниш уни ҳуқуқий онг ва хулқ-атворнинг муаян даражада ривожланиши билан боғлайди. Ҳуқуқий маданиятни ошириш шунчаки қонуний хулқ-атворнигина эмас, балки бу сохада ижтимоий фаол хулқ-атворни ҳам таъминлашни тақозо этади. Қонунга хилоф хулқ-атворни, қонунга хилоф фаолиятни жамият ҳуқуқий маданияти тушунчасига киритиш асоссиздир».
Ҳуқуқ онтологияси-ҳуқуқ фалсафасининг асосий йўналишларидан бири сифатида фукаролар тенглиги ва жамиятда қарор топиши билан боғлиқ бўлган жараёнларни таҳлил этади. Борлиқ категорияси ҳозирги замон фалсафасида универсал категория ҳисобланади. Борлиқ ўзининг бир нечта турлари ва шаклларига эга бўлади. Шу ўринда таъкидламок керакки, борлиқни умумфалсафий категория сифатида тахлили муҳим методологик дунёкараш аҳамиятига молик бўлган муаммолардан ҳисобланади. Борлиқ бу хар қандай мавжуд нарса ва ҳодисалар, жараён ва хоссалар, алоқа ва муносабатлар мажмуидир. Борлиқни асосий турларидан моддий ва маънавий борлиқни алохида тури эканлигини қайд этмок жоиз. Борлик категорияси ҳақида гап кетар эан, унинг фалсафий таснифига эътиборни каратиш керак бўлади. Бу эса хуқуқий борлиқни тўғри тушунишнинг назарий асоси ҳисобланади. Ҳозирги замон фанига маълум бўлган борлиқ турлари ва уларнинг таснифини умумий тарзда қуйидагича изоҳлаш мумкин. Борлик физик, химиявий, геологик, биологик, психик, ижтимоий, маънавий ва бошқа воқелик шаклларига бўлинади. Фалсафада борлиқ категориясиии асосчиси деб, Гегель фалсафий таълимоти қайд этилади.
Ҳолбуки, борлиқ категорияси қадимги Шарқ мутафаккирлари асарларида, шунингдек, қадимги Юнон, Рим манбаларида ҳам кенг кўлланилади. Гегель эса борлик категориясининг диалектикасини янада ривожлантирди ва мазмунан бойитди. Гегель борлиқ ҳақидаги таълимотида «соф борлиқ» ғоясини илгари суради. Унинг таълимотида «соф борлиқ» тушунчаси шу қадар қашшоқ ва мавхумни, окибатда, у «хеч нима» категориясидан фарк килмайди. Шундай қилиб, борлиқ категорияси ижтимоий ҳаётга тадбиқ этилиб, ижтимоий борлиқ, ҳуқуқий борлик каби мустақил категориал статусга (макомига) эга бўлган тушунчаларга айланади.
Ҳуқуқ ўз-ўзидан амалиётда, «ҳаётда муайян иш бажармайди», балки инсонлар фаолияти, уларнинг ўзаро муносабатларида ҳукуқий муносабатлар шаклланади. Демак, ҳуқуқий борлик, таъбир жоиз бўлса, ўзининг замони ва маконига эга бўлади. Кишилар эса, ҳуқуқий борлиқнинг субъекти сифатида фаолият кўрсатадилар. Ҳуқукий борлиқ абстрактлик ва конкретлик, объективлик ва субъективлик категорияларининг диалектик бирлигидан иборат. Ҳуқуқий вазият ҳуқуқ субъектисиз ва объектисиз мавжуд булолмайди. Хулоса қилиб айтганда, муҳим ҳуқуқий-фалсафий тушунчаларнинг таърифини аниқламасдан туриб, ҳуқуқ фалсафасининг назарий асосини яратиш мумкин эмас. Ана шундай тушунчалар жумласига ҳукуқ субъекти, ҳукуқий муносабат, ҳукуқий норма, ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият ва бошқалар киради.
Абстрактлик ва конкретлик тушунчалари сиёсий-ҳуқуқий ҳодисаларга олиб караганда, абстрактлик тушунчасининг турлича мазмунга эга эканлигини унутмаслигимиз керак бўлади. Абстрактлик ҳуқуқий борликда муҳим аҳамиятга эга, чунки гап бу ерда қандайдир мазмунсиз, схоластик абстракция ҳақида кетмайди. Балки ҳуқуқий жараёнларни тўғри тушунишда уни назарий билишда муҳим асос эканлигини ва абстрактлик ва конкретликнинг ўзаро муносабатини билиш жараёни ҳуқук фалсафаси методологик роль ўйнашини алоҳида таъкидламок керак. Шунинг учун ҳам «курашчан эмпиризм» ғояси, умуман фан учун зарарли концепциядир. Ҳуқуқий жараёнларни тахлил этишда назарий ва фалсафий умумлашмаларга ва умуман ҳуқукий борлиқка нигилистик муносабатлар, ҳуқуқ фалсафасини яратишда асосий тусиклардан бири ҳисобланади. Ҳуқуқий ҳодисаларнинг моҳиятини билиш, аввало, тафаккурнинг абстрактликдан конкретликка ва конкретликдан абстрактликка қараб ривожланишини тақозо этади. Ҳуқуқ борлигини ҳар икки ҳолатида ҳам абстрактлик конкрет воқеликка қайтади ва у билан боғлиқ бўлади. Акс ҳолда абстрактлик ижтимоий ҳаёт билан боғликлигини, мазмуний имкониятларини йукотади. Ҳукуқий борлик билан ҳуқуқий гиосеология бир-бирлари билан узвий боғлиқ бўлади. Чунки ҳуқуқий гаосеология, ҳукуқий борлиқнинг инъикоси ва образидир.
Ҳуқуқий онтология ўзининг бир қатор ҳуқукий шаклларига эга бўлади. Бу ҳуқуқий феноменларнинг мавжудлик шакллари турлича бўлиши мумкин. Айни пайтда улар ўртасида ички боғликлик, умумийлик ва барқарорлик мавжуд бўлади. Турли ҳуқукий шакл, ҳуқукий ходисалар, жумладан ҳуқукий нормалар, ҳуқуқий онг, ҳуқуқий муносабатлар ҳуқуқ моҳиятининг мавжудлик усуллари ҳисобланади. Ҳукук фалсафасининг асосий принципларидан бири ҳуқуқнинг қонун, қонун нормалари сифатида муайян сиёсий-ҳуқуқий вазифани бажаришидир. Юкорида қайд этилган ҳукуқ мавжудлигининг шакллари, ҳукуқий фанлар муаммолари бўлишидан ташқари, ижтимоий-сиёсий фанлар, фалсафа фанининг муаммоларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳуқуқ фалсафасинингг ҳуқук борлиғи таълимотида мазкур масалага алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофикдир. Умуман, ҳуқуқий ҳодисалар, деганда, фақат юқорида қайд этилганлар билан чекланиб колмаслик керак. Модомики ҳуқуқ борлиги, унинг моҳияти ҳакида гап кетар экан, унинг объективлигини эътироф этмок жоиздир. Ҳукуқ борлигининг объективлигига зид бўлган ноҳуқуқий қонунлар ҳам жамият тарихий тараққиётида учраб туради, хусусан тоталитар тизимлар шароитида ноҳуқуқий қонунлар расман жамиятда адолат, тенглик, инсонларни ҳимоялашга қаратилган бўлсада, ўз моҳият эътибори билан эса ҳукмрон ижтимоий гуруҳлар, ягона партиянинг сиёсий тизим манфаатларини ҳимоя этишга каратилган булади. Қадимги Рим ҳуқуқшуноси Павелнинг таъкидлашича, «ҳуқуқ коидадан эмас, балки мавжуд ҳуқуқий нормалардан қоидалар шакллантирмоғи лозим». Қоидалар, урф-одатлар, анъаналар миллий маънавий кадриятларнинг ажралмас бир қисми сифатида мавжуд позитив ҳуқуқнинг мавжудлик шакли билан боғлиқ бўлади.
Дарҳақиқат, ҳуқуқий онтологиянинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, ҳуқуқий нормалар мавжуд давлат томонидан қабул қилинган қонун ва қоидалар асосида шаклландими ёки мазкур қонун ва қоидалар ҳуқуқий нормаларни шакллантирадими деган масаладир. Бу масала Собик Иттифок давридаги фалсафада жуда ҳам бўрттириб ва уни оламшумул масала сифатида, ҳар қандай фалсафий таълимотнинг илмийлигини белгилаб берувчи мезон деб тан олинар эди. Ҳолбуки, масаланинг «материя» бирламчими, «онг» бирламчими кабилида масалани қўйилиши аксарият ҳолларда илмий билим ривожланишига ёрдам бермайди, аксинча салбий таъсир этиши мумкин.
Ҳуқуқий деизм таълимотига кўра. мавжуд қонун-қоидалардан ҳуқуқий нормалар юзага келади. Фақатгина ҳокимият томонидан ўрнатилган нормалар (қоида, тартиблар) ва қонунлар ҳуқуқни келтириб чикаради ва унинг борлигини таьминловчи асосий омил ҳисобланади. Ҳуқуқнинг моҳиятини бундай этатистик-легистикларча тушуниш ҳуқуқни ҳокимият томонидан қабул қилинган нормалар мажмуидан иборат қилиб қўяди. Бошқача қилиб айтганда, ҳуқуқий борлиқ бу расмана истеъмолда бўлган позитив ҳуқуқ бўлиб, мавжуд қоидалар, талаблар йигиндисидан иборат. Бундай концепция моҳиятига кўра тавтологик ҳарактерга эга бўлиб, легистлар томонидаи ҳуқук борлиғининг нормативлиги деб эътироф этилади. Легистлар нуктаи назаридан ҳукуқ бу хукук ва «норматив ҳужжатлар» йиғиндисидан иборатдир. Холбуки, хукук ва норматив ҳужжатлар» айний тушунчалардир. Чунки хуқук муайян норматив ҳужжатларсиз мавжуд бўла олмайди. Ўз навбатида ҳукуқнинг мазмуни, қонунлар ва норматив хужжатлардир. Ҳуқуқни бундай таърифлаш фикримизча, фалсафа ва мантиқ қонунларига зид ҳисобланади. Ва ҳуқуқни бундай таърифлаш, таърифнинг доирасимон хатосини яққол кўринишидир ёки “одам – бу одамсимон мавжудотдир” кабилидаги таърифлардандир.
Хулоса қилиб айтганда, ҳуқукни легистик норматизациялаш ва уни этатизациялаш ҳуқуқнинг объектив моҳиятини инкор этиш туфайли содир бўлади. Қонун, ҳуқуқ нормалари мавжуд позитив ҳуқукнинг муҳим ҳужжатлиридан бири бўлиб, ҳукуқни борлигини белгиловчи асосий мезонлардан бири ҳисобаланади.
Хукуқий нормалар талабига кўра асосий масала бу қонун нормаларини Денорматизациялаш эмас, балки уларни юридизациялашдир. Ҳуқуқий ва демократик давлат шаклланаётган бир даврда И.Каримов таъкидлаганидек ҳуқуқий норма ва конунларнинг объектив моҳияти ва мазмуни, уларнинг фалсафий борлигини тушуниш муҳим аҳамият касб этади. «Ўзбекистонда конунчилик асосларининг барқарорлиги принципига катьий амал килинмоқда. Қонунчилик фаолиятининг бутун тизими, яъни қонунларни тайёрлашга ҳамда амалдаги конунларни ислоҳотлар йўлидан жўшқин илгарилаб борилаётганлигини ва ўзгариб турган шароитни хисобга олган ҳолда такомиллаштирилга қаратилган”.
Download 48.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling