Касаллик қўзгатувчиларининг тур ичида табақаланиши. Alternaria macrospora ва
Alternaria alternaria ғўзанинг барча маданий турларини зарарлайди. Gossypium barbadense ва
Gossypium hirsutum кўпроқ, Gossypium herbaceum ва Gossypium arboreum камроқ мойил. Марказий
Осиёда эқиладиган навлар ичида иммун хиллари топилмаган. Синалган 14 та навларнинг барчаси
мойиллик намоён этган, аммо зарарланиш даражалари билан фарқ қилишган. Alternaria
macrospora олдин фақат ингичка толали ғўза навларида учраган ва кучли зарарлаган, сўнгра,
камроқ даражада, ўрта толали навларга ҳам тарқалган (Справочник., 1956; Козлова, 1959;
Игамбердиев, Джамалов, 1971; Каримов, 1976; Расулев, 1981; Watking, 1981; Bashi на б.қ., 1983;
Davis ва б.қ., 1996; Hake ва б.қ., 1996).
Ғўзани зарарлайдиган Alternaria турларининг табақаланиши ва мойил экин турлари
таркиби яхши ўрганилмаган, мавжуд маълумотлар эса бир-бирига мос эмас. М. А. Каримов (1976)
Alternaria macrospora фақат ғўза турларини зарарлай олади ва шунинг учун, тор ихтисослашган
тур деб ҳисоблаган, чунки ҳатто Malvaceae оиласи, Abitilon, Hibscus ва Malva туркумларига оид
ўсимликлар ҳам тажрибада зарарланмаган.
Шу билан бирга, У. У. Расулев (1971) ушбу замбуруғ тор ихтисослашганлигини, унинг 3 та
изоляти (2 та ғўзадан ва 1 та қовундан) ёрдамида ғўза (108-Ф ва С-6002 навлари), қовун тарвуз,
ловия, мош, соя, нўхат, бодринг, картошка сунъий зарарлаш ижобий натижа бергани, изолятлар
ўзлари ажратиб олинган хўжайин экинларини кучли, қолганларини кам даражада зарарлагани
хақида хабар қилган.
АҚШда Alternaria macrospora Anoda cristata бегона ўтини кучли зарарлаши аниқланди.
Ушбу ўтдан ажратилган изолятлар тажрибада хўжайин ўсимлигини пуштиранг алтей (Altheae
sp.)ни кучли зарарлади, аммо ҳатто қуюқ суспензия ишлатиб, намлик узоқ сақланганда ҳам ғўза
навларини зарарламади. Бу намуналар асосида, замбуруғнинг алоҳида ўсимлик турларига тор
ихтисослашган махсус формалари мавжудлиги эҳтимол қилинган (Walker, Sciumbato, 1981).
Do'stlaringiz bilan baham: |