Бозор иқтисодиёти – бу товар ишлаб чиқариш, айирбошлаш ва пул муомаласи қонун-қоидалари асосида ташкил этиладиган ва бошқариладиган иқтисодий тизимдир. Бундай иқтисодиёт эркин товар-пул муносабатларига асосланиб, унинг негизида товар ва пулнинг турли шакллардаги ҳаракати ётади, у иқтисодий монополизмни инкор этади. Айрим адабиётларда бозор иқтисодиёти – бозор хўжалиги субъектлари иқтисодий хатти-ҳаракатларининг эркин, мустақил равишда юз бериши ва уларнинг товар-пул механизми орқали бир-бирига боғланиб мувофиқлашуви деб баҳо берилади. Бозор иқтисодиётида бозор алоқалари бутун тизимни, унинг барча босқичлари – ишлаб чиқариш, айирбошлаш, тақсимлаш ва истеъмол жараёнларини ҳамда иқтисодий муносабатларнинг барча субъектларини қамраб олади. Шуни ҳам эътиборда тутиш керакки, ҳозирги шароитда ўртача ривожланган иқтисодиётда 24 млн.дан ортиқ турдаги товарлар мавжуд бўлиб, ҳар йили уларнинг 1/10 қисми янгиланиб туради. Бундай шароитда бозорнинг иштирокисиз товар турлари ва ҳажми бўйича талаб ва таклифни тартибга солишни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Бу эса бозорнинг вазифасини ҳеч қандай марказлаштирилган режалаштириш идоралари муваффақиятли бажара олмаслигининг яққол далилидир. Бозор иқтисодиёти эса энг самарали ва муаммоларни тезлик билан ҳал эта олувчи ижтимоий-иқтисодий тизим ҳисобланади.
Бозор иқтисодиёти субъектлари таркибига тадбиркорлар ҳам, ўз меҳнатини сотувчи ишчилар ҳам, пировард истеъмолчилар, ссуда капитали эгалари ва қимматли қоғозлар эгалари ҳам киради. Одатда, бозор хўжалигининг барча асосий субъектлари учта гуруҳга бўлинади: уй хўжаликлари, корхоналар (тадбиркорлик сектори) ва давлат сектори.
Уй хўжаликлари – иқтисодиётнинг истеъмол соҳасида фаолият кўрсатувчи асосий таркибий бирлик. Уй хўжаликлари доирасида моддий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида яратилган товар ва хизматлар истеъмол қилинади. Бозор иқтисодиётида уй хўжаликлари мулк эгаси ҳамда ишлаб чиқариш омилларини етказиб берувчилар ҳисобланади. Иқтисодий ресурсларни сотишдан олинган пул даромадлари шахсий эҳтиёжни қондириш учун сарфланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |