3-боб. Мақбул деб топилган хабарномаларнинг кўриб чиқилишида ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш тартиби
11. Мақбул деб топилган хабарномада баён этилган важлар ва асосларга давлат ахборотини тақдим этишнинг умумий муддати олти ойдан ошмаслиги керак, тегишли процессуал қонунчилик билан бошқа муддатлар белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.
12. Марказ беш иш куни ичида кўриб чиқиш учун мақбул деб топилган хабарномани таҳлил қилади ва унинг мазмунидан келиб чиқиб, тегишли давлат органлари учун саволларнинг асосий рўйхатини белгилайди ва қўйилган масалалар юзасидан ахборот тақдим қилиш учун сўровномалар юборади.
13. Тегишли давлат органлари ўн беш иш куни ичида қўйилган масалалар юзасидан асосланган далилларни ва тайёрланган ахборотни тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга Марказга тақдим этади.
14. Марказ зарурат туғилганда (жавоблар етарли бўлмаса, тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаса), аниқлик киритиш мақсадида қўшимча сўровномалар юборади.
15. Марказ Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой ичида давлат органларидан олинган ахборотни умумлаштиради, Ўзбекистон Республикасининг жавоби лойиҳасини тайёрлайди.
16. Ўзбекистон Республикасининг жавоби Марказ томонидан, ўз навбатида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарига тақдим этилиши учун Ташқи ишлар вазирлигига юборилади.
4-боб. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг қарорларини эълон қилиш ва уларнинг ҳисобини юритиш
17. Марказ Ташқи ишлар вазирлиги орқали БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органи ёки шартномавий қўмитаси томонидан тегишли хабарнома юзасидан қабул қилинган қарорнинг тўлиқ матнини олади ва уни ўз расмий веб-сайтида жойлаштиради.
18. Марказ БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари қарорлари ҳисобини реестр шаклида юритади.
5-боб. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг қарорларини кўриб чиқиш
19. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари томонидан тегишли хабарнома юзасидан қабул қилинган қарор келиб тушган вақтидан бошлаб ўн кун ичида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Марказга юборилади.
20. Марказ БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари томонидан тегишли хабарнома юзасидан қабул қилинган қарорни суд тартибида кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судига юборади.
21. Марказ тегишли давлат органларидан БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари қарорларини кўриб чиқиш юзасидан қабул қилинган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотни сўраб олиш ҳуқуқига эга.
22. Қабул қилинган ёки режалаштирилган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборот Марказ томонидан, ўз навбатида, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарига тақдим этилиши учун Ташқи ишлар вазирлигига юборилади.
23. Қабул қилинган чора-тадбирлар тўғрисида давлат ахборотини тақдим этишнинг умумий муддати БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тегишли хабарнома юзасидан қарори Ташқи ишлар вазирлигига келиб тушган кундан бошлаб беш ойни ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |