I ўзр фа фалсафа ва ҳуқуқ институти
Download 1.84 Mb. Pdf ko'rish
|
жахон фалсафаси
Маҳтумқули
Маҳтумқули (1733-1793) машҳур туркман мутафаккири ҳамда шоири, туркман адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган истеъдод соҳибидир. У шоир Озодий Давлатмамат оиласида 1733 йилда туғилиб, бошланғич саводни овул мактабида олади. Сўнг илмини ошириш мақсадида Хива, Бухоро ва Андижон мадрасаларида таҳсил олиб, узбек адабиётининг намояндалари асарлари билан яқиндан танишади. Маҳтумқули бир қанча фанларни ўзлаштириш билан бирга, заргарлик ҳунарини ҳам эгаллайди. У Туркистондаги шаҳарлардан ташқари Озарбайжон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистонга саёҳат қилиб, маҳаллий халқ турмуши билан танишади. Марказий Осиё, Озарбайжон, Эрон фольклори ва адабиётини чуқур ўрганади, Низомий, Фузулий, Алишер Навоий, Фирдавсий ижодидан баҳраманд бўлади. Маҳтумқули, айниқса, узбек маданияти тарихи билан яқиндан танишиб, бир неча достонлар, жуда кўп ғазаллар битади, ўз даври ҳаёти, халқи урф-одатлари ва ўтмиш тарихини куйлайди. Истеъдодли туркман шоирининг ўзбеклар ўртасидаги обрў-эътибори, жўшқин шеърияти профессор Ж. Шарипов, Қ. Тоҳиров, К. Курамбоев ва С. Эркинов каби узбек олимларининг ишларида ҳам тадқиқ этилган. Маҳтумқули ўз асарларининг мавзулари, жанрий хусусиятлари, шаклий ўзига хослиги, тилининг ниҳоятда халқчиллиги билан кўп асрлик туркман адабиётини янги босқичга кўтарди. Шоир асарларининг етакчи ғояси — туркман ерларига ёпирилиб турадиган чет эл босқинларига барҳам бериш, тарқоқ яшаётган ва зиддиятлардан зада бўлган қабила ҳамда уруғларни бирлаштириш билан осойишталик ва иттифоққа асосланган қудратли давлатни барпо этишдек миллий ватанпарварлик ҳис-туйғудан иборатдир. Миллат манфаатлари йўлида қайғуриш, маърифатпарварлик йўли билан бу ғояни самарали кучга айлантириш шоир ижодининг асосига 420 айланди. Бу йўлдаги изланишни шеърият орқали юксак уфқларга кўтариш Маҳтумқулини ўз даврининг кўзга кўринган тараққийпарвар сиймоси даражасига етказди. Панд-насиҳат Маҳтумқули ижодининг муҳим йўналиши бўлиб, шоирнинг шеърий мероси ўша давр адабий ҳаётининг барча мавзуларини қамраб олган. Зотан, Маҳтумқули ижоди халқчил, унда Шарқлирикаси анъаналари туркий қўшиқлар, фольклор мураббаълари каби ижод намуналари бир-бири билан чамбарчас боғланган. Маҳтумқули ижодида Аҳмад Яссавий пандномалари услуби кўзга ташланади. Инсон ҳаётда ўз мақомини идрок қилиши, ижобий ҳислатларни ўзлаштира бориши, такаббурлик, дилозорлик, мол-давлатга ҳирс қўйиш, нафс қули бўлиш каби иллатларни енгиш ғоялари пандноманинг асосий мазмунини ташкил этади. Махтумқули мутафаккир шоир Алишер Навоийни устоз сифатида ҳурмат билан тилга олади. Унинг «Чордевон»и ҳақида тўлқинланиб ёзади, чунки, Алишер Навоий туркман халқи тарихи, маданиятини яхши билган. Унинг бевосита Марв, Сарахс, Абивард каби шаҳарларда бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. Жумладан, Навоий Марвда «Хусравия» номи билан Мадраса қурдириб, толиби илмларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турган. Шу ўринда Навоийнинг Оққуюнли туркманларнинг султонларидан бири Яъқуббек билан яқин муносабатини ҳам эслаш ўринлидир. Маҳтумқули Навоийнинг асарларидан кўп баҳраманд бўлди. Устознинг ғазал ва муҳаммаслари услубида манзур асарлар яратди. Ўз асарларида гўзаллик тимсоли — маҳбуба сиймосини чуқур муҳаббат билан чизди. Маҳтумқули гўзалга «Олтинмисан, кумушмисан, нимасан?» «Ё ёқутми, ё маржонми, дурмисан?» деган риторик савол билан мурожаат этади. Шоир эл-юрт қисматига бепарво одамларни «нодон», «номард» сифатлари билан атайди. Номард бирор ишга кўл ургудек бўлса, дарҳол ҳориб қолади. Бирор киши билан гаплашганда қатъиятсизлигини билдириб қўяди. Уйга келган 421 меҳмонга ҳам захрини сочади. Мардлар кирган майдонга киролмайди. Бутун бир қабила ёки уруғнинг иззат-нафсини ерга уришдан қайтмайди. Агар шундай номард салтанат тахтига ўтириб қолса борми, у тақдирда ҳўлу қуруқ баробар ёнади. Маҳтумқули «Фаттоҳ» деб атаган ҳажвий асарида шундай шахсларнинг умумлашма образини яратган: Сен туркманнинг элин гулин сўлдирдинг, Қонлар тўкиб, гўзал юртим тўлдирдинг, Шаҳид бўлганларнинг бошин қолдирдинг, Унутарсан тахти равонни сен, Фаттоҳ. Маҳтумқули ўз даврининг жароҳатларига ақл- заковатни, имон-эътиқодни, аҳиллик ва ҳамжиҳатлиликни ва адолатли курашни қарши қўяди ва бу туйғуни поэтик сўз қудрати билан маънавий қурол даражасига кўтаради. Маҳтумқули исломий билимларни чуқур ўзлаштирган ориф шахе эди 129 . Унинг панд-насиҳат рухидаги шеърлари Қуръон оятлари, Муҳаммад пайғамбар ҳадисларидан озиқланган. Ундаги пурмаъно таълимий-ахлоқий дастурларда даврдаги воқеа ва ҳодисаларнинг моҳияти моҳирона истифода этган. Маҳтумқули бир ўринда туркман ерларини «Ҳизр кезган чўллар» деб фахрланиб, ёзади. Унинг бинолари мангу қад кўтариб туришига умид боғлайди. Шундай бўлгач, туркман йигитлари ҳам ғафлат уйқусидан уйғониши, аҳил бўлиб яшашга, бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этишга ундайди. Шоир бу ўринда ватандошларини бирлашишга чақиради. Download 1.84 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling