Интернетда муаллифлик ҳуқуқи «Копирайт»


Download 17.59 Kb.
Sana14.11.2023
Hajmi17.59 Kb.
#1773237
Bog'liq
Internetda mualliflik huquqi


Aim.uz

Интернетда муаллифлик ҳуқуқи

«Копирайт» сўзи инглис тилидан олинган бўлиб «to copy»-копиялаш, кўчириш ва «right»-ҳуқуқи маъноларини билдиради. Ҳар қандай маълумот ёки бошқа турдаги маҳсулотдан фойдаланиш муаллиф рухсатини талаб қиладиган бўлса (с) ёки © белгиси билан нашр қилинган вақти ва эгалик қилувчи жисмоний ёки юридик шахснинг номи келтирилади. Лекин афсуски, бизда бу белгига кўпчилик ҳаттоки эътибор ҳам бермайди.


Қонун бўйича эса икки томонда (муаллиф ва фойдаланувчи) ҳам муаммолар бўлмаслиги учун улар ўртасида муаллифлик шартномаси тузилиши керак. Муаллифлик шартномаси бу икки томон – муаллиф ва нашриёт (ёки маҳсулотдан фойдаланувчи бошқа субъект) асардан фойдаланиш бўйича келишимдир. Веб-журналистика соҳасида муаллифлик шартномаси сифатида муаллиф ўз асарининг бошқа шахс томонидан томонидан биринчи манбани кўрсатмасдан тарқатишини тушуниш мумкин. Бу албатта адолатдан бўлмаслиги мумкин, аммо кўпгина журналистлар шу йўл билан пул топаяпти.
Муаллифлик ҳуқуқи жисмоний ёки юридик шахснинг интеллектуал мулкига тегишлидир. Интеллектуал мулк – бу адабий, бадиий ва илмий асарлар, аудио материал, радио ва теледастурлар, илмий кашфиётлар кабилардир ва албатта буларнинг ҳаммасини веб-журналистика фаолиятида тадбиқ этиш мумкин.
Интернет борган сари ривожланар экан, веб-журналистиканинг фаолияти ҳам кенгайиб боради. Қисқа фурсат ичида интернет ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларига кириб келди, жумладан анъанавий ОАВ – матбуот, радио ва телевидениелар билан уйғунлашиб улгурди. Умуман интернетни ОАВнинг тарихий ривожланишининг давоми – яъни радио, телевидение, сунъий йўлдош орқали ахборот узатишларни кейинги ахборот воситаси сифатида эътироф этиш мумкин. Шундай бўлса ҳам интернетнинг бошқа ОАВлардан фарқи, бу ҳамма соҳада ишлатилмоқда. Бу виртуал дунё – унда бошқа мамлакатга «саёхат» қилиш, университетда таълим олиш, ҳар хил ўйинлар ўйнаш ва ҳоказолар мумкин.
ОАВ сифатида интернетнинг хусусияти – хабарларни жуда тезкор узатиши, маълумотга жуда бойлиги ва чегара билмаслигидир. Шундай экан, веб-журналистикада маълумотнинг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш муҳим аҳамият касб этади. Бу масала айниқса интернетда жуда муаммоли, чунки уни бошқариш мумкин эмас. Шунинг учун муаллифлик ҳуқуқи бузилишининг ҳамма кўринишларини интернетда кузатиш мумкин, яъни: муаллифнинг розилигисиз интернетда материални чоп қилиш, фойдаланилган маълумотларнинг манбаларини кўрсатмаслик, плагиат ва бошқалар.
Веб саҳифалардаги маълумотлар тез-тез янгиланиб турганлиги учун интернетдаги маълумотларнинг асосий манбаларини аниқлаш жуда қийиндир, айниқса бу ахборот-янгиликлар узатувчи сайтларга тегишлидир.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида веб-журналистика соҳасига оид қонунчилик базаси йўқ, чунки, анъанавий ОАВга тегишли қонун ва қоидаларини интернетга тегишли деб қараш мумкин, аммо интернет уларги нисбатан анча мураккаб ва фаолияти жуда кенгдир.
Муаллифлар ҳуқуқини ҳимоя қилишни жорий қилиш бўйича халқаро актларга ЮНЕСКО1 ташаббуси билан қилинган ва 1952 й. қабул қилинган «Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилувчи халқаро конвенцияси», 1967 й. қабул қилинган «Интеллектуал мулк бўйича халқаро ташкилот» тўғрисидаги Стокгольм конвенцияси ва 1971 й. қабул қилинган «Таҳририятда адабий ва бадиий асарларни ҳимоялаш» тўғрисидаги Берн конвенцияларини киритиш мумкин.
Россиянинг Интернет-маданияти жамғармаси веб-сайтларни ва интернетдаги баъзи мақолаларни депонентлаш (маълумотларнинг тўғрилигига жавобгар бўлиш) ишларини амалга оширади, бу эса муаллифларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам беради. «Биз маълумотларни қароқчилик йўли билан кўчириш ва фойдаланишнинг олдини олмаймиз, чунки буни амалга ошириш мумкинчилиги йўқдир. Биз фақат муаллифларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари учун имконият яратиб берамиз» – деган эди ушбу лойиҳанинг ташкилотчиларидан бири. Интернет-маданияти жамғармаси аниқ бир электрон нашр учун «мустақил гувоҳ» сифатида жавобгарчиликни ўзига олади. Кейинчалик муаллиф ҳуқуқини ҳимоялашда фойдаланиш учун жамғарма «ашёвий далил» сифатида сайтнинг ёки электрон нашрнинг компакт дискда ёзилган нусхасини олади. Уларга бу хизматлари учун қиммат бўлмаган миқдорда пул тўлаш керак бўлади. Кўчирма (плагиат) муаммолари бўйича суд жараёнлари бўладиган бўлса бу каби лойиҳа хизматларининг аҳамияти жуда муҳимдир.
Кейинги пайтларда мусиқа индустрияси интернет имкониятлари сабабли миллионлаб доллар зарар кўраётганлиги айтиб келмоқдалар. Фойдаланувчилар интернет орқали қўшиқ ва мусиқаларни бир-бирлари билан тармоқ орқали алмашиши ва улардан бепул фойдалангани учун дўконлардаги дискларни сотиб олмаяптилар. Масалан АҚШнинг Napster мусиқа тармоғи шундай имконият яратувчи программаси учун катта миқдорда жарима тўлаган эди. Лекин, бу йирик мусиқа алмашув тармоғининг фаолиятини тўхтатган билан бошқа бир неча шунга ўхшаш кичик хизматлар (мусиқа алмашиш) фаолиятларни амалга оширмоқдалар (масалан Kazaa, Audiogalaxy ва бошқалар).
Албатта, мусиқа қароқчилигига қарши баъзи бошқа амаллар ҳам қўлланилмоқда (масалан, дискни ёзишдан ҳимоялаш в.ҳ.), аммо «Би-би-си» мухбирининг айтишича, мусиқа индустрияси вакиллари ахборот технологияларинг шунчалик тез ривожланаётганлиги ва интернетнинг глобаллашуви туфайли мусиқа қароқчилигини тўхтатиш жудаям қийин эканлигини тан олишган.
Интернетда мусиқани ҳимоялаш шунчалик муаммо экан, матн шаклидаги маълумотларни ҳимоя қилиш унданда мушкулдир. Чунки, матнда берилган маълумотни кўчириб олиш (copy-paste) ҳар қандай компьютерда ишлашни биладиган одамнинг қўлидан келади.
Сайт администратори веб-саҳифани очган ҳар бир интернет фойдаланувчисини пойлаб ўтира олмайди, баъзи программалар эса фақат қайси йўналишдан неча марта ташриф буюрганларини ҳисоблаб туриши мумкин холос. Лекин, фойдаланувчини профессионал тарзда изқуворлик қила оладиган жуда қиммат техникалар ҳам борлиги ва улардан фақат махсус хизматларгина фойдаланиши мумкинлиги айтилади.
Веб-журналистикада маълумотни «қароқчилар»дан ҳимоя қилиш учун аҳамиятли ҳисобланган матнларни пароллар билан ҳимоялаш мумкин, аммо бундай тақдирда ҳам парол билан матндан фойдаланган ёки уни сотиб олган ўқувчилардан бири буни бошқа сайтларга тарқатиб юбормаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Шундай экан, айни вақтда айтиш мумкинки муаллифлик ҳуқуқини ҳимоялар интернетда, айниқса собиқ МДҲ худудида жуда қийин. Тармоқда оммавий тарзда фойдаланувчиларни пойлаш жуда қимматга тушади ва бу нарса охирига етмайди. Шунинг учун бутун дунё вакиллари фойдаланувчиларнинг муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган маҳсулотлардан фойдаланиш қоидаларига виждонан ёндашишларига умид қилиб қолади.


1 UNESCO – (United Nations Educational, Scientific and Cultural Organization) Бирлашган Миллатларнинг таълим, илм ва маданият масалалари бўйича ташкилоти

Download 17.59 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling