Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти ва ижтимоий сиёсат тушунчаларининг ўзаро алоқадорлиги
Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилган юз мақсад
Download 140.07 Kb.
|
Реферат
1.2. Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилган юз мақсад
2022 йил 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармони имзоланди. Мазкур фармонга биноан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди. Бугунги кунда мазкур концептуал ҳужжатда белгиланган устувор мақсадларнинг мазмун-моҳияти, ҳужжатда белгиланган вазифалар давлат ва жамият бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчилик томонидан қизғин ўрганилмоқда. «Халқ билан мулоқот» мезони асосида 2021 йил 31 декабрь – 2022 йил 15 январь кунлари ўтказилган жамоатчилик муҳокамаси натижасида мазкур ҳужжат юзасидан жами 17 минг 500 дан ортиқ таклиф ва тавсия билдирилди. Билдирилган таклифлар салмоғи, мазмуни концептуал аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу мамлакатимиз аҳолисининг фаоллиги, ўз келажагига бефарқ эмаслиги, амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлиги, сиёсий-ҳуқуқий билими ва маданияти юксалганидан далолат. Эътиборли жиҳати шундаки, таклифларнинг 7 минг 395 таси бевосита адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналиши билан боғлиқ. Табиийки, таклиф ва тавсиялар соҳа мутахассислари томонидан чуқур ўрганилиб, лойиҳага 100 та концептуал ҳамда 200 дан ортиқ аниқ характерга эга ўзгартириш ва қўшимча киритилди. Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси жами 100 та мақсадни қамраб олган бўлиб, шундан 34 таси адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш билан боғлиқ. Юқорида қайд этилганидек, Фармон билан тасдиқланган 398 банддан иборат Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард доллар сарфланиши назарда тутилган. Дастурнинг тўртинчи, 59 банддан иборат адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналишида таълим сифатини ошириш масаласига алоҳида урғу берилган. Зеро, ҳар қандай жамият келажагини, аввало, таълим сифати белгилаб беради. Шу ўринда айтиш керак, 2017-2021 йиллардаги Ҳаракатлар стратегияси дастури доирасида мактабгача қамров даражаси сезиларли равишда ортди. Хусусан, 2016 йил айни кўрсаткич 27 фоизни ташкил қилган. Тараққиёт стратегиясининг 38-мақсадида мактабгача таълим қамров даражасини ҳозирги 67 фоиздан қарийб 80 фоизга етказиш белгиланган. Ушбу мақсадга эришиш йўлида Дастурнинг 201-бандида мактабгача таълим тизимига хусусий сектор маблағларини жалб қилиш орқали янги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этиш вазифаси белгилаб қўйилган. 2022 йилда давлат-хусусий шериклик асосида 1300 та нодавлат ҳамда оилавий мактабгача таълим ташкилоти ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, 40-мақсадда мактабгача таълим тизимида бюджет маблағлари мақсадли ва самарали сарфланишини таъминлаш лозимлиги кўрсатилган. Дастурнинг 203-бандида эса мактабгача таълим тизимида молиявий жараёнлар шаффоф тарзда амалга оширилиши учун зарур шароит яратиш зарурлиги қайд этилган. Шундан келиб чиқиб, жорий йил мактабгача таълим ташкилотларида замонавий рақамли технологиялар ва идоралараро электрон ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарорини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Стратегиянинг 41-мақсадида мактабларни ривожлантириш миллий дастурини жорий этиш орқали халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш назарда тутилган. Ушбу мақсадга эришиш учун 2022 йилда янги мактаблар қуриш, хусусий мактабларни кўпайтириш, таълим сифатини оширишни назарда тутувчи давлат дастури ишлаб чиқилиши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тегишли қарор қабул қилиниши кўзда тутилган. Шунингдек, ҳужжатнинг 204-бандига асосан, мактабларни реконструкция қилиш ва янгидан барпо этиш орқали 2022 йилда 141 минг ўқувчи ўрнини яратиш назарда тутилган. Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давоми ўлароқ, Тараққиёт стратегияда ҳам нодавлат таълим ташкилотлари тармоғини ривожлантириш мақсад қилинган. Нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар учун шарт-шароит ва имкониятни кенгайтириш орқали шундай объектлар улушини 2022 йил 3 фоизга етказиш режалаштирилган. Тараққиёт стратегиясида Давлат раҳбари маърузасида илгари сурилган ташаббуслар ҳам ўрин олганини алоҳида қайд этиш лозим. Жумладан, Президентимиз 2021 йил 6 ноябрда лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги маърузасида 2025 йилга бориб олий тоифали ўқитувчилар ойлик маошини эквивалент ҳисобида 1 000 АҚШ долларига етказиш чоралари кўрилишини таъкидлаган эди. Айнан ушбу ташаббус Тараққиёт стратегиясининг 43-мақсадида ўз ифодасини топди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари сайлов олди ташвиқоти доирасида 2021 йил 21 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан, эртаси куни эса хоразмлик сайловчилар билан ўтказган учрашувида 1-4-cинф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш ташаббусини илгари сурган эди. Мазкур ташаббус Тараққиёт стратегиясининг 45-мақсадида акс этди. Хусусан, Давлат дастурининг 211-бандида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тажриба-синов тариқасида бошланғич синф (1-4-синф) ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизими жорий этишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши белгиланган. Хулоса қилиб айтганда, бу йилги Давлат дастуридаги адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналишида белгиланган мақсадлар мактабгача таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, мактабларни жаҳон стандарти даражасида ривожлантиришга хизмат қилади. Download 140.07 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling