Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)


Деҳқончилик ва чорвачиликнинг вужудга келиши


Download 0.99 Mb.
bet30/57
Sana31.12.2022
Hajmi0.99 Mb.
#1073641
1   ...   26   27   28   29   30   31   32   33   ...   57
Bog'liq
11 Darslik (Ibtidoiy jamiyat tarixi-Djurakulov M)

2. Деҳқончилик ва чорвачиликнинг вужудга келиши
Ибтидоий жамият тарихининг илк уруғчилик даврида авжига чиққан терим-термачилик хўжалиги доимий равишда ривожланишда бўлиб, одамзод нафақат ҳаёт кечирди ва шунинг билан баравар ҳаракатда ҳам бўлиб, табиат сирларини билиб ва ундан унумли фойдаланиш чораларини кўриб борди. Бу ҳаракатлар ибтидоий иқтисодиётнинг икки буюк хўжалиги – деҳқончилик ва чорвачиликнинг вужудга келишига олиб келди. Бу ютуқни машҳур археолог олим Г.Чайлднинг «неолит инқилоби» деб атагани ҳам бежиз эмас. Тўғри, неолит даврининг бошланғич тараққиёт босқичларида терим-термачилик, яъни ўзлаштирувчи хўжалик ҳукм сурарди. Маълумки, дунёнинг айрим ўлкаларида яшаган кўпгина қабилалар умрбод ўзлаштирувчи хўжалик исканжасидан чиқолмадилар. Неолит даврининг сўнгги босқичларида ташкил топган техник прогресс ишлаб чиқариш иқтисодининг вужудга келишига муайян шароит яратди. Деҳқончилик ва чорвачилик ишлаб чиқариш иқтисодиётининг вужудга келиши инсоният жамиятининг галдаги ривожланишига муҳим омил бўлиб хизмат қилди.
Ишлаб чиқариш хўжалигининг вужудга келишида икки фактор – биологик ва маданият муҳим омил бўлди. Ҳайвонларни хонакилаштиришга ўтиш муайян табиий шароити маъқул, ўсимликларга, ҳайвонот дунёсига бой ўлкаларда содир бўлди. Одамзод турмуш кечириш давомида турли донли ўсимликлар билан таниш бўлган, уларнинг ҳаёт учун фойдали томонларини ўз тажрибаларидан ўтказган, синаб кўрган. Такрор ҳосил олиш тажрибаларини ўтаган. Автралиялик оборогенлар донли ўсимликларни ўриб олиб, бошоқларини ерга кўмиб, қайта ҳосил олиш сирлари билан таниш бўлганлар. Америкалик ҳиндлар ёввойи шоли донларидан фойдаланувчиларни «ҳосил йиғувчи халқлар» деб атаган. Одамзоднинг бундай ҳаракатлари озиқ-овқатни нафақат топиш, балки ғамлаш тажрибаларига ўргатиб, деҳқончилик хўжалигининг ташкил топишига яқинлаша боради. Шу аснода ўтроқ турмуш тарзи шакллана боради.
Археологик маълумотларнинг гувоҳлик беришича, айрим вилоятларда яшаган мезолит даври қабилалари терим-термачилик билан бир қаторда донли ўсимликлардан ҳам фойдаланганлигини кўрсатмоқда. Фаластин ва Иордания мамлакатларига кенг тарқалган натуфия маданияти вакиллари оддий ўтроқ деҳқончилик билан таниш бўлганлигини кўрсатмоқда. Натуфияликлар ва бошқа мезолит даври аҳолиси қадама тош ўроқлардан фойдаланганлар. Бундай ўроқлар суяк дастага эга бўлиб, микролит тиғлар билан жиҳозланган. Манзилгоҳлардан оддий ёрғучоқ, кели ва унинг дасталари топилган. Бу каби асбоб жиҳозлар билан донни майдалашган. (Расм-42) Бу ёдгорликларнинг ёши мил. авв. 11-9 минг йилликларга тўғри келади. Шундай ёдгорликлардан Фаластиннинг Вади – эн Натуф томонидан, Олд Осиёга тегишли Ироқ ҳудудидаги Шанидар, Завм-чемк ғорларининг маданий қатламларидан топилган манбалар илк деҳқончиликнинг кўринишидан гувоҳлик беради. Аксарият олимларнинг фикрича, дастлабки деҳқончиликнинг кашфиётчиси хотинлар бўлган. Маълумки, терим-термачилик билан ҳам ўз вақтида асосан аёллар шуғулланган. Дастлабки деҳқончилик ҳам узоқ вақтлар аёлларнинг иши бўлиб келган.
Дастлабки деҳқончиликнинг вужудга келиши бўйича иккита дунёқараш мавжуд – моноцентрист, полицентристик қарашлар. Моноцентристлар фикрича, дастлабки деҳқончиликнинг илк ўчоғи Олд Осиё бўлиб, кейинчалик, аста-секин бу хўжалик тутими Шимолий-Шарқий Африкага, Жанубий-Шарқий Овропага, Ўрта, Жанубий-Шарқий ва Жанубий Осиё, Океания ва Марказий ҳамда Жанубий Америкага тарқалган. Бироқ палеоботаник ва археологик манбаларга қараганда, Н.Н.Вавиловнинг полицентрик таълимотини кўпчилик олимлар маъқуллашмоқдалар. Н.Н.Вавиловнинг таълимотига қараганда, ибтидоий деҳқончилик турли субтропик ўлкаларда мустақил равишда вужудга келган. Шундай ўлкаларга Олд Осиё, Хуанхе ҳавзаси, Узоқ Шарқ, Жанубий-Шарқий Осиёни киритиш мумкин. Олд Осиёда мил. авв. 7 минг йилликда арпа ва якка дон бошоқли буғдой маданийлаштирилган. Хуанхе ҳавзаси ва Узоқ Шарқ вилоятларида мил. авв. 4 минг йилликда тариқ, мил. авв. 5 минг йилликда қулупнай, мил. авв. 5-4 минг йилликда Месоамерикада фасол, қалампир, мош, мил. авв. 6 минг йилликда Перуда фасол, мил. авв. 5-4 минг йилликда ошқовоқ, қалампир, майиз, картошка ва бошқалар маданийлаштирилган. (Расм-43)
Тахминан, шу вақтга келиб дастлабки чорвачилик ташкил топади. Биз юқори сатрларда сўнгги палеолит ва мезолит даврларида ҳайвонларни хонакилаштиришнинг илк босқичи хусусида фикр юритиб, дастлабки вақтда хонакилаштирилган ҳайвонлардан бири ит эканлиги ҳақида тўхталган эдик. Балки бошқа ҳайвонларни хонакилаштиришда овчи қабилаларнинг доимий равишда бир жойдан бошқасига кўчиб юриш халақит берган бўлиши мумкин. Ўтроқлашишнинг бошланиши билан бу «ғов»га ўрин қолмади. Археологик материалларга кўра, илк неолит даврида чўчқа, қўй, эчки, эҳтимол, йирик шохли ҳайвонлар ҳам хонакилаштирила бошланган. Бу каби жараён қандай кечганлиги амалиётини андаман қабилаларида кузатиш мумкин. Андаманлар ов туфайли қўлга тушган чўчқа болаларини ўлдиришмаган. Уларни овқатлантириб, махсус қураларда боқишган. Ов уларда эркаклар иши бўлган. Шунинг учун ҳам чорвачилик генетик жиҳатдан асосан эркаклар бажарадиган хўжалик тури бўлган.
Чорвачиликнинг келиб чиқиши ҳақида ҳам икки нуқтаи назар ҳукм суради. Биринчиси – моноцентристлар, иккинчиси – полицентристлар. Биринчилик тарафдорларининг фикрича, бу янгилик, аввало, Олд Осиёда содир бўлган бўлиб, палеонтологик ва археологик маълумотларга қараганда, бу вилоятларда дастлаб йирик шохли ҳайвонлар: чўчқа, қулон ва эҳтимол бир ўркачли туя ҳам хонакилаштирилган. Иккинчи таълимот тарафдорлари фикрича, дастлабки чорвачилик ибтидоий одамларнинг турли гуруҳлари орасида Олд Осиё ўчоғидан фарқли ўлароқ, аввало, икки ўркачли туянинг хонакилаштирилиши Ўрта Осиё билан боғлиқ ва буғу Сибир, от Овропа даштларида хонакилаштирилган. Ишлаб чиқариш хўжалигига ўтиш бир вақтда содир бўлган бўлса-да, аммо оддий деҳқончилик бироз аввалроқ вужудга келган. Бу масала тушунарли. Чунки ҳайвонларни хонакилаштириш учун, аввало, бой база талаб қилинарди. Буғучилик Жанубий Сибир ўлкаларида кенг тарқалган. Деҳқончилик ва чорвачиликнинг вужудга келиши табиатдаги тайёр озиқ-овқатга лойиқ нарсаларни ўзлаштиришдан ишлаб чиқариш, шунингдек, қайта ишлаб чиқариш хўжалигига ўтиш жараёнини юзага келтиради. Умуман қаралганда, деҳқончилик ва чорвачиликнинг кашф қилиниши маълум даражада табиий муҳит билан боғлиқ бўлиб, бу соҳаларнинг ривожланиши инсоният турмушида тенгсизликнинг келиб чиқишига замин яратди.

Download 0.99 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   26   27   28   29   30   31   32   33   ...   57




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling