Ii. Оммавий маданиятнинг асосий белгилари


Download 64.84 Kb.
bet1/3
Sana14.05.2023
Hajmi64.84 Kb.
#1459109
  1   2   3
Bog'liq
25-mavzu


II.Оммавий маданиятнинг асосий белгилари.
Замонавий мазмундаги оммавий маданиятга ҳозирги давр цивилизацияси вужудга келтирган мазмунан саёз, миллий ва ижодий-индивидуал хусусиятлари ҳаминқадар, шаклан ва мазмунан стандартлашган, схематик, истеъмол товарига айланган маданият маҳсулотлари, ОАВ ёрдамида жамиятда кенг тарқалган, аҳоли онгига сингдирилган стереотип (андозавий) ғоялар, қарашлар мансубдир. Замонавий мазмундаги оммавий маданиятга халқ маданияти кирмайди, чунки унга ёрқин ифодаланган миллийлик ва ижодий индивидуаллик хос. Халқ маданияти ўзи мансуб бўлган мамлакат ёки минтақадагина тарқалади. Замонавий оммавий маданият миллий ва минтақавий чегаралардан осонгина ошиб ўтиб, глобал миқёсда тарқалишга интилади, космополитик табиатга эга бўлади. У бир қолипдан чиқади ва чексиз ададларда кўпайтирилади. Бу маҳсулотни ушбу соҳага ихтисослашган профессионаллар гуруҳи – ёзувчи, сценарийнавис, режиссёр, бастакор, рекламачи, дизайнчи, актёр ва ҳоказолар яратса-да, у ўзининг бетакрор ижодий қиёфасига эга эмас, балки сериялаб чиқарилган маҳсулотдир.
Халқ оғзаки ижодининг эса аниқ муаллифи йўқ. Фольклор асарлари асрдан-асрга, авлоддан-авлодга ўтиб келади. Ҳар бир авлод уни ўзича талқин қилади. Ўз даври ва ижтимоий-тарихий заруратга маъқул вариантларини яратади. Умумий моҳият-мазмун, сюжет барқарор қолаверади. Бундай асарлар турли версияларда тарқалса-да, уларнинг ҳар бири бошқасидан озми-кўпми фарқ қилади, такрорланмас хусусиятларга эга бўлади, чунки ўзида бахшининг, ижрочининг ижодий индувидуаллигини акс эттиради. Шу боис фольклорнинг ҳар бир варианти ва версияси нусха эмас, оригинал асар ҳисобланади. Оммавий маданият маҳсулотлари эса фақат оддий нусха бўлиб, ҳеч қачон аслликка даъво қилолмайди.
Оммавий коммуникация воситалари – матбуот, радио, кино (кейинчалик телевидение, интернет ва ҳоказолар) вужудга келиши, комикслар, кўнгилочар асарлар, грампластинкалар (кейинчалик видео ва аудиодисклар) ҳамда бошқа маданий истеъмол буюмларининг саноат усулида улкан миқдорда ишлаб чиқарилиши оқибатида моддий буюмлар қаторида маънавий маҳсулотларнинг ҳам стандартлашуви юз берди. Маънавий-маданий маҳсулотлар истеъмол товарига айланди. Уларнинг шакли ва мазмуни маҳаллий, минтақавий ва миллий қиёфаларини, хусусиятларини хиралаштирди, ҳатто йўқота бошлади.
Замонавий оммавий маданиятнинг шаклланиши индустриал жамиятда бошланиб, алоҳида ижтимоий феноменга (ҳодисага) айланиши постиндустриал жамиятда синфий кураш сусайган, жамиятнинг синфий тузилмаси ўзгарган, “ўрта синф” улуши кўпчиликни ташкил этган, ижтимоий-иқтисодий барқарорлик ва турмуш фаровонлиги ўсган шароитда юз берди. Унинг вужудга келишининг, табиийки, ўз моддий-иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, мафкуравий омиллари бор. Энг аввало бу жараёнга жамият ривожланишининг умумий тенденциялари таъсири тўғрисида гапириш лозим. Капитал миллий чегаралардан чиқиб, трансмиллий компаниялар вужудга келди. Банк-кредит, савдо-сотиқ, статистик ва бухгалтер ҳисоботларининг, ишлаб чиқариш технологияларининг, истеъмол буюмларининг бирхиллашуви, стандартлашуви юз берди. Бу дунё миқёсида одамлар турмуш тарзига, жамият ҳаётининг бошқа соҳаларига, жумладан маданий ҳаётга таъсир кўрсатди, жаҳон миқёсида урбанизациянинг кучайишига олиб келди. Шаҳарларда стандартлашган турмуш тарзи қарор топа бошлади. Турмуш учун зарур рўзғор буюмларнинг стандарт жамланмаси бўлишига эҳтиёж туғилди. Ҳозир деярли барча шаҳарлар квартираларида ва қишлоқ хонадонларининг аксариятида шундай жамланмалар – мебель, музлатгич, газ (электр) плитаси, микротўлқинли печь, ТВ, радио, телефон, компьютер ва ҳ.к.лар бор.
Бирхиллашган турмуш тарзи, саноат усулида беҳисоб миқдорда ишлаб чиқиладиган ранг-баранг стандарт товарларни, хизматларни истеъмол қилиш оммавий жамиятни, у билан бирга замонавий оммавий маданиятни вужудга келтирди. Ушбу маданиятнинг асосий белгилари - унинг маҳсулотлари саноат усулида кўпнусхада ишлаб чиқилади, технологик жиҳатдан қулай; стандартлашган; мазмунан содда ва саёз, шаклан ихчам, ялтироқ ва оммабоп; миллий ва ижодий индивидуал хусусиятлари ўта заиф ёки тамомила йўқ. Оммавий ахборот ва коммуникация воситалари орқали тарқатишга мослаштирилган. Деярли барча олимлар бугунги кундаги оммавий маданиятнинг вужудга келиши, яшаши, фаолият кўрсатиши, ўзгариб бориши ва ривожланишини бевосита оммавий ахборот воситалари, ахборот технологиялари шаклланиши ва ривожланиши билан боғлайдилар.
Оммавий маданият маҳсулотлари кўпроқ бир марта фойдаланишга мўлжалланган. Тез унутилади, бозор ва мода талаби асосида ўзгариб туради. Шу сабабдан тинимсиз янгиланиб, кўпайиб, технологик жиҳатдан замонавийлашиб, модернизациялашиб бораверади. Унинг ушбу жиҳати ҳам моддий буюмларникига ўхшайди. Технологик эскирганлари ёки модадан чиққанлари иккиланмасдан ташлаб юборилади. Масалан, бугунги кунда грампластинкаларнинг, патефон ва радиолаларнинг, тасмали магнитофон ва плёнкали фотоаппаратларнинг, механик ёзув машинкаларининг вақти ўтди. Улар ўрнини рақамли технологиялардан фойдаланадиган янги буюмлар эгаллади. Бугунги уяли телефон аппаратларининг ахборот сақлаш хотираси ва ҳар хил операцияларни бажариш тезлиги ўн-ўн икки йил бурунги компьютерларникидан қолишмайди.
Оммавий маданият вужудга келиши ва ривожланишининг сиёсий сабаблари демократиянинг, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларининг ривожланиши, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий имтиёзларнинг бекор қилинишидир. Қонун устуворлиги ва қонун олдида ҳамманинг тенгли, ҳокимият учун курашда сарой фитналари, гуруҳбозлик келишувлари эмас, балки очиқ-ошкора, ёпиқ-яширин овоз бериш воситасида сайловлар орқали кураш оммавий маданиятнинг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий-юридик омилларини ва айни пайтда алоҳида намоён бўладиган шаклларини ташкил қилди. Чунки маданият сиёсий ва ҳуқуқий маданият шаклида ҳам мавжуддир.
Демократиянинг муқобили – диктатуралар ҳам индустриал ва постиндустриал жамиятда оммавий маданиятнинг ўзига хос шаклини вужудга келтиради. Бунга Сталин ва Гитлер ҳамда бошқа фашистик ва коммунистик диктатуралар давридаги мамлакатлар маданиятини мисол қилиб олиш мумкин. Диктатуралар шароитида давлат мафкураси мавжудлиги ва давлат томонидан ташкил қилинган тарғибот-ташвиқот тизими, “ташқи” ва “ички” душманларнинг ўйлаб топилиши ва уларга қарши курашга бутун миллат чорланиши, “сафарбар қилиниши” ўша андозавийликни, схематизмни, мазмунан саёзликни келтириб чиқаради. Демократик жамиятлардагидан фарқли диктатуралар шароитида оммавий маданият мафкуравий муросасизлик ва ғоявий тажовузкорлик, курашчанлик хусусиятлари касб этади, мафкуравий сиёсий ва ғоявий эстетик мухолифларига қарши аёвсиз кураш олиб боради. Бугун ҳаммани бир хил фикрлаш, бир хил ўзлари белгилаб берган андозалар асосида яшашга даъват этиб, уни амалга оширишга интилаётган радикал ва диний-экстремистик оқимлар, ҳаракатларни уларнинг давомчиси дейиш мумкин.
Ўзбекистонда оммавий маданият тушунчасини кўпчилик кишилар фақат салбий мазмунда қўллайдилар. Урғу асосан оммавий маданиятнинг камчиликларига берилади, ёки оммавий маданият уни ниқоб қилиб олган аксилмаданият билан чалкаштирилади. Баъзи олимлар оммавий маданият тушунчасига шунчалик тор ва салбий ёндашадиларки, уни оломон, тўда маданияти, ҳатто шайтон васвасаси сифатида талқин қиладилар. Бу мутлақо хато ёндашув. Кейинги ҳолатга бир мисол келтирамиз. Олимларимиздан бири шундай мулоҳазаларни билдирди: Сиз йўлдан бир кампирни ўтказиб қўйдингиз. Оммавий маданият сизга нотўғри қилдинг, 2-3 дақиқа вақтингни йўқотдинг, дея шипшийди. Метрода, трамвайда сиз бир қарияга жой бердингиз, оммавий маданият сизга яна нотўғри қилдинг, ахир сен ишга боряпсан, кучингни, энергиянгни тежашинг керак, пенсияга чиққан қария уйида ўтирсин, ёки тик туриб кетаверсин дейди. Оммавий маданият айниқса ёшларни йўлдан уради: айш-ишрат қилиб қол, ҳаёт бир марта берилади ва ҳ.к.
Бундай қарашлар илгари ҳам учраб турган. Халқимиз уларни “оммавий маданият”ёки бошқача “илмий” ва баландпарвоз атамаларни, сўзларни қўлламасдан, оддийгина одобсизлик, ҳурматсизлик, меҳр-оқибат етишмаслиги, маиший бузуқлик ёки нафс балосига гирифтор бўлиш, шайтон васвасасига учиш деб баҳолаган. Бундай қарашларнинг оммавий маданиятга бевосита алоқаси йўқ. Оммавий маданият маишатпарастлик ва очкўзлик эмас.Қозоқбой Йўлдошев тўғри эътироф этганидек, уни ҳеч ким ўзбек ёшларини йўлдан уриш учун махсус ўйлаб топгани ва тарқатаётгани йўқ. Уни маънавий тахдидлар ва мафкуравий курашдан фарқлаш лозим. У ҳозирги замон цивилизациясининг ижтимоий ҳаётда воқе бўлишининг, фаолият кўрсатишининг асосий шаклидир. Радио, ТВ, интернет, замонавий ахборот воситалари, мулоқот, алоқа, ҳисоб-китоб қулайликлари ва ҳ.к. ва ҳ.к. барчаси замонавий оммавий маданиятга дахлдор.
Оммавий маданиятнинг ўз камчиликлари ва туғдираётган хавф-хатари бор. Лекин унга барча иллатларни келтириб тақашнинг ҳеч ҳожати йўқ – бундай ёндашув илмий эмас. Оммавий маданиятда уч қатлам ажралиб туради: биринчиси – кичмаданият, иккинчиси – мид маданият, учинчиси – арт-маданият. “Кичнемисча китч – арзон, қиммати паст, жўн, примитив сўзидан, мид – инглизча мидл – ўрталиқ, ўртача, арт- лотинча санъат сўзларидан келиб чиққан. Кич маданият баъзан дағалликка, ҳирсларни ва инсоннинг баъзи майлларини очиқ кўрсатишга мойиллик билдиради, аксилмаданият билан чегарадош, аммо аксилмаданият эмас. Арт эса ижрочилик маҳорати, профессионаллик даражаси билан юксак маданиятга бориб туташади. Шу сабабдан оммавий маданият маҳсулотлари ва ҳодисаларига конкрет ёндашиш лозим. Уларнинг ҳаммасини ёппасига бир қолипга, саватга тиқиб, бир хил баҳолаб бўлмайди. “Сол кетингни саватга, сиғса ҳам беш танга, сиғмаса ҳам беш танга” деган меъёр билан масалага ёндашиб бўлмайди. Оммавий маданият масалаларида саватбозлик қилишнинг, яъни саватга сиғганни ҳам сиғмаганни ҳам бир хил баҳолаш керак эмас.
Оломон, тўда маданияти тушунчасининг ҳам оммавий маданиятга алоқаси йўқ. Оломон, тўда – барқарор ижтимоий гуруҳ ёки бирлик эмас. Ижтимоий жиҳатдан ранг-баранг. У қисқа муддатга ва айни дамда тасодифан шаклланади. Унга турли ижтимоий табақаларга, гуруҳларга мансуб кишилар кириб қолиши мумкин. Масалан, метро ёки автобус бекатида тўпланиб қолган йўловчилар, футбол матчини кўришга келган ишқибозлар, театр спектакли томошабинлари бунга мисол бўла олади. Уларни фақат муайян хизмат туридан фойдаланиш эҳтиёжи тўплаган.
Кўриниб турибдики, оломонда ёки тўдада барқарор тизимли манфаатлар, стратегик ижтимоий мақсад ва вазифалар бўлмайди. Бинобарин, уларни қондириш, юзага чиқариш, амалга ошириш каби тизимли ғоялар, қарашлар, мафкуравий ва маданий воситалар ҳам бўлмайди. Бу ерда гап жамият аъзолари, фуқароларнинг умуман эҳтиёжлари, қизиқишлари ҳақида кетмаяпти. Жамиятга футбол ҳам керак, футбол ишқибозлари ушбу спорт тури ривожланишидан маънавий манфаатдор. Театр ёки транспорт ривжланиши ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бу ерда гап бекатда, стадионда, театрда ўша дамда тўпланган кишилар йиғиндиси ҳақида кетмоқда. Оммавий маданиятнинг оломон ва тўда маданияти эмаслиги замонавий цивилизация, замонавий жамиятнинг усиз фаолият кўрсата олмаслигида яққол кўринади.
Оммавий маданият нафақат замонавий цивилизациянинг маҳсули, шунингдек унинг ижтимоий-маданий негизи ҳамдир. Оммавий маданият тушунчасининг илмий мазмуни айнан ушбу йўналишда, яъни постиндустриал жамият, ахборот технологиялари, глобаллашув асри ҳодисаси сифатида конкретлашиб, барқарорлашиб бормоқда.




  1. Download 64.84 Kb.

    Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling