Ii. Оммавий маданиятнинг асосий белгилари


Оммавий маданиятнинг инсон маънавиятига таъсири


Download 64.84 Kb.
bet3/3
Sana14.05.2023
Hajmi64.84 Kb.
#1459109
1   2   3
Bog'liq
25-mavzu

Оммавий маданиятнинг инсон маънавиятига таъсири

Америкалик олимлар замонавий оммавий маданиятнинг асосий “оқловчи”ларидир (албатта, америкаликлар орасида танқид қилувчилар ҳам бор). Улар ҳатто оммавий маданият аслида американча ҳодисадир, дейишади (З.Бжезинский). Европалик олимлар гўёки уларга қўшилгандек бўлади. Чунки АҚШда ҳеч қачон аристократлар маданияти бўлмаган, элитар маданият ўз илдизларига эга эмас, АҚШ мустақилликка эришгандан бошлаб эркин рақобат ва истеъмолчилик тамойиллари асосида ривожланган. деб ҳисоблашади. Бу фикрларда жон бор. Зикр этилганларга яна шуни қўшимча қилиш зарурки, Европадаги кескин синфий курашлар ҳамда Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларининг вайронгарчиликлари, уларга барҳам беришга катта вақт ва улкан маблағлар сарфлангани, аҳолининг бу даврда қашшоқланиб қолиб, харид қобилияти пасайиб кетгани истеъмолчиликка асосланган оммавий жамият тўлиқ шаклланишини АҚШга қараганда анча ортга сурди. Аксинча, оммавий ишлаб чиқариладиган нархи арзон американча кўнгилочар маданий маҳсулотларга талабни оширди.Бу даврда европаликлар топган маблағнинг асосий қисмини шаҳар қишлоқларни, завод ва фабрикаларни тиклашга йўналтирар, маданиятга, адабиёт ва санат ривожланишига ажратиладиган маблағлар ҳажми чекланган эди. Ҳолливудда (АҚШ киностудиялари аксарияти жойлашган шаҳар) эса йилига бир неча юз фильмлар (кейинчалик миндан ортиқ) яратилди.
Урушлардан кейин руҳан мажруҳ ва жисман толиққан, оч-юпун, бахтиқаро, яқинларидан айрилган одамларга гўзал орзу-ҳавасларга тўла, хаёлий бахтли турмушни кўрсатувчи, севги-муҳаббатни куйловчи асарлар зарур эди. Уруш вайронгарчиликлари ва асоратларини бартараф этиш билан овора Европа бундай маҳсулотларни етарли миқдорда ишлаб чиқара олмасди. Америка оммавий маданияти бечора европаликлар қалбига гўёки “малҳам” бўлди, динга ўхшаб руҳий компенсаторлик вазифасини бажарди,уларни овутди, хаёлот дунёсига ғарқ эттириб, турмуш ташвишларидан чалғитди, қалбида умид учқунларини чақнатди. Аста-секин аксарият олимлар, танқидчилар ўртасида ҳам оммавий маданиятга муносабат ижобий томонга силжий бошлади. Ўтган асрнинг 70-йилларидан оммавий маданиятни оқлаш бутун Ғарбда, жумладан, Европада ҳам кучайди. Бу даврга келиб Европа ўзини аллақачон тўлиқ тиклаб олган (50-йиллар ўрталарида) ва оммавий жамиятга тўлиқ ўтиб бўлган эди.
Аммо Иккинчи жаҳон урушидан кейин – ХХ асрнинг 50-йилларидан Европада оммавий маданиятни либерал гуманизм нуқтаи назаридан кескин танқид қилиш бошланди (Фромм, Хоркхаймер, Адорно, Беньямин, Моран, Веблен, Рисмен, Маркузе ва бошқалар). Бу европа илмий анъаналарига, аҳолиси психологиясига мос эди. Чунки Европада бир ярим аср бурун XVIII аср охирларидан буржуа жамиятини, у билан боғлиқ ижтимоий ҳодисаларни, инсон эксплуатациясини танқид қилиш илғор зиёлилар орасида кенг тарқалган эди. XIX аср давомида бадиий адабиётда ва санъатда, ижтимоий-сиёсий фанларда капиталистик жамият иллатлари аёвсиз фош этилди. Ҳатто XIX аср адабиётининг етакчи бадиий усули танқидий реализм, деб аталади.
Европанинг аксарият ижодкор зиёлилари ишчилар ва халқ оммасининг инқилобий курашига хайрихоҳ эди. Улар эзгулик, инсонпарварлик ва адолат туйғуларидан келиб чиқиб, эзилган ва жабрдийда халқ томонида турарди. XIX аср иждкорлари социалистик таълимотлардан анча-мунча хабардор эдилар. Бу таълимотлардан айрим радикал (анархистик, коммунистик ва социал-демократик) характердагилари уларни чўчитса-да, утопик ва мўътадил мазмундагилари уларда хайрихоҳлик ўйғотганди.
XX аср ўрталарига келиб танқидий руҳ ва муносабат, мафкуравий плюрализм, муқобиллик ва мухолифлик европа ижтимоий фикрининг ажралмас бўлагига айланган эди. ХХ аср европалик либерал гуманистларининг кўпчилиги, айниқса биринчи авлоди ёшлик йиллари марксизмнинг маълум даражада таъсирида бўлиб улгурган эди.Мисол тариқасида Макс Вебер каби атоқли немис социологини, ёки Франкфурт мактаби вакилларини келтириш мумкин.
Либерал гуманистлар оммавий маданиятни аҳоли онгини бошқариш, шахсни маънавий қарамликда сақлаш, одамларни ўзаро бегоналаштириш, зулм ўтказиш воситаси дея баҳолади. Уларни қўллаб-қувватловчилар турли илмий йўналишларга оид олимлар орасида кам эмас эди. Ҳозир ҳам бу фикрларни қўллаб-қувватловчи танқидчилар оз эмас. Шу ўринда уларнинг айрим баҳоларини эслаш мақсадга мувофиқ: сароб бахт мафкураси (Моран), шахс ҳаракатини ташқаридан бошқариш (Рисмен), “бир ўлчовли инсон”ни шакллантириш (Маркузе), эрзац-туйғуларнинг (ясама, сохта туйғуларнинг) мафтункор олами (Веблен), бир тусли кийимдаги, бирхиллашган ва бирхиллаштирувчи, тез алмашинадиган тузилма (Корнхаузер), бегоналашувнинг одми компенсацияси (Фромм), “оммавий” инсонни стандартлаштириш ва конформлаштириш, яъни мавжуд тузумга нисбатан норозилик туйғусидан маҳрум этиш (Миллс), клип-маданият (Тоффлер).
Ҳали интернет тармоғи, замонавий ДВД, “уяли” алоқа ва баъзи ахборот технологиялари кашф этилмаган 60-йилларда француз социологи А.Моль бундай деб ёзган эди: “Бугун оддий ишчи ақлини “тўлдириш”да унинг метро афишасида ўқигани, радиодан тинглагани, кино ёки телевизорда кўргани, ишга кетаётганда газетада кўзи тушган ахборот ёки ҳамкасблари, қўни-қўшниларидан эшитгани кўпроқ роль ўйнайди; мактабдан эса яримунут бўлган тушунчалар қолади, холос”.2 Эндиликда-чи? Компьютер ва интернет замонида IT ёрдамида аҳоли онгини бошқариш, “маъқул бўлмаган” мамлакатларда ижтимоий-сиёсий барқарорликни издан чиқариш, ҳатто рангли инқилоблар ва давлат тўнтаришлари қилиш имкониятлари пайдо бўлди. Буни 2011 йили қатор араб давлатларида юз берган воқеалар тасдиқлайди. Ўшанда Интернет орқали ғалаёнчиларнинг ҳаракатлари мувофиқлаштирилган эди. “Бизнинг давримизда билимлар асосан таълим тизими орқали эмас, балки ОАВ орқали шаклланади”, деганида А.Моль ҳақ эди.3 Бунга қўшимча қилиб “онги ҳам бошқарилади” дейиш мумкин.
60-йилларнинг иккинчи ярми ва 70-йиллардан бошлаб Ғарб ёшларининг “иккиюзламачи” буржуа маданиятига қарши норозилигини, ўзига хос исёнкорлигини ифодаловчи субмаданият юзага келди. Унга Ғарб олимлари “контркультура” (“қаршимаданият”) деган ном берди. Қаршимаданият АҚШда кўпроқ Вьетнам урушига, ирқий нотенгликка, одамларнинг ўзаро бегоналашувига, бюрократизмга қарши йўналтирилган эди. Ғарбий Европа мамлакатларида эса у буржуа ахлоқининг, оила ва никоҳ меъёрларининг “иккиюзламачилиги”га, эркин жинсий алоқаларнинг тақиқланишига, молпарастлик ва ҳашаматли бой турмуш тарзига ҳамда давлат сиёсатидаги икки хил стандартларга қарши қаратилди. 1968 йилда юз берган талабалар ғалаёни оқибатида Франция президенти де Голь истефога чиқишга (1969) мажбур бўлди.
Ёшлар норозилик ҳаракатининг ўз назариячилари, тақлид учун намунага айланган “доҳий”лари бор эди. Биз юқорида номларини тилга олган Ч.Миллс, Т.Адорно, Г.Маркузе, Ю.Хабермас каби файласуф ва социологлар шундай назариячилар эди. Олимлар фикрича, постиндустриал жамият марксистик тушунчадаги синфий курашлар, синфий инқилобларни инкор қилади. Энди жамиятнинг асосий инқилобий кучи пролетариат эмас, балки люмпенлар, турли маргинал қатламлар, айниқса ёшлардир деган ғояларни олға сурувчи “янги сўллар” тўғрисидаги таълимотни яратишга уриндилар.
Францияда чиқадиган “Тель-кель” журнали ва ёшларга мўлжалланган бошқа нашрларнинг муаллифлари уларга қўшилиб, ҳақиқатан, ҳозирги шароитда жамиятни инқилобий янгиловчи куч – бу ёшлардир, энди анъанавий тушунчадаги сиёсий инқилоблар даври ўтди, деган фикрни олға сурди. Сиёсий инқилоблар ўрниниулар ўрнини барча соҳаларда – тилда, инсонлараро муносабатда, бадиий тасвир ва ифода воситаларида, кўнгилхушликда ва ҳоказоларда онгли равишда амалга ошириладиган инқилоблар ясаш эгаллаши керак, мавжуд меъёрлар ва қоидалардан воз кечиш лозим. Ёшлар ўз ғоявий раҳнамолари сифатида сиёсий экстремизм назариячиси француз Р.Дебре ва сиёсий зўравонликни бирдан бир мақсад деб эълон қилган Ф.Фанонни тан олди.
Одатдагидек, назариячилар олға сурган ижтимоий-сиёсий, ахлоқий- эстетик ғоялар амалиётчилар томонидан янада бузиб талқин этилди, мавжуд тузумни ва барча анъанавий қадриятларни тўлиқ инкор этиб, тугал нигилизмга ва бемаъниликка айланди. Улар лисоний, ахлоқий, айниқса, сексуал инқилоб ясаш, ёшларнинг турли хил коммуналарини яратиш, наркоманияни ёйиш “буржуа дунёқараши, онги”ни енгишнинг, инсонга ҳақиқий эркинлик ато этишнинг асосий йўлидир, дея ёшларни чалғитди.
Фидель Кастронинг яқин сафдоши, Куба инқилобининг доҳийларидан бири, асли аргентиналикЧе Гевара “инқилобий ёшлар” нинг рамзий идеалига айланди. Ёшлар, талабалар ғалаёнларининг иштирокчилари Че Гевара сурати туширилган “футболка”ларни кийиб олиб кўчаларда оммавий тартибсизликни бошлади. Ғалаёнлар тингач эса норозилик бошқача кўринишларда давом этди. 60-йиллар охирида “хиппи”, 70-йилларда “панклар” ҳаракати вужудга келди; ушбу феномен 80-йиллар охирида бир муддат яна жонланди. Улар ҳар қандай ахлоқий меъёрларни, ҳатто гигиеник қоидаларни рад этиб, гўёки “табиий” ҳаёт кечира бошладилар. Оқибатда қаршимаданият (контркультура) аксилмаданиятга (антикультурага) айланди. Аксилмаданият унсурлари оммавий маданиятга таъсир кўрсатди, чунки шаҳвоний саҳналарни ва шу каби инсоннинг ҳайвоний табиатини очиқ кўрсатадиган кино, видео ва босма маҳсулотлар легаллашиб олди ва эгаларига катта даромад келтира бошлади. “Сексуал инқилоб” охир-оқибатда гуруҳий никоҳга асосланган “шведча оилалар” ва бир жинсли никоҳларга асосланган оилалар пайдо бўлишига, гей-парадлар ва шу каби ҳодисаларга йўл очди.
Қаршимаданият ва аксилмаданиятнинг ижобий мазмундаги маданиятга, жумладан оммавий маданиятга бевосита алоқаси йўқ. Аслида улар Ғарб жамиятининг маънавий инқирозига тажрибасиз ёшларнинг ғўрларча ноадекват норозилиги натижасидир. Уни маданиятларинтерференцияси, яъни бир бирига сўндирувчи таъсир кўрсатиш тенденцияси сифатида баҳолаш мумкин. Қаршимаданият ва аксилмаданият бугун тарих саҳнасидан тушиб кетди. Бошқача бўлиши мумкин эмас эди. Аммо уларнинг баъзи унсурларидан бойлик орттириш илинжида бўлган корчалонлар ҳамон фойдаланмоқда. Ғарб мамлакатлари йирик шаҳарларида секс-шоплар, топлес-барлар, стриптиз-клублар (шу жумладан аёллар учун), гей-клублар анча илдиз отиб кетди. Порноиндустрия вужудга келди. Уларнинг оммавий маданиятга бевосита алоқаси йўқлигини яна бир бор эслатмоқчимиз. Улар фақат оммавий маданиятни ўзига ниқоб қилиб олганлар, холос.
Бугун оммавий маданиятнинг глобаллашув тенденцияси кучайиб, унинг бутун дунёда, айниқса, ривожланаётган мамлакатларда “маданий мустамлакачилик” функцияси ортиб бормоқда. Американча оммавий маданиятнинг халқаро вазифаси сифатида буни З.Бжезинский ҳам қайд этади. Олимнинг фикрича, американча оммавий маданиятни жозибадор қиладиган омиллар унинг демократизми ва ижтимоий тенгликни ифодалашидир. Бу маданиятни тўхтатишнинг иложи йўқ, у бутун жаҳон бўйлаб тарқалмоқда ва американча турмуш тарзининг, демократик ғояларнинг устунлигини гўёки “тасдиқламоқда”. З.Бжезинский мулоҳазаларидан кўриниб турибдики, оммавий маданият Ғарб, биринчи навбатда, АҚШ манфаатларини ифодалайди ва ўзига хос “маданий босқинчилик”ни амалга оширади. Амалда шундай бўлмоқда. Ҳатто Европа мамлакатлари олимлари ва сиёсатчилари бундан ташвишга тушиб қолди. Европа мамлакатларида намойиш этилаётган фильмларнинг учдан икки қисми Ҳолливудда ишлаб чиқарилган. Баъзи мамлакатларда америка фильмлари 80-85 фоиз экран вақтини эгаллаб олган.
Бироқ оммавий маданиятга бирёқлама ёндашмаслик даркор. Унда камчиликлардан ташқари, ижобий жиҳатлар бор. Ҳозирги замон шароитида у бир қатор ижтимоий вазифаларни адо этадики, бу унинг маданий ҳаётда етакчилик қилишини, асосий роль ўйнашини, универсал ижтимоий ҳодисага айланишини белгилайди. А.Костина илм-фандаги мавжуд фикрларни умумлаштириб, оммавий маданиятнинг қуйидаги функцияларини алоҳида ажратиб кўрсатади: 1) одамларни жамият талабларига, турмуш тарзига, мавжуд воқеликка мослаштириш, яъни адаптацион функция; 2) иллюзиялар (хаёлий орзулар) маконини яратиш; 3) ҳимоялаш ва рекреацион (ҳордиғини чиқариш ва ўйин билан банд қилиш) механизмини яратиш; 4) истеъмолчилик мафкурасини шакллантириш тизимини яратиш.
Уларнинг ҳар бирини алоҳида таҳлил қилиб ўтирмаймиз, чунки бу кўп вақтни ва жойни эгаллайди, шу боис алоҳида суҳбатни талаб қилади. Биз улар ҳақда ўрнига қараб, қисқача фикр билдириш билан чекланамиз. Қолаверса, оммавий маданиятнинг адаптацион ва иллюзиялар (хаёлот) оламини яратиб, компенсаторлик вазифасини бажариши тўғрисида юқорида қисман гапирилди. Ўқувчининг ўзи уларни ҳаётий тажрибаси ва шахсий кузатишларидан келиб чиқиб янада тўлдириши ва ривожлатириши мумкин.
Оммавий маданиятнинг истеъмолчилик мафкураси механизмини яратиш тўғрисида гапирганда, у асосан реклама орқали одамларни муайян маҳсулотни харид қилишга “мажбурлаши”ни эслатиш лозим. Ушбу маҳсулотни сотиб олмасанг, сен гўёки ўзингни ҳаётдан ортда қолган, консерватив, диди паст ёки кам таъминланган, ўзини тўлиқ таъминлашга қурби етмайдиган, ҳаётда ўз ўрнини тополмаган, номукаммал кишидек сезасан. Кўп ҳолларда истеъмолчи учун маҳсулотнинг ҳақиқатан унга кераклиги эмас, ҳатто маҳсулот сифати ҳам эмас, балки унинг истеъмолчида мавжудлиги, маҳсулотнинг бренди – товар белгиси, қайси компания томонидан ишлаб чиқилгани муҳим ҳисобланади. Бошқача айтганда, реал эҳтиёж учун зарур маҳсулот, унчалик зарур бўлмаган маҳсулот ва модага кирган бренд билан алмаштирилмоқда.
Оммавий маданиятнинг кўплаб бошқа, конкрет функциялари ҳам бор. Уларнинг ҳар бири тўғрисида анча фикр юритиш, турли вазиятларда турлича намоён бўлиши, инсон ва жамиятга таъсир кўрсатишини очиб бериш мумкин. Баъзи ҳолларда жамиятда қандай қилиб сунъий равишда оммавий психозлар, ҳар хил ксенофобиялар ОАВ ва сиёсий технологиялар орқали вужудга келтирилиши ҳақида гапириш мумкин. Лекин биз юқорида айтилганлар билан чекланиб, фақат бир нарсани қўшимча қилмоқчимиз: замонавий ахборот технологиялари шу даражада ривожланиб кетдики, ҳатто хавфсизлик хизматлари дунё миқёсида нафақат давлатларни, ҳатто аҳолини ҳам ёппасига назорат қилиш, одамларнинг хусусий ҳаёти ва мулоқотларини кузатиб бориш имкониятига эга бўлдилар. 2013 йил июнь ойида АҚШ махсус хизмати вакили Эдвард Сноуден бутун дунёни бу ҳақда огоҳлантириб, АҚШ махсус хизматларини бундай иш билан шуғулланаётганини фош этганини эслаш кифоя. Демак, замонавий оммавий маданиятнинг одамлар онги билан манипуляция қилиши, уни бошқариши янги техник имкониятлар ва воситалар билан бойимоқда.Маълум бўлмоқдаки, кутиш режимидаги LG телевизорлари орқали, яъни розеткадан узилмаган телевизорлардан, хонадаги гап – сўзларни эшитиш ва кўриб туриш мумкин экан.
Замонавий цивилизациянинг техник қулайликларидан воз кечиб бўлмаганидек, у яратган оммавий маданиятнинг кўпчилик турларидан ва маҳсулотларидан воз кечиб бўлмайди, албатта. Бироқ ушбу маданиятнинг баъзи кўринишлари, қимор ёки наркотиклар каби, инсоннинг маънавий дунёсини емиришга қодирлигини, айниқса, ёш болалар ва ўсмирлар психологиясига жуда тез таъсир кўрсатишини унутмаслигимиз керак. Бугун кўча-куйда қулоғига “уяли” телефоннинг “шнур”ини тақиб олиб, мусиқа тинглаб кетаётган, ёки жамоат транспортида, турли расмий ва норасмий тадбирларда смортфони орқали интернетда ниманидир кўраётган, электрон ўйин ўйнаётган ёшларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Компьютер ўйинларига ўрганиб, унинг бандисига айланиб қолганлар болалар ўртасида анчагина топилади. Чет элларда ҳатто компьютерга тобелик касаллик сифатида даволанмоқда. Бизда ҳам мусиқа бандилиги, компьютер бандилиги дардига дучор бўлган ёшлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Ҳатто дарс пайти айрим ўқувчилар, баъзи талабалар жимгина қулоғига “шнур” тиқиб мусиқа тинглаётганига ёки “уяли” телефони ёрдамида электрон ўйинлар билан машғуллигига гувоҳ бўласиз.
Ёзма адабиёт, бадиий савиясидан қатъи назар, бир вақтлар фақат элитар маданиятга мансуб ҳисобланган. Бугун эса ёзма адабиётни ҳам, киносанъатини ҳам юксак ва оммавий маданиятларга бирдек дахлдор ижод турлари дейиш мумкин. Ҳар бир бадиий асарнинг инсон маънавиятига таъсири унинг юксак ёки оммавий маданиятга мансублиги билан белгиланади.
Аксарият замонавий детектив, фантастик ва саргузашт жанрларга оид асарлар катта бадиий-эстетик қимматга эга эмас. Улар ўқувчиларнинг “бадиий ахборот”га нисбатан маълум эҳтиёжини қондиришга, дам олдириб, вақтини хушлашга мўлжалланган истеъмол товарлардир, холос. Бу айниқса аксарият кино ва телефильмларга тааллуқли. Вампирлар, ҳар хил даҳшатли махлуқлар (монстрлар), маньяклар, қотиллар,адашиб, экстремал ҳолатларга ёввойи қабилалар қўлига тушиб қолган саёҳатчилар тақдири ва кураши, гиёҳванд моддалар етиштирувчи гуруҳлар жинояти ва ҳ.к.ларни кўрсатувчи фильмлар оммавий маданиятнинг типик маҳсулотларидир. Улар инсон дидини, маънавий эҳтиёжларини ўзига тўлиқ буйсундириб олиши ҳеч гап эмас. Жангари фильмларни, яккама-якка курашлар, аёвсиз муштлашишларни экранда кўриб улғайган айрим ёшлар ҳатто бокс бўйича телевидение олиб кўрсатаётган жаҳон ва қитъа биринчилиги мусобақаларини, профессионалларнинг чемпионлик жангини томоша қилишдан зерикади. Чунки реал спорт мусобақаларида, жангари фильмлардагидек, фантастик зарбалар, бешафқатлик, ноинсоний оғриққа бардош бериш ва бошқа муболағавий кўзбўямачиликлар, ғайритабиийлик, яъни гипервоқелик йўқ.
Чет элларда замонавий агрессив компьютер ўйинлар таъсирида руҳияти емирилган айрим ўсмирлар мактабда ўз синфдошлари ва ўқитувчиларига автоматик қуроллардан ўт очиб, қотиллик қилганлари тўғрисида маълумотлар бот-бот тарқалиб туради. Бироқ оммавий маданиятни фақат жангари фильмлар, рок музика ёки компьютер ўйинларигина ташкил этмайди. У жуда ранг-баранг ва сертармоқ соҳа. Кўпчиликда оммавий маданият агрессивликни эмас, балки реал ҳаётга бефарқликни, лоқайдликни, маънавий инфантилликни тарбиялайди, яъни каттарганда ҳам уларда балоғатга етмаган ёш болага хос руҳий камчиликлар сақланиб қолишига, масъулият ва мустақиллик туйғуси етарлича шаклланмаслигига сабаб бўлади. Бундайларнинг ҳаётий тутуми “Сен менга тегма, мен сенга тегмайман. Мен билан ишинг бўлмасин. Менга шундай ҳаёт ёқади” каби тамойиллардан ташкил топган.
Оммавий маданият ижтимоий-маънавий лоқайдлик қаторида миллий урф-одатлар, анъаналар, миллий маданият, янада кенгроқ қаралса, миллий манфаатларга нисбатан бефарқликни зимдан шакллантира боради. Ватанпарварлик, фаол фуқаролик, халқчиллик ва миллий ўзлик туйғулари кишида заифлашиб кетади. У ўзини, нари борса, дунё фуқароси, бутун инсоният фарзанди деб ҳисоблай бошлайди, амалда кўпинча бундай ўй-фикрлар ҳам унга ёт бўлади.
У энди инфантил, конформист, бефарқ ва лоқайд, шижоати, ташаббуси сўнган. Ҳаёт оқими қаёққа бошласа, шунга эргашади. Ижтимоий ҳолатини ўзгартиришга интилмайди, олдига арзигулик мақсадларни қўймайди. Шундай қилиб, оммавий маданият инсонни ҳақиқий, реал воқеликдан, ҳаётнинг реал муаммоларидан чалғитади. Ҳаётини, турмушини сунъийлаштиради, виртуаллаштиради. Бу шахслараро муносабатларга ҳам тааллуқли. Бегоналашиш кучайиб, дўстлик, улфатчилик, жонли мулоқот одамлар ўртасида, биринчи галда ёшлар ўртасида камайиб бораётир. Мулоқот макони энди – интернет. Ўзини, ўзлигини намоён этиш интернетдаги ҳар хил ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилади. Лекин, адолат юзасидан қайд этиш лозимки, ижтимоий тармоқларни ҳам бирёқлама баҳолаш ножоиз. Ижтимоий тармоқлар баъзан одамларнинг ўз қарашларини баён этиш, мулоқот доирасини кенгайтириш борасида анча ижобий мазмун касб этиши мумкин. Бу улардан фойдаланадиган кишининг савиясига ва ижтимоий мўлжалларга боғлиқ.
Хуллас, оммавий маданият кўплаб кишилар ҳаётида реал воқеликни сиқиб чиқариб, уни виртуал воқелик, виртуал мулоқот билан алмаштирмоқда. Оммавий маданиятнинг инсон ҳаёти ва маънавиятига зиддиятли таъсирини унутмаслигимиз, унинг салбий жиҳатларини имкон қадар минималлаштириш чораларини кўрмоғимиз лозим. Ёшларни китоб ўқишга қайта ўргатмоқ, мумтоз ва замонавий юксак санъат асарларига қизиқтирмоқ, эстетик ва аҳлоқий тарбия савиясини кўтармоқ керак.
Болалар адабиётига, умуман болалар учун мўлжалланган мусиқа, ашула, театр, кино асарлари яратишга эътибор кучайтирилиши, жамиятда бундай асарларни яратувчилар учун пухта ўйланган рағбатлантириш тизими ишлаб чиқилиши керак.
Замонавий руҳдаги миллий кино- ва телесериаллар яратиш, тарихимизни, мумтоз санъатимиз ва маданиятимизни қайта англаб олишга ёрдам берадиган асарлар тўғрисида бош қотириш лозим. Афсуски, телерадиокомпания ва кино соҳасида хизмат қиладиган баъзи ижодкорларимиз миллийликни ўта бирёқлама – ўтмишни идеаллаштириш, этнографизм ва архаизм, деб тушунадилар. Кўтараётган муаммолари, уларнинг бадиий ечимлари жуда саёз.Ижтимоий мавзулар “ғоявийлик”, мафкурабозлик, турли хилдаги насиҳатбозлик, ибратбозлик улар асарларида устунлик қилади. Шу сабабдан кўпчилик ўқувчи ва телетомошабин, кинотомошабин учун қизиқарли эмас. Тўғри, ҳеч ким меъёрида қилинадиган насиҳат ва кўрсатиладиган ибратга қарши эмас. Лекин улар нозик бадиий воситалар орқали, бадиий пардаланиб, кўпроқ билвосита ифодаланиши керак. Иккинчидан, эрталабдан кечгача, кундан кун, ойдан ой фақат ижтимоий мавзуларга оид асарлар ТВ орқали намойиш қилинса, одамларнинг меъдасига тегиб қолади, одамлар уларни қабул қилмай қўяди. Совет даврининг бу борадаги сабоқларини унутмаслик керак.
Одамларга енгил-елпи ҳажвий асарлар ҳам, кўз ёшини оқизадиган мелодрамалар ҳам, саргузашт ва жангари фильмлар ҳам, ҳатто даҳшатли қўрқинчли триллерлар ҳам керак. Бежиз халқ оғзаки ижоди асарларида жинлар, девлар, аждаҳолар, ялмоғизлар, алвастилар образлари, улардан қаҳрамоннинг қочиб қутилиши, қарши кураши, ғалабаси тасвирланмайди. Бундай асарлар одамларга ғайритабиий кучлардан қўрқувни енгишда, асабларини ва иродасини чиниқтиришда ёрдам берган. Ҳозир ҳам бундай асарларга эҳтиёж бор. Энди уни фольклор эмас, оммавий маданият қондиради. Одамлар чарчаган жисми ва асабларини дам олдиришлари, тиклашлари керак. Енгил-елпи асарлар катталар учун маълум даражада ўйин ўрнини босади. Дам бериш ва ўйин билан машғул этиш оммавий маданиятнинг рекреацион (тиклаш) вазифасидир.



1Тоффлер Э. Третья волна. М., 1999, стр.278-279

2А.Моль. Социодинамика культуры. М., 1973, стр. 45

3Ўша асар, ўша бет

Download 64.84 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling