I- боб. Адабиётлар тахлили


Download 145.41 Kb.
Sana16.06.2023
Hajmi145.41 Kb.
#1516317
Bog'liq
Умиджон адабиётлар тахлили-2


I- боб.Адабиётлар тахлили


Барча фанларни ўқитиш методикаси тарихи каби биология фанлари тизимидаги ўқув предметларининг ўқитилиш тарихи мавжуд.


Табииётшунослик мактабларга ўқув предмети сифатида XVIII аср охирида киритилган. Бу сохада дастлабки дарсликни В.Ф.Зуев ёзган.[1] Унинг дарслиги “Анорганик табииёт”, “Ўсимликлар дунёси”, «Хайвонлар дунёси» каби бўлимлардан ташкил топган. Биринчи бўлим тупроқ, тошлар, тузлар, ёнилғи моддалар, тошга айланган организмлар ҳақидадир. Ўсимликлар дунёси бўлимида эса ўсимликларнинг ҳужайравий тузилиши, ҳар хил ўсимликларнинг таснифига оид билимлар берилган. Зоология бўлимида айрим хайвонларнинг ташқи қиёфаси, ҳаёт кечириши ҳикоя қилинади.
В.Ф.Зуев дарслигида ўсимликлар, хайвонлар морфологияси, тизимидан ташқари экологияга оид маълумотлар бор. Дарсликда табиий, тасвирий кўргазмали қуроллардан фойдаланиш ҳақида ҳам фикр билдирилган.
XIX асрда нашр қилинган А.Ш.Теряев ботаника дарслиги [2] систематика фанининг асосчиси Карл Линнейнинг “Ботаника фалсафаси” асаридан тўлиқ кўчирилганлиги сабабли ўқувчилар учун тушунарли бўлмади.
Россияда 1828-1852 йиллар мобайнида ҳалқ таълими соҳасида ислоҳ ўтказилиб табииётшунослик ўқув фани мактаб режасидан олиб ташланди.
Лекин кейинчалик 1853 йилдан бошлаб мактабларда қайта «табиат ҳақида умумий тушунча», «зоология», «ботаника», «минералогия», «одам анатомияси ва физиологияси» каби фанлар ўқитила бошланди. Мазкур ўқув фанлар бўйича ёзилган дарсликлар хажми ниҳоятда катта бўлиб, ундаги ўқув материаллар жуда мураккаб бўлгани сабабли ўқувчиларда ҳеч қандай қизиқиш уйғотмади. Фақат В.И.Даль томонидан ёзилган [3] ботаника дарслиги экология ва табиатни муҳофаза қилиш бўйича бой маълумотга эга бўлгани учун у тушунарли бўлиб ўқувчиларда шу фанга нисбатан қизиқиш уйғота олди.
XIX асрнинг иккичи ярмига келиб Ч.Дарвиннинг органик олам эволюцияси тўғрисидаги таълимоти эълон қилингандан кейин олимлардан А.Н.Бекетов, К.А.Тимирязев мактаб табииётшунослик ўқув фанини асосий вазифаси ўқувчиларнинг мантиқий тафаккурни ривожлантириш ва тарбиялашдан иборат эканлигини эътироф этдилар[4].
А.Н.Бекетов ўқувчиларнинг мустақил равишда мантиқий тафаккурини ривожланишида табииётшунослик муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд қилади. У табииётшуносликни ўқитишда қўргазма қуроллардан кенг фойдаланиш, тажрибалар олиб бориш ниҳоятда муҳим эканлигини таъқидлайди. А.Н.Бекетовнинг ўқитиш соҳасидаги фикрлари кўп жиҳатдан немис табииётшунос педагоги Август Любен (1804-1873) қарашларини эслатади. Табииётшуносликга бағишланган[5] унинг дарслигида бу фаннинг тарбиявий аҳамияти, хусусан, ўқувчилар олиб борадиган мустақил ишларда, экскурсияларда уларни тадқиқот ишлар ўтказиш кўникмаларини ҳосил этиш лозимлиги таъкидланади. А.Любен методи бўйича ўқувчилар аввало органик оламнинг алоҳида вакиллари билан маҳаллий объектлар мисолида танишишлари керак. Бунда иложи борича табиий ўсимликлар, хайвонлар билан бошқа ҳолатларда эса уларнинг яхши ишланган тасвирлари билан машғулот олиб бориш лозимлиги уқтирилади. Ўқувчилар ўқитувчи таклиф этган режа асосида мустақил ўқув материалларини ўрганишлари бунда оддийдан мураккаб, маълумдан номалум томон йўналиш яъни индуктив метод асосий ўрин эгаллаши керак. Бироқ мактабларда кўргазмали воситаларнинг камлиги А.Любеннинг илғор методик кўрсатмаларини жорий этишга тўсқинлик қилди.
Бундан ташқари А.Любен дарслигида диққат эътибор фақат ўсимликлар морфологияси ва систематикасига қаратилганлиги табиийки педагогик жамоатчиликни қаноатлантирмас эди. Бу эса ўз навбатида табииётшуносликнинг мазмунига мос бўлган янги педагогик муаммоларни ҳал этиш зарурлигини кўрсатарди.
Табииётшунос педагог А.Я.Герднинг (1841-1888) фаолияти ана шу муаммоларни ҳал этишга қаратилди. [6]
А.Я.Герд фикрича Любен табииётшунослигининг энг катта камчилиги унинг мазмунини замон талабларига мос эмаслигидир.
А.Я.Герд ХIХ асрнинг табииётшуносликнинг йирик методисти саналади. Унинг қайд этишича мактаб табииётшуносликининг асосий мақсади ўқувчиларга ривожлантирувчи билим беришдан ҳамда билим олишдаги уларнинг мустақиллигини тараққий этдиришдан иборатдир.
А.Я.Герд фаолиятида дарсларда тажрибаларни намойиш қилиш, экскурсиялар ўтказиш, амалий машғулотлар олиб бориш муҳим ўрин тутади. Олимнинг қайд этишича, табииётшуносликни ўқитишдан қўзланган вазифа организмларнинг хилма-хиллиги билан таништириш, уларнинг ҳаёти ёруғлик, харорат, намлик, хаво тупроққа ва бошқа организмларга боғлиқлигини тушунтириш, табиатдаги сабаб билан оқибатнинг ўзаро боғлиқлигини идрок этишдан иборат бўлмоғи керак.
А.Я.Герд Дарвин томонидан асосланган эволюцион назария таъсирида бўлган ва ўз дарсликларига эволюцион тамойилни жорий этган. У мактаб табииётшунослик курси: 1. Анорганик дунё; 2.Ўсимликлар дунёси; 3. «Хайвонот дунёси», «Одам», «Ер тарихи» каби ўқув фанларидан тузилган бўлиши керак деб таъкидлайди.
А.Я.Герд фаолияти туфайли табииётшуносликни ўқитиш методикаси педагогика фанининг алоҳида илмий шахобчаси сифатида эътироф этила бошланди.
ХХ асрдаги биология ўқитиш методикасига В.В.Половцов катта хисса қўшди. У 1907 йили “Табииётшуносликнинг умумий методика асослари” китоби[7] ни нашр қилиб, унда методикага оид билимлар тизимини ёритди. Половцов дарсликга киритилган ўқув материал мазмуни биринчидан шакл билан функциянинг бирлигига, иккинчидан ўсимлик ва ҳайвонлар ҳаёти уларнинг яшаётган муҳити билан боғлиқ ҳолда ўрганилишига, учинчидан бой биологик маълумот берадиган организмларни ўрганишга асосланиши кераклигини таъкидлайди. Бу жараёнда олим амалий машғулотлар, экскурсиялар нихоятда мухим ахамиятга эга эканлигини кўрсатиб ўтади. В.В.Половцов биринчи маротаба фан билан ўқув фани орасидаги ўхшашлик ва тафовутни очиб беради ва бу соҳада тадқиқот ишлар олиб бориш лозимлигини таъкидлайди. Табииётшунослик методикаси тарихида В.В.Половцов экологик билимларни биринчилардан тарғиб қилган олим сифатида юқори баҳоланади.
1917 йилдан бошлаб табииётшунослик фани биология фани деб атала бошланди.
Бу даврда Москва ва Петербург методистлари биология ўқитиш савиясини ошириш, унинг таълим ва тарбиявий аҳамиятини очиб беришга харакат қилдилар. 1920-1930 йиллар мобайнида биология ўқитишнинг асосий муаммоси бўлиб назария ва амалиётнинг бирлигини жорий этиш ҳисобланади. Буни амалга ошириш учун билимлар ва кўникмалар яъни ўқув материали ўқув фанларга тақсимланмай, балки йил фаслларини эътиборга олиб долзарб мавзуларга, масалан «Табиат», «Қишлоқ билан шаҳарнинг боғлиқлиги», «Ердаги ҳаёт ва ҳаётий жараёнларнинг физик-химик асослари», «Экиш ва ўсимликларни парваришлаш» каби мавзуларга тақсимланган эди. Бундай мажмуавий дастурлар табиий равишда ўқувчиларга тизимли билим бера олмас эди, шунга кўра ўқув материалини лаборатория методи асосида ўрганиш тарғиб қилина бошланди. [8] . Натижада ўқувчилар синф дарслари ўрнига табиатни кузатиш, тажриба ўтказиш билан шуғуллана бошладилар. Лаборатория методи ўқув дастурининг асосий мақсади меҳнат, табиат ва жамият мажмуасини ўрганишдан иборат бўлган. Бу мажмуавий ўқув дастурлари мактабларда ўқитиладиган ўқув фанлари орасидаги тўсиқни бартараф қилишга қаратилган эди. Лекин бундай мажмуавий ўқув дастурлари ўқувчиларга тизимли билимлар бера олмаслиги тезда маълум бўлиб қолди. Шунинг учун 1931 йилдан бошлаб хукумат қарори билан бошланғич ва ўрта мактаб ислоҳ қилинди ва таълим беришнинг асосий ташкилий шакли дарс бўлиши лозимлиги ўқтирилди. Шу пайтдан бошлаб мактабларда ботаника, зоология, одам анатомияси, физиологияси, дарвинизм ўқув фанлари мактаб режасига киритилди ва ана шу ўқув фанлар бўйича ўқув дастурлари ва дарсликлари яратилди, ҳамда мактаб ҳаётига жорий этилди.
Бироқ 1964 йилга қадар мактаб дарсликларидаги билимлар ҳаётдан жуда орқада қолиб, биология фанининг 1930-40 йилларидаги ривожланиш холатини ёритиб келган. Ваҳоланки дидактиканинг илмийлик тамойилига кўра мактаб ўқув фанлари ўз мазмунига кўра фаннинг замонавий ютуқларини ўзида ифода қилиши лозим эди. Россия ва Ўзбекистонда чиқарилган биология дарсликларининг биология фани ютуқларидан орқада қолганлигига асосий сабаб шуки 1935-65 йиллар мобайнида биология фанида қаттиқ ғоявий кураш давом этди. Академик Т.Д.Лисенко бошлиқ бир гуруҳ олимлар чет мамлакатларда қўлга киритилган фан ютуқларини тан олмадилар ва уларни буржуа олимларининг кашфиётлари, улар ғоявий жиҳатдан бизнинг дунёқарашларимизга зид деган баҳона билан биология фанининг сўнгги ютуқларини дарслик сахифаларидан ўрин олишига тўсқинлик қилдилар. Фақат 1964 йил октябрь ойида академик Лисенко шахсига сиғиниш барбод бўлганидан кейин мактабдаги барча биологик дастур ва ботаника, зоология, одам анатомияси, физиологияси, умумий биология дарсликлари мазмунига генетика, экология, цитология, биохимия, молекуляр биология ва шу каби фанларнинг сўнгги ютуқлари киритилди. Янги дарслик билан бирга уларнинг ўқитиш методикасига оид қўлланмалар ҳам нашр қилинди.
Булар қаторига проф. П.И.Боровицкий таҳрири остида чиққан “Биология ўқитиш методикаси” М.1962, [9] проф.Б.В.Всесвятскийнинг “Биологиянинг умумий ўқитиш методикаси” [10] М.1960, Н.М.Верзилин ва В.М.Корсунскаяларнинг “Биология ўқитишнинг умумий методикаси” М.1983, [11] проф. И.Н.Понамарёва тахрири остида нашр қилинган “Биология ўқитишнинг умумий методикаси” М.2003 [12] кабиларни киритиш мумкин.
Республикамизда биология ўқитиш методикасига оид тадқиқотлар ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошланади. Ўзбекистонда собиқ Иттифоқ марказида нашр қилинган дарсликлар жорий этилгани ва ундаги кўпгина ўқув материаллар нотаниш бўлгани сабабли, ўқувчиларнинг билим даражаси паст эди. Шу сабабли республика методист олимларининг эътибори мактаб ботаника, зоология, умумий биология дарсларида маҳаллий материаллардан фойдаланиш муаммосини ечишга қаратилди. (Е.М.Бельская, А.Е.Сухарев, А.Т.Ғофуров) [13-15]. Шу билан бир вақтда ботаник, зоологик билимларни мактаб тажриба ер участкасида ва тирик бурчакгида олиб борилаётган амалий ишлар билан боғлаш масалалари тадқиқ қилинди (М.Жабборов, Т.Исхаков, Х.Шокиров) [16-18].
1940 йилда Тошкентда биричи бўлиб педагогика илмий-текшириш институти ташкил этилади, бу тадқиқот марказида республикамиз ўрта таълими ўқув предметлари, жумладан биология фанларини ўқитиш муаммолари бўйича илмий изланишлар олиб борилади.
1961 йили Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институти (ҳозирги педагогика университети) да “Биология ўқитиш методикаси” кафедраси ташкил қилинди.
Мазкур кафедрани ташкил этилганлиги бир томондан юқори малакали методист олимларни тайёрлашга, иккинчи томондан биологияни ўқитишдаги турли мавзулар бўйича илмий тадқиқот ишларни олиб боришга имкон яратди.
Биология ўқитиш методикаси кафедраси фақат Ўзбекистон учун эмас, балки қардош Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон республикалари учун ҳам 15 дан ортиқ юқори малакага методист олимлар-фан номзодлари етиштириб берди. Методист олимлардан И.А.Норбеков, М.Махкамов, А.Т.Ғофуров ботаника, зоология фанидан ўтказиладиган экскурсияларнинг хиллари, уларни ўтказиш методикаси, унда ўқувчилар томонидан олиб бориладиган кузатишлар, тажрибаларни ҳал қилдилар. [19-21].
Мактаб ботаника курсини ўқитишга бўлган дидактик талаблар, ботаника дарсларида ўқувчиларнинг билиш фаолиятини фаоллаштириш масалалари Е.М.Бельскаянинг “Ботаника дидактикаси” қўлланмасида ўз ифодасини топди. [22] . М.Ортиқов эса ўзининг мактабларда ўтказган тажрибаларига асосланиб, биология дарсларида экран воситалари (ўқув фильмлари, диафильмлар, диапозитивлар)дан фойдаланиш ўкувчиларда биологик ўкув материалини ўзлаштиришга бўлган қизиқишини орттиришига, уларнинг билимини мустахкам бўлишида алохида ахамиятга эга эканлигини исботлаб берди. [23].
Ж.Толипова дарсларни хилма хиллаштириш, ноанъанавий дарслар (семинар, конференция, муаммоли мунозарали) ўтказиш ўқувчиларнинг билиш фаолиятини фаоллаштиришда, мустақиллигини ривожлантиришда, пухта билим эгаллашларида катта роль ўйнашини кўрсатиб берди. Мактабдаги билимлар тушунчалардан ташкил топган. 1950 йиллардан бошлаб Н.М.Верзилин бошлиқ бир гуруҳ рус методистлари хусусий биологик тушунчаларни тадқиқ қилдилар. Улардан фарқли равишда 1970 йилдан бошлаб А.Т.Ғофуров умумбиологик тушунчаларни, хусусан, “хужайра”,”моддалар ва энергия алмашинуви”, “ирсият ва ўзгарувчанлик”, “органик олам эволюцияси” каби тушунчаларни ўқувчилар қандай ўзлаштириши ҳақида кузатиш, тажриба ишларини олиб борди ва бу сохада “умумий биологик тушунчаларни шакллантириш” деган мавзуда ўқув методик қўлланма яратди. [24].
Одам анатомияси ва физиологияси ўқув фани бўйича лаборатория машғулотларини олиб бориш тўғрисида А.М.Қодировнинг ўқув қўлланмаси мактаблар ҳаётида кенг қўлланилмоқда. [25].
Маҳаллий материалларга асосланган ҳолда синфдан ташқари машғулотларни қандай шаклда мазмунда ўтказиш кераклиги А.Т.Ғофуров, С.К.Хабироваларнинг қўлланмасида ёритилган. [26]. Қўлланмада айрим ўқувчилар, ўқувчилар гурухи ҳамда оммавий равишда ташкил этиладиган синфдан ташқари машғулотларнинг хиллари, уларнинг мазмуни ва ўзаро боғлиқлиги мактабларда ўтказилган педагогик тажрибалар асосида очиб берилган. Кейинги пайтларда экологик мувозанатнинг бузилиши оқибатида сув, ҳаво, тупроқ турли чиқиндилар билан ифлосланиши ортиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида ўсимликлар ва ҳайвонотлар, одамлар ҳаётига хавф солмоқда. Шу ўринда мактабларда олиб бориладиган экологик таълим-тарбияга нихоятда ахамият бериш зарурлигини кўрсатади. Мазкур масаланинг долзарблигини эътиборга олиб А.Т.Ғофуров, О.Н.Носиров мактабларда ўқитувчилар билан ҳамкорликда ўтказилган тажрибаларга асосланиб “Мактаб биология курсида табиат мухофазаси тушунчасини шакллантириш”, М.Нишонбоева “Мактабда экологик таълим-тарбияни амалга ошириш” каби қўлланмаларни чоп этдилар.[27-28].

Мактаб биология курсини ўқитишдан мақсад ўқувчиларни фақат билимлар билан эмас, шу билан бир қаторда уларда ўқув кўникма ва малакаларни ҳосил қилишдан иборат. Бу соҳада лаборатория машғулотларни олиб бориш ниҳоятда муҳим саналади. Шуни эътиборга олган ҳолда А.М.Қодиров “Одам физиологиясидан лаборатория машғулотлар”, А.М.Қодиров, К.Ҳайдаров “Биология ўқитиш методикасидан лаборатория машғулотлари” каби қўлланмаларни нашр этдилар. [29-30].


Мустақиллик йилларида республика методистларининг диққат эътибори ўқувчиларнинг билиш фаолиятини фаоллаштириш масаласига қаратилди. Бу ўринда биологиядан ноанъанавий дарслар ўтказишга (хамкорликда ўқитиш конференция дарслари модулли таълим ва ҳ) қаратилди. (Ж.Толипова, А.Т.Ғофуров). [31].


Републикамиз методистлари биологиянинг фақат умумий ўқитиш методикаси билан эмас, балки хусусий методикаси билан ҳам шуғуллана бошладилар. (Ж.Толипова ва бошқалар) [32].


Мактаб биология курсида чет тиллардан олинган кўпгина атамалар мавжуд. Мазкур атамаларнинг туб маъносини билиш биологик билимларни онгли ўзлаштиришга яқиндан кўмак беради. Ўзбек биолог олимлари ботаник, физиологик, биологик атамаларнинг изохли луғатини тузишга муваффақ бўлдилар. (М.Набиев, Ш.Курбанов, А.Зикиряев, С.С.Файзуллаев). [33].


Мазкур изохли луғатлардан фойдаланиш ўқувчилар билимини онгли бўлишида ижобий натижа бериши муқаррардир.
Адабиётлар таҳлилидан кўринадики ривожланаётган Ўзбекистон Республикаси замон талабларига жавоб берадиган кўп даражали олий педагогик таълимнинг янгиланган тизимини жорий этди .
Методик тайёргарлик натижасида улар қуйидагиларга қодир бўлиши керак: биология фанининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, биология фанидан битирувчиларни мажбурий тайёрлаш талабларига ва биология таълими ва танланган дастурнинг мажбурий минимал мазмунига мувофиқ психологик ва педагогик талабларни ҳисобга олган ҳолда ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини ўқитиш, тарбиялаш ва ўқувчининг шахсини ривожлантириш вазифаларига йўналтирилган ҳолда ўқитиш жараёнини амалга ошириш;синфдан ташқари ишларни ташкиллаш ва ўтказиш , синфдан ташқари ишларни ривожлантиришни рағбатлантириш, ўқув машғулотининг мақсади, материал мазмуни ва ўқувчиларнинг психологик, ўсмирлик ва типологик хусусиятларига мувофиқ мақбул технологиялар ва усулларни танлаш; ўқув воситаларидан оқилона ва ҳар томонлама фойдаланиш; таълимни ташкил этишнинг турли шаклларидан фойдаланиш ва ўқув ишлари шаклларининг мақбул комбинациясини танлай олиши; танқидий фикрлашни ривожлантириш; ўз фаолиятини таҳлил қилиш.
Университетда биология ўқитиш методикаси ўқув фани сифатида
қуйидаги вазифаларни ҳал қилиши зарур:
1. Фаннинг илмий ва амалий билимлари асосларини яратиш.
Ўрта таълим муассасаларида биологияни ўқитишнинг асосий назарий ва амалий жиҳатлари ва ғояларини ўзлаштиришни ташкил этиш.
2. Биология йўналиши талабалари услубий компетенциясини шакллантиришга ҳисса қўшиши керак.
3. Услубий кўникмаларни шакллантириш ва ривожлантириш , бошланғич касбий ва педагогик кўникмаларнинг кўникма ва малакаларга айланишини таъминлаш.
4.Услубий фаннинг ҳозирги ҳолати, , илғор ва ноанъанавий тажриба, биологияни ўқитишнинг янги технологияларини ўрганиш.
5.Педагогик амалиёт даврида талабаларнинг назарий билимларини чуқурлаштириш, мустаҳкамлаш ва такомиллаштиришга ҳисса қўшиш
6.Педагогик онг ва касбий аҳамиятга эга шахсий хусусиятларни шакллантириш.
7.Касбий маданиятни ривожлантириш.
8.Ижодий фикрлаш, индивидуал услуб касбий фаолият, унга тадқиқот ёндашувини шакллантириш.
9.Педагогик ўз-ўзини тарбиялашга бўлган эҳтиёжни ривожлантириш,
Биология ўқитиш методологиясини ўрганиш натижасида магистр қуйидагиларни билиши керак: "Биология" фан соҳаси концепциясининг асосий қоидаларини, асосий тушунчалар, тамойиллар ва қонуниятлар ва назарияларни билиш , биологияни ўқитишнинг асосий усуллари ва услублари, янги ўқув технологияларининг ўзига хос хусусиятларини билиши,махсус техника ва технологияларни ишлато олиши; таълим ва тарбия сифатини диагностика қилиш, биологик таълим соҳасидаги ваколатларга эришиш, мақсадларни белгилашни амалга ошириш, ўқув жараёнининг бориши ва натижаларини таҳлил қилиш, биология дарсларининг сценарийларини давлат таълим стандарти талабларига мувофиқ ишлаб чиқиш, табақалаштирилган таълимни ҳисобга олган ҳолда вазиятли вазифаларни ишлаб чиқиш ;замонавий ўқитиш техникаси, усуллари ва технологияларини эгаллаш .
Ҳозирги вақтда бошланғич(пойдевор) услубий ва биологик билимларнинг етишмаслиги тобора кучайиб бормоқда. Мутахассисларни тайёрлаш сифатини яхшилаш вазифаси ўқитиш, тарбиялаш ва бошқариш функцияларини бажарадиган инновацион ўқув-услубий мажмуани (ИУМК) ҳал қилишга имкон беради. ИУМК очиқ тизим бўлиб,у босма ўқув қўлланмаларини ҳам, Интернетдаги электрон ўқув курсларини ҳам ўз ичига олади.
ИУМК -бу маълум бир фан бўйича (дарсликнинг етакчи роли билан) дидактик ўқув воситаларининг тизими бўлиб, ушбу фан дастурлари бўйича шакллантирилган ва шахсни ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қиладиган ўқув ва таълим вазифаларини тўлиқ амалга ошириш учун яратилади.
Тақдим этилган инновацион ўқув материаллари қуйидагиларни ўз ичига олади: биология ўқитиш назарияси ва методикаси бўйича маърузалар курси; биология ўқитиш методикаси бўйича электрон мултимедиа маърузалари мантиқ; биологияни ўқитишнинг умумий методикаси бўйича схемалар ва жадваллар; маълумотномалар; биологияни ўқитишнинг умумий методикаси бўйича ўқув тестлари; биологияни ўқитиш назарияси ва методикаси бўйича назорат тестлари; биологияни ўқитишнинг умумий методикаси бўйича тестлар; фан бўйича электрон дарслик; дидактик материаллар; маъруза матнлари учун дафтар; талабаларнинг ўқув ютуқлари портфели; биологияни ўрганиш бўйича электрон таълим ресурсларининг тармоқ тўплами.Олий мактабнинг анъанавий педагогикасида билимларни узатиш асосан талабаларнинг билим даражаси ва касбий йўналишига мослаштирилган маърузалар ўқиш орқали амалга оширилади. Бироқ , бундай маърузалар талабаларнинг пассивлигига олиб келади. Янги ахборотехнологиялари маъруза материалларини тақдим этиш сифатини бошқариш, тақдимот усулларининг арсеналини оширишга имкон беради. Тақдимот дастуридан фойдаланган ҳолда материалларни намойиш қилиш визуал потенциалдан, фикрлашнинг турли турларидан ва когнитив фаолият турларидан максимал даражада фойдаланишга имкон беради, бу материални идрок этиш, тушуниш ва ёдлашга ижобий таъсир қилади.
21-асрда олий таълимнинг мазмуни ва мақсадлари, унинг мазмуни ва ташкил этилиши ҳақидаги ғоялар ўзгариб бормоқда.
Шахсга йўналтирилган таълим парадигмасини янги шароитларда амалга ошириш шуни кўрсатадики, талаба шахсининг таълим фаолиятида шахсий таълим траекториясини лойиҳалашда субъектнинг ролини оширишга қаратилган янгиликлар яратиш ва амалга оширилишини тақозо этади .
Инновациялар талабанинг анъанавий ўқув жараёнида мавжуд бўлган билим ва унинг шахсий таълим мазмунларини билиш ва унга ташқи томондан ўрнатилган ўқув жараёнининг тайзиқларидан халос этишга имкон беради.
Ўқитувчилар тайёрлаш касбий давлат стандартида биология ўқитувчисини касбий ва педагогик жиҳатдан тайёрлашга янги талаблар қўйилган. Улар орасида жамиятда бўлаётган ўзгаришга доим тайёр бўлиш, ностандарт шакл ва усулларни ўзлаштириш, қарор қабул қилишда масъулиятли ва мустақил бўлиш кабилар жуда мухимдир.
Шу сабабли, ҳозирги босқичда университетда биологияни ўқитиш методикасининг мақсади бакалавр, магистрантлар ва докторантлар орасида биология ўқитувчисининг услубий ваколатларини шакллантириш орқали услубий тайёргарлик сифатини ошириш, ўқув жараёнининг мазмуни ва ташкил этилишини давлат талабларига мувофиқлаштириш ҳисобланади.
Бироқ, бизнинг тадқиқотимиз натижалари шуни кўрсатадики, ўқитувчилар тайёрлайдиган университетларда бакалаврлар, магистрантлар, докторантларнинг биология ўқитиш методикасини ўзлаштириш жараёнида билимларни юқори даражада ўзлаштиришларида маълум муаммолар борлигини кўрсатади. Буларга ахборот- коммуникация технологияларидан етарли даражада фойдаланмаслик, мотивация даражасининг пастлиги , ижодий фаолиятни ташкил этиш ва шакллантириш , ижодий фикрлаш, педагогик акс эттириш, ўқув жараёнини услубий қўллаб-қувватлашнинг номукаммаллиги киради.
Биология талабаларини услубий тайёрлашнинг мақсади- малакали мутахассисларни шакллантириш ҳисобланади.
Университетларда биология ўқитувчилари тайёрлаш тизимида ушбу фандан маърузалардан ташқари биология ўқитиш методикасидан лаборатория ишлари мухим ўрин тутади.Ушбу диссертация ишимизда биология ўқитиш методикасидан лаборатория ишлари «Ҳайвонлар» бўлимини такомиллаштириш вазифаси қўйилди.
Download 145.41 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling