Қизил гирдоб Ферузбек Зиёдуллаев


Download 323.39 Kb.
Pdf ko'rish
Sana09.03.2023
Hajmi323.39 Kb.
#1256323
Bog'liq
Қизил гирдоб print V



 
 
Қизил гирдоб 
Ферузбек Зиёдуллаев 
 Беҳзод адирга чиқиб варрак учирди. Уч-тўрт қадам нарида уч ёшли укачаси 
Шерзоджон ўйнаб ўтирарди. Болакай укасининг олдига борди. Ука тошдан сарой ясаб, 
ўйнаб ўтирганди. Шошилаётган Беҳзод укасининг завқ билан ўйнаётганига эътибор 
бермади. 
– Бу ерда нима қилаяпсан? – сўради. – Онам билан дадам сени излаб юришибди. Юр, 
кетдик!
– Ака, қаранг, – деди болакай ўзгача завқ билан. – Мен тошдан сарой қурдим.
– Ҳа, чиройли чиқибди, – деди Беҳзод укаси жажжи қўлчалари билан териб чиққан 
тош уюмига қараб. – Энди тур, кетамиз. 
– Йўқ, мени ўйнагим келяпти! – ҳарҳаша қилди Шерзоджон. 
– Инжиқлик қилма! Қара, уст-бошинг кир бўлиб кетибди! Онамдан балога қоламиз, –
Беҳзод укасининг қўлидан тортди.
– Йўқ, бормайман! – Шерзоджон бир силтаниб акасининг қўлидан чиқди-да, қочиб 
кетди.
– Тўхта! Қўлимга тушсанг таъзирингни бераман! – укасининг ортидан қувлади 
Беҳзод.
Болакай бир-икки чақирим узоқликкача етиб борди. Дарадаги катта харсанг тошнинг 
олдига келганда тўхтаб қолди. Шу пайт харсанг орқасидан қаттиқ шовқин эшитилиб, 
ер қимирлади. Кейин қизил қумли гирдоб пайдо бўлди. Шерзоджон ҳеч нарсага 
тушунмай анграйиб турди-да, қўрққанидан чинқириб ортига қараб қочди. Укасининг 
орқасидан югуриб келаётган Беҳзод ҳам қизил гирдобни кўриб жойида қотиб қолди. 
Болакай бундай нарсани ҳатто киноларда ҳам кўрмаганди. Танасига кучли титроқ 
кирди.
– Ака! Акажон! 


Укасининг овози Беҳзоднинг ҳаёлини бўлди. Шошиб укаси томон югурди. Аммо 
оёқлари ўзига бўйсунмасди. Юрган йўлида икки уч марта қоқилиб йиқилди.

Акажон, қутқаринг! Бошқа қилмайман! Ақлли бола бўламан! – болакай бор овозида 
йиғлаб бақирди.

Ҳозир сени қутқараман!
Шу пайт қизил гирдобдан иккита қора қўл чиқиб, болакайни ўз домига тортиб кетди. 
Энди Шерзоджоннинг уни чиқмасди. Укасининг гирдобга шўнғиб кетаётган 
қўлчаларини кўриб Беҳзод даҳшатга тушди. Гирдоб уни ҳам ютиб юборишидан 
қўрқиб ортига қарамай қочди. Оёғи тошга урилиб ерга йиқилди... 
Беҳзод ўзига келганида тепасида ота-онаси ва атрофдаги қўни-қўшнилар – ҳаммаси 
хавотир билан унга қараб турарди.

Беҳзод, болам сенга нима бўлди? – сўради онаси Хуршида.

Ўғлим, уканг қаерда? – саволга тутди отаси Икром. 
Болакайнинг қўрқувдан ранги оқариб кетганди. Гапиришга ҳоли бўлмаса ҳам бир 
амаллаб укасини қизил гирдоб тортиб кетганини айтди. Унинг гапига ҳеч ким 
ишонмади. Зеро Беҳзод кўрсатган харсанг орқасида бир уюм тошдан бўлак ҳеч нарса 
йўқ эди. Ер тошлоқ бўлгани учун бу ерда гирдоб бўлмаслигини ҳамма яхши биларди. 
Будан ташқари атрофда қизил қумлар ҳам кўринмади. Сал орқароқда жарлик бор эди. 
Шу сабаб одамлар Шерзодни ўйнаб юриб жарга тушиб кетган, акаси ота-онаси 
ғазабидан қўрқиб гирдоб ҳақидаги ёлғонни ўйлаб топган деган гумонга боришди.

Шерзод! – бақирди Хуршида тўрт томонга аланглаб. – Ўғлим, қаердасан?
Она дод солиб, боласини излади. Жарлик тубига тушмоқчи бўлганида, Икром 
хотинининг қўлидан ушлаб қолди.

Ўзим пастга тушиб излайман. Сен Беҳзодга қара, – деди Икром йиғламсираб. 

Мени қўйиб юборинг! – силтанди аёл. – Пастга тушиб боламни олиб чиқаман! 
Хуршидани тўхтатиб қолиш қийин эди. Кўзига ҳеч нарса кўринмас, ўғлини топиш 
учун жаҳаннам тубига ҳам тушишга тайёр эди. Фақат катта ўғли Беҳзоднинг тоби 
қочиб қолгани уни жардан узоқлаштиришга мажбур қилди. Аёл йиғлаб тўнғичини 
бағрига босди.
Икром қишлоқдаги бақувват эркаклар ва қутқарувчилар билан бирга жар тубига 
тушиб ўғлини излади. Гарчи жавоб беришмаслигини кўнгли сезиб турган бўлса ҳам 
баланд овозда ўғлининг исмини айтиб чақирди. Ота юрагидаги хавотир ва изтиробни 
умид билан алмаштиришга уринарди. Қўллари шилиниб кетгунича тошларни ҳар 
томонга улоқтириб, жигарбандини излади. Шошилганидан бир-икки марта депсиниб, 
оёғини қайириб олди. Аммо оғриқ унга бегона, юраги куйиб кетаётган отага бундай 


майда жароҳатлар таъсир ҳам қилмасди. Шерзод топилмагач, уни тоғ-у тошларда 
кезиб юрувчи ёввойи ҳайвонлар еб кетган деган таҳмин илгари сурилди. Чунки бу 
жойларда бургут, бўри, шоғол каби болаларни ейишга кучи етадиган йиртқичлар 
изғиб юрарди.
Участка нозири Дилшод Муродов ҳам ёрдамчиси Акмал билан бирга бутун дарани 
айланиб чиқди. Ён-атрофдаги чўпонларни сўроқ қилди. Беҳзодни хушсиз ҳолда топган 
Халим чўпон гап бошлади.

Ўша пайтда мен подани қирда ўтлатиб юргандим, – деди. – Икки юз метр 
узоқликдаги тоғ томондан болаларнинг чинқириғи эшитилди. Бирортаси жарга 
тушиб кетмасин деб ўша томонга қараб югурдим.

Қизил гирдобни кўрдингизми? – сўради Дилшод. 

Йўқ, Дилшод. Чунки болалар томонга югуриб кетаётганимда осмонда учиб юрган 
бургутни кўрдим. Бизнинг икки душманимиз бор. Биринчиси бўрилар бўлса, 
иккинчиси ана шу бургутлар. Баландлаб учаётган бургутнинг оёғидаги қора 
нуқтани кўриб, бу текинхўр қуш улоқчаларимдан бирини олиб кетаётганини 
англадим. Ҳаёлим шу бургутда бўлиб, гирдобни ҳам кўра олмадим.

Тушунарли.

Лекин ўша гирдоб бўлганига ишонмайман. Тубсиз жарлик бўлгани учун биз 
чўпонлар у ерларда подани олиб бормаймиз. Бола жарликка тушиб кетган. Акаси 
ота-онасидан қўрқиб, ҳақиқатни яшираяпти. Уни ҳам айблаб бўлмайди. Ёш бола-
да! Икромнинг пешонасига шу ёзилган экан. Барчамизнинг шўрликка раҳмимиз 
келаяпти. Фарзанд доғи ёмон. 

Ҳа, биз ҳам ачинаяпмиз. Лекин боланининг тириги ёки ўлигини топишимиз керак. 
Бу бизнинг бурчимиз. 

Тушунаман, Дилшод. Аммо ҳаракатларинг бесамар кетиши мумкин.

Эҳтимол.
Шу пайт от туёқларининг овози эшитилиб, шимол томондан қора от минган чавандоз 
кўринди. Уларнинг олдига етиб келгач, отдан тушди. Шердек хайбатли бу эркак секин 
қадам ташлаб, Халим чўпонга яқинлашди. Дилшодга бир қараб қўйди-да, йўғон овозда 
минғирлади. 

Мени чақирган экансан, Халим?

Ҳа, Ғулом. Бугун бургутинг битта улоғимни олиб қочди, – аччиқланиб гапирди 
Халим чўпон. – Эпласанг, қуш боқ! Мен текинхўр бургутларингни боқмайман! 

Улар менинг бургутларим эмас, жўра! Ҳаммаси тоғда яшайди-ку! Мен шунчаки 
уларнинг тилини тушунаман. Айбим бургутларга дўст бўлганимми? 

Лекин бир ишора қилсанг қўлинга қўнади! 

Нима, мен атайлаб қилаяпманми? 
Халим чўпон “боре!” дегандек қўл силтади.



Яхши, – бироз юмшади Ғулом. – Бургутларга айтаман, сенинг қўй-қўзиларинга 
тегмайди. 

Тегиб ҳам кўрсин-чи, энди аяб ўтирмайман! 
Дилшод индамай бахсни эшитиб турди. Ғуломга синчиковлик билан қаради. 

Ғулом ака, қизил гирдобни кўрмадингизми? – сўради. 

Эрталабдан буён шу гап, – чавандознинг энсаси қотди. – Гирдобни ҳам, болани ҳам 
кўрмадим. Икромнинг ўзи айбдор. Болаларга эътиборлироқ бўлиши керак. 
Атрофимиз жарликлар-у ёввойи ҳайвонларга тўла бўлса. Бола бечора бирор жарга 
тушиб кетган. Майли мен кетишим керак. 
Ғулом чавандоз ортига ўгирилиб, оти томонган қараб юрди.

Ғулом ака, сизни боя иккитаси излаб юрганди, – баланд овозда гапирди Акмал. 
Чавандознинг ранги бўзариб, бир Акмалга бир Халим чўпон ва Дилшодга қаради.

Ким? – деди бўшашиб. 

Билмадим. Башанг кийинган. Машинаси ҳам қимматбаҳо. Шаҳарликларга 
ўхшайди. 

Майли, иши бўлса, ўзи топиб боради.
Ғулом отига миниб, жўнаб кетди. 

Ғулом ака, зўр чавандоз эди, – деди Акмал. – У қатнашган кўпкари-ю улоқда ғолиб 
бўлиши олдиндан аниқ эди. 

Тўғри. Лекин бечоранинг қизи оғир касал бўлиб қолди, – деди Халим чўпон. – Икки 
йилдан буён олиб бормаган шифокори қолмади. Илгари биздек хушчақчақ инсон 
эди. Дард ёмон экан, қарзга ботиб қолди.Ҳамма нарсасини сотди. Бисотида фақат 
шу қора оти ва қари бургути қолди. Ҳалиги кишилар қарз берганлардан бўлса 
керак. Аслида бургутлари мендан олиб қочган қўй-қўзиларни Ғуломга олиб бориб 
беради. Биламан, ёрдам бўлсин деб индамайман. Неча йиллик жўрам ахир. Аммо 
мен ҳам давлатнинг молини боқаман. Шунинг учун баъзида уни тергаб қўяман.

Ажойиб бургутлар экан, – деди Акмал. – Мен ҳам бургутлар билан тил топиша 
олганимда эди, уларни банкларга юборарим. 
Акмал хохолаб кулди. Дилшодни унга ўқрайиб турганини кўриб, оғзини қўли билан 
беркитди. 

Кетдик, – деди Муродов. 
Участка нозири ёрдамчиси билан болакай йўқолган дарага борди.

Сизнингча бола чиндан ҳам жарликга тушиб кетганми? – сўради Акмал. 



Бу таҳмин ростга ўхшаяпти. Танасини жар тубидаги ўлаксахўрлар еб кетган бўлса 
керак, – деди Дилшод хомуш тортиб.

Бечора бола, – афсус билан бош чайқади Акмал. – Лекин гирдоб ҳақидаги гапларга 
нима дейсиз? Болакайнинг акаси атиги тўққиз ёшда. У ҳам жуда қўрқиб кетган. 
Юзидаги қўрқув укасини йўқотиб қўйгани учун ота-онасининг койишидан 
қўрқаётган боланикига ўхшамасди. У ниманидир кўргани аниқ. Болалар ёлғон 
гапирмайди.

Аммо улар кўп эртак ўқийди, шунингдек саргузашт фильмларни ҳам томоша 
қилади. Гирдоб ҳақидаги гап ҳам шу нарсалар таъсирида юзага келган. Бундан 
ташқари бу ерларда гирдоб бўлмайдику! Беҳзод тасвирлаган гирдоб саҳроларда 
бўлади. 
Акмал ўйланиб қолди.

Тўғри айтдингиз, қизил гирдобни унутишимиз керак, – деди ниҳоят.
Дилшод индамай атрофни кўздан кечирди. Тошлар орасида ётган бир тутам жунни 
кўрди. Секин энгашиб уни қўлига олди.

Эчкининг юнгими? – деди ҳидлаб.

Бу еда чўпонлар кўп келмайди. Балки шамол учириб келгандир. 

Қизиқ. Шамол учириб келганига шубҳам бор.

Энди кўп нарсага шубҳа қилишимизга тўғри келади, – деди Акмал харсанг остида 
ётган бир сиқим қизил тупроққа қараб ишора қиларкан.
Муродов қизил тупроқни кўздан кечирди. Кўринишидан қизил чангга ўхшарди. Акмал 
қумни елим ҳалтага солди.

Пастга тушамиз! – деди Муродов. 
Иккиси жар тубига тушмоқчи бўлиб турганида, пастдан Икромни икки қўлидан 
суяганича қишлоқдошлар кўринди. Улар тепага чиқиб олгач, Икром ерга ўтириб 
қолди. Дилшод ҳеч нарсага тушунмай қишлоқдошларининг олдига борди. Икромнинг 
қўлида қонга беланган, йиртилиб кетган болалар кўйлакчасини кўрди. Ота ёшли 
кўзлари билан фарзандининг кўйлагига термилиб ўтирарди.

Дилшод, – деди Нозим исмли киши. – Жарлик тубидан Шерзоднинг кўйлакчасини 
топдик. Болани бирорта ҳайвон... 
Эркак гапини тугата олмай, йиғламсираб ерга қаради. Участка нозири пешонасига 
қўлини қўйиб, чуқур хўрсинди.
“Афсус, уч ёшар бола-я!” – ҳаёлидан фақат шу ўй ўтди.
Икром кўйлакчани қучоқлаб, ўкириб йиғлади. Бўғзига бир нарса тиқилгандек қаттиқ 
йўталди.



Шу касофат отанга урса бўлмасмиди, болам! – бақирди. – Сенинг ўрнинга мен шу 
балога йўлиқсам бўлмасмиди... Энди бу азобга қандай чидайман, жоним болам! 
Ёнидаги яқинлари ҳарчанд тасалли беришга уринса ҳам Икром кўксига муштлаб, 
фарёд қиларди. Дилшод афсус билан бош чайқаб, машинасига қараб юрди. Бевақт 
нобуд бўлган норасида билан юраги ўт бўлиб ёнаётган отага ичи ачишаётган Акмал 
бошлиғининг ортидан эргашди.
Бир неча кундан сўнг Дилшод қишлоқ марказидаги идорасига келди. Телевизорни 
ёқиб, хориж каналларидан бирини томоша қилди. Фурсат ўтмай хонага Акмал кириб 
келди.

Қумни экспертизага бергандим, – гап бошлади. – Аниқланишича биз топган қизил 
тупроқ пишган ғиштнинг эзилгани экан.

Қизиқ, менимча у ерда ҳеч ким иморат тикламаганди. Ғиштнинг тупроғи қандай 
бориб қолди? 

Бу тупроқ асосан пишган ғишт ускунада силлиқланиб, пармаланганида пайдо 
бўлади. Лекин у ерда ҳеч ким ускунада ғиштни силлиқламайди.

Балки чиндан ҳам қизил гирдоб бўлгандир? 

Йўғе, ака. Ҳеч ким гирдобни кўрмаганку! 

Беҳзод кўрган.

Эҳтимол гирдоб бўлиб, болани жарга тушириб юборгандир, – деди Акмал. 

Шу эҳтимоллар кўпайиб кетди-да!
Орада бироз жимлик ҳукм сурди.

Суриштирамиз, – деди Дилшод ниҳоят. – Бу иш менга ёқмаяпти.
Участка нозири ёрдамчиси билан Икромнинг уйига йўл олди. Иккиси қишлоқ 
чеккасидаги эски уй олдидан ўтаётганида Ғулом чавандозни кўрди. У қимматбаҳо 
костюм шим кийган иккита малласоч эркак билан гаплашиб турарди. Нотаниш 
кимсалардан бирининг бўйи узун, озғин, кўзида қора кўзойнак тақиб олганди. У 
хашаматли қора “Жипга” суяниб, сигарета тутатганича Ғулом чавандоз билан 
гаплашаётган паст бўйли, семиз шеригини кузатиб турарди.

Машинани секинроқ хайда, – деди Муродов улар томонга қараб. 
Акмал тезликни пасайтирди. Дилшод сигарета тутатиб турган бўйи узун эркакка 
синчиклаб қаради.
“Қизиқ, бу кимсани қаердадир кўргандекман,” – ўйлади.

Манави иккиси бир неча кундан буён Ғулом акани излаб юрганди, – деди Акмал. – 
Халим ака айтган судхўрлар шекилли. Тўхтайми? 

Ҳа. Уларни кузатиб турамиз. Бирор муаммо чиқса, олдиларига борамиз. 



Хўп бўлади.
Дилшод ва ёрдамчиси эски уй олдидагиларни бир неча дақиқа кузатиб турди. Семиз 
эркак кулиб Ғуломга қўл узатди. Кейин шеригига ишора қизди. Бўйи узун эркак 
машинасидан елим халтачани олиб, чавандозга узатди. Ғулом йиғлаб, халтачани олди-
да семиз эркак билан қучоқлашди.

Қарзини сўраб келган кимсаларга ўхшамайди, – деди Муродов. 

Бирор яқини бўлса керак. Чавандознинг номи анча машҳур. Уни кўпчилик ҳурмат 
қилади. Бошига тушганларини эшитиб,ёрдам бермоқчи. 

Майли, Икром аканинг уйига хайда.
Дилшод азахонага айланган хонадонга боришни ётирмаса ҳам ноилож Икромнинг 
уйига кирди. Жигарбандидан айрилган онанинг ҳамма нарсадан хафсаласи пир 
бўлгани унинг юз-қиёфасидан сезилиб турарди. Уйнинг бер чеккасида ўтириб, 
ўғлининг суратига қараганича юм-юм кўз ёш тўкарди.

Сени қаровсиз қолдирган онанг ўлсин, болам! – шивирларди ўзича. – Эх, менинг 
ҳаётга тўймай кетган, жоним.
Юрак бағри чил парчин бўлган ота-онани ортиқча савол билан қийнашни истамай, 
улардан кўйлакчани олди. Бир чеккада мулзам бўлиб ўтирган Беҳзоди олдига чақирди. 
Ота-онасидан рухсат олиб, болани ўзи билан олиб кетди. Қурилиш бўлаётган 
майдонча олдига бориб, машинадан тушди. Беҳзоднинг қўлидан етаклаб, пишган 
ғиштлар силлиқланаётган жойга олиб борди. 

Беҳзод, сен кўрган қизил гирдоб мана шунга ўхшайдими? – сўради қўли билан 
ишора қилиб.

Ҳа, фақат у бошқача эди. Телевизорларда кўрсатиладику, айланадиган 
қумликларни. Ўшаларга ўхшарди. 
Муродов ўйланиб қолди.

Дилшод амаки, ҳеч бўлмаса сиз менга ишонинг, – ўтинди бола. – Ҳеч ким гапимга 
ишонмади. Укамни қизил гирдоб олиб кетди.
Беҳзод йиғлаб юборди. Дилшод унинг бошидан силади. 

Ишонамиз, жиян. Ўша гирдобни излаяпмиз. Уни топсак, укангни ҳам топамиз. 

Тезроқ топинг, илтимос. Мен укамни соғиндим. 
Акмал болани овутиш учун унга қурилаётган баланд бинони кўрсатди. Участка 
нозири чангиб ётган қизил қумга термилди. Шу пайт озгина шамол туриб, ғишт 
қумлари айлана бошлади. 
“Демак, кучлироқ шамол бўлса қумлар гирдобга айланади,” – ўйлади ичида.


 Рўмолчаси билан оғзини беркитганича пишган ғишни силлиқлаётган устанинг олдига 
борди. Участка нозирини кўриб хайрон бўлган уста ишини тўхтатди. 

Келинг, ака, – деди бироз хавотирга тушиб. – Пасспортларимиз жойида. Ўзим 
Бўстонданман. 

Бунинг учун келмадим, – деди Дилшод. – Сиздан бир нарсани сўрамоқчиман. 
Ғиштдан қолган қумларни нима қиласизлар?

Асосан аҳлатга чиқади. Ҳеч нарсага ярамайди-да!

Қумларни қаерга тўкасизлар? 

Ўн беш метр узоқликда хандақ бор. Ўшанга олиб бориб тўкамиз. 

Ғишт қумлари анча кўпайиб кетгандир-а? 

Ҳа, ака. Бир тонна бўлди. Лекин чанг бўлгани учун оғир эмас. Тушган жойини 
супуриб ташласа асар ҳам қолмайди.

Тушунарли. Сизга катта раҳмат. 
Дилшод ёрдамчиси билан қурилиш чиқиндилари ташланадиган ҳандақ олдига борди. 
Ҳандақ ичида синган тахта, ғишт бўлаклари, кераксиз тупроқ қалашиб ётарди. Участка 
нозири бир чеккада қип-қизил бўлиб уюлиб ётган қумга қаради. Уларнинг олдига 
қурилиш биносида қоровуллик қиладиган Халим чўпоннинг укаси Олим келди. 

Дилшод, бирор гап бўлдими, ука? – сўради. 

Ҳеч гап йўқ, Олим ака. Шунчаки пишган ғиштнинг тупроғи керак бўлди.

Ҳаммага шу керакми дейман? 

Бошқа биров ҳам сўрадими? 

Бир ҳафта аввал Халим акам сўраб келди. Молхонасининг остига сепса, иссиқ 
бўлармиш. Совуқда моллар шамоллаб қолмас экан. Ундан кўра кул сеп дегандим, 
ақл ўргатганга чиқдим.

Халим ака қанча қум олиб кетди. 

Икки қоп.
Дилшод бироз ўйланиб турди-да кулиб қўйди. 

Чиндан ҳам молхонани иситса керак. Халим ака тажрибали чўпон. Устаси билмаса 
гапирмайди. 
Дилшод Акмал билан идорасига қайтиб келди.

Кўйлакчани экспертизага бер, – ёрдамчисига буюрди. – Менинг қиладиган 
ишларим бор. 
Тушдан сўнг Муродов Шерзоджон йўқолган жойга борди. Харсанг тош устига 
ўтириб, атрофга қаради. Тошлар, майсалар устида қизил тупроқдан асар ҳам йўқ.



Балки қизил тупроқни топиб олганимиз тасодифдир, – деди Дилшод жарга 
термилиб.
Шу пайт қўл телефони жиринглади. 

Ака, жудаям ғалати иш бўлди, – деди Акмал. – Шерзоднинг кўйлакчасидаги қон 
доғлари қўзичоқники экан.

Нима? Демак бола тирик бўлиши мумкин... 

Ҳа. Шунингдек кўйлакдан пишган ғишт тупроғи ҳам топилди.

Жуда қизиқ... наҳотки болакайни қизил гирдоб тортиб кетган бўлса? Майли, сен 
боланинг ота-онасига ҳеч нарсани айтма. Худо асрасин-у бола омон қолмаган 
бўлса, ортиқча умидвор қилиб қўямиз. 

Тушундим, ака.
Дилшод ўйланиб қолди.

Шошма, агар қўзичоқ қони бўлса, кимдир атайлаб шундай қилган.

Болани ўғирлаб, қўзичоқ қонини кўйлакчасига суртиб қўйишган. Кейин бизни 
чалғитиш учун кўйлакчани жарга отиб юборишган. 

Тўғри таҳмин. Мен ҳозироқ шаҳарга бораман.
Дилшод шаҳарга йўл олди. Фавқулодда вазиятлар бошқармасига бориб, махсус гуруҳ 
билан дарага қайтиб келди. Махсус гуруҳ жарнинг энг чуқур тубига тушиб бир соат 
қидирув олиб борди. Қутқарувчиларга қўшилиб, пастга тушган участка нозири диққат 
билан атрофни кўздан кечирди. Тошлар устида сочилиб ётган турли хил буюмларга 
қаради. Чўпонлар жарга улоқтирган бу кераксиз буюмлар орасида синиб ётган 
кичкина вентиляторни кўрди. Дилшод энгашиб, унинг паррагига ўралиб қолган узун 
толани олди.

Болакайни топа олмадик, – ортидан қутқарувчилар сардорининг овози эшитилди. – 
Менимча у бола жарга тушиб кетмаган.

Яхши. Энди озгина бўлса ҳам умид пайдо бўлди, – деди Дилшод.
Муродов қутқарувчилар билан хайрлашиб, идорасига жўнади. Йўлда Халим 
чўпонннинг уйига кириб ўтди.

Бола жарлик тубидан топилмаган бўлса, қаерга кетган бўлиши мумкин? – деди 
Акмал.

Мен биламан қаердалигини, – деди Дилшод жилмайиб. 

Болани топдингизми? 

Шунга яқин турибмиз, ука. Бугун кечқурун ҳаммаси маълум бўлади. 
Ярим тунда Дилшод ёрдамчиси Акмал ва иккита барваста йигит билан қишлоқ 
чеккасидаги эски уй олдига келди. У ерда турган Ғулом чавандоз ва ёнидаги икки 
эркак уларни кўриб ранги оқариб кетди. 



Кутмаганмидингиз, Ғулом ака? – деди Дилшод. 

Ғулом ака эмас бола ўғриси! – жаҳл билан бақирди Акмал. 

Шериги ҳам бор, – Дилшод машинасининг юкхонасидаги қафасда турган малла 
бургутга ишора қилди. 

Бола қаерда? – сўради Акмал. 
Ғулом чавандоз нима бўлаётганини англай олмай карахт бўлиб қолганди. Дилшод 
тошдек қотиб, анграйиб турган икки эркакга қаради.

Тушунарли, – деди кулиб. – Саид, меҳмонларимизнинг машинасини текшир.
Барваста йигитлардан бири йўл четида турган “Жипнинг” олдига кетди. 

Бола шу ерда экан, – деб бақирди.

Тушунмадим, сен нима қилаяпсан ўзи? – эркаклардан бўйи узуни рус тилида 
Дилшодга ўшқирди.

Сизларга идорага боргандан кейин тушунтираман.
Дилшоднинг одамлари дарҳол уларнинг қўлини орқага қайириб, кишанлади. 

Менга ҳозир тушунтирасан, – деди Ғулом чавандоз. 

Яхши. Сиз Шерзодни ўғирлаб, уни манави пасткашларга катта пул эвазига сотиб 
юбормоқчи бўлгансиз. Уларнинг сизга пул бераётганини ўз кўзим билан кўрдим. 
Ҳатто видео тасвирга тушириб қўйганман. Бу кимсалар хорижда ака-ука Петровлар 
номи билан машҳур жиноий гуруҳ бўлиб, ўғрилик, товламачилик, одам савдоси 
уларнинг асосий касби кори ҳисобланади. Узун бўйлисининг расмини академияда 
ўқиб юрганимда айрим хужжатларда кўрганман. Ниҳоят уларни жиноят устида 
қўлга туширдик. Лекин ақлингизга қойилман! Қизил гирдоб, бургут... сиз бизни 
роса лақиллатдингиз, Ғулом чавандоз!

Нима демоқчисан? – деди Ғулом лаблари титраб. 

Халим чўпон қурилиш майдончасидан ташиб келган пишган ғишт тупроқларини 
эсладингизми? Бола йўқолган жойдаги харсанг остидан ана шу қизил тупроқни 
топдик. Халим ака манави эски омборхонада қумларни сақлаганини айтди. 
Тўғридаги кичик сўқмоқдан Шерзод йўқолган дарага борилади. Бу йўлакчадан ҳам 
ғишт тупроқларини топдик. Сиз қумдан ўғирлаб, дарага олиб боргансиз. 
Болаларнинг дарага келишини пойлаб тургансиз. Шерзод югуриб келгач, қулай 
фурсат туғилган. Харсанг орқасига яшириниб, тупроқдан вентилятор ёрдамида 
сунъий гирдоб хосил қилгансиз. Гирдоб орасидан қўлларингизни чиқариб 
болакайни тортиб олгансиз. Баландга кўтарилмагани учун ҳеч кимга кўринмаган 
бу қизил чанг билан фақат тўққиз ёшли Беҳзодни алдаш мумкин эди. Бахтингизга 
бола хушидан кетди. Энди чўпонлар келиб қолмасидан болакайни олиб кетиш 
керак эди. Сиз бунинг ҳам чорасини топгансиз. Шерзодни қўзичоқ терисига ўраб, 
ёнингиздаги жиноий шеригингиз бургутга тутқазгансиз. Халим чўпон қўзичоқ деб 


кўргани аслида Шерзод бўлган. Бургут болани тоғнинг тепасига олиб кетган. Бизни 
чалғитиш учун болакайнинг кўйлакчасига қўзичоқ қонини суртиб, жарга ташлаб 
юборгансиз. Шунингдек кўйлакчанинг орқасидан вентиляторни ҳам ирғитиб, 
далилий ашёдан қутилмоқчи бўлгансиз. Мен ўша матоҳни топдим. Батарейкалар 
билан ишлайдиган бу кичик вентилятор паррагидан отингизнинг ёли топилди. 
Керак бўлса бармоқ изларингиз ҳам бор. Ишингиз осон кечди. Ҳаммаси сиз 
ўйлагандек бўлди. Аммо жиноятингиз тезда фош бўлди! 
Ғулом чавандоз ерга ўтириб, бошини қўллари билан чангаллади.

Қизим касал... – деди йиғлаб. – Даволатишим учун катта пул керак. Мажбур 
бўлдим.

Бу баҳона бўлиши мумкин, лекин сизни оқлай олмайди.
Дилшод чавандознинг қўлига кишан солди. Ёрдамчиси Акмалга қараб жилмайди. 

Тезроқ болани ота-онасига олиб бор, – буюрди. – Бечоралар уч кунда адойи тамом 
бўлди. 
Telegram kanalimiz @feruzziyo (T.me/feruzziyo) 
Hikoya haqidagi fikringizni @Mutarjim_Uz_bot manziliga yo‘llang. 
© Feruzbek Ziyodullayev 

Download 323.39 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling