I боб. Молия бозорининг назарий асослари молия бозорининг иқтисодий моҳияти


Download 1.46 Mb.
bet18/92
Sana23.04.2023
Hajmi1.46 Mb.
#1387714
1   ...   14   15   16   17   18   19   20   21   ...   92
Bog'liq
Moliya Bozori

4.3.Пул бозори инструментлари
Халқаро тажрибага кўра, пул бозори инструментларига қуйидагилар киради:
- давлат қисқа муддатли қимматли қоғозлари;
- қайта сотиб олинувчи шартномалар;
- депозит сертификатлари;
- тижорат қоғози;
- банкир кафолати;
- евродоллар.
Давлат қисқа муддатли қимматли қоғозлари (Т-Bills) асосан давлат қарзини қоплаш учун эмиссия қилинади. Яъни давлат ўзининг солиқлар орқали бюджетига тушувчи маблағлари келгунига қадар қисқа муддатли қарз мажбуриятини ифодаловчи қимматли қоғозларни эмиссия қилади. Айрим давлатда бу қимматли қоғоз Молия вазирлиги томонидан эмиссия қилинса, бошқаларида Ғазначилик томонидан эмиссия қилинади. АҚШ мисолида кўрадиган бўлсак, ушбу қимматли қоғоз Ғазначилик бошқармаси (Treasury Department) томонидан эмиссия қилади ҳамда Т-Bills деб аталади. Уларнинг муддати асосан 28; 91 ва 182 кунни ташкил этади. 1998-йилдан бери АҚШ ҳукумати инвесторлар учун ушбу турдаги қимматли қоғозларни интернет орқали сотиб олиш имконини яратди ва бу ўз навбатида уларни индивидуал инвесторлар орасида янада кенгроқ тарқалишига олиб келди. Ғазначилик ушбу қимматли қоғозлар учун ҳеч қандай фоиз тўловини амалга оширмайди. Улар ўзининг номинал нархидан паст баҳода бозорга жойлаштирилади ҳамда сўндирилиш муддатида номинал нарх бўйича сўндирилади. Уларнинг бозорга жойлаштирилиш ҳамда сўндирилиш баҳолари орасидаги фарқ асосан муддатга боғлиқ ҳисобланади. Ушбу турдаги қимматли қоғозларнинг рисклилик даражаси нолга тенг деб ҳисобланади, сабаби ҳаттоки давлатда уларни сўндириш учун етарли маблағ бўлмай қолган тақдирда ҳам, давлат шунчаки қўшимча валюта эмиссия қилиш орқали уларни сўндириши мумкин. Уларнинг муддати қисқа бўлганлиги сабабли инфляция даражасининг таъсири ҳам унчалик юқори ҳисобланмайди.
Қайта сотиб олинувчи шартномалар (Repurchase agreements). Корхоналар давлат қимматли қоғозларини қайта сотиб олиш шарти билан бошқа шахсга сотиши мумкин. Бунда қанча миқдорда ва қачон қайтариб сотиб олиш олдиндан келишиб олинади. Аксарият қайта сотиб олинувчи шартномалар 3 кундан 14 кунгача бўлган муддатга эга бўлсада айрим ҳолларда бу муддат 1 ойдан 3 ойгача ҳам бўлиши мумкин. Депозит сертификатлари банк томонидан эмиссия қилинувчи қимматли қоғоз бўлиб, ўзида муддатни ҳамда фоиз ставкасини акс эттиради. Ушбу турдаги қимматли қоғоз оралиқ инструмент бўлиб, белгиланган муддат тугагандан сўнг ушбу сертификатни банкга тақдим этган шахс асосий суммани ҳамда фоиз тўловини қўлга киритади. АҚШ мисолида кўрадиган бўлсак, депозит миқдори $100 000 дан $10 миллионгача бўлади.
Реал сектор корхоналари томонидан эмиссия қилинадиган пул бозори инструменти бу тижорат қоғози (Сommercial paper) ҳисобланади. Тижорат қоғози таъминланмаган қарз мажбуриятини ифодаловчи, корхоналари томонидан эмиссия қилинган қимматли қоғоз бўлиб, одатда муддати 270 кунгача бўлади. Сабаби ушбу қимматли қоғоз таъминланмаган бўлиб, бунинг муддатини узайтириш банкротлик рискини ошириб юборади. Фақатгина кредитга лаёқатли корхоналар ушбу турдаги қимматли қоғозни эмиссия қилиш имконига эга. Уларни эмиссия қилиш талаблари мавжуд бўлиб, унга кўра уларнинг муддати АҚШ амалиётида 270 кундан ошмаслиги лозим. Бундан кўзланган мақсад ушбу қимматли қоғозни регистрациядан ўтказишдан қочиш, яъни қонунчиликда 270 кундан ортиқ муддатга эга бўлган қимматли қоғозлар Қимматли қоғозлар ва уларни айрибошлаш комиссиясидан рўйхатдан ўтказилиши лозим. Асосий қимматли қоғозлар асосан 20 кундан 45 кунгача бўлган муддатга эга бўлиб, асосан дисконтлаш асосида эмиссия қилинади. Тахминан 60% тижорат қоғозлари бевосита эмитентдан инвесторга сотилади. Бу турдаги қимматли қоғозлар учун иккиламчи бозор мавжуд эмас. Шу ўринда савол туғилиши табиий. Пул бозори инструментларининг даромадлилик даражаси қандай аниқланади? Улар эмиссия қилингандан сўнг ўзининг номинал баҳосидан паст нархда сотилади ва муддати келганда эса уни сотиб олган инвестор қимматли қоғозни эмитентга тақдим этиб, қимматли қоғознинг номиналига тенг бўлган суммани қайтариб олади.
Банкир кафолати (Banker's acceptance) ХII асрдан бошлаб қўлланила бошлаган. Аниқроғи шу турдаги операциялар амалга оширилишининг илк босқичлари ўша даврга тўғри келади. Ушбу қимматли қоғоз сотувчидан харидорга ҳали етказилмаган маҳсулотни молиялаштириш учун ишлатилади. Тасаввур қиламиз, ABC компанияси Япониянинг XYZ компаниясидан булдозер сотиб олмоқчи, аммо XYZ компанияси пулни қўлга киритишдан олдин булдозерни юбориш ниятида эмас, сабаби у компания ҳақида унда етарли маълумот йўқ. Ўз навбатида ABC компанияси ҳам булдозерни қабул қилишдан аввал пулни ўтказиб бериш ниятида эмас. Ушбу вазиятда банк Banker's acceptanceни эмиссия қилиш орқали экспорт қилувчи томон номидан импорт қилувчи томонга кафолат беради. Ушбу қимматли қоғоз қисқа муддатли яъни 30 кундан 180 кунгача бўлиб, иккиламчи бозорда ушбу муддат тугагунига қадар сотилиши ҳам мумкин. Банк бу вазиятда ўз хизмати учун 23% атрофида ҳақ олади. Евродоллар (Eurodollars). Долларнинг барқарор валюта эканлигини инобатга олган ҳолда аксарият шартномалар дунё бўйича АҚШ долларида амалга оширилади. Шу сабабдан кўплаб компаниялар ва давлатлар долларда захира сақлашни афзал кўради. Шу ўринда савол туғилади. Евродоллар нима? Евродоллар хорижий банклар ёки Америка банкларининг хорижий филиалларида долларда шакллантирилган депозитлар ҳисобланади.
Пул бозори инструментларини таққослайдиган бўлсак, уларнинг фоиз ставкалари орасида деярли тавофут йўқ. Уларнинг барчаси дисконтлаш амалиётини қўллаш орқали сўндирилишини инобатга оладиган бўлсак, дисконт ставкаларининг юқори ёки паст бўлиши фақатгина ушбу қимматли қоғозларнинг муддатига боғлиқ ҳисобланади. Уларнинг ликвидлилик даражасини таққослайдиган бўлсак, давлат қисқа муддатли қимматли қоғозларининг ликвидлилик даражаси тижорат қоғозлариникига нисбатан юқорироқ ҳисобланади, сабаби, тижорат қоғозларини сотишнинг аксарият ҳолларда имкони йўқ, шу сабабли инвесторлар ушбу қимматли қоғозни сўндирилиш муддатини кутади. Тижорат банклари томонидан тақдим этиладиган овердрафт, овернайт кредитлари ҳам пул бозорида кенг қўлланиладиган амалиётлардан ҳисобланади. Мамлакатимиздаги тижорат банклари томонидан овердрафт кредитлари кенг доирада қўлланила бошланганлигини ҳам шу ўринда қайд этиб ўтиш зарур.



Download 1.46 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   14   15   16   17   18   19   20   21   ...   92




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling