Инновация тушунчаси, инновацион фаолият функсиялари ва инновациялар таснифи (6-соат) Режа


Download 142.9 Kb.
bet1/8
Sana19.06.2023
Hajmi142.9 Kb.
#1623379
  1   2   3   4   5   6   7   8
Bog'liq
1-мавзу (6 соат)


ИННОВАЦИЯ ТУШУНЧАСИ, ИННОВАЦИОН ФАОЛИЯТ ФУНКСИЯЛАРИ ВА ИННОВАЦИЯЛАР ТАСНИФИ (6-СОАТ)
Режа:

  1. Инновациялар тўғрисидаги илмий назарияларнинг таҳлили ва ривожланиш боcқичлари

  2. Инновацион ривожланиш моделлари ва уларнинг иқтисодий ўсиш билан алоқадорлиги

  3. Инновацион ривожланишни таъминлашда хорижий давлатлар тажрибаси



1. Инновациялар тўғрисидаги илмий назарияларнинг таҳлили ва ривожланиш боcқичлари
Кишилик жамияти тарихидан маълумки дунё иқтисодиётининг ривожланиши бир текисда, равон давом этадиган жараён бўлмасдан ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг «ривожланиш → инқироз → ривожланиш» мантиқий формуласига асосланади.
Инсоният ҳаёти давомида жуда кўплаб иқтисодий-ижтимоий инқирозларни бошидан кечирган. Маълумки, иқтисодий инқироз – бу янгилик билан эскилик тўқнашуви, ўзининг ҳаётий цикллик даври тугаган эски иқтисодий тизим, иқтисодий механизм, иқтисодий сиёсат, хўжалик юритиш шаклларининг янги, энди ҳаётийлиги бошланган иқтисодий тизим, механизм ва сиёсат ўртасидаги муросасиз тўқнашувдир. Мазкур кураш ва тўқнашувнинг оқибати ўлароқ жамиятда катта миқёсда иқтисодий йўқотишлар, ижтимоий ларзалар ва тангликлар келиб чиқади. Айтиш жоизки, инсоният, алоҳида олинган давлатлар инқироздан бир йўл билан, яъни фақат янгидан мамлакат иқтисодий тизимини ташкил этиш, бошқарув, иқтисодий механизм ва ишлаб чиқариш фаолиятини такомиллаштириш соҳаларига тегишли янгиликлар, ўзгартиришлар ва янгича ёндашувларни киритиш орқали инқирозли ҳолатлардан чиққан. Албатта бу йўл оғир, оғриқли лекин, ягона тўғри йўл ҳисобланган. Мазкур ҳолат ва юқорида зикр этилган фикрлар инновацион ривожланишнинг умумий тавсифини очиб беради.
Агар инновациянинг мазмунига чуқурроқ ёндашадиган бўлсак инновациянинг луғавий маъноси инглизча “инноватион” - янгилик киритиш, ихтиро сўзларини англатади. Инновация-бу янгилик, кашфиёт ва ихтиролар орқали янги маҳсулот, хизмат яратиш ва жараённи вужудга келтиришдир. Инновацион фаолият натижасида новация (лотинча “новатион”) яъни ўзгариш, янгиланиш жараёни содир бўлади. Новация – бу олдин амалиётда бўлмаган янги ихтиро, янги ходиса, янги ҳолат бўлиб ижтимоий эҳтиёжларни қондиришнинг янги усули сифатида юзага чиқади.
Инновация – бу капитални янги техника, технологияга, ишлаб чиқаришга, меҳнатни янгича ташкил этиш, бошқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасига сарфлаш натижасида олинган моддий ҳамда номоддий неъматлардир. Инновацион фаолият натижасида олинган маҳсулот эса инновацион маҳсулот дейилади. Замонавий иқтисодиётни ривожлантириш муаммосини инновацион фаолият натижасида олинадиган интелектуал маҳсулотсиз, уни амалиётга татбиқ этмасдан туриб ҳал этиб бўлмайди.
Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида инновация киритилган янгилик, ихтиро маъносини англатиши эътироф этилиб, унга: техника ва технология авлодларини алмаштиришни таъминлаш учун иқтисодиётга сарфланган маблағлар; илмий, техника-технология, бошқариш ва меҳнатни ташкил этиш каби соҳалардаги янгиликлар, шунингдек уларни турли соҳалар ва фаолият доираларида қўлланилиши деб, таъриф берилган1.
Классик иқтисодий мактаб вакили, таниқли инглиз иқтисодчиси Адам Смит (1729-1790) “Исследование о природе и причинах богатства народов” номли асарида иқтисодий муносабатларни тартибга солиш, талаб билан таклиф ўртасидаги мувозанатни таъминлаш нафақат бозор тизими, балки нархларни пасайтириш ва сифатни яхшилаш орқали ортиб бораётган эҳтиёжни қондириш билан бир қаторда янги технологияларга ўтиш, яъни инновациялар ёрдамида самарали рақобат механизмига ўтиш капитализмнинг ташкилий соҳаларини такомиллаштиришга хизмат қилишини қайд этган эди2.
Агар бозор иқтисодиёти шароитида корхоналарнинг инновациялардан истеъмол сарфини камайтириш, янги бозорлар очиш учун кураш жараёнида амалий омил сифатида фойдаланаётганини ҳисобга олсак, Адам Смитнинг ушбу таълимоти ҳозирги кунда ҳам ўзининг долзарблигини сақлаб турибди, деб айтиш мумкин.
Бизнингча, инновацион ривожланиш назариясининг иқтисодий генезисини ишлаб чиқариш муносабатлари билан ишлаб чиқариш усули ўртасидаги зиддиятдан ахтаришни илмий жиҳатдан асосли деб ҳисоблаймиз. Мазкур зиддиятнинг намоён бўлиш шаклларидан бири жамият иқтисодий ҳаётида вақти-вақти билан содир бўладиган инқирозлардир. Иқтисодий инқирозларнинг келиб чиқиш сабаблари, қонуниятлари, табиати ва ижтимоий-иқтисодий оқибатларини ўрганиш инновацион ривожланиш масалаларига ойдинлик киритишга хизмат қилади.
Дунё иқтисодиётида 1793 ва 1847 йилларда рўй берган инқироз сабаблари ўша даврнинг бир гуруҳ етакчи иқтисодчилари (Х.Кларк, В.Жевонс, А.Тельфанд, В.Гельдерен, Д.Вольф) томонидан жиддий ўрганилди ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг қуйидаги бир қатор қонуниятлари аниқланди
Жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган даврий инқирозлар тасодифий ҳолат эмаслиги, унинг қандайдир “жисмоний” сабаблари борлиги илк бор таҳлил қилинди (Х.Кларк) Иқтисодиётда вақти-вақти билан кузатиладиган нархларнинг ўсиши, пасайишининг ўзига хос сабаблари борлиги ва айнан ушбу жараёнлар инқирозларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақидаги гипотеза илгари сурилди (В.Жевонс).ХХИ-асрда электрнинг кашф этилиши, машиналашган ишлаб чиқаришнинг вужудга келиши, олтин қазиб чиқаришнинг ўсиши ва ХХ-аср бошида янги-янги бозорларнинг пайдо бўлиши – ишлаб чиқариш усули ва технологиясининг жадал суръатлар билан ривожланишига фундамент яратганлиги аниқланди (А.Тельфанд).Капиталистик тизим иқтисодий механизмининг моҳиятини ўрганиш орқали капитализмнинг “тўлқинсимон тадрижий ҳаракат” назарияси ишлаб чиқилди (В.Гельдерен, Д.Вольф).
Келтирилган мказкур қонуниятлар иқтисодий инқирозларнинг содир бўлиши, оқибати ва уларни бартараф этиш йўлларини топишга оид кўплаб қуйидаги назарияларнинг яратилишида тамал тоши бўлиб хизмат қилди дейиш мумкин.
Рус иқтисодчи олими Н.Д.Кондратьев саноат ишлаб чиқаришида даврийлик, босқичлар алмашуви билан боғлиқ кенг кўламли статистик маълумотларни ўрганиб чиқиб, 40-50 йилга чўзиладиган узун тўлқинлар ёки коньюнктуранинг катта даврлари мавжудлигини аниқлади. ХИХ-асрнинг саксонинчи йиллари охиридан бошлаб, яъни саноат инқилобидан бошланган давр мобайнидаги маълумотларга статистик ишлов бериш соҳаси товар қийматлари индекслари, рента ҳажми, ишчиларнинг ойлик маоши, ташқи савдо, шунингдек, бошқа муҳим иқтисодий кўрсаткичлар, жумладан кўмирдан фойдаланиш, чўян ва пўлат ишлаб чиқариш ҳажмларини ўрганди.
У ўтказилган тадқиқотлари натижасида ҳар бир катта даврда тўлқинларнинг кўтарилиши олдидан аҳамиятга молик ихтиро ва кашфиётларнинг пайдо бўлиши асосида ишлаб чиқариш техникаси, технологиясида чуқур ўзгаришлар содир бўлганини аниқлади. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, катта даврда тўлқинларнинг кўтарилиши асосий капиталнинг пассив қисмлари – бинолар, иншоотларнинг янгиланиши ҳамда кенгайиши билан боғлиқ. Маълум бўлишича, тўлқинлар кўтариладиган даврлар жамият ҳаётида рўй берадиган йирик ижтимоий ўзгаришлар билан кечиши, пасайиб борувчи участкада эса бундай ўзгаришлар унчалик сезилмаслиги аниқланган.
Бу тадқиқотлар натижасида Д.Кондратьев иқтисодиётни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли тенденциялар, муаммолар мавжудлигини аниқлади. Шунингдек, ХВИИИ аср охирлари ва ХХ аср бошларидаги Англия, Франция, Германия ва АҚШ иқтисодиётидаги бир қатор муҳим кўрсаткичлар, маълумотлар махсус математик услублар ёрдамида таҳлил қилиниб, илмий жиҳатдан ғоят қизиқарли бўлган қонуниятлар аниқланди. "Ҳар бир узун тўлқин аниқ тарихий шароитда, ишлаб чиқарувчи кучларнинг янги ривожланиш даражасида амал қилади" деб, ёзган эди олим. Улар кейинчалик Д. Кондратъевни бутун дунёга машҳур қилган бозор иқтисодиётини ривожлантиришнинг “узун тўлқинлар” назарияси номини олди.
Бу назария бозор иқтисодиётига эга мамлакатлар ўз ривожланиш йўлида ҳар 40-60 йилда такрорланиб турадиган аниқ даврларни ташкил қилувчи иқтисодий ўсиш ва пасайиш босқичларини бошидан кечиришини исботлаб берди. Шу тариқа, жаҳон иқтисодиёт фанида илк бор Н.Д.Кондратьев вақт мустақил ва муҳим иқтисодий категория ҳисобланишини ва уни ҳар қандай мамлакат ўз хўжалигини бошқаришда эътиборга олиши лозимлигини асослаб берди. Унинг фикрига кўра, бундай катта даврлар жамият иқтисодий ҳаётида жиддий янгиликлардан сўнг улар бирга пайдо бўлади (олимларнинг йирик ихтиро ва кашфиётларни жорий қилиши, жаҳон бозорида янги гуруҳ мамлакатларининг пайдо бўлиши ва ҳоказо).
Бунда тўлқиннинг кўтарилиши одатда кўплаб урушлар ва турли сиёсий ўзгаришлар, жумладан инқилоблар билан кечади. Инсоният томонидан айниқса узоқ муддат хизмат қиладиган ишлаб чиқариш иншоотлари ва ускуналар (темир йўллар, кўприклар, каналлар, тўғонлар ва ҳоказо)ни тубдан янгилаш “узун тўлқинлар” пайдо бўлишининг моддий асоси ҳисобланади3.
Австриялик иқтисодчи Йозеф Алоис Шумпетер (1883-1957) иқтисодиётда инновацияларнинг ролини таҳлил қилишга катта ҳисса қўшиб ўзининг 1911 йилда чоп этилган ”Иқтисодий ривожланиш назарияси” номли асарида инновацияларни жамият ва иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий шартлари сифатида кўриб чиқиб, “Узун тўлқинларнинг инновацион назария”сига асос солган эди. Ушбу назарияга кўра, тадбиркор – иқтисодий ривожланишни ҳаракатга келтирувчи куч ҳисобланади. Тадбиркорнинг ташкилотчилик қобилияти, интуицияси, риск қилишга мойиллиги ва қодирлиги каби хислатлари иқтисодиётни такомиллаштиришга рағбат беради деб, таъкидлайди. Тадбиркор ўзининг фаолияти давомида ташқи муҳит таъсирига қарши туради ва айнан салбий таъсирларни бартараф этиш учун ҳам ўз фаолиятига янгиликларни қўллайди. У "Тадбиркор ўз даромадини оширишда иккита янги комбинациядан фойдаланади. Биринчиси, олдин ишлаб чиқарилган моддий неъматларни ишлаб чиқаришни такомиллаштириш ва харажатларни камайтириш билан боғлиқ комбинациялар (янги технологияларни татбиқ этиш, янги хом ашё манбаларидан фойдаланиш ва фирмаларни йириклаштириш)ни қўллайди. Иккинчиси эса, янги ишлаб чиқарилган моддий нематларни сотишнинг янги бозорларини очиш билан боғлиқ комбинацияларни қўллайди"-деб ёзган эди.
Й. Шумпетернинг фикрича иқтисодий фаолиятга айнан инновацион ёндашув – ҳар бир давр иқтисодий тизимнинг ривожланиш даражасини белгилаб беради. Унинг назариясида тадбиркорлик ишлаб чиқаришнинг тўртинчи омили сифатида қаралади.
Тадбиркорларнинг асосий роли янги товарларни ишлаб чиқариш ёки ва эски товарларни янги услубда ишлаб чиқариш учун ихтиролардан фойдаланиб, янги хом ашё ва материаллар манбалари ёки янги бозорларни очиб ишлаб чиқаришни ислоҳ қилиш ва такомиллаштиришдан иборат. Темир йўллар қурилиши бошланиши, биринчи жаҳон уруши олдидан электр энергияси, автомобил ишлаб чиқариш тадбиркорларнинг янгиликлардан фойда олишга интилишига ёрқин мисол бўла олади. Шунингдек, Й. Шумпетер “ихтиро” ва “янгилик” тушунчаларини бир-биридан ажратди. “Янгилик” деганда у янги технологик билимларни, янги маҳсулотлар, таъминот манбалари ва индустриал ташкилотларнинг янги шаклларини ва уларни саноатда қўлланилишини кашф қилишни назарда тутади. Унинг юқорида қайд этган фикрларидан шундай хулосага келиш мумкинки, инновациялар, тадбиркорлар туфайли иқтисодиётда инқилобий ўзгаришларни содир этишини кўрсатиб берди4.
Инновациялар назарияси ривожига катта ҳисса қўшган яна бир таниқли иқтисодчи Саймон Кузнецнинг Нобель мукофотига сазовор бўлган маърузаси инновациялар ва иқтисодий ўсиш диалектикаси муаммосига бағишланган эди5. Унда инновациялар назариясига Й. Шумпетер ғояларини ривожлантирадиган қатор янги ёндашувлар қайд этилган, яъни биринчидан, битта тарихий даврдан иккинчисига ўтиш асосини ташкил қиладиган даврий тушунчасини жорий этди. Иккинчидан, индустриал даврда иқтисодий ўсиш суръатларини инқилобий жадаллаштириш унинг фикрига кўра даврий янгиликлар билан боғлиқ илм-фанни жадал суръатлар билан ривожлантириш иқтисодий ўсишнинг янги манбаига айланганини илмий жиҳатдан асослаб берди. С. Кузнец иқтисодий ўсиш деганда хўжаликнинг самарали технологиялар ва уларга мос келадиган институционал ҳамда мафкуравий ўзгаришлар ёрдамида аҳолининг турли эҳтиёжларини таъминлаш қобилиятини узоқ муддатга оширишни кўзда тутади ва иқтисодий ўсишнинг учта асосий белгисини курсатиб беради:

  • миллий маҳсулотни ва хўжаликнинг иқтисодий мукаммаллигининг гувоҳи бўлган одамларнинг кенг кўламли эҳтиёжларини қондириш қобилиятини мунтазам ошириш;

  • иқтисодий ўсишнинг муҳим шарти ҳисобланган техник тараққиётга эътибор бериш;

  • янги технология асосини ташкил қиладиган ўсиш салоҳиятини амалга ошириш учун институционал, аҳлоқий ва мафкуравий ўзгаришларни амалга ошириш зарурлигини.

С.Кузнец иқтисодий тарихнинг ўзгарувчан йўналишини иқтисодий даврларга ажратиш мумкин деб ҳисоблаган. Муаллиф ушбу даврларнинг ҳар бирини ўсиш хусусиятларига хос даврий янгиликлар билан белгилайди. Технологияларни ривожлантириш асоси сифатида замонавий илм-фаннинг пайдо бўлиши, илм-фанни тадрижий ривожлантиришдаги ўзгаришлар-иқтисодий ўсишнинг муҳим манбалари деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, айнан даврий янгиликлар ва уларни амалга оширадиган асосий инновациялар салоҳияти нафақат иқтисодиёт балки жамиятнинг мавжуд ривожланиш даражасини янада юксалтириш асосини яратади. Унинг фикрича, айнан даврий янгиликлар ва уларни амалга оширадиган асосий инновациялар салоҳияти нафақат иқтисодиёт. балки жамиятнинг мавжуд ривожланиш даражасидан ўтишнинг негизини ташкил қилади.6
Бир гуруҳ иқтисодчи олимлар (Адам Б.Яффе, Жош Лернер, Скотт Штерн, Гяратана М., Торрсиси С. Алесандро Пагано) ҳам инновациялар назариясини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшишиган. Улар иқтисодий фаровонлик бўйича ўз тадқиқотларида ривожланаётган мамлакатлар инновациялар ҳисобидан жадал иқтисодий юксалишининг ички омилларини кўрсатиб бердилар. Уларнинг фикрича, иқтисодиётни инновацион ривожлантириш омилларидан бири таълим ҳисобланади. Махсус таълим, тадқиқотлар ва ишланмалар учун йирик компанияларнинг харажатлари хусусий тадбиркорлар саъй-ҳаракати билан биргаликда инновацион жараённинг асоси бўлган техник тараққиётни қўллаб- қувватлашда муҳим ўрин тутади.7
Олий маълумотли мутахассислар мавжудлигини инновацион ривожланишнинг асосий омили сифатида алохида қайд этган А. Арора ва А. Гамбардела ушбу назария тарафдорлари ҳисобланади. Уларнинг фикрича иқтисодиётнинг юқори технологияли сектори ривожланаётган барча мамлакатларда минтақани ривожлантириш даражасига нисбатан кўпроқ олий маълумотли мутахассислар мавжуд. Шунингдек, мазкур мамлакатлар кенг ва табақалашган саноат базасига эга эмас ва бу мутахассисларни алмаштиришда ишчи кучи учун муқобил сарф-харажатлар долзарб эмаслигини кўзда тутади.8
К.Р. Макконнел, С.Л. Брюнинг фикрича йирик компанияларни ташкил этиш иқтисодиётни инновацион ривожлантиришнинг асосий йўли, омили сифатида эътироф этилиб, бу ривожланиш янги технологияларга таянади ва қуйидаги тамойиллар асосида амал қилади: а) йирик капиталдан фойдаланиш; б) йирик бозорлардан фойдаланиш; в) комплекс, марказлаштирилган ва қатъий интеграциялашган бозор ташкил этиш; г) бой ва ишончли хом ашё манбаларини талаб қилиш. Муаллифларнинг фикрича, фақат йирик компаниялар етарлича ресурс базасига эга бўлган ҳолда техник инқилобни таъминлаши кичик бизнеснинг эса бунга қурби етмаслиги мумкин. Уларнинг инновацион ривожланишнинг асосий омилларидан бири сифатида эътироф этган техника тараққиёти инвестициялар билан ўзаро боғлиқликда амал қилиб жадал иқтисодий ўсишни таъминлайди. Техника тараққиёти жараёни янги жиҳозлар ва машиналарни яратишга инвестицияларни жалб қилади, ишлаб чиқаришга татбиқ этилган инновацион маҳсулотлар эса қолоқ иқтисодиётларда меҳнат унумдорлигини оширишга, харажатларни камайтиришга шароит яратади деб, таъкидлаган эди.9
Инновацияларнинг моҳиятни аниқлаш учун уларнинг таснифи муҳим аҳамият касб этади. Ушбу таснифлаш ХХ асрнинг 30-йилларида А..Пигу, Й.Шумпетер, К.Виксель томонидан амалга оширилган бўлиб улар меҳнатни, капитални тежовчи нейтрал инновацияларни қайд этган эди. Н.Кондратьев, С.Кузнец, П.Сорокин ва Ю.Яковецлар технологик, экологик, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва давлат-ҳуқуқий инновацияларни жамлаган ҳолда, инновацияларнинг замон ва макондаги суръати, хусусиятларини тушунтирувчи назарий ёндошув ва тизимни ишлаб чиққан эдилар.
Уларнинг назарий қарашлари инновацияларни капитал, меҳнатни тежайдиган, технологик, экологик, иқтисодий, даврий, базавий, яхшиловчи инновациялар, микроинновациялар, сохта инновациялар, антиинновациялар ва бошқа инновацияларга ажратиш имконини берди.10
Капитал тежовчи технологияларга бўлган эҳтиёж, биринчи навбатда, арзон ишчи кучи мавжуд бўлган ва узоқ муддатли ҳамда таваккалчилик даражаси юқори илмий дастурларга инвестиция сарфлаш учун маблағ етишмайдиган унчалик ривожланмаган мамлакатларда кузатилмоқда.11
Иқтисодиётнинг ривожлантиришнинг алоҳида йўли сохта инновациялар ва антиинновациялар билан боғлиқ. Сохта инновациялар - бу эскирган технологиялар, ижтимоий тизим, институтларни қисман яхшилаш ва умрини узайтиришга қаратилган ижодкорлиги, уддабуронлигининг сохта йўлини ифода этади. Истисно тариқасида бу эскирган институтга янги ҳаёт бахш этиши, унинг ҳаётий даврини янги босқичига ундашиши мумкин. Аммо, улар одатга кўра пайдо бўлади, ҳатти-ҳаракатларининг қалбакилиги туфайли улар муваффақият қозонмайди ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётни секинлаштиради. Сохта инновациялар одатда, ўз фаолиятини тугаётган тизим ҳаётийлик даврининг якунига етаётган босқичида кенг тарқалади. Ушбу тизим ўз салоҳиятини йўқотсада, ривожланган тизим билан алмашишига турли йўллар билан қаршилик қилади ҳамда ўз ўрнини сақлаб қолишга интилади.12
Антиинновациялар- Ю.В.Яковец томонидан жорий қилинган бўлиб, аксилинқилобий хусусиятга эга янгиликларни, инсон фаолиятининг у ёки бу соҳасида орқага қайтишини характерлайди13.
Инновациялар ҳақида гап борганда атроф-муҳит, кластер ёки инноватор фаолият кўрсатадиган иқтисодий макон каби муҳим омилларни ҳисобга олиш лозим. У ёки бу бизнес, жумладан юқори технологик бизнесга таъсир кўрсатадиган муайян географик устунликлар мавжуд. М.Е.Портер иқтисодий муҳитнинг инноватор-тадбиркор фаоллигига таъсирини таҳлил қилиб, кластер қанчалик ривожланган бўлса технологик тараққиёт учун имкониятлар шунча кўплиги ҳақидаги фикрни эътироф этган эди. У дунё бўйича кластерларни ўрганар экан уларнинг ривожланишига таъсир қиладиган қуйидаги омилларни аниқлаган:

  • талабчанлик ва тажриба орқали ақлан бойиган истеъмолчилар;

  • маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида кескин рақобат;

  • ишлаб чиқаришнинг ўзига жалб қиладиган омилларининг мавжудлиги;

  • иқтисодиёт тармоқлари ўртасида иқтисодий боғлиқликнинг мавжудлиги.

Ушбу омилларнинг ўзаро боғлиқлиги фирмаларнинг ўзаро рақобат курашида асосий қурол сифатида фойдаланадиган доимий инновацион жараёнларни юзага келтиради. Бундан ташқари, кластерлар турли соҳалар, яъни нанотехнологиялар, биотехнологиялар, келгуси авлод телекоммуникациялари каби янги тармоқларнинг пайдо бўлишига асос яратади.
Компаниялар муайян шаҳар ёки минтақага ҳар доим ҳам аниқ бўлмаган ва боз устига, тахмин қилса бўладиган ёки амалий йўл билан назорат қилинадиган сабабларга кўра инвестиция киритиш концепциясидан келиб чиқади.14
Россиялик олим Ю.В. Яковец ривожланишнинг юқори даражасига даврлар ва инновациялар назариясини бойитишда ўз асарларида инновациялар илмий-техник ва иқтисодий даврларнинг (ўрта, узоқ ва ўта узоқ муддатли) зарур қисмлари, инқироздан чиқиш асоси сифатида кўриб чиқиб, техник, инновацион, иқтисодий, таълим, ташкилий-бошқарув даврлар ва уларнинг инновацион босқичларининг ўзаро боғлиқлиги тадқиқ этди.15
Рус академиги А. И. Анчишкин (хххх йил) илм-фан, техника ва иқтисодиётнинг ривожланишида давомли йўналишларни тадқиқ этиб, илмий – техник тараққиёт тарихида асосий инновациялар кластерлари амалга оширган қуйидаги уч даврий ўзгаришни ажратди:

  1. ХВИИИ- аср охири ХИХ- аср бошида биринчи саноат инқилоби;

  2. ХИХ- асрнинг охирги ХХ- аср бошида иккинчи саноат инқилоби;

  3. ХХ- аср ўрталарида бошланган ва илмий-техник инқилобга айланган учинчи саноат инқилоби.

ХХ асрнинг кейинги йигирма йилида А.И.Анчишкиннинг таъкидлашича, илмий-техник инқилобнинг янги, учинчи босқичининг белгилари пайдо бўла бошлади.16
Дарҳақиқат, жамиятда бир томондан, аҳоли сонининг йилдан-йилга ошиб бориши, иккинчи томондан эса, эҳтиёжлар чексизлиги, яъни қондирилган бир эҳтиёж, бир қанча янги эҳтиёжларни келтириб чиқариш хусусиятининг мавжудлиги кўп ҳолларда ялпи талабнинг ялпи таклифга нисбатан ортиқчалик тенденциясини келтириб чиқаради.
Ўз фаолиятига доимий равишда инновациялар, яъни янгиликлар, ихтиролар, янги технологиялар, техникалар, бошқаришни, ташкил этишга мукаммал тизимларни киритиб, амалиётга татбиқ этиб борадиган тадбиркоргина инқироз домига тушиш ва банкрот бўлиш хавфидан холи бўлади.
Инновациялар жамият ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг бир босқичидан етукроқ босқичига ўтишнинг илмий, моддий ва маънавий асосини яратиб беради. Айнан инновациялар орқали жамиятнинг ишлаб чиқариш усули, ишлаб чиқариш воситалари сифат ва миқдор жиҳатдан такомиллашади. Иш кучида сифат ўзгаришлари содир бўлади ва унинг тақсимоти такомиллашади. Бу ҳолатлар ўз навбатида одамларнинг кундалик турмушида қулайликлар, ижобий ўзгаришлар, сифат ўзгаришларининг бўлишига, ҳаёт сифатининг ошишига хизмат қилади.
Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиқиб инновацияларга қуйидагича муаллифлик таьрифини бериш мумкин.
Инновациялар – бу инсоннинг ақл-заковати, ишлаб чиқариш тажрибаси негизида яратилган, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қилувчи интелектуал мулкнинг турли кўринишидаги янгиликлар, ихтиролар, кашфиётлар, ғоялар, ўзгартиришлар ва янгича ёндашувлар мажмуасидир.
Инсоннинг инновацион фаолияти турли йўналишларда намоён бўлади (1.1.-чизма).





Download 142.9 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5   6   7   8




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling