Илмий кенгаш денов тадбиркорлик ва педагогика институти якубова диларам таджиевна
Муаммонинг ўрганилганлик даражаси
Download 1.11 Mb.
|
Yaqubova Dilaram Tadjiyevna dissertation
Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Ўзбекистонда пахта яккаҳокимлигининг ўрнатилиши ва унинг натижалари Сурхон воҳаси мисолида ҳозиргача махсус тадқиқот объекти сифатида ўрганилмаган. Шуни ҳисобга олиб, ушбу мавзуга оид тадқиқотларни илмий жиҳатдан шартли равишда икки гуруҳга бўлиш мумкин: Совет даври тадқиқотлари; Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда амалга оширилган тадқиқотлар.
Биринчи гуруҳга оид адабиётлар совет жамиятида тоталитар режим кучайган бир шароитда яратилди. Бу давр тарихий адабиётида совет ҳокимиятининг миллий республикаларда, жумладан, Ўзбекистонда олиб борган ижтимоий-иқтисодий сиёсатини акс эттирувчи фикрлар ва маълумотлар учрайди2. М.Муҳаммаджонов, Т.Ўлжабоев, М Мамедов, С.Родичев, Б.Фирсонларнинг тадқиқотларида дунё пахтачилигининг тарихи, унинг навлари, жаҳон иқтисодиётидаги ўрни, саноат корхоналарни пайдо бўлиши ва ўсиб боришидаги аҳамияти, АҚШ пахтачилигига боғлиқлиги, республикада пахтачиликнинг тараққий этиши таҳлил этиб берилган3. Ҳ.Саидовнинг тадқиқоти пахтачиликнинг Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ҳаётига таъсири, янги ерларни ўзлаштирилиши, колхоз ва совхозларнинг пахтачилик соҳасига тўлиқ мослаштирилиши тўғрисидаги манбаларни таҳлил этиши билан муҳим аҳамиятга эга4. Ҳ.Зиёевнинг Ўзбекистон пахтачилигига бағишланган илмий монографиясида ўзбек пахтасининг жамият тараққиётидаги ўрни, халқ хўжалигидаги аҳамияти, пахта етиштиришда ўзбек деҳқончилигининг маданияти, меҳнатсеварлиги тарихий манбалар асосида баён этилган5. А.Раззоқовнинг асарида пахта мустақиллиги учун Ўзбекистон меҳнаткашларининг кураши икки даврни – биринчиси, пахтачиликнинг тикланиши (1917-1928-йиллар), иккинчиси, пахтачиликнинг янада ривожланиш (1929-1932-йиллар) даврларини ўз ичига олади, дея таъкидланган. Шунингдек, ушбу асарда биринчи беш йиллик (1929-1932 йиллар) якунида СССР нинг пахта мустақиллигига эришуви манбалар асосида очиб берилган6. XX аср 50-70 йилларидаги тадқиқотларда Ўзбекистон пахтачилигини пахта-саноат комплекси билан боғлиқ ҳолда ривожлантириш масалалари умумий тарзда баён этилган7. Шу билан бирга, мазкур адабиётларда совет мафкураси таъсири остида Ўзбекистондаги пахтачилик тараққиётининг фақат ижобий томонларигина ёритилган. Шунингдек, В.Венгрскийнинг тарихий тадқиқотида Сурхондарё вилоятидаги МТСларнинг моддий-техник таъминоти мустаҳкамланиши, колхозларнинг бўлинмас фондларининг ўсиши, Учқизил сув омборини қурилиши, пахтага ҳақ тўлаш каби маълумотлар баён этилган8. И.Кимнинг асарида пахта экин майдонларининг ўсиб бориши, колхоз ва совхозларда ишлаб чиқариш самарадорлик даражасининг пастлиги, ёшларни пахта етиштиришга жалб этилиши, сурхондарёлик ёш механизаторларнинг фаоллиги ҳақида маълумотлар тақдим этилган9. Совет ҳокимиятининг 1930-1960 йилларда Ўзбекистонда пахтачиликни тараққий эттириш мақсадида ирригация тизимини ривожлантириш, чўллар, қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш соҳасида амалга оширган ишларини акс эттирувчи китоб ва мақолалар таҳлил қилинаётган адабиётлар гуруҳини ташкил этади10. Совет даврида жанубий ҳудудларда суғорма деҳқончилик тарихи бўйича яратилган адабиётларнинг аксарияти бирёқламалиги билан ажралиб туради. Ушбу асарларга хос бўлган умумий хусусият шуки, бу асарларда кўпроқ мустабид тузумнинг аграр сиёсатини улуғлаш, мавжуд камчилик ва нуқсонларни хаспўшлаш каби ҳолатлар устун туради. Улардан В.Смирнов, М.Н.Рождественский, М.М.Крилов каби муаллифларнинг асарларини қайд этиш мумкин11. Бу асарлар совет ҳокимияти мафкураси таъсирида ёзилган бўлиб, табиийки, қатор нохолисликлар мавжуд. Лекин 4 жилдлик «Ўзбекистон ирригацияси»12 асари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Сабаби, унда Ўзбекистондаги 1980-йилларгача бўлган ирригация тарихи ҳамда йирик сув иншоотларини қуришга бошчилик қилган машҳур ирригаторлар ҳаёти тадқиқ этилди. Ўзбекистонда пахта ҳосилдорлигини оширишнинг иқтисодий омиллари, ҳосилдорликни кўтариш ва янги навларни яратиш, колхоз ва совхозларни моддий техник базасини яхшилаш ва унинг натижалари хусусида муҳим тарихий адабиётлар яратилди13. 1970-1980 йилларда Сурхон-Шеробод воҳасида янги ерларнинг ўзлаштирилиши юзасидан бир қанча асарлар яратилди. Профессор И.Холиқовнинг монографиясида Сурхон-Шеробод чўлларининг ўзлаштирилиши, сув омборлар ва каналлар қурилиши билан боғлиқ бўлган маълумотлар тақдим этилган14. Бу ўринда З.У.Чориевнинг тадқиқоти эътиборга лойиқ15. Унда муаллиф Сурхон-Шеробод воҳасида пахтачиликни ривожлантиришнинг ўзига хос томонларини ишончли манбалар асосида ёритишга ҳаракат қилган. Иккинчи гуруҳга оид адабиётлар мустақиллик даврида ёзилган бўлиб, уларда мустабид тузум даври, пахта якка ҳукмронлигини ўрнатиш жараёнида содир бўлган фожиали саҳифалар очиб берилади. Миллий истиқлол мафкураси руҳида ёзилган китоблар16, илмий мақолалар17 ва Ўзбекистон тарихига оид фундаментал тадқиқотлар18 чоп этилди. Жумладан, 2000 йилда ЎзФА Тарих институти томонидан нашр этилган фундаментал тадқиқотда илк марта 1921-1924 йилларда совет ҳокимиятининг пахта сиёсати, унинг Марказ манфаатларидан келиб чиқиб амалга оширган ҳаракатлари ўз ифодасини топган19. Р.Назаровнинг тадқиқотларида жаҳон ва мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги тараққиёти, совет ҳокимияти даврида пахтачилик соҳасидаги муаммолар, Америка пахтачилигида замонавий технологияларни ривожланиш сабаблари тарихий манбалар билан илмий таққосланган20. Совет тузуми даврида Ўзбекистонда пахта яккаҳокимлиги ўрнатилиши ва унинг оқибатлари, юзага келган муаммо ва натижаларни таҳлил этиш қатор диссертация ишларида ҳам маълум даражада ўрганилган21. Совет ҳокимиятининг дастлабки йилларидан бошлаб пахтачилик хўжаликларини ташкил этиш, колхоз ва совхозларни ташкил этиш жараёнида олиб борган «қулоқлаштириш», сургун қилиш ва кўчириш сиёсатининг моҳияти ва мақсадлари Р.Шамсутдиновнинг тадқиқотларида ўз ифодасини топган. Тадқиқотчи ушбу даврни аниқ маълумотлар асосида холисона ва танқидий руҳда баён этганлиги билан ажралиб туради22. Мустақиллик йилларида Сурхон воҳаси тарихига оид муҳим илмий монографиялар нашр этилди. Жумладан, А.Н.Рўзиев ва С.Турсунов томонидан чоп эттирилган бир қатор монографияларда Сурхон воҳасида пахтачилик билан боғлиқ жараёнлар илмий таҳлил қилинган23. Аграр соҳада амалга оширилган ислоҳотларни илмий таҳлил қилиш, пахтачиликдаги долзарб масалаларни ижобий ҳал этиш, янги технологияларни жорий этиш, маъмурий-буйруқбозлик сиёсатига тўлиқ чек қўйиш, мамлакат иқтисодиётини кўтариш, қишлоқ хўжалик меҳнаткашларининг ишини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялашда 2009 йил Ўзбекистон пахтачилик илмий-тадқиқот институтининг 80 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция маърузалари алоҳида аҳамиятга эга бўлди24. Н.Уруновнинг тадқиқотларида Ҳазарбоғ пахтачилик хўжалигининг ташкил топиши, Бухородан кўчириб келтирилган аҳолининг турмуш тарзи тарихий манбалар асосида таҳлил этилган25. Ҳ.Зиёевнинг илмий тадқиқотларида Россия империяси ва совет тузумининг Ўрта Осиёда ҳукмронлик қилишдан манфаатлари, унинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётга кўрсатган салбий оқибатлари кўрсатиб ўтилган26. Тадқиқот ишида қайд этилган О. Комиловнинг диссертациясида XX аср иккинчи яримида совет ҳокимиятининг Ўзбекистон ирригация тизимида амалга оширган иккиёқлама сиёсати, унинг суғориш соҳасидаги деформация жараёнларига таъсири холислик тамойили асосида ёртиб берилган. Шунингдек, суғорма деҳқончилик маданиятининг ўзига хос анъаналари, янги ерларни ўзлаштириш ирригация ва ижтимоий ҳаёт соҳаларидаги зиддиятли ҳолатлар илмий таҳлил этилган27. А.Абдуллаевнинг диссертациясида янги ерларни ўзлаштириш, ирригация ва мелиорация, механизация ишларининг пахта монокультурасига бўйсундирилиши, турғунлик ҳолатининг келиб чиқиши холисона ёритиб берилган28. Умуман олганда, тадқиқотларда ушбу муаммо асосан юзаки ўрганилган бўлиб, уларда Сурхон воҳаси аҳолисининг пахтачиликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари, машаққатли меҳнати ва унинг натижалари илмий ўрганилмаган ва ёритилмаган. Бу эса танланган муаммонинг долзарблигини белгилайди. Download 1.11 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling