Кексалик даврининг ўзига хос хусусиятлари


Download 24.33 Kb.
bet1/2
Sana25.01.2023
Hajmi24.33 Kb.
#1123054
  1   2
Bog'liq
Геронтопсихология 1


КЕКСАЛИК ДАВРИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


Қодиров Ғайрат,
Тадқиқотчи
gayratbekqodirov@mail.ru
+998907490000
Аннотация. Мақолада геронтопсихологиянинг ҳаётдаги ўз ўрни, ундаги муаммолар, кексаликда учрайдиган экзистенциал инқироз ва унга психологик ёрдам кўрсатиш ҳақида мулоҳазалар ёритилган ҳамда тавсия ва таклифлар келтирилган.


Таянч иборалар: геронтопсихология, кексалик, экзистенциал инқироз, психологик ёрдам, консультация.

Геронтопсихология – инсоннинг қариш жараёни ва кексаликда юзага келадиган психологик ўзгаришларни предмет сифатида ўрганадиган фан. Кексалик – организм ҳаётининг ёшга боғлиқ муайян бир даври, муқаррар равишда юз берадиган жараён. Аъзо ва тизимларда ўзига хос ўзгаришлар рўй бериб боради, бу эса аста-секин организмнинг ҳаётга мослашув имкониятлари сусайишига олиб келади. Физиологик қарилик даври 75 ёшдан кейин бошланади, бунда ақлий ва жисмоний қувват, маълум иш қобилияти, хушчақчақлик ва атроф-муҳитга қизиқиш сақланади. Турли нохуш ташқи ва ички таъсиротлар барвақт ёки патологик қариликга олиб келади. Психотерапевтик энциклопедияда таъкидланишича, қариш – бу индивидуал ривожланишнинг бир қисми бўлиб, унинг йўналиши ўтмиш, ҳозирги замон ва келажакка йўналтирилган.


Қариш инсон онтогенезининг муҳим босқичи, уни ўрганмасдан ақлий ривожланишнинг яхлит концепциясини қуриш ва “ижобий қариш” образини шакллантириш мумкин эмас. Кексалик даври психологияси ҳозирда етарлича ривожланмаган. Геронтопсихология 1922 йилда Ғарбда америкалик психолог Ж. Холл томонидан илк бора тилга олиниб, “Кексалик” монографияси орқали ёритилган. Қолаверса, 1974 йилда геронтопсихология тўғрисида рус олими М. Д. Алексанрова “Ижтимоий-психологик геронтология” китобини нашр қилган.
Яқин ўтмишда тадқиқотчилар кексаликни фақат сўниб бориш даври деб ҳисоблашган. Aммо бу мутлақо тўғри ёндашув эмас, чунки ривожланиш инсон ҳаёти давомида давом этади. Кексалик даври тўпланган тажрибанинг ўзига хослиги ва уни бошқа авлодлар билан бўлишиш қобилияти билан ноёбдир.
Замонавий даврда кекса аҳоли сонининг ўсиши сезиларли даражада кузатилмоқда. Мамлакатимиз учун кексаларга нисбатан ижтимоий сиёсатни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кекса одамларнинг ижтимоий фаровонлигига таъсир қилувчи омилларнинг тузилиши хилма-хил бўлиб, субъектив ва объектив таркибий қисмларни ўз ичига олади. Ижтимоий фаровонликнинг субъектив қисми шахсий хусусиятларни, қадрият муносабатларини кўриб чиқишга, уларнинг ҳозирги ҳолатини янги шароитларда баҳолашга, умумий ҳиссий ҳолатга, уларнинг келажагига бўлган ишончга, яъни ҳаётдан қониқиш даражасига қаратилган.
Шунингдек, нафақага чиққанидан кейин инсон ўз ижтимоий мавқеини ўзгартиради ва шунга мос равишда ўзига бошқа масъулият ва мажбуриятни юклайди. Бундай одамлар психологик қарама-қаршиликларга дуч келишади, бу бир томондан ҳали ҳам фаоллик ва ҳамма учун кераклилик бўлса, иккинчи томондан ижтимоий фаолликнинг кескин сусайиши ва ёлғизланиб қолиш ҳолларидир. Шу жумладан, одамнинг қариш жараёнида ички дунёсининг ўзгариши – бу шахсий муаммолар эътиборини қаратиб қолиши, жинсий эҳтиёжнинг ўзгариши ва ўлим тушунчасига бўлган муносабатнинг ўзгариши юзага келади.
Ёшга боғлиқ ривожланиш нуқтаи назаридан, шахс ва унинг шаклланишида бир қатор босқичлардан ўтиш жараёнида турли хил психологик инқирозга дуч келиши кузатилади. “Онг ҳали ўзи кутмаган ва тайёр бўлмаган вазиятларга дуч келади. У ўз дунёси ўзгарганини, дунёга қайта мослашиши кераклигини тушунмайди” (C. Г. Жунг).
Кексаликка бўлган муносабат ҳар кимда ўзгача. Баъзилар кексаликни пессимистик руҳда талқин қилишади. Масалан: “Қарилик – иложсизликдир” (М. Лютер).
Г. Гессенинг таъкидлашича, “кексалик ёшлик каби гўзал ва зарурий вазиятдир, ҳаётнинг мазмуни, уни фақатгина тан олиниши шарти билан англанади, қариган одам ўз ёшидан нафратланмайди ва ундан уялмайди, у ўлимнинг яқинлигидан қўрқмайди, чунки қарилик ҳаётнинг яхлитлигини англашга ва унинг мустақил танланган стратегияларини тушунишга имкон беради”.
Геронтопсихологиянинг ҳозирги кундаги актуал муаммоларидан бири бу экзистенциал инқироздир.
Кексалик даврида шахс ҳаётнинг экзистенциал мазмунини излаши унинг ҳаётини маънавий жиҳатдан бойитади, бу эса уни ўзлигини тўлиқ англаш туйғусига олиб келади ва фақат шундагина ўлим, заифлик, фойдасизлик ва ҳимоясизлик қўрқуви йўқолади. Шу билан бирга, қарилик, шахснинг онтогенетик ривожланиш даври сифатида, инсоннинг экзистенциал муаммоларини фаоллаштириши ва кучайтириши ҳам мумкин.
Экзистенциал инқироз – бу чуқур психологик ноқулайлик ҳисси, инсон ҳаёт мазмунининг йўқолиши, ҳаёт маъносиз деган туйғу билан тавсифланадиган руҳий ҳолат, ички зиддият. Бошқа сўз билан айтганда, бу маълум бир вақт ичида ҳаётнинг маъносини йўқотиш ва у билан боғлиқ психологик ҳолатлар.
Шахснинг ривожланиш жараёни бир текисда давом этмайди, ушбу жараёнда психологик инқирозга учраш муаммоси содир бўлади. Ушбу муаммо шахнинг ҳаёт йўлини қайта кўриб чиқишини ўз ичига олади ва унинг ечими бу йўлни қандай босиб ўтганига боғлиқ. Aгар инсон ҳаёт йўлини мувафаққиятли ва беҳуда босиб ўтилмаган деган хулосага келса, у охиратни саёҳатининг табиий якуни сифатида қабул қилади. Aгар у ўз ҳаётини фақат хатоликлар ва муваффақиятсизликлар билан беҳуда ўтказганини, ҳаётни орқага қайтариб бўлмаслигини тушунса, уни ожизлик ҳисси ва яқинлашиб келаётган ўлим қўрқуви қамраб олади.
Кексалик давридаги инқироз иккита асосий омил билан белгиланади:
ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар ва ҳаёт йўлининг охири яқинлашишини тушуниш. Бундан ташқари, бу ёшда одам кўпинча “Мен ҳаётимни тўғри яшадимми?”, “Мен ҳамма нарсани қилишга улгурдимми?” ва шунга ўхшаш хаёлларга боради. Ушбу омилларнинг барчаси кексалик давридаги экзистенциал инқирознинг сабаби ҳисобланади.
Ҳозирда психологлар ва тадқиқотчилар кекса одамларга ҳаётининг янги даврига мослашиш қийинчиликларини бартараф этишга ёрдам бериш масаласини ўз олдиларига мақсад сифатида қўйишлари лозим. Ушбу қўйилган мақсаднинг муваффақияти юқори бўлишида қўллаб-қувватлаш дастурини яратиш учун одамнинг феъл-атвори, руҳий ҳолати ҳақида тасаввурга эга бўлиш керак.
Кексаларга психологик ёрдам кўрсатиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашда қуйидаги масалаларга эътибор қаратиш муҳимдир:

  • фаолликга бўлган истакни кучайтириш;

  • шахс учун қизиқарли бўлган фаолият, машғулотлар билан бандликни таъминлаш;

  • турли хил қарамликлардан қочиш (ичиш, чекиш, наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва ҳ.к.;

  • “кексалик – сўниш даври” каби стереотипик ғояларга қарши шахснинг “контрресурслари”ни яратиш.

Ушбу масалаларга эътибор берган ҳолда психологик ёрдам кўрсатиш шахсда экзистенциал қониқишни оширади ва депрессияни камайтиради.
Экзистенциал инқирозда аввало, психолог маслаҳатига эътибор қаратиш, беморга ўз эркинлиги ва ўз имкониятларини англашига ёрдам бериш, уни ҳаётида содир бўлаётган воқеалар учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга ундаш лозим. Бунда кўзда тутилган мақсад инсон психикасини ўзгартириш эмас, балки шахснинг ниятларини ҳаётга бўлган умумий муносабат нуқтаи назаридан англаш. Ушбу мақсадлар асосида биз шахснинг инқирозга учрашидан бошлаб психотерапевт нима қилиши кераклиги тўғрисидаги маслаҳат жараёнининг схематик диаграммасини тузишимиз мумкин.
Экзистенциал инқирозда шахсга психотерапевт томонидан кўрсатиладиган ёрдам ва констультация босқичлари:

  1. Бемор билан ўзаро тил топишиш ва алоқа боғлаш;

  2. Шахснинг ҳолати ҳамда инқирозни келтириб чиқарган сабаблар ва омиллар тўғрисида маълумот тўплаш;

  3. Муаммони аниқлаш;

  4. Шахснинг психологик имкониятларини аниқлаш;

  5. Иложи борича биргаликда муаммонинг муқобил ечимларини топишга кўмаклашиш;

  6. Вербал ва жисмоний алоқани сақлаш;

  7. Консультациянинг якуний босқичи.

Инқироз ҳолатида бўлган шахс билан мулоқот қилишда ҳиссиётга берилмаслик ва баъзи эҳтиёткорликларни ҳисобга олиш керак. Ушбу жараёнда шахсни қўллаб-қувватлаш ва илиқ муносабатда, аммо мижоздан маълум бир психологик масофада бўлиш, шахсга ишонч бағишловчи ташқи ва ички хотиржамликни сақлаш жуда муҳим. Консультант томонидан ўтказилган суҳбат шахснинг муаммоларни мустақил равишда ҳал қилиш йўлларини топишига ундаши керак.
Хулоса қилиб айтганда, экзистенциал инқироз жараёнида психологик ёрдам ва консультациянинг ягона усули мавжуд эмас, консультантнинг маҳорати ва тажрибаси катта роль ўйнайди ва шахсни керакли руҳий ҳолатга келтиришга ёрдам беради.

Download 24.33 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling