Жаҳонгир Муҳаммад: Президент тансоқчисининг кундалиги
Download 1.31 Mb. Pdf ko'rish
|
6-qavat
30. Китоб Бўш қолдингми машқ қил, китоб ўқи. Ҳалига қадар бу қоидани бузмадим. Икки соатлик машқни битириб, ёпиқ ҳовузда чўмилиб чиқсам, ойим қараб турган экан. Ойим билан ҳам русча гаплашамиз. -Катта одам бўлиб кетдинг-э, бундай гаплашишга ҳам вақтимиз йўқ,- деди. Қўлидан сочиқни олдим-да, юзидан бир ўпиб қўйдим. Ойимнинг севинчи юзида. Яхшилаб, чўлпиллатиб ўпсам, бир ҳафта қувониб юради. -Уйланиш ҳақида ҳам ўйлайсанми ёки Мопассанни ўқиб ётаверасанми? -Ойижон, унинг китобларини аёллар учун ўқимайман. -Нега бўлмаса ҳаммасини келтиргансан? -Бошқа китобларда яхши ва ёмон қаҳрамон бўлади. Улар курашадилар. Яхши ютиб чиқади. Шу билан тамом. Дунё шундан иборат эмас-ку? Мопассан буни билади. Унда ё икки ёмон курашади ёки икки яхши одам бирга яшайди. Ҳаётда шундай ҳолат жуда кўп. Менга бу ёқади. Кейин содда тилда ёзади. Мана сиз Толстойни яхши кўрасиз. Мен эса ўқий олмайман. Ҳатто бир саҳифасини ҳам ўқий олмайман. Биламан, буюк ёзувчи. Аммо ёқмайди. Ундан кўра Чеховни ўқисам, бир нарса оламан… Ойим билади. У билан китоб ҳақида гаплашсак, кунлаб гаплашишимиз мумкин. "Гапхона"миз қайнайди. Мендай гапирмасликка ҳукм қилинган одам ҳам китобга қолганда булбулга айланаман. 85 Баъзан якка қолган пайтимда ойим китоб олиб келади ёки китобдан сўз очади. “Батя”нинг китобларини ҳам ўқияпсизми?-дедим унга. Жим. Суҳбатимизни ёзиб олишади, деб ўйлайди. Шунинг учун ҳам у тескари гапириб, фикрини айтади. -Ўқийман, жуда зўр! Аслида тескарилик “Батя”да ҳам бор. У кўрган киносидаги воқеаларнинг тескарисини қилади. Биров берган маслаҳатни ҳам аксини амалга оширади. Яхши ҳадяни ёмонлик учун деб ўйлайди. Мақтовни ажратади. Шоир-ёзувчиларнинг мақтовига маҳлиё. Бошқаларнинг мақтови ёқмайди. Ҳамма раҳбар пора олишини, қанча олишини билади. Ҳисобни шунга қараб қилади. Агар олганидан чорагини келтирса, индамайди. Ярмини олиб келса, хурсанд бўлади. Баъзилари чорагини сақлаб, аксарини келтиради. Уларни содиқ деб ҳисоблайди. -Ҳа, хаёлга ботдинг, бирорта китоб эсингга тушдими? -“Батя” ҳақида Шарафиддинов деганнинг “Президент” китобини ўқидим. Бир тийинга қиммат! -Э, унақа дема, жуда зўр ёзилган,-ойимнинг ранги учди. Бошим билан “йўқ” ишорасини қилдим ва: -“Батя” бизнинг худо, китобда шуни очиб беролмаган. Оддий президент қилиб тасвирлаган. Қуруқ гаплар. “Батя” ҳар қандай одамнинг кўнглидагини ўқийдиган буюк файласуф. Ана шу ҳақда ёзиши керак эди. Ойим озгина тиржайдида, менга жўр бўлди: -Ўқиганда мен ҳам шундай деб ўйладим. Худди бир мансаб кутиб ёзилган китобга ўхшади. Топдингиз дегандек, жилмайиб бош ирғитдим. У жўшиб кетди: -Бечора “Батя” уларга жонини беради. Улар ҳатто самимият кўрсатмайдилар. Шунча иши бор ва 25та бир-биридан мазмунли китоб ёзган. Бу Америка президентларининг ҳам қўлидан келмайди, улар нафақага кетганларидан кейин битта ёки иккита китоб ёзишаркан. Бизнинг президентимиз эса китоблари билан бутун халқимизни билимдон қилиб, савиясини кўтарди. Ҳали кўрасан, яна ўнлаб китоблари чиқади. Узоқ яшасинлар! Нима? Узоқ яшасинлар! Ойим билан тескари гапириш “ўйини” қилаётгандик-ку? Наҳотки ойим адашиб кетди. Йўқ, адашмaбди. Бошини сарак-сарак қимирлатиб: -Худойим, илойим умрларини узоқ қил!,-деди. Кейин атрофга қаради ва менга “омин” деб ишора қилди. -Омин,-дедим. Ойим елкамга қоқиб қўйдида қўлимга бир китобни берди. -Бўш вақтингда ўқи, яхши китоб, Напалеон ҳақида. Аданг сенга кўрсатмай менга олиб келибди... Китобни олиб, ичкарига кириб варақладим. Биринчи қисми диктатура ҳақида экан. Напалеоннинг “н” ҳарфи ҳам йўқ. “Диктатура яккаҳокимлик, зулм ва нодемократик режимга асосланган салтанатдир. Бу тузум кеча ё бугун пайдо бўлган эмас. Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам унинг бир неча минг йиллик тарихи бор. Ҳозирга келиб саноқли мамлакатларнинг халқларигина бу анъанани бузиб, унинг чирмовиқларидан ўз зеҳниятларини тозалаганлар, холос. Аммо жуда кўп 86 халқларнинг зеҳниятида бу тузумга мойиллик бор. Илдизи уларнинг маданияти, дини, анаъаналари, тарбияси билан боғлиқ. Бундай жамиятларда қаттиққўл, золим инсонлар жуда осонлик билан ҳокимиятнинг тепасига чиқиб олишлари ва умрбод тушмасликлари учун пойдевор мавжуд”. Умумий гаплар-ку?! Тайчи фалсафаси олдида бу гаплар “ип эшолмай” қолади. Яна бир икки сатрга кўз ташладим: “Диктатор тахтдаги умрини маддоҳларни эркалатиш билан бошласа, халқни йиғлатиш билан тугаллайди. Чунки бундай кимсанинг дилида мақтов ва алдовга иштиёқ ётади. У ҳар куни мақтов эшитишни ва халқни маддоҳлар кўмагида алдашни истайди. Бу ҳақиқатни якка ўзим биламан, деб ўйлайди. Ваҳоланки, маддоҳлар ҳам билишади. Билиб туриб, билмасликка олишади. Халқ ҳам англайди.” Ойим чой ҳўплаганча, остонага келиб турди. Давомини ўқидим: “Диктатуранинг пойдевори қаттиқўл инсонга ҳурмат ва тобеликдир. Кимдир бундай инсоннинг кучидан чўчиб уни ҳурмат қилади, кимдир ўз қўрқувларига ҳимоя қидириб унинг домига тушади, кимдир заковатига ишониб унинг муридига айланади. Бошқача айтганда, диктатура инсонларнинг ўзларига ҳурматларини йўқотган жойда яшайди. Агар инсон ўзлигини билса, англаса, қадрласа у тобе бўлмайди. Нотобеликкина диктатура пайдо бўлишининг энг катта тўсиғидир. Ҳокимиятни қўлга олган диктатор ўз халқларининг фитратини яхши ўрганган бўлади. Диктатор биринчи навбатда халққа маънавий озуқа берадиган каналларни назоратга олади. Матбуот, радио ва телевидение ва бошқа турли минбарларни ўз йўлига солади. Иккинчидан, халқнинг кўзини очиши ва уни бир жойга тўплаши мумкин бўлган куч – сиёсий партия, ноҳукумат ташкилот, ҳар қандай кўринишдаги уюшмаларни ўз қозиғига боғлайди. Учинчидан эса, эркин фикрлайдиганларни йўқотишга киришади. Ҳамма ёлғон билан яшай бошлайди. Халқ ёлғонга тўйгандан кейин оммавий қўрқитиш бошланади. Бу ташқи ва ички душманлар яратиш, ҳар турли ҳужумлар ташкил қилиб туриш, оммавий текширув, қама-қамалар билан амалга оширилади. Охир оқибатда бу халқнинг фикрлашини, фаоллигини ўлдиради. Ҳамма нарсага “менга нима” дегандек, қўл силтайди. Ҳар нарсадан қўрқади. Сиёсатга аралашиш, эркин фикр айтиш, ўз ҳаққи учун кураш маҳкамаларда, қамоқларда тугашини кўравериб, бу жараёнлардан безади. Лоқайд, бепарво инсонни бошқариш осон. У қўйга ўхшаб қолади. Биттаси сўйилса, бутун пода титраб, кузатадиган вазият жамиятга ҳам кўчади. Диктатор учун инсоннинг қадр-қиммати йўқ. Хохласа таҳқирлайди, уради, ўлдиради, осиб қўяди…” Китобни шартта ёпдимда ойимга бердим. Наҳотки, унинг хабари бор? Қаердан эшитди? Ким айтиши мумкин? Ойим ўқиган варағимни китобдан юлиб олдида идиш ювадиган жойга ташлаб, ёқиб юборди. Тутундан сигнал тизими ишлаб кетди. Ойим китобни қучоқлаб чиқиб, бошқа хонага ўтди. Мен идиш ювадиган жойдаги куюндини сувга оқиздим. Хизматчилар югуриб киришди. 87 Ойим қайтиб келди: -Исириқ тутатмоқчи эдим, боламни ҳар турли кўзлардан асрасин деб… -Опажон, олдин ҳам айтгандим, исириқ тутатганда, ҳов ана у тугмани босиб, тизимни ўчириб қўйинг, деб. -Эсимдан чиқибди-да,-ойим шундай деб, хизматчининг қўлига беш юз доллар берди. -Овора бўлдингизлар! Беш кишисизлар! Чой ичасизлар. -Катта раҳмат, опажон. Ҳар кун дуо қилиб турамиз, қачон яна исириқ тутатасиз деб,- ҳазил қилди хизматчиларнинг бошлиғи. Ёнидагиси ҳам гапга чечан экан: -Опажон, овора бўлиб ана у тугмани босиб юрманг, ўзимиз келиб босамиз! Улар хурсанд бўлиб, чиқиб кетишди. Мен ойимдан ранжигандек, индамай нонушта қилишни бошладим. “Батя”га боғлиқ қора телефон липиллади. Хавотир аралаш ойимга қарадим, унинг ҳам юзига хавотир ўрмалади. Юқорига югурдим. Download 1.31 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling